Фото: Евгений Сорочин
«Лойсувоқ Тошкентни тош шаҳарга айлантирган инсонларга бағишланади»

Меъмор Валерий Ғаниев — «Жасорат» мажмуасининг қурилиши тарихи ҳақида

Тошкентда 1976 йилнинг 20 май куни «Жасорат» меъморий-ҳайкалтарошлик мажмуаси очилган. У 1966 йил апрелида юз берган зилзила маркази ўрнида қурилган. «Газета.uz» мажмуа муаллифларидан бири — архитектор Валерий Ғаниев билан бронза ва гранитдан кимнинг жасорати абадийлаштирилгани ҳақида суҳбатлашди.
Тошкентда 1976 йилнинг 20 май куни «Жасорат» меъморий-ҳайкалтарошлик мажмуаси очилган. У 1966 йил апрелида юз берган зилзила маркази ўрнида қурилган. «Газета.uz» мажмуа муаллифларидан бири — архитектор Валерий Ғаниев билан бронза ва гранитдан кимнинг жасорати абадийлаштирилгани ҳақида суҳбатлашди.
1966 йилги зилзиладан 10 йил ўтиб, Тошкентда «Жасорат» ёдгорлиги ва Халқлар дўстлиги музейи (ҳозирги Олимпия шон-шуҳрати музейи) очилган. Улар Шароф Рашидов (ўша пайтдаги Ленин кўчаси) ва Абдулла Қодирий кўчалари чорраҳасида, айнан табиий офат эпицентри жойлашган жойда қад ростлаган эди.

Архитектор Валерий Ғаниевнинг эслашича, 1975 йил октябрида мажмуа учун ажратилган беш гектар майдон қурилиш чиқиндисига тўла биёбон эди. Зилзилагача бу ерда машҳур Қашқар маҳалласи бўлган. 1966 йил 26 апрель куни эрта тонгда Тошкентни ларзага келтирган ерости силкинишлари бу ерда жамланган бир қаватли уйларнинг аксарият қисмини вайрон қилган.

«Зилзилагача бу жой бошдан-оёқ иморатлардан иборат бўлган: ҳозир ҳайкал турган жой ҳам, музей жойлашган орол ҳам. Нимаики омон қолган бўлса, ҳаммаси танклар ёрдамида „бузилган“ ва портлатилган», — дейди Валерий Акрамович.
Зилзила оқибатларига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ҳодисадан 10 йил ўтибгина пайдо бўлганини Ғаниев оддийгина қилиб: «Шу вақтга келиб уйғонишган-да», дейди. Унинг сўзларига кўра, 10 йиллик сана Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов учун иттифоқдош республикалар янги Тошкентни қуриб берганликлари эвазига СССР раҳбари Леонид Брежневга «миннатдорчилик» билдириши учун бир баҳона бўлган.
«Шу нуқтаи назардан „Жасорат“ ҳайкалини ёдгорлик мажмуаси дейиш нотўғри. У зилзила, вайронагарчилик ва қурбонларга эмас, балки халқлар дўстлигига — Тошкентни лойсувоқ ҳолида қабул қилиб, тош ҳолида топширган инсонларга бағишланган», — дея тушунтиради архитектор.
«Шу нуқтаи назардан „Жасорат“ ҳайкалини ёдгорлик мажмуаси дейиш нотўғри. У зилзила, вайронагарчилик ва қурбонларга эмас, балки халқлар дўстлигига — Тошкентни лойсувоқ ҳолида қабул қилиб, тош ҳолида топширган инсонларга бағишланган», — дея тушунтиради архитектор.
Меъморий-ҳайкалтарошлик мажмуасини бунёд этиш бўйича ишчи гуруҳ таркибида Тошкентнинг бош меъмори Собир Одилов, СССРдаги энг йирик обидалар муаллифи сифатида танилган ҳайкалтарош Дмитрий Рябичев, шунингдек, 27 ёшли архитектор Валерий Ғаниев бор эди. Уларнинг бўлғуси қурилиш майдончасидаги илк учрашуви 1975 йил 24 октябрда бўлган. Лойиҳанинг топширилишига олти ой қолган — муддат, Валерий Акрамовичнинг тан олишича, «ақл бовар қилмас» даражада қисқа эди.

«Аввалига брусчатка ётқизилган майдонга Жон Кеннеди (АҚШнинг 35-президенти — таҳр.) қабрига ўхшаш битта қора гранит куб ўрнатмоқчи бўлганман. Мажмуанинг асосий объекти тепасига табиий офат устидан ғалаба қозонган байналмилал дўстлик рамзи сифатида олтин халқа ўрнатилган Халқлар дўстлиги музейи бўлиши керак эди. Ҳудуднинг қолган қисмини ландшафт паркига айлантирмоқчи эдим», — дейди Валерий Акрамович.
Ёш архитекторга муаллифлик назорати ҳам ишониб топширилган. У ҳар куни саккиз соат вақтини қурилиш майдончасида ўтказар, ишларнинг боришини кузатарди. Ғаниевнинг эслашича, мажмуани «йўқ жойдан» — лойиҳасиз, очиқ смета билан қуришга тўғри келган. Белгиланган муддатга улгуриш учун олғирлик қилишга тўғри келган.

Халқлар дўстлиги музейининг асоси учун Жиззах музейининг тайёр лойиҳаси олинган, акс ҳолда уни лойиҳалаштириш бир йил вақт талаб қилган бўларди. Унинг муаллифи архитектор Нузет Заидов эди.
Ғаниев лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритган. Улар интерьер ва фасадга тааллуқли ўзгаришлар эди — яъни, у қопламасининг учун бир неча ўн кило олтин зарур бўлган олтин халқани қўшиб қўйган.

Валерий Акрамовичнинг айтишича, мажмуанинг сиёсий аҳамияти шунча ҳажмдаги қимматбаҳо металлни олиш имконини берарди. Бироқ ғоя амалга ошмай қолган — юқори лавозимдаги мутасадди шахслар «раҳбарият панжаралар ва кўк рангни ёқтиришини» муаллифга тушунтирган.

Истак бажо келтирилиб, бино фасадида алоҳида панеллар шаклидаги жимжимадор панжаралар пайдо бўлган. Архитектор музейни қуриш топширилган қурувчилар — «Висотстрой» ишчиларининг сўзларини табассум билан эслайди: «Ҳамма нарсани янги «Волга»лар билан қопласак, арзонроқ тушган бўларди».
«Архитектура — бу қўшиқ ёки шеър учун илова эмас, балки худди мусиқа сингари ифодали санъат тури эканлигини ҳар доим, ҳар бир бўғинда таъкидлаб турдим. Бироқ «муаллиф-бастакорлар»нинг ижодий ва қўл ҳақи борасидаги интилишлари «пьеса» давомида ўсиб бораверди-бораверди. Кўп фигурали композиция, гранитдаги гиламлар, бронзадаги тематик релъефлар билан ўралган стелалар шундай пайдо бўлди», — дейди Валерий Ғаниев.
«Архитектура — бу қўшиқ ёки шеър учун илова эмас, балки худди мусиқа сингари ифодали санъат тури эканлигини ҳар доим, ҳар бир бўғинда таъкидлаб турдим. Бироқ «муаллиф-бастакорлар»нинг ижодий ва қўл ҳақи борасидаги интилишлари «пьеса» давомида ўсиб бораверди-бораверди. Кўп фигурали композиция, гранитдаги гиламлар, бронзадаги тематик релъефлар билан ўралган стелалар шундай пайдо бўлди», — дейди Валерий Ғаниев.
реклама
реклама
Оила тасвирланган ҳайкал муаллифи машҳур ҳайкалтарош Дмитрий Рябичев ҳисобланади. Ғаниевнинг сўзларига кўра, фигуралар Москва ва Ленинград (Санкт-Петербург)да бронзадан қуйилган. Улар Тошкентга қисмларга бўлиниб олиб келинган ва ўша жойнинг ўзида қайта йиғилган.

Мазкур иши учун ҳайкалтарош 37 минг рубль миқдорида қўл ҳақи олган — бу пулга ўша вақтда бешта «Вольга» автомобилини сотиб олиш мумкин эди.
«Жасорат» мажмуаси тўлалигича қизил ва қора гранитдан ишланган. Ғаниев бу қарор рамзлар билан боғлиқ эканини таъкидлайди.

«Мажозий маънода „гранит“ сўзи мустаҳкам, бузилмас нарсани англатади. „Дўстлик — гранит каби мустаҳкам“, деган гап бор, шунинг учун бу ерда бир квадрат метр ҳам мармар ишлатилмаган», — дейди архитектор рамзларнинг моҳиятига тўхталаркан. Рангли гранит Украинадан олиб келинган — Ғаниевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда фақат кулранг гранитни топиш мумкин эди.

«Бизда „Ўзбекмармар“ деган ташкилот бор эди, у ерга бордим. Директорнинг олдига кирдим ва: „Режадан ташқари объект устида ишлаяпмиз. Бизга гранит керак“, дедим. Унинг орқасида эса турли хил [мармар] бўлаклар териб қўйилган токча бор эди. Бири қандайдир чиройли, қора. Мен кўрсаткич бармоғим билан унга ишора қилдим, директор бош чайқади: „Тўғри келмайди — [Лениннинг] мақбараси шундан қилинган“. Қизил „Емеляновский“, „Капустинский“ ва қора лабрадоритга буюртма бердим. Гранитнинг бир қисми ўша пайтда қурилаётган метродан олинган. Шу сабабли, метронинг биринчи — Чилонзор йўлини ишга тушириш бир йилга кечиккан», — деб эслайди Валерий Акрамович.
Ўртасидан ҳайкал томонга ёриқ тушиб, иккига бўлинган қора лабрадорит куб — табиий офатни англатувчи ягона элементдир. Моҳиятан, бу тўхтаб қолган соат. Унинг миллари ҳар доим 5:23 ни — силкиниш вақтини кўрсатиб туради.

«Куб бизнинг буюртмамиз асосида Украинадан келтирилган. Ўша пайтларда гранит портлатиш йўли билан қазиб олинарди, шунинг учун куб бўйлаб кичик тирналишлар пайдо бўлган. Улардан бирини дрел ёрдамида тешдик, яъни кубни иккига бўлдик, сўнгра четларига ишлов бердик», — дейди Валерий Ғаниев.

Унинг сўзларига кўра, композициянинг бир қисми ҳисобланган қора кубни ҳамма ҳам қадрламаган.

«У ўрнатилгандан сўнг, мафкурачилардан бири майдонга келиб, „Биз мотам тутаётганимиз йўқ. Қизил куб қўйинг“, деди. Ижрочилар югургилаб қолди, Украинадан гранит кубга буюртма беришди, уни олиб келишди ва қора кубнинг қаршисига қўйишди. Мендан иккинчи куб учун имзо чекишимни сўрашганида, мен бош тортдим, чунки мен унга буюртма бермаганман ва бунинг учун пул тўламоқчи ҳам эмасдим. У бир муддат турди, кейин эса олиб кетилди. Қаерга олиб кетилганини билмайман», — деб эслайди архитектор.
«Жасорат» меъморий-ҳайкалтарошлик мажмуаси 1976 йил 20 майда очилган. Шу куни Ўзбекистон пойтахтида Тошкент халқаро кинофестивали бошланган, унда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси киноижодкорлари иштирок этган. Хорижлик меҳмонлар ёдгорлик очилишида ҳам қатнашган.

Орадан уч йил ўтиб, 1979 йилда Валерий Ғаниев Иттифоқ мукофоти совриндори бўлди ва СССРнинг энг ёш тан олинган меъморига айланди. Шаҳар аҳолиси унга хатлар ёзиб, савдо дўконлари ва аттрационлардан холи парк учун миннатдорчилик билдирди.
реклама
реклама
2018 йилда «Жасорат» мажмуаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан реконструкция қилинди. Валерий Ғаниевнинг айтишича, ўшанда унга муаллиф сифатида маслаҳат сўраб мурожаат қилишмаган. Ишнинг илк кунларидаёқ у ўз ташаббуси билан майдонга келиб, қурувчилар билан суҳбатлашган. Меъморни энг кўп 14 та стеланинг орқа томонида ўйилган гранит гиламларнинг сақлаб қолиниши ташвишга солган. Унга Рябичевнинг барелъефларига тегмасликка ваъда беришган.
Ғаниевнинг тан олишича, гранитдаги гиламлар тошга ўйилган шартномадек қадрли бўлиб, халқлар дўстлиги ҳамон илгаригидек сақланиб қолганини тасдиқлайди.

«Стелаларда барча иттифоқ республикаларининг гиламлари, зилзиладан кейин Тошкентни тиклашда иштирок этган пойтахт шаҳарлар — Москва ва Ленинграднинг тимсоллари тасвирланган. Безакни қўлда ўйиб ишлашгани учун „қизилиштонлар“ лақабини олган 10 кишидан иборат москвалик мутахассислар жамоаси унинг устида кеча-ю кундуз ишлаган. Ҳозир бунақанги мутахассислар йўқ», — дейди Валерий Акрамович ачиниб.
Меъмор реконструкция натижасидан қисман мамнун: майдонда ёритгичлар ва ўриндиқлар пайдо бўлди — бир пайтлар унинг жамоаси бу ишга улгурмаганди. Аммо таъмирловчиларнинг бронза билан ишлашни билмасликлари дилни хира қилган. Ёдгорлик ва ҳайкалтарошликда фон вазифасини ўтайдиган стелалардаги тематик релъефлар вақти-вақти билан бўяб қўйилади ва бу орқали уларни рангли бронзанинг табиий қиёфасидан маҳрум қилишади.

Реконструкциядан кейин табиий офат рамзи бўлган қора куб ҳам ўз маъносини қисман йўқотди. Ундан ҳайкал томонга ер бўйлаб ёриқ кетган. Муаллифлар наздида, у пойдеворгача етиб бориб, эркак жуссасининг оёқлари остида йўналишини ўзгартиради ва сўнади — қатъият ва жасорат табиий офатни ортга чекинишга мажбур қилди. Ҳозирда эса пойдеворнинг бурчаги ҳавода муаллақ турибди, бурилишни тасвирлайдиган синиқ чизиқ ғойиб бўлган.
«Жасорат» ёдгорлиги, 1976−1986 йиллар. Сурат муаллифи А. Варфоломеев. Манба: «Письма о Ташкенте».
Ғаниев муаллиф юклаган маънога бундай аралашувни нисбатан вазминлик билан қабул қилган. Уни кўпроқ 1996 йилдан буён Ўзбекистон Олимпия шон-шуҳрати музейи сифатида фаолият юритиб келаётган Халқлар дўстлиги музейи тақдири ташвишга солади.

«Бу музейнинг асл кўринишида мавжуд эмаслиги — Тошкент учун катта йўқотиш. Бизнинг шаҳримиз, бутун Ўзбекистон сингари, халқлар дўстлигига сўзда эмас, амалда ўрнатилган ёдгорликдир. Бу фотосуратлар ва кинохроникаларни ўз ичига олган энг биринчи экспозицияда ўз аксини топган. Уларда иттифоқ республикалари, жумладан, Ўзбекистон уруш йилларида ва зилзиладан кейин бир-бирига қандай ёрдам бергани тасвирланган. Ишончим комилки, халқлар дўстлиги ҳозир ҳам сақланиб қолган. Бу, биринчи навбатда, маданиятларнинг кириб келишида намоён бўлади. Бу, айниқса, бизнинг ҳудудимизга хос хусусият. Музей ана шу анъанани эсда сақлашимиз ва давом эттиришимиз учун керак. Бу бизнинг тақдиримиз эканлигига ишонаман», — дейди архитектор.

Матнни Виктория Абдураҳимова тайёрлади.

Суратлар муаллифи – Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda