Негатив лаззати
Плёнкали фотография ихлосмандлари қандай ва нима ёрдамида суратга олади?
Мобил телефонлар юқори сифатда сурат олиш имконини берадиган ҳозирги замонда, нақадар ғалати кўринмасин, плёнкали фотография мухлислари сони ҳам кўпайяпти. «Газета.uz» фотографлар Виктор Ан, Юрий Веденин ва Эрик Музипов билан қандай қилиб ва нима учун плёнкага суратга олишлари ҳақида суҳбатлашди.
Мобил телефонлар юқори сифатда сурат олиш имконини берадиган ҳозирги замонда, нақадар ғалати кўринмасин, плёнкали фотография мухлислари сони ҳам кўпайяпти. «Газета.uz» фотографлар Виктор Ан, Юрий Веденин ва Эрик Музипов билан қандай қилиб ва нима учун плёнкага суратга олишлари ҳақида суҳбатлашди.
XXI аср — ҳар бир киши, фотограф бўла олмаган тақдирда ҳам, ўзини фотограф деб аташи мумкин бўлган бир давр. Мобил телефонлар биргина тугмани босиш орқали юқори сифатда суратга олиш имконини беради. Бироқ плёнкага қайтаётган профессионал ва ҳаваскор фотографлар сони борган сари ошиб бормоқда. Уларнинг қизиқишига плёнка билан ишлашнинг қийинчиликлари — камерани қўлда созлаш зарурати, кадрланган чекланган сони (атиги 36 дона), суратни ишлаш жараёни ва олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган натижа ҳам тўғаноқ бўла олмаяпти.

Аналог фотографиянинг оммалашуви — бу халқаро тренд, аммо бу борада Тошкент ҳам мустасно эмас. «Газета.uz» плёнкага иштиёқ нимадан бошланиши, бу машғулот қанчага тушиши ва ўзи шунга арзийдими каби саволлар билан фотографлар Виктор Ан, Юрий Веденин (Тошкент) ва Эрик Музиповга (Москва) юзланди.
Виктор Ан
Фотопублицист, фотография соҳасида 45 йиллик тажрибага эга
Менинг фотография соҳасидаги йўлим 1978 йили, бир дўстим корейс тилида чоп этиладиган «Ленин Кичи» (кейинчалик «Корё Ильбо» — таҳр.) газетасида фотомухбир сифатида фаолият юритишни таклиф қилганида бошланган. Унгача пиёз етиштирганман, ҳайдовчилик қилганман, электрик ва киномеханик бўлиб ишлаганман, шунинг учун фотографияни иш жараёнининг ўзида ўрганишимга тўғри келди. Андижонда бўлган илк съёмкамни плёнкага тўғри ишлов бера олмаганим сабаб барбод қилдим — ҳаммаси қорайган ҳолда чиқди. Шундан сўнг киоскдан барча маҳаллий ва рус газеталарини сотиб олдим ва бир ҳафта давомида уларни ўрганиб чиқдим, чунки махсус адабиётлар бўлмаган.
реклама
реклама
У пайтлар «рақамли» деган тушунча бўлмаган. Барча фотосуратлар фақат плёнкада олинарди. Деярли ҳар бир уйда «Смена», «Зоркий», «Киев», «Зенит», «ФЭД» моделларидаги аналог камералар бўларди. Одамлар съёмкага ижодийроқ ёндашган, чунки сизни атиги 36 та кадр билан чеклаб қўйишганида, ҳар бир суратни етти ўйлаб, бир оласиз.

Фотосуратларни кўпчилик, жумладан мен ҳам, уйда чиқарган. Фотография уйи яқинида бир хонали квартирам бўларди, уни лабораторияга айлантиргандим ва у ерда ҳар оқшом суратлар чиқарардим. Жараён узоқ давом этгани ва нисбатан мураккаб бўлгани учун бунда кадрнинг қиймати ҳам анча юқори бўлади.
Илк кадрларимни узоқ масофадан суратга туширувчи «ФЭД» камерасида олганман. Объектив бор-йўғи 50 миллиметр эди ва объектни яқинлаштириш учун унга ўзингиз яқинлашишингизга тўғри келарди. Бу ниҳоятда ноқулай эди.

Биринчи репортажим учун мени Наманганда бўладиган кўпкарига юборишгани ёдимда. Камера трибунадан туриб от устидаги чавандозларни «кўролмади», шу боис бир-икки давра шунчаки ўтириб, ўйинни кузатдим. Кейин ўрнимдан сакраб турдим-да, отлар олдига югурдим. Кимдир ёқамдан тортиб олгунича бор-йўғи иккита кадр олишга улгурдим. Шулардан бири газета муқовасидан жой олди.
Газетадаги фаолиятим турли воқеа-ҳодисаларга бой бўлган. Таҳририят 300 метрлик плёнкадан иборат биттагина ўрам берарди. Бу етарли эмасди ва мен, ўз ижодим учун ҳам, яна қўшимча сотиб олардим. Йилига 500 метрча плёнка ишлатардим. Ҳозир ўша вақтда кўпроқ пул сарфлаб, кўпроқ суратга олмаганимдан афсусланаман, чунки эски фотосуратлар қадрли, ҳар бир кадр ўша давр тарихидан ҳикоя қилади.

Плёнкали фотоаппарат билан ўз фотосуратларингни яратишда кўпроқ иштирок этасан. Тугмани босишдан олдин объектгача бўлган масофани аниқлаш ва ёруғлик даражасини баҳолаш, керакли режим ва экспозицияни қўлда созлаш керак. Фаолиятим давомида ўша даврдаги деярли барча фотоаппаратлар ёрдамида суратга туширганман ва маълум даражада уларга боғланиб қолганман. Ҳар бир камеранинг ўзига хос хусусиятлари ва фарқлари бўларди. Фотограф техник камчиликларни афзалликларга айлантиришни ўрганиши керак эди.
2002 йилда илк рақамли фотоаппаратлар пайдо бўлди. Аналог камера — ўша пайтда мен «Зенит» ишлатардим — техник параметрлар бўйича рақамли рақобатчилардан сезиларли даражада орқада қолаётганини пайқадим. Аста-секин қулайлиги ва амалий жиҳатдан самарадорлиги билан ажралиб турувчи «рақамли» камераларга ўта бошладим. 2005 йилга келиб янги камералар фаолиятимдан аналогни сиқиб чиқарди. Мен лабораториямни демонтаж қилдим, плёнкаларни ташлаб юбордим ва бутунлай замонавий камераларга ўтдим. Бироқ, вақт ўтиши билан, рақамли фотоаппарат менга аналог фотография орқали олганим лаззатни бера олмаслигини англаб етдим.
Рақамли камера лаҳзани хотирага муҳрлайди, плёнка эса — унинг нафасини.
Рақамли фотосуратларга қарар эканман, ҳамма нарса ҳаддан ташқари мукаммал кўринади. Плёнкага олинган сурат эса жонлироқ ва унда ҳажм мавжуд. Моделлар шунчаки қотиб турмайди, балки нафас олаётгандек ва қоғозда мавжуддек кўринади. Плёнка ранглар ва улар орасидаги ўтишларни мулойимроқ ва силлиқроқ узатади — унинг динамик диапазони кенгроқ. Соя жойларда кўпроқ деталлар кўзга ташланади, ёритилган жойларда эса табиий контраст чизилади. Бу суратда кўпроқ мавжудлик эффектини, «ҳаётийлик»ни яратади.

Яна бир ўзига хос хусусият — бу кадр аниқлигининг чуқурлиги. Деталлар ва созламалардаги кичик ўзгаришлар ҳам тасвирни идрок этишга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Кичик ўлчамларда деталлар кўзга ташланмаслиги мумкин — бу нарса фақат катта форматларда яққолроқ кўринади. «Рақамли»да эса тасвир масштабини катталаштирганингизда, пикселлар пайдо бўлади. Аналог фотосуратларда эса донадорлик тасвирга путур етказмайди, аксинча, баъзан унга бадиий қиёфа ҳам бағишлайди.

Рақамли фотографияда камера матрицаси тасвирни муҳрлаш воситаси ҳисобланади. Ўз навбатида, плёнкада суратни таркибида кумуш сақловчи фото-эмульсия кристаллари аралашмаси «эслаб қолади». Кумуш нодир металл ҳисобланади, шунинг учун ҳар бир кадр ўзига хос чиқади.
Орадан беш йил ўтибгина мен яна плёнкага қайтдим. Ўша вақтга келиб менда зарур жиҳозларга эга лаборатория бўлмагани сабаб, ҳаммасини қайтадан йиғишга тўғри келди. Илгари суратга олишда энг замонавий ва энг яхши техникалардан фойдаланган бўлсам, бу сафар бунинг аксини қилишга қарор қилдим — энг ёмон камераларни олиб, улар ёрдамида профессионал суратлар олишга уриндим.

Янгиобод [бозори]даги ёймадан мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган «Смена» номли фотоаппаратни арзимас пулга сотиб олдим ва ўзим таъмирладим. Уйдаги коллекциямдаги бошқа камераларни ҳам ўзим созлаб, ишлатганман. Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, техникаларимни божхона ўтказмаган ва жойида бор материаллардан қўлбола камера йиғганман, объектив ўрнига кўзойнак моноклидан фойдаланганман. Бунинг оқибатида фотосуратлар сифати ёмонлашган, бироқ нафас ва ҳажм барибир сезилиб турган.
XXI асрда битталаб суратга олиш даври тугади. Энди ҳар бешинчи одам қўл телефони ёрдамида бундан ярим аср аввал дурдона саналиши мумкин бўлган суратни тушириши мумкин. Шу боис замонавий санъатда ғоя тушунчаси ижронинг ўзидан-да муҳимроқ бўлиб қолди. 2015 йили портретлар олишни бошлаганимда, бу йўналишда ҳеч қандай янгилик қилмаётганимни билардим. Бу жанр мендан аввал ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам фотографлар орасида оммалашаверади. Мен бу портретларни бирлаштириб, битта концепцияни яратиш ғоясида тўхталдим, натижада, орадан тўрт йил ўтиб, «Биометрик паспорт» номли туркум пайдо бўлди.
Студияга айлантирилган квартирамга дўстларим ва танишларимни таклиф қила бошладим. Зарур даражадаги ёруғликка эришиш учун 23 чироқ (головка)ли моноблок-ёриткич қурдим. Барча суратларни XIX асрдан қолган эски ёғоч камера ёрдамида олганман.

Қаҳрамонларим кўргазмада ўз суратларини кўрганда нохуш ҳайратда қолди. Мукаммал, силлиқ чеҳралар ўрнига уларни ажин ва ёшга хос доғлар қарши олганди. Ҳатто қаҳрамонларимдан бири мен уни ечинтириб, руҳини ташқарига чиқариб олганимни айтди. Мен учун бу деталлар инсон умрининг саҳифалари вазифасини бажаради. Рассом портретни матога кўчирганидек, фотограф ҳам бу тарихни плёнкага кўчира билиши лозим.
Бутун ижодий йўлим давомида жанрли фотография менга яқинроқ эканини тушуниб етдим. Асарларимда бир лаҳзани муҳрлашгагина эмас, балки унга муайян бир хабар юклашга, рассомлар тасвирий санъатда қилгани каби бутун бошли ҳикояни бир-икки кадрга жамлашга интиламан. Илгари мени фотопублицист сифатида қизиқарли композицияни излаш кўпроқ банд қилган бўлса, энди суратларнинг мазмуни ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлдим. Шу нуқтаи назардан ўтган йил декабрида бўлган «Замонлар алоқаси» номли кўргазмамда ҳаётнинг ўткинчи экани ва вақт қадри мавзуси ҳам кўтарилган.
Бу дунёда ягона истагим — фотосуратларда ўз ҳаётим тарихини йўқотиб қўймаслик ва ватаним тарихини сақлаб қолиш.
Юрий Веденин
Фотограф, фотография соҳасида 19 йиллик тажрибага эга
Бадиий санъат соҳасида маълумотга эгаман — Республика тасвирий ва амалий санъат лицейи (РТАСЛ)да рассомчилик ва ҳайкалтарошлик бўйича таҳсил олганман. Қалам билан ўтказилган дарс соатлари менга чизиқ ва шаклни, рассомчилик ва бўёқлар эса ёруғлик ва рангни, ҳайкалтарошлик дарслари бўлса фактура ва ҳажмни ҳис қилишни ўргатди. Бу фанларнинг барчаси композиция асосларини ўргатади.
Фотографияда 2004 йилдан ўзимни синаб кўра бошладим. Ўша пайтда ҳали ҳам тасвирий санъатга иштиёқманд эдим ва фотосуратлар ёрдамида ўз картиналарим учун материал йиғардим. Ахир ҳар доим ҳам кўчада туриб эскиз чизиб бўлмайди — бу вақт талаб этади ва баъзан шунчаки ноқулай, кимгадир ҳалал беришингиз мавжуд. Камера тезда суратга олиш имконини берар ва уйда, қулай шароитда бу фотоматериалдан ишим учун фойдаланишим мумкин эдим.

Илк аппаратим отамнинг «КИЕВ-4» камераси бўлганди — уни уйимиздаги сервантдан топиб олгандим. Ундан фойдаланилмай қўйганига кўп бўлганди, шу боис дадамни фотографияда ўзимни синаб кўришим учун камерани менга беришига кўндириш қийин кечмаган. Бу камера ўтган асрнинг 30-йилларида яратилган афсонавий немис Contax камерасининг советча нусхаси эди.
реклама
реклама
Плёнкага суратга олиш — қизиқарли жараён. Натижага таъсир кўрсатувчи кўплаб омиллар бор. Масалан, турли маркадаги плёнкалар турли хил ранг сояларини берарди, объективнинг очилиш тезлиги ва диафрагма суратнинг аниқлиги ва контрастига таъсир қиларди, турли объективлар бурчак ва тасвирни ўзгартирарди, тугмани узоқроқ босиб туриш кечаси кундузги режимда суратга олиш имконини берарди. Буларнинг барчаси қизиқлиги бўйича тасвирий санъатдан кам бўлмаган ва мен учун янада жозибалироқ дунё бўлиб чиқди. Шу тариқа фотографияга кўпроқ вақт ажрата бошладим.
Бу вақтга келиб рақамли камералар аналоглилар ўрнини эгаллай бошлаган ва уларнинг имкониятлари ҳам кўпроқдек кўринарди. У суратларни ишлаш ва чоп этиш учун лабораторияга боришдан кўра, олинган суратни дарҳол кўриш имконини берарди. 2009 йилда ўзимга «рақамли» камера сотиб олдим. Аввалига кроп (кроп-камералар — бу «кесик», яъни кесилган, кичрайтирилган матрицали камералар — таҳр.), бир йилдан сўнг тўлиқ кадрли камера олдим. Мен тўйларни ва баъзан ўзим учун нималарнидир суратга олардим, бироқ олдинги сайр-саёҳатларимни ва плёнкали камерадаги тажрибаларимни жуда соғиндим.
Замонавий рақамли камералар эстетик жиҳатдан плёнкали камералардан анча орқада. Хусусан, рақамли камерада жараён ўзига хос жозибаси ва афзалликларига эга бўлган жуда кўп нюанслардан маҳрум. Энг аввало, плёнка ёки қоғоз — ўзининг жисмоний хусусиятларига эга бўлган жисмоний материал. Уларга тегиниш мумкин, уларнинг тузилиши, характери бор. Бу плёнкали фотографияни графика ёки тасвирий санъат, ҳайкалтарошликка яқинлаштиради. Плёнкали фотосуратлардаги «дон» (фотографик қатламни ишлашдаги кумуш парчаси — таҳр.) қаламда чизилган штрихларни эсга солади.

Шунинг учун, профессионал тўлиқ кадрли рақамли камера ёрдамида суратга олиб юриб, аста-секин плёнкага қайтдим. Фақат бу сафар оқ-қора рангли фотоматериалларга.
Плёнкани Тошкентга яқин-яқиндан бошлаб олиб келишяпти. Бунгача Россия ёки Америкадаги дўстлар ва танишлар орқали буюртма беришга тўғри келарди. Бу жараён сабр-тоқат ва ҳисоб-китоб талаб қилади, чунки ҳар бир кадр ва кимёвий моддаларнинг ҳар бир граммини ҳисобга олиш керак. Олти ой ёки бир йил давомида — 15 та плёнка ўрами йиғилмагунича суратга туширасиз, шундан кейин — қимматбаҳо кимёвий моддаларни биргина плёнкага сарфлаб юбормаслик учун — суратларга ишлов бера бошлайсиз. Мен одатда йилига бир марта сурат чиқараман.

Мен турли формат ва материаллар билан ишлайдиган ҳар хил эски камералар ёрдамида суратга оламан. Масалан, суратга тушириш ва чоп этиш жараёнини бирлаштирган ҳолда, бирдан қоғозга оламан. Қоғоз — ажойиб материал. Уни майдалаш, йиртиш мумкин, бу ҳам тасвирлар билан тажриба ўтказиш учун янги имкониятлар тақдим этади.
Плёнкали фотография худди мумтоз мусиқадек. Уни қадрловчилар жуда-жуда оз бўлса-да, у ҳеч қачон йўқолмайди.
Ҳозирда ушбу севимли машғулотим ҳаёт тарзимга айланиб қолган. Бир неча йиллардан буён машаққат билан тўплаб келаётганим бир нечта туркумлар устида ишлаяпман. Мен учун фотография воқеликни англаш, шунингдек, содир бўлаётган ҳодисаларни тадқиқ қилиш ва қайта кўриб чиқиш воситасидир.
Эрик Музипов
FilmLab лабораторияси асосчиси, фотография соҳасида 20 йиллик тажрибага эга
Отам биринчи марта қизил чироқ ёруғида сурат чиқаришни кўрсатганида мен тўрт ёшда эдим. Отам учун бу жуда жўн иш эди — ўша вақтларда сурат чиқаришнинг бундан-да оддийроқ йўли бўлмаган, менинг хотирамда эса ушбу сеҳр бутун умрга сақланиб қолди.

Менинг биринчи камерам «Зенит-Е» бўлган. Ҳар ким ва ҳар нарсани: оилам, дўстларим, саёҳатлар, ландшафтлар, шаҳарни кетма-кет суратга олаверардим. Ҳозир ўша кадрларга қарасам, ўшанда олинган ва ҳозир кимгадир кўрсатишдан уялмайдиган суратларим бармоқ билан санарли эканлиги аён бўлади, бироқ бу нормал ҳолат. Ҳаммамиз ҳам ўрганамиз ва ўрганишнинг энг яхши усули — қайта-қайта уриниб кўришдир.
Илк муваффақиятли суратларни талабалик йилларим олишни бошлаганман. У вақтлар плёнка ҳозиргидек қиммат эмасди, лекин барибир сезиларли харажат эди. Ўзи ҳар доим шундай бўлади: талабасиз, бўш вақт кўп, лекин пул йўқ; ишга киргач пул бўлади, лекин бор вақтингиз ўқиш ва ишлашга кетади. Бироқ мен деярли ҳар йили катталаштирувчи қурилмамни олиб, олган суратларимни чиқарардим. Бу ниҳоятда қизиқарли ва тинчлантирувчи иш эди. Бунда диққатимни фақат жараёнга қаратиб, бошқа ҳамма нарсани буткул унутиш мумкин.
Мен аналог фотографияни унинг номукаммаллиги ва табиийлиги учун ёқтираман. Суратга олиш ва уни ишлаш жараёни, рангларнинг силлиқ кўчиши, расмлардаги «қушдек енгиллик ва донадорлик» эффекти менга ёқади.
Плёнканинг «рақамли»да олиб бўлмайдиган ўзига хос жозибаси бор.
Албатта, рақамли фотография кўп жиҳатдан аналог фотографиядан олдинда, бироқ ҳеч қачон уни мағлуб эта олмайди. Бу худди марафонда югуришдек. Ҳозир уни тезроқ босиб ўтишнинг кўплаб усуллари мавжуд, масалан, транспорт воситасида, бироқ ўз оёқларингиз ёрдамида югуриш орқалигина сиз марафон нима эканлигини чинакамига англайсиз.
реклама
реклама
Оқ-қора фотография — бу муҳаббат. Бу вақт чегараларидан холи дунёнинг график идроки бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ҳеч нарса томошабинни чалғитмайди, диққат контрастга, ёруғлик ва сояларга, «дон»га, ҳажмга қаратилади. Мен оқ-қора фото-материалларни қадрлайман ва ҳурмат қиламан. Ишончим комилки, агар дунёни ҳамма шундай кўрганида эди, у бироз бўлса-да яхшироқ бўларди.

Рангли плёнка, ўз навбатида, бизни майсалар яшилроқ бўлган, фотосуратнинг пастки ўнг бурчагида тўқ сариқ рангда сана босилган ўша сокин даврларга қайтаради. Замонавий плёнкалар дунёни етказиб бериш нуқтаи назаридан ўзгармаган. Улар, шунингдек, тасвирнинг ўзинигина эмас, балки ҳис-туйғулар, табиийлик ва хотиржамликни етказиб бериш имконини беради. Мен рангни табиийлиги ва бироз ноаниқлиги учун ҳам ёқтираман. Эҳтимол, рақамли рассомлар плёнкали созламалар ва фильтрлар дунёсида топишга уринаётган нарса айнан мана шудир.
Вақт ўтиши билан севимли машғулотимни ривожлантириш истагида эканлигимни англаб етдим. Янги техникалар олдим, лаборатория жиҳозларини деярли қўлда йиғдим ва ўзимни турли жанр ҳамда форматларда кўпроқ синаб кўра бошладим. Турмуш ўртоғим Ольга билан Москвада яшаган пайтимиз ҳамиша уй студиясини ташкил қилишни истаганмиз, бироқ бу 2022 йили Тошкентга кўчиб келгунимизча орзулигича қолаётганди.

Тошкентга ўрнашиб бўлгач, плёнкалар ва ўрта форматли камерани олиб, архитектура, кўча манзаралари ва одамлар ҳаётидан лавҳаларни суратга тушира бошладим. Бир неча ўрам плёнкани кадр билан тўлдиргач, уларни чиқариш ёки ҳеч бўлмаганда ишлаш учун зарур кимёвий моддалар сотиб олиш учун бирор жой йўқлигини билдим. Шароит бизни ўз санъат маконимизни яратишга ундади.
FilmLab лабораториясини 2023 йил январь ойида ишга туширдик. Чехиянинг фото-материаллар ишлаб чиқарувчи Foma фирмаси билан ҳамкорлик шартномаси туздик, у бозорда 100 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд бўлиб, совет давридан бери плёнкада суратга олиб келган барчага яхши таниш. Жиҳозларнинг катта қисмини Россиядаги уйимиздан олиб келдик, қолганини чет элдан буюртма қилдик. Студияни дастлаб ўзимиз учун қурдик, бироқ вақт ўтиши билан бошқа плёнка ихлосмандлари ҳам студиямизга кела бошлади.

Плёнка санъатини оммабоп қилиш мақсадида барча зарур фото-материалларни сотамиз: ҳар хил турдаги плёнка ва қоғозлардан тортиб, ишлаш ва босиб чиқариш учун кимёвий моддаларгача. Оқ-қора ва рангли плёнкани чиқариш ва уни сканерлаш хизматларини тақдим этамиз. Турли форматдаги аналог камералар ва улар учун объективларни ижарага берамиз. Бизда даркрум (қоронғилаштирилган хона)лардан мустақил фойдаланиш ва гуруҳ ёки индивидуал маҳорат дарслари воситасида плёнка санъатини ўрганиш имконияти мавжуд.
Лабораторияда қадимий амбротайп ва тинтайп жараёнларини — шаффоф шиша ва металл плиталарда кумуш ёрдамида ишланадиган фотографияни қайта яратдик. Бу ноёб санъат ва ягона намунадаги иш. Кумуш кристалларининг шиша устида ноёб қўлланилиши ва форматли камералар томонидан етказилган ҳажм бизни 150 йил олдин, амбротайп фотографик тасвирни олишнинг деярли ягона усули бўлган даврга қайтаради. Фотографиянинг техник жиҳатларига ва ўтган асрнинг фотография усталарига бўлган иштиёқни ҳаётга қайтарамиз ва сақлаб қоламиз. Ушбу ноёб материалларда олинган суратлар деярли абадийдир.
Мен кундузи ишлайман, қуёш ботиши билан эса ўзимни бутунлай севимли машғулотимга бағишлайман. Лаборатория очилганидан бери кўплаб ижодкорлар билан танишдим, улар билан ҳозиргача алоқа қилиб тураман ва ҳамкорликда лойиҳалар қиламан.

Эндигина иш бошлаганларнинг барига жараёнга ҳам, аппарат сотиб олишга ҳам онгли ёндашишни маслаҳат берган бўлардим. Менинг назаримда, 90-йилларнинг point-and-shoot камералари (шунчаки тасвир объектига қаратиш ва тугмани босиш орқали суратга олиш учун мўлжалланган ихчам камералар — таҳр.) ўрнига Nikon, Nikkormat, Mamiya фирмаларидан — муносиб ишлаб чиқарувчилар талайгина — юқори сифатли ва ишлайдиган камераларни олган яхшироқ. Масалан, мен ўрта форматли Mamiya камерасида 50 мегапикселгача рақамлаштириш имконияти билан суратга оламан ва Kodak плёнкасидан фойдаланаман.

Асосийси, камера сизга ёрдам бериши мумкинлиги, бироқ у сиз учун қарор қилмаслиги лозимлигини англашдир. Плёнкали фотография жараён ҳақида — параметрларни белгилаш, кадр устида бош қотиришга киришганингиздагина бошланади.
Суратга олишни оқ-қора плёнкада бошлаш — энг осони. Битта плёнка ўрамининг нархи 100 минг сўмдан бошланади. Нарх нуқтаи назаридан энг тежамкор плёнка — 35 миллиметрлиси. Сизда 36 та кадр, чексиз ижодкорлик ва нисбатан арзон ихчам камера бўлади (масалан, бошланишига 200 долларгача бўлган нархда соз камера топиш мумкин).

Ўрта формат қимматроқ, чунки плёнкада 12 та кадр бор, камеранинг нархи ҳам 1000 доллардан ошиши мумкин, бироқ — ишонинг — у бунга арзийди. Mamiya C220 — нархи 400 долларгача бўлган энг яхши ўрта форматли камералардан бири. Шу билан бирга, уни ажойиб тасвирни осон яратадиган профессионал техникалар сирасига ҳам киритиш мумкин.
реклама
реклама
Кейинги муҳим қадам — плёнкани қайта ишлаш. Бу жуда тез ўзлаштириш мумкин бўлган, мураккаб бўлмаган жараён. Тўлиқ қоронғиликда плёнкани ишлаш қурилмаси (бачок)га жойлаштирасиз, уни белгиланган вақтга мослаб тўлдирасиз (бу вақт плёнка ишлаб чиқарувчисининг тавсияларига ҳар доим ҳам келавермайди), таймерга эътибор қаратиб, қурилмани айлантирасиз. Тўлиқ қоронғиликда буни қилиш учун муайян тажриба ва эпчиллик керак бўлади. Шундан кейин ювиш, фиксаж, охирги чайиш, намловчи, дистилланган сув — буларнинг барини плёнка қуриганида, водопровод сувида эриган тузлар плёнкада доғ бўлиб қолмаслиги учун қилиш керак.

Олинган негативни сканерлаш ёки қўлда чоп этиш мумкин. Мен босма ишларини яхши кўраман, ахир қизил хонадаги энг сеҳрли жараён айнан мана шу-ку! Жараён жуда оддий, шу билан бирга, қоғоз, вақт, ҳарорат ёки суратни ишлайдиган қурилма турини ўзгартириш орқали мутлақо хилма-хил натижаларга эришиш мумкин: юқори контрастли, драматик ишдан тортиб юмшоқ тасвиргача — ибтидоий фотошоп деса ҳам бўлади.

Қўлда чоп этиш учун фотокатталаштиргичдан фойдаланилади: негатив рамкасига плёнка, босма рамкага эса махсус фотоқоғоз жойлаштирилади. Шундан кейин қоғоз муайян вақт давомида ёритилади. Тест чизиқлари ёрдамида параметрларни ўрнатиш мумкин. Кейин эса қоғоз ишланади (проявка қилинади), ювилади ва мустаҳкамланади. Худди плёнкани ювгандек, фақат бу сафар қизил нур остида ва кўз ўнгимизда.
Плёнка шошқалоқликни ёқтирмайди. Лабораториямизга келган ҳар бир кишига хато қилиш кераклиги ва фотосуратларни уй шароитида ҳам ўзлари мустақил ишлашга ҳаракат қилишлари зарурлигини тушунтираман. Шу орқали сиз жараённи бошидан охиригача тушунасиз ва суратга олиш ёки уни ишлаш босқичида тузатишлар киритасиз. Плёнка ижодкорлари орасида энг оммалашган ашё — бу ахлат қутиси, деган ҳазил бор. Бироқ, бир нечта муваффақиятсизликлардан сўнг, албатта, аста-секин ҳаммаси ўхшай бошлайди ва, охир-оқибат, сиз мукаммал кадрга эришасиз.
Тошкентда ҳозир плёнкага бўлган талаб унчалик катта эмас. Мен шаҳарда аналог фотография билан профессионал равишда шуғулланадиган ўнтача одамни санаб ўтишим мумкин. Фотолабораториялари кунига юзлаб плёнкалардан сурат чиқарадиган Европа стандартлари билан солиштирганда, бу ниҳоятда кичик рақам. Шу боис, биз Тошкент [аналог фотография ихлосмандлари] ҳамжамиятини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз, бу нақадар қизиқ ва ҳаяжонли машғулот эканини Ўзбекистонда имкон қадар кўпроқ одам билишини истаймиз.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифлари: Мадина Аъзам ва Илья Семендеев.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda