Доҳадаги Дизайн биенналеси.
У нима ва унда нималарни томоша қилиш мумкин?
Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва бошқа хорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ дизайнерларини бирлаштирган Design Dohaʼнинг асосий кўргазмалари бўйича йўриқнома
Қатар пойтахти Доҳада илк марта Design Doha биенналеси ўтказилмоқда. Унинг асосий мавзуси — дизайнда анъана ва инновациялар уйғунлиги. «Газета.uz» мухбири Виктория Абдураҳимова биеннале доирасидаги асосий кўргазмалар, жумладан, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган «Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads» кўргазмаси ҳақида ҳикоя қилади.
Қатар пойтахти Доҳада илк марта Design Doha биенналеси ўтказилмоқда. Унинг асосий мавзуси — дизайнда анъана ва инновациялар уйғунлиги. «Газета.uz» мухбири Виктория Абдураҳимова биеннале доирасидаги асосий кўргазмалар, жумладан, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган «Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads» кўргазмаси ҳақида ҳикоя қилади.
24 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада Design Doha — дизайн биенналеси очилди. Халқаро миқёсдаги ушбу тадбир мамлакатда санъат ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда тарихий обидаларни муҳофаза қилиш бўйича мутасадди ташкилот — Қатар Музейлар бошқармаси ташаббуси билан илк марта ташкил этилди. Унга Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг синглиси шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний раҳбарлик қилади.
Доҳада ўтказилаётган дизайн биенналеси — бу оламшумул, глобал тадбир. Ташкилотчилар Design Doha биенналесини Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларини ўз ичига олган MENA минтақасида ижодкорлик ва дизайн маданияти ривожланишига таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган ҳаракатлантирувчи куч сифатида баҳоламоқда. Икки йилда бир марта ўтказилиши режалаштирилган биеннале воситасида улар Қатарни дизайн соҳасининг маҳаллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги илғор тажрибалари жамланадиган марказга айлантириш ниятида. Бунда асосий манфаатдор томон мамлакатнинг ижодий сектори бўлиб, эндиликда мазкур соҳа учун ўз ғоялари ва лойиҳаларини намойиш этиш майдони, қўшни давлатлар ва хориждаги ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилиш имконияти, шунингдек, жаҳон бозорига чиқишнинг аниқ стратегияси пайдо бўлди.
Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний Дизайн биенналеси очилишида.
Фото: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати
Design Doha'нинг биринчиси MENA давлатларидан 74 дизайнерни, шунингдек, халқаро ижодкорлар ва дизайн студияларини бир ерга жамлади.

Яқин Шарқ мамлакатлари билан маданий мулоқот ўрнатиш устувор йўналишларидан бири бўлган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳам биенналеда иштирок этиш таклифини олди. Ўтган йили жамғарма Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ислом санъати биенналеси ва БААнинг Шаржа шаҳрида ўтказилган Меъморчилик триенналесида ўз кўргазма лойиҳаларини тақдим этган эди.
Жамғарманинг Қатар музейлар бошқармаси билан ҳамкорлиги Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг «ҳар томонлама шериклик» даражасига кўтарилиши фонида ривожланди. 2023 йилда Ўзбекистон ва Қатар раҳбарлари икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихида илк бор расмий давлат ташрифлари алмашди, ундан аввал Тошкент ва Доҳада элчихоналар очилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева XI халқаро инновациялар саммитида иштирок этди. Ушбу тадбир шайха Муза бинт Носир Ал-Миснад раҳбарлигидаги Қатар Таълим, фан ва ижтимоий тараққиёт жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган эди.
Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва шайха Муза бинт Носир Ал-Миснад.
Фото: ЎзА
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Дизайн биенналесидаги иштироки ҳам мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдорликнинг ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилади.
реклама
реклама
Ўзбекистон нафақат «Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads» кўргазма лойиҳасини тақдим этди, балки тадбирнинг стратегик ҳамкори сифатида ҳам қатнашди.
Design Dohaʼнинг асосий дастури бешта кўргазмадан иборат бўлиб, 12 меҳмон давлатнинг параллел намойиш этиладиган экспозицияларидан тузилган. Уларнинг барини тадбирнинг асосий мавзуси — Celebrating Design Excellence (Дизайн мукаммаллигини олқишлаш) бирлаштиради. У иштирокчиларга дизайнни маданий мерос ва инновациялар ўзаро уйғунлашадиган ҳодиса сифатида ўрганишни таклиф қилади.
Барча кўргазмалар интерьери нутаи назаридан Ўзбекистон Давлат санъат музейини эслатувчи М7 маданият маркази ва Доҳанинг тарихий маркази бўлган Мшейреб туманининг «ақлли» шаҳарсозлик технологиялари ҳисобга олинган ҳолда қайта тикланган бошқа ижодий майдонларидан жой олган.
Биенналени ўтказиш учун бежизга ушбу ҳудуд танланмаган. Ҳудудни лойиҳалашда дизайнни ишлаб чиқишнинг давлат ёки бирон бир ташкилотнинг эҳтиёжлари эмас, балки одамларнинг эҳтиёжларига асосланувчи усули қўлланилган. Унга кўра, айнан маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар шаҳарда ўзларини қулай, хавфсиз ва илҳомланган ҳис қилишлари лозим.
Бинолар ва инфратузилмаларнинг зичлиги ва хилма-хиллиги ҳудудни пиёдалар маконига айлантирган — ундаги барча объектлар пиёда етиб олиш мумкин бўлган масофада жойлашган, шунинг учун шахсий автомобилдан фойдаланишга ҳожат йўқ. Жамоат транспорти ҳам автомобилларнинг муқобили бўлиб хизмат қилади. Ҳудуд бўйлаб водород ёқилғисида ҳаракатланувчи шовқинсиз трамвай ҳаракатланади. Ундан фойдаланиш бепул.
Доҳадаги дизайн шунчаки концепция эмас, балки фалсафа эканлиги Мшейреб тумани меъморчилигида ўзининг энг ёрқин ифодасини топади. Бу араб Шарқи учун анъанавий ҳисобланган меъморий шакллар, безак элементлари ва — қуёш панелларидан тортиб, таниш панжара ва, ҳозирда Тошкентда истеъмолдан чиқариб ташланаётган, бинолар фасадларида ҳажмли соя ҳосил қилувчи панелларгача — «ақлли» энергия тежовчи технологияларнинг уйғунлигидир.
Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads


Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг кўргазма лойиҳаси
24 февраль — 30 март
Design Doha дебютида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси М7 биносининг биринчи қаватидан жой олган «Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads» кўргазма лойиҳаси билан иштирок этмоқда. Унда амалий безак санъатининг — анъаналардан воз кечмаган ҳолда — нақадар эгилувчан ва мослашувчан бўлиши мумкинлиги намойиш қилинади.
Экспозиция шартли икки қисмдан иборат. Биринчиси — дизайн соҳасининг келиб чиқиш илдизларига ва, хусусан, биенналенинг асосий мавзусида тилга олинган маданий меросга ишора қилади. Унда Ўзбекистон Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, шунингдек, Давлат санъат музейи коллекцияларидан жой олган буюмлар намойиш этилган. Булар Бухоро, Марғилон ва Тошкентга хос бўлган, матога босиш учун мўлжалланган гул нақшлари туширилган қадимий ёғоч босмалар, Бухоро «бахмал» матоси намуналари (ХХ аср), гиламлар, сандиқлар, китоб учун ёғоч тагкурси (лавҳ)лар.
Экспозициянинг шартли иккинчи қисми эса анъаналарга янги маънолар сингдириш ва замонавий контекстга мослаштириш орқали уларни янада тушунарлироқ ва XIX аср одамларига яқинроқ қилиш қобилияти туфайли тирик сувга қиёслаш мумкин бўлган инновациялар ҳақида. Ливанлик дизайнер Нада Дебс ва ўзбекистонлик уста — ёғоч ўймакори Сирожиддин Раҳматиллаев томонидан кўргазма лойиҳаси учун яратилган ёғоч сўри (тапчан)нинг замонавий варианти бунга яққол мисол бўла олади.
Бўлажак ҳаммуаллифлар тахминан бир йил аввал Тошкентда учрашган. Нада Дебснинг айтишича, у устахонада кўрган ва усто томонидан яратилган асарлар уни ўзининг ҳақиқийлиги ва мураккаблиги билан ҳайратга солган.
реклама
реклама
«Бу менинг услубимнинг тамомила акси. Мен Японияда ўсганман, у ерда минимализм ғоялари, less is better („камроқ — яхшироқ демак") фалсафасидан илҳомланганман. 2000 йилларнинг бошларида Ливанга кўчиб ўтганимдан сўнг, маҳаллий ҳунармандлар билан ишлай бошладим ва улар жуда мураккаб нарсаларни ясашларига гувоҳи бўлдим. Менинг услубим соддалаштириш, нарсаларнинг моҳиятини сақлаб қолган ҳолда уларнинг шаклини ўзгартиришга асосланган. Усто Сирожиддин [услуби] менга жуда анъанавий бўлиб туюлди, шунинг учун ҳам ҳамкорликни бошлашимиздан аввал ўртадаги ишончни мустаҳкамлаб олиш муҳим эди. Уста анъаналарни ундан кам қадрламаслигимга ишонч ҳосил қилиши учун мен унга қораламаларимни кўрсатдим», — дейди Нада Дебс кўргазма очилишида.
Чапдан ўнгга: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова, Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, усто Сирожиддин Раҳматиллаев ва дизайнер Нада Дебс.
Фото: Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати
2,5 кубометрлик Кавказ қандағочидан ясалган сўрини ўзгартириш учун олти ой вақт сарфланди. Деталларни усто шогирдлари билан биргаликда қўлда ўйиб ясади. Мослаштирилган сўри оддийсидан оёқлар сони — улар тўртта эмас, саккизта — шунингдек, бурчакларнинг бутунлай мавжуд эмаслиги билан ажралиб туради.

«Юмалоқ шаклларни танлашда мен анъанавий беланчак — бешикдан илҳомландим. Сўримизни катталар бешиги деб аташ мумкин. Бу одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган, хордиқ чиқарадиган, „ўзи билан ўзи бўладиган" жой», — тушунтиради дизайнер.

Сўри оёқларининг тўлқинсимон шакли ва хонтахтанинг массив асоси (сўри марказига ўрнатилган хонтахта) — Самарқанд гумбазларига ишора.

72 ёшли усто Сирожиддин Раҳматиллаев сўрининг янги версияси устида ишлаш у бажарган ишлар орасида энг мураккабларидан бири, деб билади. Уста ноодатий буюртмани рад этишни хаёлига ҳам келтирмаган — 50 йиллик тажрибага эга инсон учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ.

«Сўрининг кўриниши одатдагидек [бўлади]. Баландлиги, мақсади — ҳаммаси ўша-ўша, лекин бутунлай бошқача [усулда] ясашимиз керак эди. Фақат қисмларни қандай қилиб бир-бирига маҳкамлашнинг ўзи устида бир неча кун бош қотирдим», — дейди усто Раҳматиллаев.
Яна бир инновацион ечим — айнан кўргазма майдонининг ўзи учун — Баҳрайннинг Shepherd студияси томонидан таклиф қилинган ва ишлаб чиқилган. Дизайнерлар полни 31 000 биконвекс рангли плиткалардан «тўқилган» шарқона гиламга айлантирди. Палитра ва нақшларни танлашда улар анъанавий мато ва гиламлардан, жумладан, экспозицияда намойиш этилган мато ва гиламлардан илҳомланган. Пол бўйлаб ҳаракатланаётганда оптик иллюзия ҳосил бўлади — квадрат шаклли плиткалар рангини ўзгартираётгандек тасаввур уйғотади.
Arab Design Now

Дизайн биенналесининг Рана Байрутий раҳбарлигидаги асосий кўргазмаси
24 февраль — 5 август
Дизайн биенналесининг асосий кўргазмаси Arab Design Now («Бугунги араб дизайни») деб номланган. У бугунги кунда араб минтақасида дизайнер бўлиш ва ижод қилиш қандай, деган саволга жавоб беради. Кўргазмага Иорданиядаги Амман Дизайн ҳафталиги асосчиси Рана Байрутий раҳбарлик қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Arab Design Now — замонавий араб дизайни бўйича бир йил давомида ҳозирлик кўрилган энг йирик тадқиқотдир.
реклама
реклама
Экспозицияда Шом (Левант) минтақаси (Ўртаер денгизи шарқий қисми мамлакатлари ҳудудларининг умумий номи, тор маънода — Сурия, Фаластин, Исроил ва Ливан), Форс кўрфази ва Шимолий Африкадан ташриф буюрган 74 дизайнер ва студияларнинг ишлари намойиш этилган.
Кўргазманинг ранг-баранглиги унинг кучли жиҳати бўлиб, у нафақат дизайндаги ижодий ёндашувларда, балки уларни қўллаш соҳаларида ҳам — меъморчилик ва интерьер дизайнидан тортиб ҳунармандчилик ва графикагача ўз ифодасини топган. Шу билан бирга, минтақани мустаҳкам боғлаб турган қадриятлар — ерга, тарихга, маданий мерос ва анъаналарга, араб тилига бўлган ҳурмат — муштараклиги яққол кўзга ташланади.
Weaving Poems


Turquoise Mountain ва афғон-инглиз дизайнери Марям Умарнинг кўргазма лойиҳаси
24 февраль — 5 август
Weaving Poems («Тўқимачилик шеърлари») кўргазмаси — Буюк Британиянинг амалдаги қироли Чарлз III томонидан 2006 йилда асос солинган Turquoise Mountain хайрия ташкилотининг лойиҳасидир. Унинг вазифаси — тарихий жойлар ва анъанавий ҳунармандчиликни қайта тиклаш, Афғонистон, Мьянма ва Яқин Шарқ ҳунармандларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ташкилот Афғонистондаги 15 йиллик фаолияти давомида 150 дан ортиқ тарихий биноларни реставрация қилди, 15 мингдан ортиқ ҳунармандни ўқитди ва уларнинг маҳсулотларини халқаро бозорга олиб чиқишга ёрдам берди.

2022 йилда Qatar Fund for Development (Қатар тараққиёт жамғармаси) молиявий кўмаги билан Turquoise Mountain тўғридан-тўғри Афғонистоннинг тўқимачилик билан шуғулланувчи ҳамжамиятига қаратилган дастурни ишга туширди. 4 мингдан ортиқ хотин-қиз ўқиш, ишлаш ва муносиб маош олиш имкониятига эга бўлди. Айнан улар кўргазма лойиҳасининг бош қаҳрамонлари бўлиб, лойиҳани яратишда дизайнер Марям Умар иштирок этган.
Марям Афғонистонда туғилиб ўсган. Лондон санъат университетида таҳсил олган. 2013 йилда ўқишни тамомлаб, Кобулга қайтган. Орадан икки йил ўтиб, у Turquoise Mountain Trust компаниясида иш бошлаган. Ҳозирда у Кобулда жойлашган, бироқ Амманда — амалда икки шаҳарда фаолият олиб борувчи Афғонистон Санъат ва архитектура институти қошидаги Дизайн марказига раҳбарлик қилади.
реклама
реклама
Марям Умар Афғонистонда 10 йил давомида гиламдўзликни, унинг тарихи, анъаналари, безак санъатини ўрганди. Қўлда тўқиш техникасини ўзлаштиришда унга аёллар ёрдам берди. Бу аёллар учун ҳунар нафақат уларни ўтмиш авлодлар билан боғлаб турувчи восита, мерос, балки келажак учун кафолат бўлиб хизмат қилади, айниқса иқтисодий инқироз даврида.
М7 кўргазма майдонида дизайнер Афғонистоннинг Бомиён вилояти аёллари гилам тўқиш билан машғул бўлган шартли устахона муҳитини ҳосил қилган.

Деворларда проектор ёрдамида йирик планда олинган кадрлардан ташкил топган видео намойиш этилади: юзлар, қўллар, иплар. Карнайлардан аёлларнинг овози эшитилади — ускунага ўтиришдан олдин, ҳунарманд аёллар анъанавий равишда шеър ўқийди.
Бомиённинг тоғ ва чўл пейзажларидан илҳомланиб ишланган минималист гиламчалар ёнида араб ва инглиз тилларида тўртликлар пайдо бўлади. Улар кўргазма учун Марям Умарнинг қораламалари асосида ушбу вилоятда истиқомат қилувчи ва афғон гиламдўзлик анъаналарини сақлаб келаётган 24 нафар аёл томонидан қўлда тўқилган. Ҳар бир аёлнинг исми қўшимча матнда вергул билан ажратилган ҳолда кўрсатилган: Накбахт, Садиға, Фотима, Заҳро, Шарифа, Раҳима, Маъсума… Бу детал лойиҳани эмоционал ва жонли чиқишига хизмат қилган.
Colors of the City: A Century of Architecture in Doha

Глен Адамсон ва Питер Тамас Нэджи раҳбарлиги, Иброҳим ал-Жайда иштирокидаги кўргазма
24 февраль — 30 март
«Colors of the City: A Century of Architecture in Doha» («Шаҳар ранглари: Доҳада меъморчилик асри») номли икки мавзули кўргазма Доҳа архитектурасининг эволюциясига бағишланган.

Халқаро кураторлар — Design Doha биенналесининг бадиий раҳбари Глен Адамсон ва Питер Тамас Нэджи (Peter Tamas Nagy) тадқиқотни Қатарнинг XIX асрга оид анъанавий биноларидан бошлаб, шаҳар арт-деко, модернизм, брутализм ва бошқа йўналишларнинг хусусиятларини қандай ўзлаштиргани ва талқин қилгани ҳақида ҳикоя қилади.
Шунингдек, улар йўқотилган меросга эътибор қаратади ва фотосуратлар ёрдамида вайрон қилинган бинолар реконструкция қилинганидан кейин қандай қиёфага кириши мумкинлигини кўрсатиб беради.
Қатар эшикларига бағишланган мини-экспозиция
Қатарлик машҳур архитектор Иброҳим ал-Жайда кўргазма ҳаммуаллифи сифатида иштирок этмоқда. Унинг экспозицияси асосан осмонўпар биноларнинг 3D-моделларидан иборат бўлиб, Доҳанинг замонавий архитектура тарихидан бир бобни ифодалайди. Бу бобни фаол равишда «ёзиш» 1930−1940-йилларда, Қатарда нефть топилганида бошланган эди.
Ўшандан бери мамлакатда ва, айниқса, пойтахтда қурилиш суръатлари фақат ўсиб бормоқда. Ҳукумат расмийлари биноларни лойиҳалаш учун MENA минтақаси, Жанубий Осиё, шунингдек, Европа ва АҚШдан энг яхши халқаро архитекторларни жалб қилмоқда. Уларнинг аксарияти нуфузли Притцкер мукофоти совриндорлари ҳисобланади. Масалан, Доҳа учун фантастик Қатар миллий музейини лойиҳалаштирган машҳур француз архитектори Жан Ноувел; америкалик архитектор, Вашингтондаги Миллий галерея, шишадан ишланган Лувр пирамидаси ва Форс кўрфази қирғоғидаги Ислом санъати музейи муаллифи Беи Юминг.
Кўргазмада қатарлик архитектор Иброҳим ал-Жайда лойиҳаси асосида футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати учун махсус қурилган 40 000 томошабинга мўлжалланган «Ал-Тумама» стадиони алоҳида намойиш этилади. Ушбу муҳташам тузилманинг макети деворлари тўлалигича қорайтирилган хонанинг марказига ўрнатилган супачага жойлаштирилган.
100/100 — Hundred Best Arabic Posters

Араб постерлари кўргазмаси
24 февраль — 5 август
100/100 — Hundred Best Arabic Posters («100 та энг яхши араб постерлари») кўргазмаси Қатарда тўртинчи бор ўтказилаётган худди шу номдаги танлов асосида ташкил этилган. Унинг мақсади — араб дунёси замонавий визуал маданиятини ривожлантириш, шунингдек, график дизайнерларни — эндигина етишиб чиқаётганларидан тортиб профессионалларгача — ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш.
Танлов ўтказиб келинаётган вақтдан бери унда 23 мамлакатдан 7 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Ҳар икки йилда мустақил ҳакамлар ҳайъати тақдим этилган аризалар орасидан 100 та энг яхши постерни танлаб олади. Кўргазмада энг сўнгги ғолиб деб топилган постерлар билан танишиш мумкин. Тақдим этилган асарлар график сценарийлар хилма-хиллиги ва замонавий услубларни намойиш этади.
Design Doha кўргазмаларига чипта билан кирилади. Яроқлик муддати бир кун бўлган чипталарни биеннале веб-сайтидан олиш мумкин.
Матнни Виктория Абдураҳимова тайёрлади.
Материалда Виктория Абдураҳимова / «Газета.uz», Ўзбекистон президенти матбуот хизмати, Ўзбекистон Маданият ва саънатни ривожлантириш жамғармаси, ЎзА суратларидан фойдаланилган.

«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу саҳифада танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda