Грузия — Кавказ тоғларининг жанубий ёнбағрида жойлашган, бой тарихий ва маданий меросга эга мамлакат. У қадимги шарқий ва ғарбий цивилизациялар ўртасидаги кўприк сифатида ўзининг ноёб архитектураси, миллий таомлари ва гўзал анъаналари билан ажралиб туради. Ёз фаслининг дастлабки кунларида ана шу мўъжизакор мамлакатга саёҳат қилдим. Ушбу саёҳатни амалга оширишимга Easybooking компанияси ёрдам берди.
Грузияга бўлган саёҳатим ҳаётимнинг энг эсда қоларли саргузаштларидан бири бўлди. Тоғлар ва денгизлар, қадимий шаҳарлар ва замонавий иншоотлар билан бой бу мамлакатни кашф этиш ҳайратланарли ва завқли кечди. Тбилиси кўчаларида юрганимда тарихий ва замонавийликнинг уйғунлиги мени ҳайратда қолдирди. Боржоми, Бакуриани ва Батуми шаҳарлари эса ўзига хослиги билан саёҳатимни янада бойитди. Грузия меҳмондўстлик ва табиий гўзалликлари билан юрагимда алоҳида жой эгаллади.
Қуйидаги мақолада мен — «Газета.uz» мухбири Нуруллоҳ Шарипов Грузия саёҳати ҳақида сўзлаб бераман. Мақола давомида мўжизакор гўшани биргаликда кашф этамиз. Ана энди хавфсизлик камарларини тақиб, ўриндиқ суянчиғини тик ҳолга келтиринг. Биз Тошкент-Тбилиси йўналишида учамиз. Кетдик!
Шаҳар айланиб бироз чарчаган бўлсангиз Озодлик майдони яқинида нафас ростлаб олишингиз мумкин.
Шундан сўнг, шаҳар бўйлаб саёҳатни давом эттириб Самеба соборига йўл оламиз. Муқаддас Учлик собори деб ҳам номланадиган ибодатхона Грузиянинг энг катта православ черковларидан биридир. Собор шаҳарнинг деярли барча қисмида кўриниб туради. Айниқса унинг тилла рангли том қисми қуёш нурларини қайтарганда ўзига хос маёқ вазифасини ўтайди.
Шаҳардан бироз узоқлашамиз. Тбилиси марказидан 15−20 дақиқалик йўлда Грузия хроникаси ёки Грузия тарихи ёдгорлиги бор. Ёдгорлик мамлакатнинг бой тарихини, маданий меросини ва диний анъаналарини акс эттиради. Бу ёдгорлик Грузия халқининг мустақиллик ва миллий ифтихорини мадҳ этувчи монументал иншоотдир. Бронза устунларидаги тасвирлар орқали Грузиянинг тарихий воқеалари, шоҳ ва қаҳрамонлари, шунингдек, диний саҳналар ҳақида ҳикоя қилинади.
Грузия хроникаси ёдгорлиги сайёҳлар учун очиқ ва бепул. Бу жойдан Тбилиси денгизининг гўзал манзарасини кўриш мумкин. Ёдгорликнинг улканлиги ва бой тасвирлари ташриф буюрувчиларга Грузия тарихига чуқурроқ назар солиш имконини беради. Бу жой нафақат тарихий ва маданий аҳамиятга эга, балки ажойиб суратга олиш жойи ҳамдир.
Бироз толиқдингиз-а? Майли, кеч бўлди, меҳмонхонада ҳордиқни яхшилаб чиқариб олинг. Тонг саҳардан Тбилиси ботаника боғига йўл оламиз.
Тбилиси миллий ботаника боғи
Тбилиси миллий ботаника боғи шаҳарга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бориши керак бўлган жой деб ҳисоблайман. У Тбилисининг марказида жойлашган катта парк бўлиб, мамлакатнинг энг катта ва энг қадимий ботаника боғларидан бири ҳисобланади. Боғга 1620 йилда асос солинган. Ҳозирги кунда у 128 гектар майдонда жойлашган ва 4500 дан ортиқ ўсимлик турларини ўз ичига олади.
Тбилиси миллий ботаника боғи XVII асрда Тбилиси қироллик боғи сифатида ташкил этилган. Дастлаб у асосан декоратив ўсимликлар билан безатилган бўлиб, кейинчалик илмий тадқиқот ва ўсимликлар коллекциясига эътибор қаратилди. 1845 йилда боғ расман ботаника боғи мақомини олди ва илмий жиҳатдан ривожлана бошлади. Боғга кириш нархи 5 ларини ташкил этади.
Боғда кўплаб кўприклар ва кичик шаршаралар
мавжуд бўлиб, улар боғнинг табиий гўзаллигини янада оширади.
Боғ марказида эса осма кўприк ҳам бор.
Тбилиси Ботаника боғи нафақат дам олиш жойи, балки илмий тадқиқотлар маркази ҳам ҳисобланади. Бу ерда турли хил таълим дастурлари ва тадбирлар ўтказилади. Илмий-тадқиқот ишлари орқали ботаниклар янги ўсимлик турларини ўрганадилар ва уларнинг экотизимдаги ўрнини аниқлайдилар. Шунингдек, боғда болалар ва катталар учун таълим дастурлари ҳам мавжуд. Боғда сайр қилиш, пикник қилиш ва табиатни кузатиш учун қулай жойлар мавжуд.
Тбилиси ботаника боғи ташриф буюрувчиларга нафақат гўзал манзаралар, балки табиий ва илмий бойликларни кашф этиш имконини ҳам беради. Бу жой Тбилисида вақт ўтказиш учун энг яхши манзиллардан бири ҳисобланади.
Қалай, боғ ёқдими? Энди эса шаҳардан чиқиб табиат қўйнига йўл оламиз. Бизда кейинги манзил — Боржоми!
Боржоми — Грузиянинг марказий қисмида, Самцхе-Жавахети минтақасида жойлашган машҳур сайёҳлик ва дам олиш маркази. Бу шаҳар, биринчи навбатда, ўзининг шифобахш минерал сувлари ва табиий гўзаллиги билан танилган. Ҳа, айнан сиз жуда яхши билган ўша Боржоми суви. Боржоми шаҳри гўзал, айниқса, уни ўраб турган ям-яшил тоғлар. Ҳавоси мусаффо, ўпкангиз тўйганича нафас оласиз.
Шаҳарга келган сайёҳ албатта Боржоми шифобахш сувини ичишни мақсад қилган бўлади. Сувлар чиқадиган асл манбаини эса Боржоми марказий боғидан топасиз. Боғга кириш нархи 4 лари.
Бу боғ ўзининг бой табиий гўзаллиги, хилма-хил ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан машҳур. Бу ерда сайёҳлар турли хил манзаралардан баҳра олишлари мумкин. Боғда кўплаб дам олиш жойлари, пикник майдонлари ва сайр қилиш йўллари мавжуд. Бу ерда табиат билан боғлиқликни ҳис қилиш ва тинчликда дам олиш мумкин. Боғдаги шифобахш сувлар манбалари эса инсон соғлиғи учун жуда фойдали.
Боржоми марказий боғидаги энг машҳур жойлардан бири, албатта, Боржоми минерал сувининг асл манбасидир. Бу ерда ташрифчилар тўғридан-тўғри манбадан шифобахш сув ичишлари мумкин. Боржоми минерал суви бир неча асрлар давомида маълум бўлиб, унинг шифобахш хусусиятлари қадимдан тан олинган.
Марказий боғдаги махсус қурилмалар орқали ташрифчилар асл манбадан сув олишлари мумкин. Бу сув тўғридан-тўғри табиатдан келиб чиқади ва ундаги минераллар инсон соғлиғига фойдали. Боржоми суви кўплаб минералларга бой бўлиб, ҳазм қилиш тизими, буйраклар ва буғимлар учун фойдали. Ундан доимий равишда ичиш инсон организми учун шифобахш таъсир кўрсатади.
Лекин, эслаб қолинг, сувни елим идишга тўлдириб олишдан фойда йўқ. Чунки бу сув 30 дақиқага қолмай ўз хусусиятларини йўқотади. Туси хиралашиб, таъми ҳам ўзгариб қолади. Биринчи марта ташриф буюрганимда йўлбошловчимиз ҳам бу эслатмани айтиб ўтганди, лекин ўзим гувоҳи бўлмоқчи бўлиб сувни ярим литрлик елим идишга тўлдирдимда, уч-тўрт ҳўплам ичиб, қолганини ярим соатдан кейин ичиб кўрдим. Таъми кескин ўзгарибди. Энг яхшиси манбани ўзидан тўйиб, тўйиб ичиш экан.
Энди эса Боржоми билан хайрлашиб, юқорига — Бакуриани томон йўлга чиқамиз.
Бакуриани — Грузиянинг Кичик Кавказ тоғларида жойлашган машҳур сайёҳлик ва дам олиш курорти. Бу жой, асосан, ўзининг қишки спорт турлари билан танилган бўлса-да, йилнинг ҳар қандай вақтида меҳмонларни жалб қилади.
Бакурианида бир неча чанғи трассалари ва сноуборд учун махсус жойлар мавжуд. Бу ерда бошловчилардан тортиб, профессионалларгача мос келадиган трассалар бор. Ёз ойларида Бакуриани экотуризм ва йўлларда сайр қилиш учун жуда мос жойга айланади. Шаҳар атрофидаги табиат гўзаллиги ва тоғ манзаралари сайёҳларни ўзига жалб қилади.
Бу ерда турли шифобахш хусусиятлари билан танилган сув манбалари мавжуд. Бакуриани атрофида бир неча миллий парклар ва қўриқхоналар мавжуд бўлиб, уларда турли хил ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини кўриш мумкин. Курорт ҳудудида меҳмонхоналар, ресторанлар, кафелар ва турли хил дўконлар бор. Курортда ҳар хил туристик хизматлардан фойдаланиш мумкин.
Бакуриани — Грузиянинг ноёб гўшаларидан бири бўлиб, ҳар бир туристга турли хил фаолиятлар ва таассуротлар тақдим этади. Бакуриани табиатидан баҳра олиб бўлганимиздан кейин, ғарбга, денгиз томон йўл оламиз. Манзил эса — Батуми.