фото: ЕВГЕНИЙ СОРОЧИН
«Президентга почта етказишни орзу қиламан»
40 йилдан бери почтальонлик қилувчи Рўзихон Очилов ҳикояси
Асли жарқўрғонлик Рўзихон Очилов ҳаётини почтага бағишлаган. 58 ёшли почтачи ҳар куни 100 чақиримдан ортиқ масофа босиб, чўлдаги шаҳар аҳолисига даврий нашрлар, хатлар ва жўнатмаларни етказади. «Газета.uz» энг кўҳна касблардан бирининг қувончлари, қийинчиликлари ва тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Асли жарқўрғонлик Рўзихон Очилов ҳаётини почтага бағишлаган. 58 ёшли почтачи ҳар куни 100 чақиримдан ортиқ масофа босиб, чўлдаги шаҳар аҳолисига даврий нашрлар, хатлар ва жўнатмаларни етказади. «Газета.uz» энг кўҳна касблардан бирининг қувончлари, қийинчиликлари ва тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Жарқўрғон — Сурхондарё вилоятининг жанубидаги 17 минг аҳоли истиқомат қилувчи кўҳна шаҳарча. Унинг марказида Жарқўрғон почта бўлими бор. Рўзихон Очилов 38 йилдан бери шу ерда меҳнат қилиб келади. Почтачи еттита маҳаллага хизмат кўрсатиб, ҳар куни мактаблар, маҳалла қўмиталари ва жарқўрғонликларнинг уйларига газета, хат, бандероллар тарқатади. Унинг асл исмини бу ерда камдан-кам одам билади — шаҳар аҳолиси уни кўп вақтлардан бери қисқагина қилиб «Эшон бобо» деб чақиради.

«Почтачимизнинг лақаби ўзбек халқи орасида алоҳида аҳамиятга эга. Қадимдан „эшон“ унвони чуқур диний билимга эга бўлган ва аҳолига маърифат улашган, ҳурмат ва эътирофга сазовор дин пешволарига берилган. Одамлар маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қиладиган доно ва тажрибали кексаларни „бобо“ деб атайди. Рўзихон Исматович ҳам, маълум маънода, аҳолимизни „маърифатли“ қилади. Уни шаҳарда ҳамма билади. Кўпчилик учун деярли қариндошдек бўлиб кетган», — дейди Жарқўрғон почта бўлими бошлиғи ўринбосари Исмоил Жўраев ҳамкасби ҳақида.
Рўзихон Очилов почтальонликка ўзидан-ўзи келиб қолмаган. 1987 йили армиядан қайтгач, Жарқўрғон туманидаги тўқимачилик фабрикасида уста ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлаган. Бир йил тўқимачилик дастгоҳида ишлаган. Бироқ бахтсиз ҳодиса туфайли учта бармоғидан, шу билан бирга ишидан ҳам айрилади. Қарийб бир йил иш қидиради. Кунларнинг бирида хат жўнатиш учун почта бўлимига киради. Ўша пайтдаги оператор Раиса Наумова билан суҳбат асносида, у бу ерда ўзига иш борми-йўқми, шунга қизиқади. Шу тариқа, унинг почта хизматидаги йўли бошланади.
Рўзихон ака ишни бошлашдан аввал почта раҳбариятининг кўрсатмаси билан Тошкентга, алоқа бўлими бошлиқларини тайёрлаш бўйича икки ойлик курсга жўнаб кетади. Ўқишни тугатгач, 1988 йил май ойида почта бўлими директори Менглиқул Мисиров томонидан Жарқўрғон тумани алоқа бўлими оператори лавозимига қабул қилинади. Рўзихон Исматович ҳозиргача алоҳида илиқлик ва миннатдорлик билан тилга оладиган устозлари раҳнамолигида ишга киришади.
У ишни ҳар бирини ўзи яхши танийдиган ўз маҳалладошларига почта етказиб беришдан бошлаган. Вақт ўтиши билан хизмат кўрсатиш географияси кенгайди, йўналишлар тобора мураккаблашди. Почтачи ўзининг биринчи етказган хатини юзда табассум, кўзда ёш билан эслайди.

«Ўша унутилмас кунда мен аскардан хат олиб келдим — бу хабарни унинг ота-онаси икки йил давомида кутган эди. Улар қўлимдаги конвертни кўриб, юзлари қувончдан ёришиб кетди ва ҳаяжон билан: „Почтачи ўғлимиздан хат олиб келди!“ дея қийқириб юборди. Улар мени уйга, дастурхонга таклиф қилди, чой билан меҳмон қилди. Улар учун бу хат ҳақиқий байрам — уйда гўёки тўй бошланиб кетгандек эди», — дейди у.
Ҳозир Рўзихон Очилов Жарқўрғон почта алоқа боғламасининг «Исмоилтепа» алоқа бўлимига раҳбарлик қилади. Почтальоннинг иш куни эрталаб соат саккиз-тўққизда бошланади. Биринчи навбатда у янги хат-хабарлар билан шуғулланади; жўнатмалар, хатлар ва газеталарни тарқатиш қулайроқ бўлиши учун манзилларига қараб саралайди. Соат 10 га келиб, почта сумкаси тўлади ва Эшон бобо почта етказиш учун ўзига бириктирилган тўртта ҳудудга йўл олади. Йўл-йўлакай одамлар у билан саломлашади, ҳол-аҳвол сўрайди, таниш-билишларга салом йўллайди.
реклама
реклама
Эшон бобо биринчи бўлиб мактабларга газета ва болалар журналларини тарқатади. 65-ўрта мактаб директори — унинг доимий мижозларидан бири. У «Янги Ўзбекистон», «Жадид» ва «Ишонч» газеталарининг янги сонларини ҳар доим интиқлик билан кутади. Эшон бобони дарвоза олдида кўриб, директор почтачини шахсан қарши олиш мақсадида пиллапояга чиқади. Улар ўзаро суҳбатлашар экан, скутерни бир зумда мактаб болалари ўраб олишади, унга чиқиб олиб, сумкадаги почталарни қизиқсиниб томоша қилишади. Почтачи уларга мулойимлик ҳайҳайлаган бўлади — болалар дарров қочиб қолади. Хайрлашаётиб, улар: «Эшон бобо, менга ҳам хат олиб келинг!», дея қўл силкийди.
Шундан кейин почтальон расмий ҳужжатлар, хабарномалар, фармойишлар, коммунал хизматлар учун квитанциялар, йиғилиш ва сайлов учун ахборот бюллетенлари ва материалларни етказиш мақсадида маҳалла қўмиталарига жўнайди. Бу ерда у одатда ушланиб қолади, чунки қўмита раиси билан суҳбатлашиб, маҳалла ҳаётидан сўнгги янгиликларни билиб олишни ёқтиради.
Кейин жарқўрғонликларнинг уйлари томон йўл олади. Елкасидаги сумка аста-секин енгиллашади, қуёш эса секин илгарилаётган маршрут вақтини ўлчаб, тобора юқорига кўтарилади. Иморатлар орасидаги масофа сезиларли узоқ ва йўллар нотекислиги туфайли у бир соат ичида бор-йўғи бешта қабул қилувчига почта етказиб беришга улгуради, холос.

Баъзан навбатдаги уйда ёпиқ эшик ва сукунат кутиб олади — уй эгалари ўз юмушлари билан қаёққадир кетган бўлади. Бундай вақтларда почтальон енгил хўрсиниб, титилиб кетган ён дафтарчасини олади-да, «Эртага қайтаман» деб белги қўяди.

«Биз айрим мамлакатлардаги почтачилардек почтани қабул қилувчининг эшиги олдида қолдириб кета олмаймиз. Барча жўнатмалар манзил эгасига шахсан, ўз қўлига топширилиши шарт. Борди-ю эртага бирор киши хат ёки жўнатмани олмагани ҳақида шикоят қилса, жавобгарлик бизнинг зиммамизда бўлади. Шу боис, уйда ҳеч ким бўлмаганда, почтачилар уй эгалари билан юзма-юз келиш учун уч-тўрт қайта келишга мажбур бўлади. Агар ҳар бир уй олдида почта қутилари ўрнатилса ёки мобил хабарнома тизими жорий этилса, бу вақт, куч ва ёқилғини тежашга ёрдам берган бўларди», — дейди Эшон бобо.
Почтальон куннинг асосий қисмини оёқда ўтказади — уйма-уй юриб, хат-хабарларни етказади ва одамлар билан бир-икки оғиз суҳбатлашган бўлади. Тушликка яқин у жўнатмаларнинг янги партиясини олиш учун почта бўлимига қайтади, сўнг яна йўлга чиқиб кетади. Кунлик почта жўнатмалари ҳажми 10−20 тадан 100−150 тагача етиши мумкин. Айниқса, дам олиш ва байрам кунларидан кейин хат ва жўнатмалар йиғилиб қолади. Баъзида почтанинг кўплигидан тушлик қилишга вақт бўлмайди, шунақа вақтларда Эшон бобо йўл-йўлакай бутерброд еб, чой ичиб олади.
реклама
реклама
Почтачига иш давомида почта етказилишини кузатиш ва тасдиқлаш имконини берувчи портатив мобил қурилма ёрдам беради. Қурилма ходимни кераксиз қоғозбозликдан халос этиб, ишни сезиларли даражада енгиллаштирди, чунки илгари барча ҳужжатлар қўлда тўлдириларди. Эндиликда у марказий почта тизими орқали қурилмага манзиллар ва почта жўнатмалари рўйхатини юклайди. Ҳар бир жўнатма штрих-код ёки QR-кодга эга. Почтачи жўнатма ҳолатини янгилаш учун уни сканерлайди. Топшириш пайтида у дарҳол жўнатма етказиб берилганини қайд этади, олувчи эса имзоси ва шахсий ҳужжатини сканерлаш орқали қабул қилганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, қурилма 80 дан ортиқ турдаги коммунал хизматлар учун тўловларни жойида амалга ошириш имконини беради. Барча маълумотлар автоматик равишда тизимга узатилади.

«Совет даврида почтальонлар фаолияти фақат хат-хабар етказиш билан чекланиб қолмаган эди. Пенсия ва ижтимоий нафақа тўловларини ҳам тарқатардик. Одамлар мени кўриб югуриб келар, хат бор-йўқлиги ҳақида сўрарди. Ҳозир кўпчилик мени кўриши билан яширинади ёки кетишга шошилади, ҳазиллашиб: „Менга хат олиб келмагансиз, деб умид қиламан!“ дейди, чунки улар кўпинча жарима хабарномаларини ҳам олиб келишимни билади-да», — деб кулади почтачи.
Эшон бобо биринчи марта почтальон формасини кийганида, унинг сумкаси газета ва журналларга тўла бўларди. У бўлимга даврий нашрлар қоплаб олиб келинган вақтларни эслайди — одамлар босма нашрдаги ҳар бир сўзни қизиқиб ўқир, севимли нашрларининг янги сонларини сабрсизлик билан кутарди. Лекин ҳозир, барча янгиликларни интернетдан билиш мумкин бўлган даврда, почтачининг сумкаси таркиби бутунлай ўзгариб кетди. Энди Эшон бобонинг сумкасидан асосан расмий конвертлар — прокуратурадан хатлар, нотариал ҳужжатлар, коммунал хизматлар ҳисобварақлари ва давлат муассасаларидан келган хабарномалар жой олган.

Телеграммалар йўқолиб кетди, шахсий ёзишмалар ва откриткалар алмашинуви камайди — энди барча мулоқот ижтимоий тармоқларга кўчган. Бундай ўзгаришлар, гарчи замонавий мулоқот усулларининг қулайлигини жуда яхши тушунса-да, почтачини бироз хафа қилади.

«Хат ёзиш, ҳеч бўлмаганда, фикрлаш ва ўз мулоҳазаларини ёзма шаклда ифодалашни ўрганиш учун ҳам зарур. Хатни конвертдан олган пайтдаги ўзига хос ва бетакрор ҳиссиёт — телефондаги навбатдаги хабарни очиш эмас. Битта хат ўнлаб хабарлардан кўра кўпроқ қувонч бағишлаши мумкин. Қўлёзма сатрларда муаллифнинг қалби яшайди, уларда кўпроқ ҳаёт, инсоний илиқлик ва меҳр-муҳаббат мавжуд», — деб ҳисоблайди почтачи.
Эшон бобо уйга фақат кечқурун соат беш-олтиларда, ҳорғин, лекин мамнун ҳолда қайтади — демак, барча хатлар ўз эгаларини топган. Агар бирор сабабга кўра у барча хат-хабарларни етказиб беришга улгурмаган бўлса, эртаси куни ишни, албатта, ўша манзилларга боришдан бошлайди. Шундай қилиб, у ҳафтада олти кун, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ишлайди, чунки почта соатдек аниқ ишлаши лозим. Жўнатмалар кам бўлса, уйига эртароқ қайтади.

«Почтачи бўлиш — бу шунчаки хат-хабар тарқатиш эмас. Ҳар бир хат ёки жўнатма қўлимизга тушгунича узоқ, баъзан минг километрдан зиёд масофани босади. Бу йўлнинг нариги тарафида кимдир уни интизорлик билан кутаётган бўлади. Вазифамиз оддий, шу билан бирга, жуда муҳим — хатни 48 соат ичида етказиб бериш. Шунинг учун почтачи масъулиятли, зийрак ва моҳир бўлиши зарур», — дейди Эшон бобо.
реклама
реклама
Жарқўрғон ландшафти адирлар, қумли йўл ва барханлардан иборат. Почтачилар ана шундай шароитда ҳар куни камида 100 километр йўл юради. Бу масофани пиёда босиб ўтиш, албатта, имконсиз. Шу боис давлат Жарқўрғон почта бўлимининг барча почтальонларига бир вақтлар велосипедлар тарқатган эди. Бироқ маҳаллий инфратузилма бундай транспорт воситасига мослашмагани учун учун велосипед пиёда етказиб беришнинг ноқулай ва хавфли муқобилига айланди.

Шу боис Эшон бобо 1991 йили ўз пулига «Восход» русумли мотоцикл сотиб олади. У билан узоқ масофаларни тезроқ босиб ўтиш, куч ва вақтни тежаш мумкин эди. Бироқ 20 йиллик фойдаланувдан сўнг мотоцикл яроқсиз ҳолга келди, унга зарур эҳтиёт қисмларни топиш эса қийинлашди.

Шунда почтачи ўз транспорт воситасини янгилашга қарор қилди ва 2021 йилда скутер сотиб олди. У билан бирга почта хизмати услубига мос келадиган янги кўк форма ҳам харид қилди. Рўзихон Очиловнинг фикрича, бу уни профессионалроқ кўрсатади ва йўлда кўзга ташланишини таъминлайди. Скутер олдинги транспорт воситасига нисбатан анча қулайроқ ва хавфсизроқ бўлиб чиқди.
Бироқ, қулайлигига қарамай, қишда у ҳар доим ҳам музламаларга бас кела олмайди, бу эса бир неча бор йиқилишларга сабаб бўлган. Йўлдаги носозликлар қўшимча хавф туғдириши мумкин. Мотоцикллар одатда итларни ўзига жалб қилади, бироқ транспортнинг тезлиги улардан қочиб қутулиш имконини беради. Носозликлар эса одамни ўлжага айлантириши мумкин.

«Бир сафар кечқурун узоқ тепаликдаги уйлардан бирига почта етказишимга тўғри келди. Йўл-йўлакай орқамдан бир тўда ит эргашди. Энг ноқулай пайтда аккумулятор ўчиб қолди ва тўхташга мажбур бўлдим. Итлар дарҳол мени ҳар томондан ўраб олишди — уларнинг вовуллашлари ва йиртқичларча туришларидан ҳужумга шайланаётганлари кўриниб турарди. Умидсизликдан сумкамни силкитиб, баланд овозда ёрдамга чақира бошладим. Бахтимга, одамлар ўз вақтида етиб келиб, итларни ҳайдаб юборди», — даҳшат билан эслайди Эшон бобо.
Почтальонлик иши яхши жисмоний тайёргарлик ва чидамлиликни талаб қилади. Бироқ почта ходимлари орасида ёшларни камдан-кам учратасиз — ходимларнинг аксарияти ўрта ва кекса ёшдаги кишилар. Эшон бобо бунинг сабабини иш ҳақининг пастлиги ушбу касбни ёшлар учун жозибадор қилмаслигида, деб изоҳлайди. Почтачилар ойига 1,2 млн сўм, бўлим бошлиқлари эса 1,5−2 млн сўм маош олади. Иш ҳажми ва мураккаблигини ҳисобга олсак, бундай маошлар арзимасдек.

«Почта хизматлари нархи оширилганида эди, эҳтимол, бизда кўпроқ одам ишлашни хоҳлаган, меҳнатимизни қадрлаган бўларди», — дейди у.
Тахминан уч йил олдин Жарқўрғонга президент келиши керак эди. Бутун шаҳар унинг ташрифига фаол тайёргарлик кўрди: йўлларга асфальт ётқизилди, уйларнинг фасадлари бўялди, кўчалар ободонлаштирилди, дарахтлар ўтқазилди. Почта ходимлари орасида ўзгача ҳаяжон ҳукмронлик қиларди — тез орада улар тантанали нутқ сўзлаб, давлат раҳбарига ўз ютуқларини намойиш этишлари керак эди. Бироқ сўнгги лаҳзада президент йўналишни ўзгартириб, қўшни Ангор шаҳрига йўл олди. Эшон бобо воқеаларнинг бундай ўзгаришидан хафа бўлса-да, ҳали ҳам президент билан учрашиш умидини йўқотмаган.

«Мен энг кўп президентга почта етказишни орзу қиламан. Учрашганимда, унинг қўлини маҳкам сиқиб, қилаётган ишлари учун раҳмат айтардим ва қўлига хат тутқазардим. Унда ўзим ва ҳаётим ҳақида ҳикоя қилган, шунингдек, шаҳримизга бир пиёла чойга таклиф қилган бўлардим. Шу билан бирга, Жарқўрғондаги йўллар охиригача битказилмаганини ҳам эслатиб ўтган бўлардим», — дейди Эшон бобо.
Икки йилдан сўнг почтачи пенсияга чиқади. Айтишича, у бу лаҳзани кўпдан бери кутяпти. Иши завқли бўлса-да, саломатлиги аввалгидек эмас. Пенсияга чиққач, уй юмушлари билан шуғулланиш ва неваралари билан бирга бўлиш учун вақти кўпроқ бўлади. Бироқ бутун умрини бағишлаган севимли иши билан хайрлашиш ҳам оғир. Эшон бобонинг тан олишича, пенсияга чиққач, у ҳамкасблари ва почта олувчилар билан кундалик учрашувларни жуда соғинади. Почта ходимлари Эшон бобо вақти-вақти билан ўз ҳикоялари ва тажрибаси билан бўлишиш учун почта бўлимига келиб туришидан умидвор.

«Мен почта ишини энг кўп ҳар куни турли одамлар билан мулоқот қилиш, улардан хабар олиш ва ҳаётларининг бир қисмига айланиш имкониятини тақдим этгани учун ҳам яхши кўраман. Одамлар мен орқали нафақат почтани, балки янгиликларни улашади. Бугун — тўйга таклифнома бўлса, эртага — жаноза ҳақидаги қайғули хабар бўлиши ҳам мумкин. Почтальонлик ўзбек тилида „хабарчи“, „жарчи“ деб аталиши бежиз эмас. Одамлар бор экан, бу касб яшайверади, чунки почтачи — барча маълумотлар оғиздан-оғизга ўта бошлаган даврлардаёқ пайдо бўлган энг қадимий касблардан биридир», — дея хулоса қилади Эшон бобо.
Матн муаллифи — Фарзона Ҳамидова.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda