Даставвал, Тошкент чинни заводи ўзидан катта ўртоқлари — тажрибали заводлар томонидан ишлаб чиқарилган машҳур шакллар ва моделларни такрорлаган. Профессионал рассомлар ва наққошлар (гулли нақшлар бўйича ихтисослашган рассомлар) устоз-шогирд анъанасига амал қилиб, маҳаллий ҳунармандларга ўз маҳоратларини ўргатган. Улар оз фурсатда четдан кириб келган технологияларни маҳаллий ранг-баранглик билан тўлдира олган иқтидорли кадрларни топишга муваффақ бўлган. Вақт ўтиши билан Тошкент чинни заводи Ёқуб Қорабоев ва Холиқ Ҳайдаров каби ҳунармандларни ўзида жамлаган ўзбек усталаридан иборат ўз жамоасини шакллантирган. Шу тариқа, ишлаб чиқаришга мутлақо янги дизайнлар кириб кела бошлаган.
«Тошкент чинни заводида стандарт пиёлалар, косалар, лаганлар, думалоқ чойнаклар ишлаб чиқарилган. Лекин идишлардаги суратлар ўзига хос тарзда шакллантирилган, — дейди Турсунали Қўзиев. — Бутун ўзбек халқига таниш, қадрдон, дунёга машҳур „Пахтагул“ бренди заводнинг бутун фаолияти давомида қанчадан-қанча импровизация, стилизация ва модернизация жараёнларидан ўтган. Бир қўшнимнинг сервизида шу дизайндаги пиёлаларнинг ўн бир хил намунасини санаганман! Бир қарашдан идишлар бир хилдек, лекин ҳаммасида пахта ҳар хил».