Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Самарқанд Прованси
Бир лаванда фермаси тарихи
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Самарқанд Прованси
Бир лаванда фермаси тарихи
Сервер Ўсманов 2017 йили Самарқанднинг бир чеккасида кўчатхона очади. Бир йил ўтиб унинг яшил коллекциясида беш туп лаванда пайдо бўлган. Ҳозир эса унинг гектарлик лавандазорига ҳар йили юзлаб одам келади. Сервер ака ўнлаб ўсимлик турлари парваришлаётган бу жойни ботаника боғига айлантириш ниятида.
Сервер Ўсманов 2017 йили Самарқанднинг бир чеккасида кўчатхона очади. Бир йил ўтиб унинг яшил коллекциясида беш туп лаванда пайдо бўлган. Ҳозир эса унинг гектарлик лавандазорига ҳар йили юзлаб одам келади. Сервер ака ўнлаб ўсимлик турлари парваришлаётган бу жойни ботаника боғига айлантириш ниятида.
Самарқанд марказидан 4 километрлик масофада Flora Lavender Farm лаванда даласи ястаниб ётибди. Ёзнинг қайноқ палласида бу лавандалар бинафшарангнинг турли тусларига бурканиб, бутун далани ўзининг тинчлантирувчи майин таровати билан тўлдиради. Француз прованси муҳитига шўнғиш мақсадида бу ерга ҳар йили юзлаб меҳмонлар келади.

Бу лавандазорга самарқандлик Сервер Ўсманов эгалик қилади. Иштиёқманд боғбон ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган бўлиб, кейинги даврда ўз коллекциясини фаол тўлдириб борди. Ўсимликларни танлашда Ўзбекистон иқлимига мос келадиганларига устуворлик берилди. Ҳозир унинг боғида 100 дан ортиқ турга мансуб ўсимликларни учратиш мумкин. Сервер Ўсманов ўз кўчатхонасини келажакда ботаника боғига айлантирмоқчи. Ҳозирча у ерда экскурсиялар, флористика бўйича маҳорат дарслари, фотосессиялар, пикник ва оилавий тантаналар ўтказилмоқда.
реклама
реклама
Сервер Ўсманов бир пиёла лавандали чой устида наботот оламига меҳри, гул бизнесини йўлга қўйиш ва ботаника боғини очиш орзуси ҳақида гапириб берди.
Ҳарбийликдан флористликка
Бутун умр ҳарбий либос кийган одам бўлганман. 1991 йилда Донецкдаги Славянск Фуқаролик авиацияси техникумини тамомлаб, Самарқандга таътилга келдим. Шундан сўнг офицер унвонини олдим ва хизматни, тақсимот бўйича, фуқаро авиациясида давом эттиришим керак эди. Бироқ Совет Иттифоқи парчалангач, Ватанда қолдим. Ўшанда ички ишлар органларига хизматга киришга қарор қилдим ва у ерда 2017 йилгача — Миллий гвардияга ишга ўтгунимга қадар ишладим.
Ҳарбий карьерам билан бир қаторда спорт соҳасида ҳам муваффақиятларга эришганман. Техникумда ўқиётган вақтим бокс бўйича Украина терма жамоаси аъзоси эдим. Самарқанддаги хизматим давомида ҳам спорт билан шуғулланишни канда қилмадим ва мусобақаларда қатнашдим. 2000 йилдан бошлаб Самарқанд вилояти ИИБнинг қўл жанги бўйича терма жамоасига раҳбарлик қилдим. Жамоамиз бир неча йил Ўзбекистон ИИВ чемпионатларида ва барча куч ишлатар тузилмалар ходимлари ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада ғолиб бўлди.

Спорт фаолиятига қўшган ҳиссам учун Ички ишлар вазирлиги 2006 йилда Ўзбекистон «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Самарқанд вилояти кенгаши раҳбари этиб тайинлади. Самарқанднинг Марказий стадионига раҳбарлик қилардим. Унда маҳаллий «Динамо», «Шердор», «Регистон» футбол клублари, шунингдек, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари иштирокидаги муҳим учрашувлар, шунингдек, бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади.

Бироқ вилоятнинг асосий ва энг йирик стадиони майдонининг қопламаси талаб даражасида эмасди. Шунинг учун, шахсан ўзим майсазорлар барпо этиш ва уларни парваришлаш технологиясини ўргандим. Спорт газонлари топталишга чидамлилиги билан оддий майсазорлардан фарқ қилади. Унинг сифати ва хусусиятлари билан яқиндан танишиш мақсадида Москвадаги «Локомотив» ва Киевдаги Лобановский номидаги стадионларда бўлдим. Табиий газонлар бўйича туркиялик мутахассисларни таклиф этиб, уларнинг тажрибасидан фойдаландим.
Натижа ўзини узоқ куттирмади. 2010 йилда биз сифатли майсазор билан қопланган, кўркам ва парваришланган майдонни яратишга муваффақ бўлдик. У 14 йил хизмат қилди, «Динамо» стадиони эса Ўзбекистондаги энг яхши стадионлардан бирига айланди. Мана шу йил янги раҳбар у ерга замонавий ва сифатли майсазор ётқизди.

2020 йилда янги қизиқишим — боғдорчиликка ўзимни тўла бағишлаш мақсадида подполковник унвонида истеъфога чиқдим.

Мен футбол майдони билан банд бўлган вақтим, Самарқандда ҳам яшил қопламага бўлган талаб ўсиб борди. Боғлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларга майсалар экила бошланди, марказий кўчаларда эса километрлаб чўзиладиган майсазорли йўлаклар пайдо бўлди. Буларни кўриб, шаҳар аҳолисида ҳам ўз ҳовлиларини кўкаламзорлаштириш истаги туғилди. Қариндошларим ва дўстларим менга мурожаат қила бошлашди. Кейин уларнинг таниш-билишлари кела бошлади. Ерини майсазор билан ободонлаштирмоқчи бўлганлар сони менинг ўсимликларга бўлган қизиқишим билан бирга ўсиб борди. Шунда мен майсазор ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланадиган компания очишга қарор қилдим ва ишлар юришиб кетди.
Вақт ўтиши билан қизиқишим каттароқ нарсага айланди. Фақат майсанинг ўзи етарли бўлмай қолди: одамлар яна қандайдир гуллар ва буталар сўрай бошлади. Аввалига барча ўсимликларни Тошкентдан сотиб олиб, ташиб келишга тўғри келарди. Бу қиммат ва ноқулай эди, энг асосийси — ўсимликларнинг барчасини бошқалар етиштирарди.

Тошкентдаги Darina Lux кўчатхонаси эгалари, яқин дўстларим Ринат ва Аделя мени ўсимликларни ўзим ҳам етиштира олишимга ишонтиришди ва уйларидаги боғдан новдалар кесиб олишимга рухсат беришди. Ўзим учун 10 турдаги буталардан қаламча тайёрлаб, машинага ортдим ва Самарқандга олиб келдим. Стадионда кичикроқ иссиқхона қуриб, уларни парвариш қилишни ўргандим. Бу менинг ўсимликларни кўпайтиришдаги энг биринчи ва энг муваффақиятли тажрибам эди. Биз эккан ҳамма нарса униб, ўсиб чиқди. Бундай натижани бошқа такрорлай олмадим.

Менинг илк ўсимлик коллекциям, у билан бирга кўчатхона яратиш ғояси ҳам ана шундай пайдо бўлганди.
Фермада кундалик ҳаёт
Кўчатхона ғоясини амалга оширишга қатъий қарор қилгач, 2017 йили лойиҳани шаҳар ҳокимига тақдимот қилдик ва 1,5 гектар ер олдик. Режа бўйича, боғимиз учун 20 гектар майдон керак эди, шу боис берилган майдони бизга дастлаб кичик кўринди. Бироқ ишга киришгач, биринчи йили шу 1,5 гектарнинг атиги 6 сотихни ўзлаштира олдик, холос. Бир неча йил ўтгачгина боғимизнинг ҳар бир бурчаги ўсимликларга тўлди.
Кўчатхонани ташкил этарканмиз, у ерда миллионлаб ўсимликларни етиштириш ва сотишни, одамлар турли навлар билан бевосита танишишлари мумкин бўлган ўзига хос кўргазма зали яратишни хоҳлагандик. Аввалига стадиондаги иссиқхонадан барча тувакларимизни кўчириб келдик. Кейин турларни кўпайтириш учун шаҳарга чиқдик. Ўз вақтида Самарқандга Бельгия ва Италиядан кўплаб қизиқ ўсимлик турлари келтирилганди. Бироқ улар шаҳарнинг ободонлаштириш хизматлари томонидан лозим даражада парвариш қилинмагани учун нобуд бўлиш арафасида эди. Шу боис кузда намуналарни кесиб олиб, кўпайтириш мақсадида кўчатхонамга олиб келдим. Мен энг ёқтирадиган нарса — биттагина новдадан бутун бир ҳаётнинг ўсиб чиқишини кузатишдир.

Очиқ ерда ўсадиган ҳамма нарсани экиб бўлгач, бозорлардан, дўконлардан, кўчатхоналардан, ҳамкасбларим ва танишларимдан гуллар сотиб ола бошладим. Ҳозир уруғларни чет элдан буюртма қилиб, ўз кўчатхонамда кўпайтираман ва сотаман. Барча шароитларни таъминлаганимизга қарамай, баъзи ўсимликлар бесабаб нобуд бўлади. Боғбон ҳамиша синчков ва сабрли бўлиши керак. Ҳар бир тажриба учун камида бир йил умр кетади.
Бошида боғ билан фақат ўзимиз шуғулландик, кейинчалик — боғ кенгайиб кетгач — ишчилар ёлладик. Катта жамоа борлигига қарамай, мен ҳали-ҳамон далада ўзим вақт ўтказишни ёқтираман. Кунимни боғни айланиб чиқишдан бошлайман — эрталаб соат 7:00 да келиб, ўсимликларимни кўздан кечираман. Агар бирор ўсимликнинг аҳволи ёмонлашганини кўрсам, сув қуйилмаган ёки пайҳон қилинган бўлса, дарҳол чорасини кўраман. Ҳеч бир ишчи боғга унинг эгасидек ғамхўрлик қилолмайди барибир. Шу боис мен кечгача далада бўламан, баъзида шу ерда тунаб ҳам қоламан.

Кечаси боғда ўзига хос муҳит ҳукм суради. Ёзда бу ер тинч, кимсасиз, салқин; бу боғда ҳеч ким бўлмаган даврларнини эслатади. Мен ўсимликларим билан ёлғиз қолишни, уларнинг дунёсига тўла шўнғишни ва улар менинг парваришим остида қандай ўсиб, ривожланаётганини кузатишни ёқтираман.

Шундай қилиб, ёввойи, бегона ўтлар босган майдон аста-секин гуллаб-яшнаб, яшил тусга кирди. Коллекциямиз янги ва ноёб турлар билан тез суръатда бойияпти. Ўсимликлар шу қадар кўпайдики, биз уларни мавсумий равишда бўлиб, давлат муассасаларига — болалар боғчалари, мактаблар, касалхоналарга бепул тарқатяпмиз. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги эълонлар орқали ҳам «эгалари»ни топамиз. Бу йил Самарқанддаги Навоий номидаги марказий истироҳат боғига шаҳарнинг бошқа жойида ўсмайдиган бўйимадарон ҳадя қилдим.
Лаванда — энг яхши дўст
Лаванда билан илк бор рафиқамнинг гул дўконига бу ажойиб ўсимликнинг 25 туваги келтирилганда танишганман. Мен уни биринчи кўришдаёқ яхши кўриб қолганман. Айнан унинг гўзаллиги ва хушбўй иси кейинчалик рафиқам иккимизни Самарқанд юрагида кичик Прованс яратишга илҳомлантирди.

Бешта кўчатни ўзимга олиб, улардан қаламча қилдим ва даланинг ўша пайтда бўш ётган бир четига экдим. Лаванда жуда беғубор ва ёқимли ўсимлик. Унга унумдор тупроқ ва кўп сув керак эмас, бу эса уни бизнинг иқлимимизда яшаш учун идеал номзодга айлантиради. Бу ўсимликни кузда ўтқазган маъқул, шунда у илдиз отади, қишлайди ва баҳорда ривожлана бошлайди. Агар ҳамма иш тўғри қилинса, ёзда гуллаб, кўзингизни қувнатади.
Иссиқ кунларда лавандани ҳар 7−10 кунда бир суғориш етарли. Томчилатиб суғоришда бутун фермага 2−3 куб метр сув сарфланади. Мамлакатдаги экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, тез-тез суғориш ва доимий парвариш талаб қилмайдиган ўсимликларни танлашга ҳаракат қиламан. Еримизга автоматик суғориш тизимини ўрнатиш учун кредит олдик ва бундан сира афсусланмадик. Ҳозир барча жараёнларни телефондан бошқара оламан, бу эса куч ва вақтни сезиларли даражада тежайди.
Гуллаш мавсуми июнь бошидан август охиригача давом этади. Менинг лавандам худди тақвимга қарагандек, об-ҳаводан қатъи назар, ҳар доим ойнинг биринчи санасида гуллайди. Бошқа ўсимликларда бундай ҳолатни сира кузатмаганман.

Вақт ўтиши билан экилган беш туп кўчат 50 тага, кейин 100 тага, сўнгра 500 тага кўпайди. Ҳозир менда 10 дан ортиқ навдаги 1000 га яқин лаванда туплари бор. Улар орасида Инглиз, Француз, Хидкот, Бандера ва Лавандин навларини учратиш мумкин. Лавандин кенг баргли ва тор баргли лаванданинг дурагайи ҳисобланади. У тарвақайлаб кетмайди, ихчам шаклини сақлаб қолади, тўйинган ранг, ўткир ҳид ва юқори ҳосилдорликка эга. Шунинг учун менинг далаларим Қўқон лавандазорларидан ранглар хилма-хиллиги ва ўзига хос ифори билан ажралиб туради.
реклама
реклама
Лаванда нафақат гулбаргларининг ранги, балки ташқи кўриниши билан ҳам фарқланади. Баъзиларида бошоқдек — кичик гуллар поя атрофида жойлашган. Бошқаларида эса гулнинг энг юқори қисмида узун ва ингичка гулбарглар мавжуд. Барглари ҳам ҳар хил шакл ва рангга эга: тўқ яшилдан оч кумушранггача. Яқинда фермамда оқ лаванда кўчати пайдо бўлди. Ҳозир унинг қандай мослашаётганини кузатяпман. У гўзаллик жиҳатдан бошқалари билан тенглаша олмаса-да, коллекциямизга хилма-хиллик бағишлайди.
2018 йилда лаванда билан имкон қадар кўпроқ одамларни таништирмоқчи бўлдим ва ижтимоий тармоқларимнинг фаол фойдаланувчиларини фермага таклиф этдим. Меҳмонлар учун экскурсия, маҳорат дарслари, чой дастурхони тайёрладик, бироқ улар кела солиб суратга тушиш ва суратга олишга киришди. Далада атиги уч-тўрт қатор лаванда бўлса-да, шунинг ўзи ҳам кўрганларни ҳайратга солган эди. Мендан лаванда сотишни сўрашди, лекин мен бу ўсимликни дўст деб билишим, дўстлар эса сотилмаслигини айтдим. Дўстларим бу ғояни ривожлантиришни маслаҳат беришди ва бу тўғри қарор бўлиб чиқди.

Бошқа боғларнинг тажрибасини ўрганиб, ўз боғимда дам олиш маскани яратиш ҳақида ҳам ўйладим. Ташриф буюрувчилар учун сайрлар ва боғдорчилик бўйича маҳорат дарслари, фотосессиялар, отда сайр қилиш, уй ҳайвонлари билан мулоқот, флористика машғулотлари, гастрономик машғулотлар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, никоҳ маросимлари ва оилавий кафе ташкил этдик. Фаолият турларининг кенглигига қарамай, мен фаол дам олиш, шовқин-суронли тадбирлар ва шов-шувли зиёфатларга қаршиман, чунки булар нафақат одамларнинг тинчлигини бузади, балки ўсимликларга ҳам зарар етказади. Бу жой кўнгилхушлик учун эмас, балки табиат қўйнида ёлғизлик ва мулоҳаза юритиш учун яратилган.
Ферма ҳудудида қатъий қоидалар ўрнатилган: чиқинди ташламаслик, чекмаслик, гулхан ёқмаслик, ўсимликларга зарар етказмаслик ва атрофдагиларга халақит бермаслик. Бироқ уларга амал қилмайдиганлар ҳар куни топилади. Биз лавандани узмасликни сўраймиз, бироқ одамлар: «Озгина уздим холос-ку», дейди. Лекин ҳар ким озгина-озгинадан узиб олаверса, боғимизнинг ҳоли нима кечади? Одамлар ўзгаларнинг меҳнатига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини истардим.

Шунга қарамай, боғ фаолияти давомида кўплаб яхши инсонлар билан танишдим. Баъзи меҳмонлар қайтиб кетишдан аввал менежерлардан мени чақиришларини сўрайди, шахсан танишиб, бундай гўзалликни яратганимиз учун миннатдорчилик билдиради. Бу ҳамиша жуда ёқимли ва ишлашга илҳомлантиради.

Лавандадан гулдасталар, қуруқ гуллар, хушбўй ёстиқчалар, лаванда чойи солинган халтачалар тайёрлаймиз, чунки ўсимлик кўплаб шифобахш ва тинчлантирувчи хусусиятларга эга. Ҳосилни ҳамкоримизга бериб, лаванда мойи оламиз. Ўтган йили ўз даламиздан 20 литр мой олдик. Биз ишлаётган шароитни ҳисобга олганда, бу ажойиб натижа. Йилига бир неча бор пойтахтдаги «Тепло-маркет»да қатнашамиз ва битта ярмарканинг ўзида бир йил давомида далада сотиладиган маҳсулотга тенг маҳсулот сотамиз.
Бир гектарлик лавандазор — бу кўнгилхушлик. Лаванда маҳсулотлари билан бизнес қурмоқчи бўлсангиз, камида 100 гектарлик дала керак. Бироқ мен фақат бу билангина чекланишни маслаҳат бермаган бўлардим. Хилма-хил ўсимликларни экиб, ўстиришга ҳаракат қилиш керак. Атрофни гўзаллик билан ўраш лозим. Боғ яратиш — бу келажакка ишонч демакдир.
Ботаника боғи орзуси
Бизнинг даламизда лавандадан ташқари бошқа кўплаб ноёб ўсимликларни ҳам учратиш мумкин, уларнинг аксарияти доривор. Масалан, маврак, кийикўт, жамбил, календула, мойчечак, бўйимадарон ва бошқалар. Даламизда ўтказилган сўнгги «аҳолини рўйхатга олиш» маълумотларига кўра, ҳозир кўчатхонада 100 дан ортиқ тур ўсяпти. Уларнинг баъзилар, масалан, перовския ва курил чойи кабилар ҳатто Самарқанд шаҳрида ҳам учрамайди.
реклама
реклама
2021 йилда Тверь ботаника боғи директори ва Евроосиё ботаника боғлари ассоциацияси (АБСЕА) раҳбари Юрий Наумцов билан танишдим. У мени боғларнинг ноёб концепцияси устида иш бошлашга илҳомлантирди. Боғнинг ҳар бир қисми илгари Буюк Ипак йўлида жойлашган турли минтақаларнинг кичик бурчагини ифодалаб, дунё ландшафт маданиятларининг хилма-хиллигини намойиш этади. Бунинг учун камида 10 гектар ер керак.

Мен аллақачон рус ҳовлиси, хитой боғи, дорихона полизи, ўзбек тупроғини акс эттирадиган ҳудудларни яратдим. Яқин келажакда Ўртаер денгизи, исломий ва монастир боғларини барпо этишни режалаштирганман. Улар мисолида Марказий Осиё ва Европанинг боғ-парк санъати ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Номларидаги фарқларга қарамай, улар умумий илдизларга эга. Бизда бу «чорбоғ», уларда эса «мунтазам боғ» деб аталади.
Лекин ҳудудни шундай ободонлаштириш керакки, кейинчалик бу боғни бузишга ҳеч кимнинг қўли бормасин. Бунинг учун турли ўсимликлар, қизиқарли жойлар ва рухсат этилган кўнгилочар масканларга эга тегишли инфратузилма бўлиши лозим. Мен атрофини ўриндиқларга эга парк ўраб турган меҳмонхона ҳамда флористика устахонаси қуришни режалаштирганман. Тўғриси, ҳозирча бунинг учун маблағни қаердан топишни билмайман. Халқимизда: «Тўй бошласанг, пул топилади», деган нақл бор-ку.

Умид қиламанки, лойиҳамиз шаҳарга хизмат қиладиган тўлақонли ботаника боғи сифатида қабул қилинади. Фақат ҳозирча бу мақомни олиш учун қаерга мурожаат қилиш кераклигини ҳам билмайман.

Боғ мен учун шунчаки бизнес эмас. Бу умрим бахшида бўлган фаолият, ҳаётим мазмуни. Рафиқам мени қўллаб-қувватлайди ва ёрдам беради, фарзандларим эса, гарчи қизиқишимни ҳар доим ҳам тўлиқ қўллаб-қувватламасалар-да, боғ ҳаётида тенгма-тенг қатнашади. Боғимиз — фахримиз ва, умид қиламанки, йиллар ўтиб, у янада ўсади ва гуллаб-яшнайди.
Матн муаллифи – Фарзона Ҳамидова
Суратлар муаллифи – Евгений Сорочин

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda