Мардлик ва жасорат ўйини
Кўпкари ҳақида Холида Мусулмон фотоҳикояси
Қишлоқларда кўкламнинг кириб келиши анъанавий ўйинлар билан нишонланади. Кўпкари — шулардан бири. «Газета.uz» фотомухбири Холида Мусулмон Жиззахда кўпкарига бориб, эркаклар нега улоқ чопиши, ғолибларга қандай совғалар берилиши ва нега унда аёллар қатнашмаслиги ҳақида ҳикоя тайёрлади.
Қишлоқларда кўкламнинг кириб келиши анъанавий ўйинлар билан нишонланади. Кўпкари — шулардан бири. «Газета.uz» фотомухбири Холида Мусулмон Жиззахда кўпкарига бориб, эркаклар нега улоқ чопиши, ғолибларга қандай совғалар берилиши ва нега унда аёллар қатнашмаслиги ҳақида ҳикоя тайёрлади.
Мартнинг чароғон куни. Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани «Узунбулоқ» қишлоқ фуқаролар йиғинига кирувчи Авлиё қишлоғи қир-адирлари яқин-яқинда ҳам қор билан қопланган эди. Ҳозир эса бу ерларда ҳақиқий баҳор нафасини ҳис қиласан киши. Майсалар қулоқ чиқариб, чор-атроф яшилликка бурканган, шамол эса кўкда бири биридан чиройли булутларни ҳайдайди.
Бугун бу ерга юзлаб кўпкари (улоқ) мухлислари йиғилган. Кўпкари — баҳорнинг энг асосий ўйин-кулгиларидан бири; Авлиё қишлоғи оқсоқоли Саидқосим отанинг айтишича, бу ерларда ҳеч бир Наврўз кўпкарисиз ўтмайди. Мусобақа нафақат Авлиё қишлоғи ва ёндош маҳаллаларнинг эркакларини, балки қўшни Бахмал, Зафаробод ва Зарбдор туманлари чавандозларини бир жойга тўплаган. «Жанг» бўладиган майдон атрофидаги тепаликлар томошабинлар билан тўла.
Аммо улар орасида хотин-қизлар йўқ. Аёл кишининг кўпкарида қатнашиши — ўта камёб ҳодиса. Жамият аёлларнинг бундай мусобақаларда қатнашишини маъқулламайди. Баъзан ҳар турли егулик сотувчилар орасида хотин-қизларни кўриб қолиш мумкин, аммо шунда ҳам улар бу ерга улоққа қизиққанларидан эмас, балки ишлаш учун келади. Шундай аёллардан бири тажрибали кабобпазга ёрдамчилик қиляпти. Атрофни манқалда пишаётган қўй гўштининг иштаҳани қитиқловчи ҳиди тутиб кетган.
Худди шундай бир қўйни сал аввалроқ кўпкари сифатида сўйишган эди. Ташкилотчилик Авлиё қишлоғининг 1988 йилда туғилган йигитлари чекига тушган. Жонлиқ сўйилгач, унинг ичини ичак-чавоқдан тозалаб, туз билан тўлдиришди.
реклама
реклама
«Қишлоқда бир мучалда туғилган ва навбатдаги мучал ёшига етган йигитларнинг улоқ бериш анъанаси бор, — дейди Саидқосим ота. — Ҳозир қишлоқда 2000 йилда туғилганлар йўқ. Улар ё ўқишга, ё меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетган».
Мусобақа бошланиши олдидан бошқа халқ ўйинлари, масалан, кураш ҳам ташкиллаштирилади. Кўпкарининг ўзи 3−4 соат давом этади. Қоида бўйича, ҳар ким ўзи учун ўйнайди — жамоага бўлиниш деган нарса йўқ, аммо баъзида икки-уч киши бир жамоа бўлиб ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Кўпкарида қатнашувчилар сони ва ёшига чеклов йўқ. Ўзига ишонган ҳар қандай чавандоз бахтини синаб кўриши мумкин.
Чавандозда ўзига бўлган ишонч қаердан келади? Албатта, машғулотлар орқали — ғалаба учун доимий шуғулланиш керак. Чавандозлар билан бирга отлар ҳам ўзи устида ишлайди. Отлар ёз жазирамасида умуман ташқарига чиқарилмай, емланади. Куз келиб, ҳаво салқинлагач, дастлабки енгил машғулотлар бошланади. Йигитлар яйловларда садоқатли тулпорлари билан бирга бўлажак мусобақалар учун куч тўплайди. Кўпкари мавсуми октябрь-ноябрда бошланиб, баҳорнинг иссиқ кунларига қадар давом этади. Ёз жазирамасида улоқ чопишдан маъно йўқ — унинг фойдасидан зарари кўпроқ.

Эркаклар ўз кучини синаш, қанчалик эпчилу чайирлигини кўрсатиб қўйиш учун ҳам улоқ чопади. Тулпорини кўпкарига солиб, унинг нархини ошириб олишни ўйлайдиган ёки шунчаки зот (соврин)ни қўлга киритиш учун келадиган чавандозлар ҳам бор.
Ўйиндан мақсад — улоқни бир маррадан иккинчи маррага олиб бориш. Улоқни тақимидан туширмай, рақибларига олдириб қўймай, марра («қозон»)га етказа олган чавандоз ваъда қилинган соврин эгасига айланади.
Кўпкарига ҳамма атаганини тиккан — гилам, пул, маиший техникадан тортиб бош соврин — буқагача. Каттароқ мусобақаларда зотга машина ҳам қўйилиши мумкин. Мукофот жамғармасини ўйинчиларнинг ўзи шакллантиради. Совғалар учун бозор-ўчар билан маҳалла ё қишлоқ оқсоқоллари шуғулланади, уларнинг ўзи кўпкари вақти ҳакамлик ҳам қилади. Ускуналарни ижарага олиш ва даврани олиб борувчи бошловчини таклиф қилиш каби ташкилий ишлар ҳам оқсоқоллар зиммасида.
Бу сафарги мусобақада буқани Эркин Бозорбоев олиб кетадиган бўлди. 28 ёшли бу чавандозни одамлар Эркин полвон дея эъзозлайди. У саккиз йилдан бери улоқ чопади. Мавсумнинг барча ўйинларида фаол қатнашадиганлар яхшигина даромад ҳам қилади. Эркин Бозорбоев кунига 10−20 млн сўм фойда қилган кунлари ҳам кўп бўлганини таъкидлайди.

«Кўпкари — ота-бобомдан қолган мерос. Мен унга қадрият даражасида қарайман ва мени полвон деб чақиришларидан ғурурланаман», — дейди чавандоз.
реклама
реклама
Кўпкари ишқибозлари орасида болалар ҳам анча-мунча. Тулпорига шиддат билан қамчи солаётган Эркин полвон ва бошқа чавандозларни ҳавас билан томоша қилаётган 13 ёшли Лазизбек улардан бири.
«Мен кичкиналигимдан улоқда қатнашишни ва Руслан, Мирсодиқ, Бобуршоҳ полвонлар каби жасур бўлишни орзу қиламан. Отамнинг иккита оти бор. Агар мендан отни танлайсанми ё машинаними, деб сўрашса, ўйлаб ўтирмай отни танлаган бўлардим. Негаки отда меҳр, характер, шиддат, оловни ҳис қилиш мумкин».
Фотосуратлар муаллифи: Холида Мусулмон / «Газета.uz»
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda