1. Биринчи навбатда тил ўрганишни маслаҳат берган бўлардим. Чунки бугунги кунда бутун дунёда замонавий билимларнинг 87 фоиздан ортиғи инглиз тилида яратилади. Булар: илмий мақолалар, кашфиётлар, контентлар ва бошқалар. Бугун инглиз тилини билмай туриб, замонавий билимларга етишиш имконияти жуда паст. Дунё билимларини битта сандиққа жойласак, инглиз тили — уларнинг калити. Шу сабабли ҳам тил ўрганишни илтимос қилиб қолардим. Бу инсонга дунёни очиб беради, чегараларни олиб ташлайди.
Бундан ташқари, кўпроқ китоб ўқинглар, деган бўлардим. Мутолаа мия фаолиятининг ривожланиши, мияда янги тўқималарнинг шаклланиши учун жуда муҳим ҳисобланади. Китоб ўқиган сари одамда мантиқ, креативлик ривожланиб, фантазияси (тасаввури) яхшиланиб боради. Шунинг учун инсон қанча кўп китоб ўқиса, дунёқараши ҳам кенгаяди.
Шунингдек, имкон қадар кўпроқ саёҳат қилиш кераклигини таъкидлаган бўлардим. Уй, телевизор, ижтимоий тармоқлар билан чекланиб қолмай, ўзи яшаётган шаҳардаги ҳали бормаган жойларига, қўшни шаҳарларга бориш керак. Имкони етса, чет элга бориш лозим. Инсон ҳар сафар саёҳат қилганида, ички дунёсида нимадир ўзгаради, дунёқараши шаклланади. Фикрлар хилма-хиллигини кўради, унда толерантлик, бағрикенглик, тоқатлилик ривожланади: турли миллат вакилларини борича қабул қила бошлайди.
Олий таълимда бўладими ёки профессионал карьерадами, кўпроқ дўст орттиришга, яхши инсонлар билан networking қилишга ундаган бўлардим. Сабаби — яхши инсонлар билан суҳбат қуриш ҳам, дўст бўлиш ҳам худди китоблар ё саёҳат каби билим, тажриба беради, имкониятлар очади.
Ёшлардан оила қуриш масаласида шошмасликни илтимос қилган бўлардим. Тушунаман, ҳозир эмоция, ёшлик… Лекин бу қарор кейинги 50−70 йиллик ҳаётга таъсир қилади. Яхшиси, 25 ёшгача ўзингизни шахс сифатида шакллантиринг, профессионал соҳада нимагадир эришинг, молиявий томондан мустақил бўлинг, жамиятга фойдаси тегадиган ва ўзига ишонган шахсга айланинг, сўнг, ўзингизга мос инсонни учратганингизда, оила қуринг.
2. Юқорида айтиб ўтганимдек, тил билиш жуда муҳим. Имкон қадар кўпроқ илм олиш ва саёҳат қилиш зарур.
3. Инсон шаклланган дунёқараши доирасида контент истеъмол қилади. Китоб ўқиса ҳам бир хил мавзу, кино кўрса ҳам бир хил мавзу… Натижада инсоннинг фикр доираси торайиб боради, бошқа фикрларга нисбатан бетоқат бўлиб, фақат битта фикр атрофида ўралашиб қолади.
Масалан, фақат битта мавзудаги китобларни ўқисангиз, дунёқараш ўсмайди, биргина мавзу ичида чуқурлашиб қоласиз, холос. Шу боис маълумот олганда, контент қабул қилганда, имкон қадар ранг-барангликка аҳамият қаратинг. Бу сизга турли дунёқарашларни кўриш, тушуниш, ўзингиз кирган ғоя ичидаги хатоликларни англаш ва энг муҳими, камчиликлар ва устунликлар билан солиштириб, ўз фикрингизга эга бўлиш имконини беради.
Тилагим — ўқинг, ўрганинг, ривожланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, ҳаётда катта марраларни забт этинг. Сиздан олдинги авлодлар қилмаган ишни сиз қиласиз, уларда бўлмаган имкон сизда бор. Орзудаги Ўзбекистонни яратиш имконияти сизда борлигига ишонинг.