Бу воситадан биринчи галда амирнинг оиласи фаол фойдаланган: Бухорога «поезд неъмати» кириб келгач, амир Абдулаҳадхон оиласи ва аъёнлари билан бирга мунтазам равишда Петербург, Москва, Қримга саёҳат қилади, «дунёни кўргач» Ялта, Кисловодск, Пятигорск, Железноводск каби курортлардан ер олиб, қароргоҳлар қурдира бошлайди (уларнинг
айримлари ҳозиргача сақланиб қолган).
«Россия, Кавказорти ва Қрим шаҳарларида бўлиб, у ердаги аслзодалар ҳаёти билан танишган амир барча қулайликларга эга, хорижий меҳмонларни кутиб олишга мўлжалланган миллий ва европача услубда сарой барпо этишга фармон беради», дейилади тадқиқотчи Зилола Ҳамидованинг 2017 йили «Мозийдан садо» журналида эълон қилинган мақоласида.
Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти Шавкат Бобожоновнинг қайд этишича, амир ушбу саройни Россия императори Николай Иккинчини Бухорога таклиф қилиш мақсадида қурдирган.