Троллейбус ўрнига электробус
Бундан 14 йил аввал тўхтатилган Тошкент троллейбуслари ўрнини электробуслар эгаллаганига бир йил тўлди
Тошкент бундан қарийб 77 йил аввал — 1947 йилнинг 5 ноябрида — илк бор троллейбуслар билан танишганди. 2010 йилнинг 30 апрелида эса пойтахт троллейбуслар билан хайрлашган. Троллейбус фаолиятини тугатиш хато қарорлардан бири сифатида кўрилади. Бу хато 2023 йилда қисман тўғриланди — бир вақтлар троллейбуслар юрган йўлларда энди электробуслар ҳаракатланмоқда. «Газета.uz» айни бир жойда юрган троллейбус ва электробусларнинг суратларини жамлади.
Тошкент бундан қарийб 77 йил аввал — 1947 йилнинг 5 ноябрида — илк бор троллейбуслар билан танишганди. 2010 йилнинг 30 апрелида эса пойтахт троллейбуслар билан хайрлашган. Троллейбус фаолиятини тугатиш хато қарорлардан бири сифатида кўрилади. Бу хато 2023 йилда қисман тўғриланди — бир вақтлар троллейбуслар юрган йўлларда энди электробуслар ҳаракатланмоқда. «Газета.uz» айни бир жойда юрган троллейбус ва электробусларнинг суратларини жамлади.
Ўзбекистондаги илк троллейбус тармоғи 1947 йил ноябрида Тошкент шаҳрида ишга тушган эди. Кейинчалик Ўзбекистоннинг Самарқанд (1957), Олмалиқ (1967), Андижон (1970), Фарғона (1971), Наманган (1973), Бухоро (1987), Нукус (1991), Жиззах (1998) ва Урганч (1998) шаҳарларида ҳам троллейбус қатновлари йўлга қўйилган. Фарғона, Наманган ва Урганчдаги троллейбус йўналишлари нафақат шаҳар ичида, балки ундан ташқарида ҳам қатнаган.
реклама
реклама
Табиийки, энг катта троллейбус тармоғи Тошкентда бўлган. Мустақиллик арафасида Тошкентда 25 та троллейбус йўналиши, 450 га яқин троллейбус бўлган. Мустақилликнинг илк йилларида Чехиядан 141 та янги «Шкода» троллейбуслари олиб келинган. Деярли бутун шаҳарни қамраб олган троллейбус тармоғи тошкентликларнинг севимли транспорт воситаларидан бири ҳисобланган.
1979 йилги "Шаҳар кўчаларининг лайнерлари" ҳужжатли фильмидан парча
Ҳукуматнинг 1999 йилги қарорига асосан, 2005 йилгача яна юзлаб троллейбуслар олиб келиниши керак эди. Нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам троллейбус тармоқлари ривожлантирилиши кўзда тутилганди. Аммо нимадир бўладию (нима бўлганини ҳеч ким билмайди), электротранспорт ривожига эътибор бирдан сусаяди.

Троллейбус заводи қурилиши тўхтатилади, Чирчиқ, Гулистон, Қўқон, Термиз, Қарши ва Навоийда троллейбусни йўлга қўйиш лойиҳалари бекор қилинади (бекор қилинаётган вақтида Навоийдаги лойиҳа 90 фоизга тайёр эди, Бухоро-Когон троллейбус йўли эса ишлаётганди). Янги тролейбусларни сотиб олиш шартномалари ҳам йўққа чиқади. Тошкентдаги троллейбус деполари бирин-кетин ёпила бошлайди.

2010 йилга келиб Тошкент троллейбуси машиналари асосан эскирган, йўловчи оқими катта бўлган магистрал линиялари ёпилган, талабгир йўналишлар бўйича йўловчи ташимайдиган, умуман олганда, тугатилса ҳам биров сезмайдиган бир транспортга айлантириб бўлинганди. 2010 йилнинг 29 апрель куни ишга чиққан, депо рақами 2567 бўлган 6-йўналишдаги машина Тошкент тарихидаги (ҳозирча) сўнгги троллейбус ҳисобланади.
Хивадаги троллейбуслар тураргоҳи. 2016 йил. Фото: Tashtrans.uz
Бугун Ўзбекистон бўйича фақат Хоразм вилоятида троллейбус фаолияти сақлаб қолинган. Аммо Урганч ва Хива шаҳарлари орасида қатновчи троллейбусларга ҳам осон бўлаётгани йўқ — бу йил қишда ҳатто бир муддат ишламай қолди. Умуман, нафақат пойтахтда, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам троллейбусларнинг тугатилиши хато қарорлардан бири сифатида кўрилади.

Тошкентда 2023 йил баҳорида ўша хато қарор оқибатларини нисбатан юмшатувчи воқеа юз берди — Ўзбекистон пойтахтига Хитойдан юзлаб электробуслар олиб келинди. Бир вақтлар троллейбуслар юрган йўлларда энди янги замон электротранспорти — электробуслар ҳаракатланмоқда.
Ҳам троллейбус тугатилган кунни эслаб, ҳам электробуслар олиб келинганига бир йил тўлиши муносабати билан, «Газета.uz» Тошкент троллейбуси тарихидан ҳикоя қилувчи 10 та фотолавҳани танлаб олди ва уларни 2024 йилги манзаралар билан таққослади.
«Чорсу» меҳмонхонаси
Эстрада-цирк коллежи
Фурқат кўчаси, Халқлар дўстлиги майдони
Бешёғоч майдони
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси
Бешёғоч майдони
«Болалар дунёси» дўкони
реклама
реклама
Тошкент куранти
Кўкалдош мадрасаси
Материал муаллифи: Гулираъно Мусаева.
2024 йилги фотосуратларни Холида Мусулмон олган.
Архив суратлар Tashkent Retrospective, TransPhoto.org, TashTrans.uz ҳамда «Зодчество Узбекистана» (Я.Босин) китоб-альбомидан олинди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги
ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda