«Дўстлар клуби» — бу яна бир қизиқ масала. Бундай амалиёт президентнинг
2017 йил 3 августда зиёлилар билан бўлган учрашувидан сўнг йўлга қўйилган эди. Унга кўра, моддий жиҳатдан бақувватроқ корхона ва ташкилотлар турли маданият муассасаларини оталиққа олади. Ўзбекистон давлат драма театрига ўша вақтда янги ташкил этилган Ёшлар иттифоқи бириктирилган.
Иттифоқ ҳомийлигида итальян ёзувчиси Карло Голдонининг «Икки бойга бир малай» асари асосида
«Труффалдино — икки бойнинг малайи» номли спектакл саҳналаштирилган. Бунинг учун Иттифоқ
90 млн сўм ажратган. Театр жамоаси шу асар билан Туркия ва Қирғизистондаги танловларда қатнашиб келган — «дўст» ташкилот Туркия сафари учун
100,5 млн, Қирғизистонга бориб келишга эса
20 млн берган.
«Кейин нимадир бўлдию, Ёшлар иттифоқидан ҳомийликлар камая бошлади. Охир-оқибат, бошқа театрларда икки-уч йилда
2 млрд сўмгача етган ҳомийлик бизда
287 млн сўмлигича қолиб кетди. Баъзан ўзимиз ҳам иккиланиб қолдик — ўзи ким кимга ҳомий: улар бизгами ё биз уларга? Ёшлар Иттифоқининг қандай тадбири бўлса, бизнинг актёрлар борарди-да», — деб эслайди театр раҳбари.
Ҳозир театрнинг «дўсти» ўзгарган — Ёшлар Иттифоқи ўрнига «Асакабанк» бириктирилган. «Банк театр учун 2 млрд сўм ажратиш арафасида турибди. Шуни тасдиқлатсак, „Дўстлар клуби" бўйича ишимизни қайта йўлга қўйиб юборамиз. Эътибор йўқ эмас бор, асосийси — тўхтаб қолмаса бўлгани», — дейди у.