Мен 1926 йилнинг 10 январидан 10 февралигача отпусқага кетуб, дам олиб юрганимда, бу «Йиғинди гаплар» ном мақолани ёзғанман. Отпусқадан қайтқандан сўнгра, 14−15-числада навбатдаги чиқатурған «Муштум» журналининг сони учун материаллар тайёрлағанимда уларнинг ичида бу мақолани ҳам қўшуб, масъул муҳаррир Комил Алимовга олуб борғанман. Масъул муҳаррир Комил Алимов ҳалиги «Йиғинди гаплар» ном мақолани меним қўлумдан олиб, ўзининг кабинетида баланд овоз билан ўқуб берди. Ул мақолани ўқуб берган вақтда унинг кабинетида ўртоқ Ғози Юнус, Санжар Мирмаҳмудов ва қонтўршик (конторачи) Халучаев бор эди. Масъул муҳаррир Алимов мақолани ўқуған вақтда баъзи жойларини хато ўқуғани учун мен тузатиб турдим. Кейин ўқуб тамом қилғандан сўнг, «Хўб, бостирайлик», деди, ҳам «Яхши кетди» деб қўшимча қилди ва мен бостирғанман, чунки Алимов ижозат бермаган ҳолда, табиий, мақоланинг материали йиртқилануб ташланса керак эди.
Мақолани масъул муҳаррир Алимовга кўрсатмасдан илгари, Зиё Саидийга ҳам ўқуб берган, худди бошлағанимда ҳодисанинг тепасига Хуршид ҳам кириб қолди. Мен ўқуб бергандан сўнг, «Кўб яхши кетди» деб мақтаб юборди. Бу онглашилмовчиликдан илгари расмият, яъни идорага келган мақолани бостириш ёки бостирмаслик тўғрисида муҳаррир резолюция солмас эди. Ўшанинг учун бу мақола резолюциясиз бостирилғон. Расмият фақат журналнинг 28-сонидан бошланди.
Бу мақола фақат кулгу тариқасида ёзилған, ҳеч бир ҳукуматка ёки сиёсатка тегадирған жойи йўқ. Мақола босилуб журнал тарқалғандан сўнгра беш кунча ўткандан сўнгра Алимов Самарқанддан қайтуб келди ва мени ўзининг олдига чақиртириб, «Нимага бостирдинг, мен ижозат бермаган эдим», деди. Мен «Сен ижозат бердинг, мен бостирдим», деб жанжаллашдик. Мақолани Алимовнинг кабинетида ўқуғанда Зиё Саидий йўқ эди, ҳам кирган эмас, шахсий адоватка кетуб, «Бор эдим», деб гапирадир.
Бу гувоҳларнинг мундоғ гапириши фақат шахсий адоватдан иборат, чунки бирон вақт жонларига теккан бўлсам керак, аммо қай тариқада уларга гап тегдирганимни айта олмайман. Гувоҳ Зиё Саидийни оғзаки танқид қилар эдим. Матбуотда танқид қилғаним йўқ. Қисқаси, умуман, Зиё Саидий ва бошқалар манга қарши бўлғанлари учун ёлғондан гувоҳлик берадирлар.
«Йиғинди гаплар» мақоласини маъниси, келган-кеткан гаплар деган сўздир ҳам фақат кулги тариқасида ёзилғандир. Ҳақиқатда кулги ёзилғанлиғини исбот қилмоқ учун қуйидаги изоҳотни беруб кетишни лозим топаман: кулгуликнинг бошланиш тарихи жуда эскидир. Кулгулик инсонлар бирга туғилған, унинг бошқа хусусиятлари, яъни камолот ва руҳий ҳолатлари ила ёндошдир. Шунингдек, биз ўзбекларнинг кулгулигимиз ҳам ўз тарихини эскидан бошлайдир. Аммо янги инқилобий кулгулигимиз ўз тарихини буюк Ўктабрдан сўнг ёзди. Мунда, албатта, дунё маданияти интибоҳининг ва янги шўролар маданиятининг кулгуликка бағишлаган ҳадялари, янги қўшимчалари орқалиқ кенг қанот ёйған ҳолатда кўринадир. Яъни бу кун бошқа масалалар ўз доираларини кенгайтириб, улғайғанда
сарбасталанганларидек, кулгулик ҳам ўзига ҳуқуқни катта олған. Бу кунги
музҳикани ўртоқлик кулгулиги, музҳикаси маъноси билан онгланмайдир.
Юқорида деганимиздек, бизнинг музҳикамиз жуда ёш, унинг туғилиши ҳам Ўктабрнинг юмишларидан бўлди, десак янглишмаймиз, чунки Ўктабргача бўлған ўн йил ичида жадидлик байроғи остида чиқған матбуотка назар ташланса, кулгу рангидаги парчага жуда оз учрашилади ёки сира учрашилмайдир. Демак, бизга янги давр кулгулигини бошлаб бергувчи, бизга ўхшаш хом кишиларни бу йўлға тортқучи улуғ Ўктабрдир. Унинг шу ёшлиғи ва камчилиги бўлиши ҳам табиийдир.
Ҳар бир нарсани туғилиш тарихига назар ташланиб кўриладирким, ул ибтидоий даврида, албатта, бир эҳтиёж орқалиқ дунёга келса ҳам, аммо бошда ғояга тегишлик даражада хизмат қилолмайдир. Шунга ўхшаш кулгулик ҳам туғилишда шахсий ҳангама йўлинигина ўтаб, такомил қоидаси бўйинча бу кунги ҳолатка келган. Ғарбдаги маъноси билан эмас, бизнинг Шарқ учун ўрта аср - қуруни вуста даврини хотирлатқан хон замонлари музҳикасига бу кунги кулгуликни таққос қилуб кўрсак, шубҳасиз ер билан кўкча фарқ кўрамиз.
Бунинг учун, албатта, таажжубнинг жойи йўқ, биз хонлар замонида эмас, меҳнаткашлар даврида яшаймиз.
Мисол учун, эски замон кулгулигини бу кунги музҳика билан тенглаштириб қарайлиқ: масалан, хон замонларида хонга ёки шунинг каби катта мансаблик бекка ҳазил тўқиш мумкин эмас, аммо қуйи мансаблик қози,
ўнбоши,
чўғол ва шулар сингари кичик маъмурларга муқаллид ва мутояба қилиш мумкин эди. Бунга мисол учун тарихдан излансак кўрамиз: ўткан асрнинг 80-йилларида Афғонистондаги тахт жанжаллари ва ички иғтишошдан қочиб, амир Абдулраҳмонхон Туркистонга сиғинадир. Мунда бир неча вақт қолуб, тошкантлик Калпараш исмлик ўз замонасида машҳур бир қизиқ билан танишиб қоладир ва унинг ҳазилига, тақлидига мафтун бўладир. Абдулраҳмонхон бир неча замондан кейин Афғонистон тахтига ўлтуриб, тошкантлик бояғи Калпарашни ўз ёниға чақирадир. Калпараш ижобат этиб Кобилга борғач, хон воситаси билан ундаги мансабдор ва аён билан танишадир. Хоннинг ишорати билан анжумани олийлардан аёнга ҳазил тўқуб, уларга муқаллид бўла бошлайдир.
Хон билан бўлған бир мажлисда хоннинг рухсати ила Калпараш олдин бекларга бирма-бир ҳазил ва тақлид қилуб чиқған. Кайфи келиб хурсанд бўлған хон: «Менга ҳам муқаллид бўл, ҳазил тўқи!», деб Калпарашга буюрадир. Калпараш буйруқ бўлғандан сўнгра хоннинг ўзига муқаллид бўладир: хон каби тахтда ўлтуриб, чилим сўрайдир. Пояси чилимни яхши тайёрламағани учун ғазабланиб, уни ўн дарра уришга буюрадир. Бу тақлидни Калпараш шундай адо қиладирким, кўргучилар худда хоннинг ўзини айни ҳолатда кўрадирлар. Аммо хон ўзининг қилиғидан орланадир ва шу ҳолатда Калпарашни жаллодга топшируб, ўлдиртирадир.
Бу мисолдан муддао шундаким, бу кунги музҳика ўзининг эски сиқиқ доирасидан чиқғандек, бу кун ишчи-деҳқон бошлуқлари ҳам уларнинг, яъни ишчи-деҳқонларнинг ўз ораларидан чиқған ўз оғаларидирлар. Ҳозирги кулгулик ҳам қанот қуйруқланиб бу кунги бир Калпараш мазкур ўз ҳукуматининг арбобидан бир оғиз сўз ҳазил ва мутояба тўқий оладир, деб биламан.
Юқорида айтилди: кулгулик кишилар билан туғилиб, улар билан бирга камолотка эриша борғуси, деб. Албатта, кулгулик бошланишда тор, сиқиқ доирада бўлғанлиғида шубҳа йўқ. Масалан, маданиятда ибтидоий бўлған халқларнинг кулгусини оддий ҳазилдан, вазият музҳикасидан юқорида кўриб бўлмайдир. Инсонлар бир оз ўсиб, орада синфлар туғилғандан сўнг, кулгулик бир мунча ўскан, яъни бир синф иккинчи синфдан, бой камбағалдан, мурид эшондан кулиб бошлаған. «Ошқовоқни қайнатиб, ёғини олған авлиё» ёки «Эшонимнинг тасбиҳлари носвой қовоқ» каби синфий ҳажвлар шу жумладандир.
Кулги майдонида кейинги янгилик сажия музҳикасидир. Яъни кулгуликнинг учунчи пояси сажиявий кулгусидир. Биз бунинг мисолларини маним «Тошпўлат тажанг», «Калвак махзум», «Овсарлар» ва «Ўткан кунлар» рўмонимдан «Ўзбек ойим» ҳам бошқаларда кўрамиз. Бизнинг янги адабиётимизда характерли нарсалар оз, балки йўқ даражасида бўлғанлиқдан бунинг учун мисолни ўз асарларимдан олдимки, бунда мени маъзур кўрсинлар.
Албатта, кулгуни кейинги мактабнинггина қолипиға солиб юргазиб бўлмайдир. Сажия кулгусида ҳам нариги унсурлардан бир мунча қўшилмай чораси йўқ. Инсон деган сўздан, умуман дунёдағи кишилар онгланғанидек, ул сажияда ва ҳолати руҳияда ҳам бир-бирисидан жуда узоқлаша олмайдир. Биз юқорида музҳикадаги уч давр таърифини қилған эдик. Ҳам уч давр бир-бирисининг устига келиб ўлтурған деймиз. Масалан, наъма дунёга янги чиқишида бир хил товуш берган ва бу кун камолга эришуб, чин наъмалик ҳолини олған: уни ҳамма оҳангини қўшуб бирга чалинмаса, бир хил товуш билан кулолнинг ясағанлари шуштагидан ортиқча камолотни беролмайдир. Демак, нима бўлғанда ҳам, ҳозирги кулгуликда ҳар ҳолда юқорида мазкур уч поянинг бирликда бўлиши мажбурий бўлиши мажбурий бўлуб тушадир.
Ички маънавий томондан кулгуликда уч турлик унсур ҳам бор: 1-мутояба (шарж маъносида), 2-юмор (ҳажв), 3-сатира (ибрат). Шу уч турлик кулгуликни ифода қилишда ёрдамчи (воситачи) хизматини ўтагучи унсурлар эрса: ҳазил, киноя, муболаға, тасфир, ташбия, тамсил, истиора, татоққул, тажоҳул, халқ мақоллари ва таъбирлари ва шунга ўхшаш гаплар.