Алексей Хен: Яқинда қарор лойиҳаси бош вазир ҳузурида ҳимоя қилинди (ушбу интервью дастлаб 2023 йил август ойида
рус тилида эълон қилинган — таҳр.). Умуман олганда, ҳужжатнинг асосий қисми қўллаб-қувватланди ва маъқулланди, деб айта оламан. Бош вазир меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашни таклиф қилди. Унинг таклифлари аллақачон лойиҳа матнига киритилган. Ҳужжат яқин орада имзоланиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг улкан ғоясини амалга ошириш учун кетма-кет икки йил керак бўлади, деб ўйлайман. Чунки бир йил ичида биз ҳамма нарсани тартибга солишимиз лозим: схемани тайёрлаш, паспортларни текшириш, реестрни ишлаб чиқиш ишларини якунлаш, барча талабларни ишлаб чиқиш, шартномалар тузиш. Кейин эса янги қоидаларга мос келмайдиганларини мувофиқлаштириш ишлари бошланади.
Реклама агентликлари бизни тушунади, норозилар ҳам бўлади, албатта. Энг асосийси, ҳамма аниқ қоидалар мавжуд бўлиши тарафдори, шунинг учун биз ҳамма нарсани имкон қадар шаффоф қиламиз. Қандай ва нима қилиш кераклигини кўрсатамиз, ҳаммасини тушунтирамиз, ўргатамиз, чунки тартибсизликдан ҳеч ким — на фуқаро, на бизнес, на ҳокимият манфаатдор.