Жониворлар экспозицияси ва боғ инфратузилмасини баҳолаш мақсадида Германиянинг Dan Perlman Group компаниясидан мутахассислар
жалб этилган. Улар ҳозир боғни янгилаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳанинг асосига айланган мастер-режани тайёрлаган. Янгилаш лойиҳасидан кўзланган асосий мақсадлар — жониворлар турини кўпайтириш, янги қафас (вольер)лар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш, жониворлар реабилитацияси марказини ишга тушириш ва зоопарк ходимларининг малакасини ошириш бўйича марказини ташкил этиш, шунингдек, ташрифчилар учун замонавий технологияларни жорий этиш.
«Реконструкция лойиҳаларини ишлаб чиқишда боғ ходимлари ҳам фаол қатнашган. Улар замонавий талабларга ва ҳар бир турнинг табиий эҳтиёжларига жавоб берадиган янги экспозицияларни қуриш ва мавжуд вольерларни янгилаш бўйича ўз таклифларини берди. Ҳозирда реконструкция ишлари зоопаркнинг илмий бўлими таклифлари ва хорижий мутахассисларнинг кўрсатмалари асосида олиб борилмоқда», — дейди капитал қурилиш бўлими бошлиғи Гулнора Сулаймонова.