Ғаллаоролдаги қишлоқда ифторлик
Холида Мусулмон фотоҳикояси
Рўзадорларга ифторлик бериш савобли амаллардан ҳисобланади. Шунингдек, бу эски гина-кудуратларни унутиш, хурсандчиликни бирга баҳам кўриш учун яхши бир баҳона ҳам. Фотосуратчи Холида Мусулмон Чувиллоқ қишлоғидаги оила ифторликка қандай тайёргарлик кўриши ва рамазончи болалар ҳақида ҳикоя тайёрлади.
Рўзадорларга ифторлик бериш савобли амаллардан ҳисобланади. Шунингдек, бу эски гина-кудуратларни унутиш, хурсандчиликни бирга баҳам кўриш учун яхши бир баҳона ҳам. Фотосуратчи Холида Мусулмон Чувиллоқ қишлоғидаги оила ифторликка қандай тайёргарлик кўриши ва рамазончи болалар ҳақида ҳикоя тайёрлади.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Чувиллоқ қишлоғида яшовчи Ҳусниддин Жумабоевнинг оиласи ҳар Рамазонда ҳамқишлоқлари учун ифторлик уюштиради. Умуман, бу алоҳида мажбурият саналмас-да, қишлоқда кўпчилик ифторлик беради. Чунки рўзадорларга ифторлик бериш савобли амаллардан ҳисобланади. Бундай тадбирларда ёру биродарлар бир дастурхон атрофида йиғилиб, дўстлик, қариндошлик муносабатлари янада мустаҳкамланади.

Ифторликка чақиришдими, бу таклифни рад этиш мақбул эмас. Бу эски гина-кудуратларни унутиш учун яхши бир баҳонаи сабаб ҳамдир.
реклама
реклама
Ҳусниддин Жумабоевнинг хонадонидаги ифторликка унинг қариндошлари, дўстлари, қўшнилари тўпланади. Бу йил оила бошлиғи 50 тача меҳмон чақиришни режа қилган. Меҳмон кутишга тайёргарлик куни кеча бошланган. Оила эркаклари бозорлик қилиб келган, ўтинларни чопиб, сув ташиб қўйган. Хонадон хотин-қизлари эса, ўзлари ҳам рўза оғиз бўлишига қарамай, ифторлик учун пишир-куйдир билан банд.
Рўзадорлар оғзини сув ва хурмо билан очади. Ифторликка бўғирсоқ, сомсалар ҳам пиширилади. Дастурхонга сузма, ҳар турли ширинликлар ва нишолда ҳам тортилади. Нишолда қишлоқнинг ўзида тайёрланади.
Ифторлик вақти арафаси Ҳусниддин Жумабоевнинг уйига меҳмонлар йиғила бошлайди. Одатда аёллар учун алоҳида, эркаклар учун алоҳида хонадан дастурхон тузалади. Қишлоқ аҳли шундай қилинса ҳаммага яхши, ҳаммага қулай, деб ҳисоблайди. Эркаклар эркаклар билан, аёллар эса аёллар билан бемалол гаплашиб ўтиради-да.
Шом арафаси эса қишлоқда болаларнинг овози жаранглай бошлайди. Болалар гуруҳ-гуруҳга бўлиниб, дарвозаларни тақиллатиб, уй эгаларини чақириб, қўшиқ айтишади. Мақсадлари — ё ширинлик, ё пул «ундириш».
реклама
реклама
Уларни «рамазончи болалар» дейдилар, улар айтадиган қўшиқни эса «Ё Рамазон» деб атайдилар (бошқа ҳудудларда бу қўшиқлар «Рамазон келди» ёки шунчаки «Рамазон» деб ҳам аталиши мумкин). Болалар фақат Рамазон ойида бўладиган бу ҳодисани роса бир йил орзиқиб кутади. Улар «Ё Рамазон» деб куйларкан, ўзига совға сўрайди ҳамда уларни таом билан тўйдирган, чанқоғини қондирган ёки пул совға қилганларга яхшиликлар тилайди.
Рамазон қўшиғи матни:

Ё Рамазон айтиб келдик эшингизга,
Қўчқордек ўғил берсин бешигингизга.
Оқ танга, кўк танга
Чиқара қолинг, жон янга
5 минг сўм пул.
5 минг пулнинг боғи бор
Боғида анори бор.
аноридан есангиз шақир-шуқур пули бор.

Соп чиқинг, соп чиқинг тоғорага соп чиқинг
Тоғорага сиғмаса чўнтакларга соп чиқинг.
Момо-момо ухлама, қурра-қура,
супрангизни ит тортмоқда, тура-тура.

Уйингизнинг устида ой кўрдик
Ҳаммадан сизни бой кўрдик.
Ўчоқда кул, кармонда пул
Чиқара қолинг, жон янга, 5 минг пул.

Ё Рамазон айтиб келдик эшингингизга,
Қўчқордек ўғил берсин бешингизга.

Дуо қисми:

Бўлчин-бўлчин, бўлчинбой,
Тоғда қўйинг яйрасин,
Қумурсқадай қийрасин.
Сарисудан сакраб ўтган сари така
умрингиз узоқ бўлсин, Фалончи ака.
Чувиллоқда одатда 5−8 ёшли болалар «рамазончилик» қилади. Бундан кичкинаси — ҳали жуда кичкина, каттасига эса — «бироз ярашмайдиган одат». Анъанага кўра, «рамазончи болалар» ифторлик вақти «иш»га чиқиши керак. Аммо қишлоқда қопағон итлар кўп (болалар қўлига таёқ кўтариб олиши ҳам шундан — таёғи билан итни ҳайдайди), қишлоқ кўчалари эса қоронғи, шу боис оналар «қуёш ботгунича қайтларинг» дея вақтлироқ чиқариб юборади.
реклама
реклама
Болалар бир оқшомнинг ўзида айланиб, 10−15 тача хонадонга кириб-чиқиши мумкин. Кимдир эшак миниб, бошқа бирови велосипедида юради, бу орада варрак учириб юришга улгурадиганлари ҳам бор.
Ҳар қўшиқнинг охири уй эгаларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва қут-барака тилашдан иборат дуо билан тугайди. Бола бола-да — тиним билмай югуради, қўшиқни ҳам бор овози билан бақириб айтади. Томоғи қуриб кетади. Уй эгалари уларни юзда табассум билан кутиб олиб, сув улашади.

Кичкина болаларни акаларининг эзгу ниятлари, дуоларига раҳмат айтишга ўргатишади. У болалар тезроқ 5 ёшга тўлсаю, акалари билан бирга қишлоқ бўйлаб югуриб, «рамазончи» бўлишни хаёл қилади. Қизлар эса ҳеч қачон «рамазончи болалар» билан бир сафда бўла олмаслигидан хафа.
Қишлоқда қизларнинг Рамазон қўшиқларини айтиб юриши маъқулланмайди. «Уят бўлади», дейишади. Лекин бу ҳар доим ҳам шундай бўлган, ҳаммаёқда ҳам шундай дегани эмас — қизлар ҳам қўшилиб, Рамазон қўшиқлари айтишига мисоллар кўп. Масалан, мана, 1992 йилдан бир лавҳа:
«Ё Рамазон» болалар характерини ва ўзига бўлган ишончини шакллантиради, катталар ва бошқа болалар билан мулоқотга киришни, ўзини қадрлашни ўргатади, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, бу анъана болаларга адолат тушунчаси ва молиявий саводхонликни ҳам ўргатади. Қоидага кўра, болалар «ишлаб топганлари»ни тенг тақсимлайди, шундай экан, ҳамма тенгма-тенг ҳаракат қилиши ҳам керак.

Болалар «ишлаб топгани»ни мактаб анжомларига, ширинликлар ва бошқа қиммат бўлмаган нарсаларни сотиб олишга сарфлайди.

Қуёш ботиб, ифтор вақти киргач, болалар уй-уйларига қайтади, Ҳусниддин Жумабоевнинг хонадонида эса ифторлик бошланади.
Оғиз очиш вақти бўлганида, рўзадорлар оғиз очиш дуосини ўқиб, сув ва хурмо еб, оғиз очадилар. Таом ейишга шошилиш йўқ, чунки кўп ўтмай шом намози вақти бўлади. Эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида хоналарда намоз ўқийди. Намоздан сўнг ҳамма тановулга ўтиради.
Кундалик ва маиший гап-сўзлардан ташқари, йиғилганлар ким қандай ёрдамга муҳтожлиги, кейинги ифторлик кимникида бўлишини муҳокама қилади, шунингдек, Рамазон Ҳайитида эҳсонни кимга ва қандай бериш борасида келишиб олади.
Фотосуратлар муаллифи: Холида Мусулмон / «Газета.uz»

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda