Пойтахтни эгаллаган Олот кутубхонаси

Туркманистон билан чегара яқинида кутубхона очиш учун Туркиядан қайтган Шаҳноза Наврўзова ҳикояси
Бухоро вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Олот тумани «Мухтор» маҳалласида 2023 йил июнида Шаҳноза Наврўзованинг саъй-ҳаракати билан «Наврўз» кутубхонаси очилган эди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас унинг бу ташаббуси Ўзбекистон банкларини, президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов таъбири билан айтганда, кутубхоначиликка илҳомлантирди: 15 банк Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхоналар очиб, 2024 йил 1 майидан уларни ишга туширди.


“Газета.uz” мухбири тажрибаси пойтахтда қўлланила бошлаган Олотдаги кутубхонада бўлиб қайтди.
Чарчатувчи ҳаракатсизлик
Болалигида қўй боқишга, буғдойзордан қушларни ҳайдашга чиққан вақти ҳам қўлидан китобни туширмаган, уйидан тополмаганида қариндошлариникига бориб бўлса ҳам китоб ўқиган Шаҳноза телевизорда чет эл кутубхоналарини кўрганида: «Нега бизда шундай кутубхоналар йўқ?» деган саволни ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам кўп берган. Йиллар ўтиб унинг орзуга тўла жавобсиз саволи мақсадга айланади.
Бир неча йил Туркияда яшаб, ишлаган Шаҳноза Наврўзова 2022 йил февралида ватанга қайтганида Олотдаги маҳалла идоралари учун янги бинолар қурилаётганини кўрадию, кўпдан бери кўнглига тугиб юргани — кутубхона очиш режасини маҳалла гузари биноси ичида амалга ошириш фикри миясидан лип этиб ўтади. Бу орада Туркияга шошилинч қайтишига тўғри келиб қолган бўлса-да, кутубхона очиш ҳаракатини масофадан туриб ҳам тўхтатмайди.
Бунда унга суянган тоғи — отаси Бекмурод ака Наврўзов ёрдам беради. Отаси уни ҳар доим — ҳатто чет элда ўқимоқчиман, деганида ҳам, ўзи шунча оворагарчиликларга учраса ҳам «Қизим билмаса, бир нимани бошламайди», дея фарзандини қўллаб-қувватлаган. Шундай қилиб, Бекмурод ака қизи номидан Олот туман ҳокимлигига бориб, маҳалла гузари биносидан кутубхона учун жой ажратишларини сўрайди — кутубхонага жой топишдек узоқ, машаққатли, оворагарчиликларга тўла жараён шундай бошланади.
Шаҳноза Наврўзова отаси Бекмурод Наврўзов билан
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Кутубхона учун маҳалла гузаридан жой олиш режаси ўртага туман ҳокимлиги тушса ҳам, ҳоким ёрдамчиси тушса ҳам ҳал бўлмайди. Бу жараёнда отасини чарчатишни истамаган Шаҳноза Туркиядан қайтади ҳам. Шундан сўнг кутубхонани мактаб ҳудудида ташкил этиш фикри туғилади. У Ёшлар ишлари агентлигининг Бухоро вилояти бўйича раҳбари билан тумандаги 29-мактабга кутубхона учун жой илинжида борганида дастлаб мактаб директорининг «ўзи дарс ўтишимизга хона етмаяптию» деган эътирозини эшитади.
«Кутубхона ҳақида фикр пайдо бўлганида, ўзим четда бўлсам ҳам, китоблар тайёр бўлса, ғоямни бирор масъул ташкилотга айтсам бўлди, „ўзимиз бошлаб юборамиз“, деган жавоб оламан деб ўйлагандим. Аммо ундай бўлмади. Устимга совуқ сув қуйиб юборилгандек ҳис қилдим. Рад этишлари ҳам эмас, ҳаракатсизликлари кўпроқ чарчатди», — дея ўша вақтдаги аҳволини эслайди Шаҳноза Наврўзова.
Амаллаб мактаб директорини кутубхона учун жой ажратишга кўндиришади. Хонани таъмирлаш керак эди. Шаҳноза бир ташкилотнинг таъмир ҳақидаги ваъдасига ишониб, бир ой вақт йўқотади. Бу орада мактаб директори хонасини қайтариб олади… Охир-оқибат яна ҳокимлик, Ёшлар ишлари агентлиги ўртага тушиб, мактабдаги кутубхона учун ажратилган хона такроран олинади. Шаҳноза китоблар сотиб олиш учун ўзи ва ижтимоий тармоқлардаги кўнгиллилар ёрдамида тўпланган пул хона таъмирига етмаслигини билса-да, таваккалига уста туширади.
Икки ой деганда таъмир тугайди ва 2023 йил июнидан кутубхона ташрифчиларни қабул қилишни бошлайди. Аввалбоши кутубхонанинг маҳалла гузари биносида эмас, балки мактаб ҳудудида очилаётганидан ташвишланган, «одамлар мактабдаги кутубхонага келармикaн?», деб иккиланган Шаҳнозанинг хавотирлари ўринсиз бўлиб чиқади: биринчидан, маҳалланинг янги гузари қурилганича бу хона вақтинча маҳалла идораси вазифасини бажаргани учун маҳалладошларнинг оёғи буёққа ўрганган, иккинчидан, Шаҳнозанинг маҳалла аҳли яхши танийдиган отаси Бекмурод ака шу мактабда қоровул эди — ёшу қари унинг олдидан кутубхонага беҳижолат ўтиб қайтади.
Китоб тўплаш ва унинг машмашалари
Шаҳноза маҳалласида кутубхона очмоқчи экани ҳақида Twitter (ҳозирги X) ижтимоий тармоғида ёзганида, уни кўпчилик, хусусан, катта аудиторияга эга фойдаланувчилар ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа Бухоро вилоятининг бир маҳалласида бир фуқаронинг шахсий ташаббуси билан кутубхона очилаётгани ҳақидаги хабар нафақат Ўзбекистондагилар, балки ундан ташқаридаги ватандошлар орасида ҳам овоза бўлади. Кўп ўтмай ҳар тарафдан китоблар кела бошлайди.
«Ҳар кун ҳали у, ҳали бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси китоб жўнатаётганини айтиб ёзиб қоларди. Ҳатто Самарқанд, Сурхондарёнинг чекка ҳудудларидаги менга умуман нотаниш одамлардан ҳам китоблар келди. Айниқса, Twitter фойдаланувчиларнинг қўллови, ёрдами мен учун қадрли», — дейди Шаҳноза. У келган ҳар бир почтани мактабдаги кутубхонада китобхон йигит-қизларнинг ўзи билан бирга ҳаяжонланиб очганини ҳозир ҳам қувониб эслайди.
Бефарқ бўлмаган ватандошлардан ташқари турли ташкилотлар, нашриётлар ҳам кутубхонани қўллаб-қувватлаган. Масалан, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда «Oyina.uz» сайти номидан 200 га яқин китоб берилган. «Аsaxiy Books» китоблар дўкони ва «Академнашр» нашриёти ҳам бир неча бор ҳадялар йўллаган, китобларга чегирмалар берган. Республика Халқ банки кутубхонани мебеллар, компьютер ва кондиционер билан жиҳозлаб берган. Исмини ошкор этмай китобу совға улашганлар ҳам анча. Масалан, ўқувчилар мазза қилиб ўтирадиган бин-бэглар — ана шундай аноним ҳотамтойлар совғаси.
Фото: Беҳзод Болтаев / «Газета.uz»
Аммо бу жараённинг ҳам ўзига хос қийинчиликлари бўлган. Масалан, Канадада истиқомат қилувчи Мадина Мусаева юборган Ҳарвард классикасига мансуб 26 томлик китоблар жамланмаси ўзига хос шов-шувли воқеага айланган…
Бир куни Шаҳнозага Тошкентдан божхона хизмати ходимлари телефон қилиб, унинг номига Канададан келган китобларнинг мазмуни, нима мақсадда келтирилгани ҳақида сўрайди. У буларнинг бари янги очиладиган кутубхона учунлигини тушунтиради. Божхоначилар почтани Шаҳнозанинг ўзи ёки унинг номидан бирор яқини олиб кетишини сўрайди. Укаси божхонага борганида ундан кутубхонанинг ҳужжатлари сўралади. Кутубхона ҳали тўла ишга тушмагани, ҳужжатлари йўқлиги айтилгач, божхоначилар бу китоблар учун бож тўланиши лозимлигини уқтирадию, аммо бунга асос келтира олмайди.
Шундан сўнг Шаҳноза ҳам, Мадина Мусаева ҳам ҳолат ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзади. Муаммо Ёшлар иттифоқи эътиборига тушади, у ердан бир масъул ходим божхонага бориб, божхоначилар билан роса гаплашиб, охири бож пули (470 минг сўм)ни тўлаб, китобларни Олотга жўнатиб юборади.
«Миямдан „Моддий манфаатимиз бўлмаса, қандай китоблар эканлигини айтган бўлсак, нима учун бож тўладик?“, деган савол айланарди… Бошқалардан ҳам Ўзбекистонга китоб олиб келаётгани учун асоссиз бож олинмаслиги керак, деган мақсадда бу ҳолатни ёритишга қарор қилдик», — дейди Шаҳноза.
Кўп ўтмай, ўзини Божхона қўмитаси вакили дея таништирган киши боғланиб, бож пули қайтарилишини, постларни ўчиришни, акс ҳолда, қўмитага нисбатан текширув бошланиши айтиб, илтимос қилади. Шаҳноза ва Мадина эса бу масала расман ёритилиб, бож пули ҳақиқатан ҳам нотўғри олинганлиги тан олиниб, узр сўралсагина постлар ўчирилишини билдиради. Шундан сўнг Божхона қўмитаси матбуот хизмати ҳолат ҳақида Facebook’да ёзиб, узр сўрайди.
Баъзан китобхонлар сўраган асарлар топилмай қолганида имкониятдан келиб чиқиб китоблар сотиб олинади ҳам. Шаҳноза Наврўзованинг айтишича, айни дамда кирилл алифбосида босилган китоблар керак бўляпти — мактаб ўқувчилари кириллу лотинда бирдек ўқийверади, аммо ёши катта, кекса китобхонлар лотин алифбосида ўқишга қийналади. «Шунинг учун ҳам китоб танлаётганда бири лотинда, бошқаси кириллда бўлишига аҳамият бераман», — дейди кутубхона асосчиси.
Ҳозир «Наврўз» кутубхонасида 3 минг атрофида китоб бор — улар орасида мумтоз насрий ва назмий асарлардан тортиб тарихий, диний ва бошқа мавзулардаги, асосан ўзбекча, шунингдек, рус, инглиз, турк тилларидаги китоблар бор.
Кутубхонага қандай қилиб китоблар юбориш мумкин?
Кутубхона манзили: Бухоро вилояти, Олот тумани, «Мухтор» маҳалласи, 29-мактаб. Почта индекси : 200200

Кутубхона асосчиси Шаҳноза Наврўзованинг телефон рақами: +998 99 905 04 89
Китобхонлар
Шаҳнозанинг кузатувларига кўра, энг фаол китобхонлар — 10−25 ёш ва 50−65 ёш оралиғидагилар. Энг ёш китобхон — 6 ёш (унга одатда каттароқ қариндошлари ўқиб беради), энг кексаси эса 86 да. Хотин-қизлар нисбатан кўпроқ ўқийди — Шаҳноза буни эркакларнинг асосан тирикчилик ташвишлари билан бандлиги билан изоҳлайди. Шунга қарамай, Шаҳноза хотин-қизлар янада кўпроқ ўқиши керак деб ҳисоблайди — аёлларга китобларни уйга ҳам олиб кетишлари мумкинлигни бот-бот эслатади, оилалар қиз фарзандларини кутубхонага юбораётганининг ўзини ҳам муваффақият деб билади.
«Наврўз»да китобхонларнинг электрон дафтарчаси деган нарса бор — унга кутубхонанинг ҳар бир аъзоси исм-фамилияси ва телефон рақами, ўқишга олган китоблари киритилади. Шу дафтарчадаги маълумотлардан келиб чиқиб хулоса қилинса, кутубхона очилганидан то 2024 йил апрелигача энг кўп — 35 та китобни Шаҳнозанинг узоқ йиллар ҳамшира бўлиб ишлаган онаси — 60 ёшли Фароғат буви Рўзиева ўқиган. Кутубхона очилишини, таъбир жоиз бўлса, ҳаммадан кўпроқ кутган қассоб Жўра амаки эса олти ойда 25 та китобни тамомлаган. Қассоб амаки асосан тарихий мавзудаги китобларни яхши кўради, «бошқалари қуруқ гап-да», дейди. «Амаки кутубхонамиздаги деярли ҳамма тарихий асарларни ўқиб бўлганлар», — дейди Шаҳноза. У киши шу кунларда Жин Шарпнинг «Диктатурадан демократияга» китоби мутолааси билан банд.
Бу шунақа — кексалари китобхон маҳалла. Масалан, Қурбонгул момо исмли дўкондор бир онахон бор. Шаҳноза бир куни унинг дўконига кирса, «Мен кўп китоб ўқиганман, қани, сенинг тавсиянг билан ҳам бир ўқий-чи», деган. Шаҳноза унга Дэниел Кизнинг «Элжернонга аталган гуллар»ини олиб келиб берган. Момонинг айтишича, унга бу асар жуда ёққан, йиғлаб ўқиган. Шундан бери Шаҳноза дўкон олдидан ўтаётганида онахон тугатган китобни олиб, ўрнига янгисини ташлаб кетади. Шу тариқа Қурбонгул момо ҳам салкам тўрт ойда 11 та китобни ўқиб қўйган.
Ёшлар ҳам қараб ўтиргани йўқ. Сарвиноз Сайфуллаева шу вақтгача 28 та китобни, 9-синфда ўқийдиган Ойдиной Авлиёқулова ва унинг тенгдоши Севинчхон Боймуродова эса 20 тадан китобни ўқиб тамомлаган. Сарвиноз доимий мутолаа кишини эркин фикрлашга ўргатади, дейди, Ойдиной эса китобни инсоннинг жонига қиёслайди: «Инсон жони бўлса яшайди. Агар унга жон керак бўлса, китоб ўқийди».
Кутубхона очилиши билан Севинчхоннинг неча йиллик орзуси нисбатан яқинлашган: у ғолиблари ота-онасига автомобиль совға қилаётган «Ёш китобхон» танловида қатнашишни хоҳлар, лекин мактаб кутубхонасида бу танлов дастурига киритилган китобларнинг кўпи йўқлиги учун бу орзуси жуда узоқдек кўринарди. «Наврўз»да ҳам «Ёш китобхон» рўйхатига тушган китоблар тўлиқ эмас — 70 тача китобдан ҳозирча 30 тачаси бор.
16 ёшли Рухшона ярим йилда 18 та китобни ўқиб тугатган. Уни Шаҳноза Наврўзованинг ишонган шогирди деса ҳам бўлади. Кутубхона раҳбари Туркияга бориб келиши зарур бўлиб қолганида, кутубхонага бир ой айнан Рухшона қараб турган. Қизгина кутубхонага шундоқ ҳам қараб ўтираверишини айтса-да, у меҳнатининг қадрини билиши керак деб ҳисоблагани учун Шаҳноза унга иш ҳақи тўлаган.
Булар-ку «Наврўз»нинг энг фаол аъзолари. Ҳозиргача кутубхона аъзолари томонидан 1000 дан ортиқ китоб ўқилган. Кутубхонага келган деярли ҳар бир китобхоннинг ёнида келаси сафар бирор шериги бўлиши одатий ҳол бўлиб қолган. Кимгадир ука-синглиси ва ҳатто ота-онаси эргашса, бошқа бировнинг синфдошларию дўст-дугоналари қўшилиб олади. Масалан, Севинчхон оила аъзолари билан бирга тикиш тўгарагидаги устози ва тенгдошларига китобхонликни «юқтирган».
Кутубхона одатда эрталаб соат 9:00 дан кеч 17:00 га қадар ишлашига қарамай, Шаҳнозанинг ўзи Ўзбекистонда бўлганида 20:00, 23:00 ва ҳатто баъзида тонггача ҳам очиқ тураверади. У Ўзбекистонга қайтганидан бери асосий вақти шу кутубхонада ўтаётганини айтади. Туркияда бўлган вақти китобхонлар кеч бўлишига қарамай, Рухшонани телефон қилиб чақиртириб, китоб олиб кетишган ҳолатлар бўлган.
Эзгу ишлар тўлқини
Шаҳнозанинг кутубхона очиши бошқа маҳалладошлари кўнглига тугиб юрган яхши ниятларини юзага чиқаришга бир туртки бўлди. Кутубхона мебелларини ясаган уста: «Шу ерда мен ҳам дурадгорликни ўргатсам-чи?», деб қизиқиб қолган. Дипломатия йўналишида ўқиган бошқа бир таниши эса маҳалладошларнинг ҳуқуқий билимини ошириш учун тренинглар ўтиб беришни таклиф қилган.
«Шуларни кузата туриб, бир одам бир нарсани чин дилдан хоҳлаши билан шунчалик тўлқин пайдо бўляптими, демак, кўпчиликнинг хоҳиши билан янада катта ишлар қилса бўлар экан-да, деб ўйлаб қоламан», – дейди унинг ўзи. Эҳтимол, кутубхонани очиш учун ёрдам берган кишиларда ҳам шундай муассаса ташкил этиш орзуси бўлгандир ва улар шунинг учун ҳам менинг ҳаракатимга хайрихоҳлик билдиришгандир, деб ўйлайди Шаҳноза. Oдамлар унинг кутубхонасида орзусининг бир парчасини кўра олганидан тўлқинланиб кетади.
У авваллари таржимасида ўзи қатнашган бирор китобни кимнингдир қўлида кўрса ёки китоб ҳақида бирор фикр эшитса, қувониб кетарди — меҳнатинг самарасини кўриш ёқимли-да. Шаҳнозага ёрдам берганлар ҳам унинг бу туйғуларини ҳис қилиши, фахрланиб юриши учун кутубхона билан боғлиқ ҳар бир жараён-у ҳаракатни ижтимоий тармоқлар орқали улашиб боради. Қайсидир маънода, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини илҳомлантиради — ундан илҳомланиб, ундан ибрат олиб, ўз маҳалласи, ўз қишлоғида кутубхона очиш ниятида Шаҳнозадан йўл-йўриқ, маслаҳат сўраганлар кам эмас. Бухоронинг бошқа ҳудудларида, шунингдек, водий вилоятларида ҳам баъзи ташаббускорлар аллақачон ҳаракатга тушган.
У саволларга жавоб беришдан қочмайди. «Бошида қандай довдираганим, қийналганимни ўзим биламан, аммо мен бу йўлни босиб ўтдим. Тажрибам кимгадир фойда берса, фақат хурсанд бўламан», – дейди у. Кутубхоначига энг кўп бериладиган савол — қанча маблағ сарфланган? Шаҳноза Наврўзованинг айтишича, кутубхона очилгунига қадар 85 млн сўм ишлатилган — буюм кўринишидаги ёрдамлар, ҳадя, совға сифатида тақдим этилган китоблар бунга кирмайди. Кутубхона очилгач харажатлар асосан Шаҳнозанинг ўз ҳисобидан бўлгани учун у аниқ сонни айтолмайдию, лекин «барча харажатларни қўшса, ҳозиргача тахминан 110 млн сўмча сарфланган бўлса керак», дейди.
У ўтган давр ичида кутубхона очиш учун нимагадир тайёр бўлишни кутиш керак эмас экан, деган хулосага келган. Эҳтимол, «Ўзим Ўзбекистонда бўлмасам, қандай қилиб кутубхонани Ўзбекистонда очаман?» деган қўрқуви бўлмаганида, кутубхона ҳам 5−6 йиллар аввал ташкил қилинган бўларди. Шаҳнозанинг айтишича, ҳаракатни бошлашга журъат топишнинг ўзи катта гап — расмий идоралар овора қилса-да, мана, ўзи гувоҳ — одамлар бефарқ қараб турмас экан, ёрдам бераркан. Фақат қатъият керак — унинг ўзида шу хусусият бўлмаганда, расмий идоралар билан «олишувлар»дан ўтолмасди-ку.
Шаҳноза бино масаласида югуриб юрганда, ҳокимлик вакиллари ундан: «Натижа қанча вақтда бўлади?», деб сўраб қолган. Шаҳноза: «Беш йилда зўр натижа бўлади», деса, ҳокимлик вакиллари: «Беш йил?! Натижа беш кунда бўлиши керак. Бизга эртагаёқ натижа бўлиши керак», тарзида жавоб берган. Ўша суҳбатни эсларкан, «Мен ҳали ҳам беш йил деб камайтириб айтгандим, аслида натижа 10 йилдан кейин бўлса ҳам жуда катта ютуқ ҳисобланади», — дейди Шаҳноза Наврўзова.
«Бу ҳам қиз бола, бир-икки келади, бақир-чақир қилади, яна тинчийди деб ўйлашган бўлса керак. Менда „бу эркаклар давраси экан, эркак киши гапираётганда мен жим туришим керак“, деган фикр шаклланмаган. Нотўғри қиляптими, менга халал беряптими, ким бўлишидан қатъий назар, юзига айтавераман. Ўзи қила олишимга кўзим етсагина бирор ишни бошлайман. Бошладимми, охиригача олиб боришим керак. Бунга қарши бўлганларнинг ўзига ҳам: „Сиз ёниб турган оловга керосин сепяпсиз, мен тўхтамайман, тўсқинлик қилаётганингиз учун ҳам давом этаман“, деганман», — дейди у.
Аммо Шаҳноза унинг ҳикоясини ўқиётганлар бутун Ўзбекистонда шундай тўсиқлар, расмий бефарқликлар бўларкан, деган хулоса чиқаришларини хоҳламайди. Эҳтимол, Тошкент ё бошқа бирор марказроқ жойда бу ташаббус бунча қийинчиликка учрамас ва иш осон, тезроқ битиши мумкин эди, деган фикри ҳам йўқ эмас. «Марказдан келаётган ижобий ўзгаришлар тўлқини қайсидир нуқталарда узилиб ёки йўқолиб қолиши ҳисобига ҳудудларда шундай тўсиқлар пайдо бўлади», — деб ҳисоблайди у.
Дарвоқе, Шаҳноза кутубхонага саккиз ой беминнат кутубхоначилик қилиб келган. Юқорида таъкидланганидек, кутубхонага бошқа киши қараб турганида, Шаҳноза унга ўз ҳисобидан ҳақ ҳам тўлаган. Кутубхонада иш ўрни яратиш масаласида бир йил давомида учрашмаган, маслаҳатлашмаган ташкилоти қолмаган ҳисоб.
«Ҳолат учун кимни айблай, кимдан ўпкалай: масъул ташкилотларними, бутун бошли тизимними ёки тизимдаги мана шундай кемтикликларни кўра, била туриб ҳам кутубхона ишига қўл урган ва шу орқали жамият тараққиётига оз бўлса-да ҳисса қўшишга тиши-тирноғи билан уринаётган ўзимними? Билмайман… Эплолмас экансан, нима қилардинг кутубхона очиб, дейдиганлар ҳам бўлар. Бу ишимдан бир лаҳза бўлса-да пушаймон бўлмаганман ва ҳеч қачон бўлмайман ҳам. Буларни ёзишимдан мақсад — давлат учун бегона эмаслигим, шундай фаол кутубхоналар мендан бошқаларга ҳам кераклиги, у ердан фойдаланиб дунёси рангланаётган, билим олаётган ёшлар, болалар келажаги бирор давлат ташкилотини ҳам қизиқтиришини ҳис қилиб, бироз таскин топиш…», — деб ёзади Шаҳноза Телеграмдаги каналида қолдирган постда.
Ушбу пост ёзилганидан тўрт кун ўтиб, 2024 йилнинг 22 апрелида ишчи ўрни яратиш масаласи Халқ банки ёрдамида ҳал қилинади. Энди Олот тумани «Наврўз» кутубхонаси Халқ банки ҳомийлигидаги муассасага айланди ва ёлланма ишчи ўрни яратилиб, 6 ойлик меҳнат шартномаси имзоланди. Шунингдек, банк кутубхонани ҳар йили 100 га яқин янги китоб билан таъминлашни ҳам ўз зиммасига олди.
Нега ҳамма маҳаллада кутубхона бўлиши керак?
«Ҳаммаёқ электрон китоб бўлган вақтда ҳеч ким кутубхонага бормайди», деб уни бу йўлдан қайтаришга уринишса-да, Шаҳноза ўйлаган лойиҳаси тўғрилигига ҳеч шубҳа қилмаган, бу борада иккиланмаган. У «Ёшлар китоб ўқимаяпти», «Ўзбеклар китоб ўқимайди» деган гап-сўзларга ҳам қўшилмайди. Бундай ҳукм чиқаришдан аввал шу гапларни айтаётган кишилар ўзига-ўзи шу саволни берсин, дейди Шаҳноза: «Китоб ўқиш учун шароит яратиб берилганми ўзи?».
Айни вақтда, кутубхона очиб, «мана шароит!» дейиш билан иш битмайди — энди китобхонлар билан фаол ишлаш керак. «Ўзим филологман. Кимгадир йўл-йўлакай Фитрат ҳақида гапириб қўйган билан у Фитратнинг китобларию, унга атаб ёзилган асарларни олиб ўқимаслигини яхши биламан. Лекин Фитрат ҳақидаги маълумотларни қизиқарли тарзда етказсангиз, одамда у ҳақда билиш иштиёқи уйғонади. Шунинг ўзи катта нарса», — дейди у.
Кутубхона одамларнинг яшаш жойига яқин бўлиши, Ўзбекистондаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда ҳеч бўлмаса биттадан кутубхона бўлиши керак, деб ҳисоблайди Шаҳноза. «Маҳалла биноси борми, унда кутубхонаси ҳам бўлиши шарт», — дейди у. Шаҳноза Наврўзова нафақат ўзининг маҳалласи, балки бошқа маҳаллалар биносига бориб ҳам китоб кўрмаганини айтади. Ваҳоланки, унинг фикрича, давлатда ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш имконияти бор.
Нега ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда кутубхона бўлиши керак, нега бу муҳим? Шаҳарда китоб дўконлари нисбатан кўп, аҳоли даромади ҳам юқорироқ, боз устига, жамоат транспорти ҳам яхши. Аммо қишлоқ аҳолисида ҳар доим ҳам фарзандига янги китоб олиб бериш, болаларини узоқдаги кутубхонага юбориш имкони бўлавермайди. Деярли ҳамманинг боласи ўқув курсига қатнайди. Унинг тўлови, йўлкирасидан ташқари ҳар бир қўлланмаси, дарслиги ҳам пул. Масалан, инглиз тилидан битта «Headway»нинг ўзи 100 минг сўмдан ортиқ. Буни билган Шаҳноза ҳарна ёрдам бўлар деб шу туркумдаги китоб-қўлланмалар, луғатларни ҳам кутубхонага келтирган.
«Кутубхона фақат китоб ўқиладиган эмас, ижтимоий қиймат яратиладиган жой бўлиши керак», — деб таъкидлайди Шаҳноза. У ерда суҳбатлар уюштирилиши, ўша ҳудуд, маҳалла, давлатнинг урф-одатларини кўрсатадиган унсурлар бўлиши, ҳудуднинг ижтимоий ҳаётига таъсир қиладиган, биров бировга халақит бермайдиган, ҳар ким ўзининг фикр эркинлигини бемалол намоён эта оладиган даражадаги жойга айланиши керак.
«Эркинлик ўзи ҳамма жойда бўлиши керак. Лекин кутубхонадан атрофга таралса ҳам катта натижа», — дейди Шаҳноза. Унинг ўзи кутубхонада болалар бирга нафақат китоб ўқийди, балки улар билан кўп-кўп суҳбатлар ўтказади, болаларга уларнинг мустақил шахс экани уқтиради, эркин фикр билдириши мумкинлигига урғу беради.
У китобхон ёшлар билан энди таниша бошлаган вақти хона полларини, жавонларнинг чангини артиб ё ҳовлини супуриб турса, болалар ёрдамга келишаркан. У бунга рухсат бермай: «Ҳеч ким сизнинг меҳнатингиздан фойдаланишга ҳақли эмас, менга ёрдам беришга ҳам мажбур эмассиз. Кутубхона ишларини ўзим қиламан, сизлар эса китобларингизни ўқинг, — деб, уларни қайтариб юборганини айтади.
Маънавий қониқиш
«Ўз ишинг бор, Туркияда яшардинг, бу ерга келиб, моддий манфаат келтирмайдиган бошоғриқ билан шуғулланишдан сенга нима наф?», деб кўп сўрашади Шаҳнозадан. Ҳатто: «Фойда катта шекилли-а, Туркияни ташлаб қишлоққа келдинг», дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Шаҳноза ҳеч қандай моддий фойда йўқлигини, кутубхонани ривожлантиришга бўлган иштиёқи кучлилигидан Туркиядаги севимли иши, севимли муҳитини ташлаб келганини айтганида, суҳбатдошларининг худди аҳмоққа қарагандек қарашларидан тушкунликка тушиб қолишини яширмайди.
Бу моддий фойда оладиган иш эмас-ку. Болалик орзум ушаляпти ахир. Ҳамма нарсани моддият билан ўлчашни истамайман. Ниманидир ортиқчаси билан олгандан кўра инсоний характерим шакллансин, ҳоббиларим билан шуғулланай, саёҳат қилай, дейман. Ёшим 34 да бўлса, 30 га ўтиш даврида инсон психологияси бироз алғов-далғов бўларкан, „мендан нима қоляпти, нимадир бера оляпманми?“, деган саволлар кўпроқ ўйлантираркан. Қилаётган ишим кимнингдир ҳаётида қандайдир ижобий туртки бўлса, мен бу дунёдан оладиганимни олган бўламан
Шаҳноза Наврўзова
Унинг фикрича, моддий манфаат келтирмайдиган, лекин жамиятга фойдаси тегадиган ишлар билан машғул бўлганлар бу ишлари орқали маънавий қониқиш олади. Айни вақтда, Шаҳноза моддиятга қараб иш тутадиганларни ҳам танқид қилмоқчи эмаслигини, ҳамманинг ўз танлови борлигини ҳам инкор этмайди...

Бир куни маҳалладоши Матлуба хола Шаҳнозанинг чўнтагига қоғоз солади-да, «Кетганимдан кейин ўқийсан», – дейди. Қоғозда эса Шаҳнозага атаб «Китобхон синглим» деган шеър ёзилган экан. У кунда ёки кунора кичик китобхонлардан ҳам мана шундай миннатдорлик ёки ҳавас мактубларини олиб туради.
Қишлоқ аёллари кутубхонага келиб, Шаҳноза билан узундан-узоқ суҳбатлар қуришни яхши кўради. Кексалар эса унинг ота-онасига: «Қизингиз барака топсин!», деб кўп айтишади. Буларни кўриб, эшитиб Шаҳноза ичига сиғмай кетади — бундан ортиқ шараф борми?!
Олотни шу вақтгача кўпчилик қорин тўйдирувчи сомса бренди билан танирди, энди эса унинг онгни тўйдирувчи «зиё бренди» ҳам бор — Шаҳноза бу бренд муаллифи сифатида ҳам ҳар қанча ғурурланса арзийди.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи — Беҳзод Болтаев. Шунингдек, Шаҳноза Наврўзованинг архив фотосуратларидан ҳам фойдаланилди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda