Аммо 12 май куни, жаз фестивали тугаши билан, шаҳар яна ўзининг аввалги маромига қайтди. Турган гапки, шаҳарда концертлар бундан кейин ҳам ўтказилади, аммо улар пуллик ва ёпиқ майдонларда бўлади. Боз устига, жаздан фарқли ўлароқ, аксарият концертлардаги мусиқа кенг оммага мўлжалланмаган. Жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида ҳамма учун мўлжалланган куй-қўшиқларни кўча машшоқлари ижро этади. Уларнинг ижроси учун катта саҳналарнинг кераги йўқ, аммо рақс учун кўча машшоқларининг бўлиши муҳим.
«Рақс майдончаларини ташкил этишнинг шаҳарга нима кераги бор?», деган савол туғилиши мумкин. Эдинбург университети тадқиқотчиси Идан Чен рақснинг терапевтик фойдаси ва инсон саломатлигига ижобий таъсирини алоҳида
қайд этади. Рақс эмоционал муаммолар ечими бўлиши мумкин, чунки у стрессни камайтиришга ёрдам бериб, яхши кайфият гормони ҳисобланган серотониннинг кўпайтиради,
деб ёзади Ҳарвард тиббиёт мактаби. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг
аниқлашича, рақс деменциядан азият чекаётган кишиларнинг когнитив қобилиятларига ҳам ижобий таъсир қилади — рақс терапияси натижасида уларда диққат-эътибор (концентрация) ва мулоқот кўникмалари яхшиланади. Рақс терапияси шизофрениянинг салбий симптомларини ҳам камайтириши
аниқланган. Ва охир-оқибат — рақс шунчаки ёқимли жисмоний машғулот.