«Анжанликлар келди!»
Андижонлик футбол мухлислари ва уларнинг ўзбек футболига таъсири ҳақида
«Андижон» футбол клуби мухлислар ҳаракати жамоанинг уй учрашувларида бутун бошли шоулар уюштиряпти. Уларнинг чиқишлари ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўриляпти, трибунадаги муҳит эса Европа стадионларидаги манзараларни эслатади. «Газета.uz» фан-клуб қандай пайдо бўлгани ва уни кучли қилаётган жиҳатлар ҳақида ҳикоя қилади.
«Андижон» футбол клуби мухлислар ҳаракати жамоанинг уй учрашувларида бутун бошли шоулар уюштиряпти. Уларнинг чиқишлари ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўриляпти, трибунадаги муҳит эса Европа стадионларидаги манзараларни эслатади. «Газета.uz» фан-клуб қандай пайдо бўлгани ва уни кучли қилаётган жиҳатлар ҳақида ҳикоя қилади.
«Андижон» футбол клубининг деярли ҳар бир уй учрашувида стадион тўлиб тошади. Томошабинларнинг аксарияти ўйинни кўргани келса-да, улар орасида мухлис (фанат)лар футболчиларни қандай қўллаб-қувватлаётганини томоша қилиш учун қўшни вилоятлар, балки чет эллардан келаётганлар ҳам кам эмас. Андижондаги Burgut Ultras фан-клуби 17 йиллик тарихга эга. Жамоага мухлислик қиларкан, фан-клуб аъзолари шоулар уюштиради. Уларнинг чиқишлари акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўрилмоқда ва Ўзбекистоннинг бошқа клублари фанатлари учун намуна ҳам бўляпти.
«Андижон» футбол клуби бош директори Элбек Саматовнинг сўзларига кўра, ўйинга чипта сотиб олаётганларнинг кўпи мухлисларнинг перформанс (намойиш)ларини яхшироқ кўриш учун фан-клубга қарама-қарши сектордан жой берилишини сўрайди.
Дастлабки «ультрас»лар (футболдаги мухлислик ҳаракатлари — таҳр.) ўтган асрда Европада пайдо бўлган эди. Улар спорт жамоаларини, асосан футбол клубларини қўллаб-қувватловчи мухлисларнинг уюшган гуруҳлари ҳисобланади.
Мухлислик ҳаракатлари ўз жамоаларининг ахборот ташвиқоти ва қўллови билан фаол шуғулланади, клуб атрибутикаларини тарқатади, трибуналарда махсус шоу-томошалар уюштиради ва ҳатто клуб сиёсатига таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.
Burgut Ultras аъзоларининг таъкидлашича, Андижондаги ҳаракат маҳаллий аҳолининг футболга бўлган улкан меҳри туфайли, шунингдек, фан-клуб раиси Нодирбек Тўйчиев томонидан мухлисларнинг тўлақонли ҳамжамиятга айлантирилгани сабаб юзага келган.
«Андижон» футбол клубининг «уйи» — «Бобур Арена»да ҳар ўйинда Burgut Ultras томонидан ҳақиқий футбол муҳити юзага келтирилади: «тўлқин» келтириб чиқарилади, ўзига хос чорлов-чақириқлар бақириб куйланади, тутунли шашкалар ёқилади ва қизил-кўк рангли байроқлар ҳилпиратилади. Айтиш мумкинки, андижонлик мухлислар Фарғона водийсидаги футболнинг ўзига хос ташриф қоғозчасига ҳам айланиб қолди.
Элбек Саматовнинг фикрича, «Андижон» фан-клуби топаётган шуҳрат бутун Ўзбекистонда мухлислик ҳаракатининг ривожланишига ёрдам бермоқда.

«Бизнинг фан-клубга қараб, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг бошқа футбол жамоалари фан-клублари ҳам ўсиб-ривожланаётгани кўриш бизни қувонтиради. Мухлислик ҳаракатларининг савия ва даражаси кун сайин ўсиб бормоқда», — дейди «Андижон» ФК раҳбари.
реклама
реклама
Маҳаллий мухлислик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Андижон» раҳбарияти жамоа ўйинларини томоша қилиш учун йиллик абонемент (чипта)ларни сотувга чиқарган, бундан ташқари, футболкалар тарқатади ва бошқаларни ҳам Burgut Ultras’га аъзо бўлишга чақиради.
«Анжанликлар келди!» — бу жамоа мухлислари орасидаги энг машҳур чақириқ-шиор. Мухлислар ўз ишига жуда жиддий ёндашади. Ўйинлар вақтида қайси шиор ва ашулалардан фойдаланиш мумкин, қайси машҳур қўшиқни «футбол тили»га ўгириш ва қандай перформанслар уюштирса бўлади — буларнинг бари ҳақида изчил бош қотирилади. Айнан шу жараёнда андижонликларнинг маҳорати алоҳида эътирофга лойиқ. Ўйинлар йўқ кунларда эса мухлислар стадионда репетиция учун тўпланади.
Бу мухлисларнинг энг катта орзуси — Ўзбекистон Суперлигасида «Андижон»нинг ғолиблиги — чемпионлигини кўриш. Биринчи давра якунларига кўра, жамоа мусобақа жадвалининг ўртасидан ўрин олган (қайд этиш жоиз, мавсумнинг биринчи ярми давомида жамоа маълум муддат мусобақада пешқадамлик ҳам қилди). Элбек Саматовнинг таъкидлашича, айнан ишқибозлар жамоага совринлар келтириши мумкин.

«Мухлислар қўллови жамоанинг келгуси муваффақиятларида ўз мевасини беради. Уларнинг қўллаб-қувватлаши футболчиларни бор кучи билан ҳаракат қилишга ундаб, ҳозирнинг ўзида ҳам жамоага наф келтиряпти, десак муболаға бўлмайди», — дейди Элбек Саматов.


Автор фотографий: Дилявер Аблякимов

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda