Фото: Холида Мусулмон
«Ҳайратланмаса, одам музейни унутади»
Тошкентдаги Қовоқ уй-музейи ва унинг асосчилари ҳақида
Тошкентда қарийб 20 йилдан бери Қовоқ уй-музейи ишлайди. Унга собиқ педагоглар Бахтиёр ва Дилдора Пўлатовлар асос солган. Бу ерда қовоқнинг 50 дан ортиқ тури бор, маҳорат машғулотлари ўтказилади, қўғирчоқ театрлари қўйилади. «Газета.uz» асосчилар билан музейнинг яратилиш тарихи, унинг хизматлари ва ўзига хос болалар билан ишлаш ҳақида суҳбатлашди.
Тошкентда қарийб 20 йилдан бери Қовоқ уй-музейи ишлайди. Унга собиқ педагоглар Бахтиёр ва Дилдора Пўлатовлар асос солган. Бу ерда қовоқнинг 50 дан ортиқ тури бор, маҳорат машғулотлари ўтказилади, қўғирчоқ театрлари қўйилади. «Газета.uz» асосчилар билан музейнинг яратилиш тарихи, унинг хизматлари ва ўзига хос болалар билан ишлаш ҳақида суҳбатлашди.
Тошкентдаги Қовоқ музейи ҳақида кўпчилик билмайди. Бўяб-чизилган қовоқлар ва қўлда ясалган қўғирчоқлар билан ёрқин безатилган эски уй-музей Мирзо Улуғбек туманидаги Султония кўчаси 62-уй манзилида жойлашган. Музейга кириш жойида сомон туя қоровуллик қилади, унинг қовоқдан ясалган хоними эса меҳмонларни табассум билан кутиб олиб, пештоқига қовоқлар осилган дарвозага таклиф қилади.
Музейга туғма педагоглар ҳисобланган Бахтиёр ва Дилдора Пўлатовлар асос солган. Музейни очишга қадар оила бошлиғи Мирзо Улуғбек туманидаги 65-мактабда физикадан, унинг рафиқаси эса математикадан дарс берган.

Аввалбоши музейда қовоқ деган нарса йўқ эди. Экспозиция Бахтиёр Пўлатов ўзи жуда қизиққан ва кўп йиллар давомида тўплаган антиквариатдан иборат эди. Бу эски буюмлар Бахтиёр ака томонидан ё тасодифан топиб олинган, ё таниш-билишлар ва эски-тускилар сотиладиган бозорлардан харид қилинган эди.
«Дилдора Раҳимовнага бу борада ҳеч нарса демаганман. Ўзимнинг йиғиб-терган пулларим бор эди», — дея эслайди Бахтиёр ака.

Шундай қилиб, иккимингинчи йилларнинг ўрталарида бугун етти хонани эгаллаган музейнинг хоналаридан бири илк бор дазмоллар, лампа (чироқ)лар, кўзалар, қурилиш асбоб-ускуналари каби эски буюмлар билан тўлдирилган. Дилдора Пўлатованинг айтишича, одамлар ўз хоҳиши билан нарсаларни олиб келиб, дарвоза олдида қолдириб кета бошлаган. Баъзи буюмларнинг эгалари ким эканини Бахтиёр ака ҳам, Дилдора опа ҳам билмайди.
«Бу нарсалар — дазмоллар, ранда, арра қандай ишлашини; одамлар электр пайдо бўлгунига қадар қандай яшаганини кўрсатиб берардик, — дейди Бахтиёр Пўлатов. — Бошқа музейларда ҳамма нарса ойна ортида, ҳеч нарсага тегиниб бўлмайди. Бизнинг музейимиз эса интерфаол».

Бир куни музей меҳмонларидан бири Бахтиёр ака ва Дилдора опага тўртта қовоқ (сувқовоқ) совға қилади. Аввалига уларни экспонат сифатида қўйишади, аммо кейинроқ меҳмонлар бу қовоқни уруғидан ундириш мумкинлигини Пўлатовларга тушунтиради. Шу тариқа оила ўсимликшунослик билан ҳам шуғуллана бошлайди.
реклама
реклама
Пўлатовлар қовоқларнинг тановул қилиш мумкин бўлган ва декоратив турларини шундоққина музей экинзорида етиштиради. Қовоқни экишга йил бўйи тайёрланишади: уруғларни ундиришади, сўнг олдиндан яхшилаб ишланиб, тўйинтирилган тупроққа ўтқазишади. Кузга бориб ҳосилни йиғиб олишади. Қовоқларнинг шакли қизиқарлироқ чиқиши учун баъзида қовоққа «баклажка» ҳам кийдириб қўйишади. Музейда этик ичида ўсган қовоқ шакллари ҳам бор.

«Қадимда бундай қовоқлардан идиш сифатида фойдаланилган, — дейди Дилдора Пўлатова. — Эҳтиётлаб ишлатилса, қовоқ идишлар юз йиллаб сақланиши мумкин».
Бугун уй-музейда 50 турга оид 1000 дан ортиқ қовоқ бор. Улар орасида йўқолиб бораётган турларни ҳам учратиш мумкин. Дилдора опанинг таъкидлашича, келаётган меҳмонларни камёб турлар билан таништириш — оиланинг асосий мақсадларидан бири.

Бу ғаройиб жойга номни эса оиланинг меҳмонлари ўйлаб топган.

«Одамлар ҳар жойда суратларни эълон қилиб, бу Қовоқ уй-музейи деб гапириб юришди. Шунинг учун ҳам биз номни халқнинг ўзи қўйган, деймиз», — ҳикоя қилади Бахтиёр Пўлатов.
Эр-хотин қовоқлардан қўғирчоқлар ва безак буюмлар ясайди. Музей устахонасида қовоқлар бўялади, уларга ҳар хил суратлар солинади, қўғирчоқларга кийимлар тикилади.

Бахтиёр Пўлатовнинг айтишича, қовоқлар ўзига ўзи сурат танлайди. Бирор бир қовоқ осма безак бўладими, қўғирчоққа ё қандайдир афсонавий қаҳрамонга айланадими — буни унинг шакли «айтади».

«Бу худди янги одамни ясашдек гап. Алоҳида санъат, — дейди Бахтиёр ака. — Бир қовоқни уч-тўрт кунда чизиб, бўяб ташлашинг мумкин, бошқа бирини тайёр ҳолга келтиришингга тўрт йил ҳам вақт кетиши мумкин. Бир сафар бир қовоққа қандай сурат солишни билмай, анча бошим қотган. Кейин хотиним мени картошка олиб келинг деб бозорга жўнатганида, у ерда бир полвонни кўрдим — унинг кўзи, мўйлови мени шундай илҳомлантирдики, уйга келишим билан чизиб ташладим».
Пўлатовлар ўзини музей ташрифчиларига ўзбек маданиятини таништиряпмиз, деб ҳисоблайди. Қўғирчоқлар, эски буюмлар ва қурилиш асбобларидан ташқари музей эгалари ихтиёрида мусиқа асбоблари ва миллий либослар ҳам бор. Фақат, бошқа музейлардан фарқли ўлароқ, бу ерда барча буюмларни қўл билан ушлаш, кийиб кўриш, қўғирчоқсоз уста бўлиш, тахтага ранда билан ишлов бериш, чилдирма ё тор чалиш мумкин.

«Биз одамлар ҳаммасини синаб кўришларини истаймиз, чунки бу буюмлар, анжомларни ўзлари ҳам ишлата олишларини билиб, ҳайратланишади. Ҳайрат хотирада қолади. Шу тариқа улар бизни эслаб қолишади. Агар ҳайратланиш бўлмаса, одамлар музейни унутади», — деб ҳисоблайди Бахтиёр Пўлатов.
реклама
реклама
Музей ташрифчилари учун махсус дастур тайёрланган. Дастлабки хоналарда меҳмонларга одам бўйи келадиган қовоқ-қўғирчоқлар кўрсатилади. Сўнг Бахтиёр Пўлатов уларни доира, рубоб, тор ва дутор овозлари билан таништиради. Келувчиларнинг асосий қисми болалар бўлгани учун уларга бу мусиқа асбоблари қай тариқа тайёрланиши, қандай қисмлардан иборат бўлиши тушунтирилади.

«Буларнинг барини кўрсатишимиздан мақсад, миллий мусиқа асбобларимиз ҳам йўқолиб боряпти, — дейди Бахтиёр ака. — Ҳозир ҳамма санъаткорлар „флешка" билан ишлайди. Биз эса қадриятни қайта тиклаяпмиз. Буларни ёшларга ўргатмаса, ҳаммаси унутилади, йўқолади. Биз шу нарсаларнинг барига иккинчи умр беряпмиз».
Улар болаларга ўзбек халқ эртаклари асосида қўғирчоқ театрлари қўйиб беришади, болалар билан бирга гуруҳ бўлиб ўйинлар ўйнашади, жаҳон халқлари мусиқалари садолари остида бирга-бирга рақсга тушишади. Улар, ёшлари катта бўлса-да, сидқидилдан, бор кучлари ҳаракат қилишади ва шунинг учун ҳам, Дилдора опанинг сўзларига кўра, бундай дастур пенсионерларнинг кўп кучини олиб қўяди.

«Болалар билан тенгма-тенг ўйнаб, сакраб рақсга тушиш учун катта куч керак, — дейди у. — Лекин болалар билан ишлаш бизга қийин эмас. Биз дарҳол уларнинг характерини била оламиз, улар билан тил топишиш биз учун осон».
Пўлатовларнинг ҳаётида алоҳида эътиборга муҳтож болалар муҳим ўрин тутади. Оила алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 105-мактаб-интернат билан ҳамкорлик қилади. Муассаса ходимлари ўқувчиларни бу музейга мунтазам олиб келишади. Пўлатовлар болажонлар учун маҳорат машғулотлари ўтказади, байрамларда эса меҳмон бўлиб мактаб-интернатга ҳам боришади. Масалан, Янги йил байрамида Бахтиёр ака Қорбобо либосини кийиб, болаларга байрам томошаларини кўрсатади. Совғаларни эса махсус мактабни оталиққа олган Тошкент давлат аграр университети ажратган маблағ ҳисобидан сотиб олишади.

Дилдора опанинг сўзларига кўра, улар музейга асос солинган вақтдан болалар билан ишлаб келишади. Масалан, бошида меҳрибонлик уйларининг, шунингдек, ногиронлиги бор болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларнинг тарбияланувчилари кўп меҳмон бўларди. Карантинга қадар Пўлатовлар эшитишида нуқсони бор болаларнинг 101-махсус мактаби ўқувчиларини кўпроқ қабул қилишарди. Улар билан ишлаш учун сурдо-таржимон керак бўларди.

«Кейин уларнинг эски ўқитувчилари пенсияга чиқиб кетди, янгилари эса биз ҳақимизда билмайди», — дейди Дилдора опа.
Бахтиёр Пўлатовнинг қайд этишича, 105-мактаб ўқувчиларининг маълум бир ўзига хосликлари борлиги сабаб, улар санъат, гўзаллик ва умуман дунёни бошқачароқ идрок этади. Улар бирдан ашула айтиб юбориши, хурсанд бўлиб кетиши мумкин.

«Бизнинг музейимизни айнан улар яхшироқ тушунади, — дея тушунтиради Дилдора опа. — Бизда болалар маҳорат машғулотларида ўз қўллари билан нималардир қилиши мумкин. Шу тариқа уларда моторика ривожланади, ўз-ўзидан мия ҳам яхшироқ ишлай бошлайди».
реклама
реклама
Пўлатовлар маҳорат машғулотларини ўтказиш ва бу машғулотларда керак бўладиган материаллар учун интернатдан пул олмайди. Бундай қилиш мумкин эмас, дейди Дилдора опа.

«Бизда бойиб кетиш мажбурияти ўйқ. Биз собиқ ўқитувчилармиз-ку. Биз шу ишларимиз билан алоҳида эътиборга муҳтож бу болаларнинг ўсишига ўз ҳиссамизни қўшамиз, — дея қўшимча қилади у. — Ҳозир айрим мактабларда бундай болалар соғлом ҳисобланадиган болалар билан бирга ўқияпти. Авваллари бизда уларни ажратиб қўйишарди. Инклюзивлик, эҳтимол, бироз қийинроқ нарса бўлиши мумкин, аммо у бошқа болаларни ҳам ўзига хосларни ҳурмат қилишга ўргатади, уларда ҳамдардлик ҳисси ва ёрдамга шайлик ҳисларини кучайтиради. Уларни ажратиб қўйсанг, соғлом болалар алоҳида эътиборга муҳтож тенгдошларига бошқачароқ қарайди, улардан қўрқади ҳам».

Ўқув йили охирида интернатда бошқа мактабларда ўтказилмайдиган меҳнат куни нишонланади. Музейдаги маҳорат машғулотлари ва умуман музей иш фаолиятининг ўзиёқ мактаб битирувчиларининг касб танлови борасидаги ишларини енгиллаштириши мумкин, деб ҳисоблайди Дилдора Пўлатова.
Музейда катталар ва уч ёшдан катта болалар учун мўлжалланган пулли маҳорат машғулотлари ҳам бўлади. Бундай машғулотларни оила олдиндан буюртма асосида ўтказади. Бир гуруҳда 30 нафаргача одам қатнашиши мумкин. Манзарали қовоқларга чизишдан ташқари машғулот иштирокчилари ҳажмли композициялар ҳам ясаши мумкин. Маҳорат машғулотларининг нархи 10 минг сўмдан 40 минг сўмгача боради.

Бундан ташқари, ташрифчиларни чой ва ширинликлар билан ҳам сийлашади. Музейда турли сувенирлар — чизилган қовоқлар, декоратив панно ва сопол магнитлар ҳам сотиб олиш мумкин. Уларни ҳам Пўлатовларнинг ўзи тайёрлаган.
Қовоқ уй-музейига ҳар йили 3000 га яқин одам келади. Бу жой сайёҳлар орасида айниқса машҳур. Музей иш кунлари соат 10:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса 11:00 дан 17:00 га қадар ишлайди.
Суратлар муаллифи: Холида Мусулмон / «Газета.uz».
Матн муаллифи: Умида Эргашева / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda