Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Терим — биз учун
президент арчасидек гап»
Пахта даласидан репортаж
Бекобод яқинидаги Авангард — қаҳрамонлар қишлоғи. Унда ярим тунда теримга чиқувчи отахонлар, ўғлидан яширинча пахта терувчи онахонлар, теримга ҳам, уй ишларига ҳам бирдек улгурувчи суперкелинчаклар ва ҳаммасига бош-қош «Темир хотин» бор. «Газета.uz» уларнинг турмуши ва орзу-умидлари билан танишди.
Бекобод яқинидаги Авангард — қаҳрамонлар қишлоғи. Унда ярим тунда теримга чиқувчи отахонлар, ўғлидан яширинча пахта терувчи онахонлар, теримга ҳам, уй ишларига ҳам бирдек улгурувчи суперкелинчаклар ва ҳаммасига бош-қош «Темир хотин» бор. «Газета.uz» уларнинг турмуши ва орзу-умидлари билан танишди.
Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Авангард номли қишлоқ бор. Эски номи шунақа. Ҳозирги номи — «Фарҳод» маҳалла фуқаролар йиғини. Лекин бу атрофда кимдан сўрасанг, ҳаммаси Авангард қишлоғи бу, дейди. Биз — Зиёда Рамазонова, Мадина Аъзам ва Абдулло Ёдгоровдан иборат «Газета.uz» ижодий жамоаси ҳам турфа расмиятчиликлардан чарчаганмиз, шунинг учун 2023 йил сентябрь-октябрида борганимиз бу жойни биз ҳам, эл қатори, Авангард қишлоғи деб атаймиз.
Терим мавсумига старт берилиши билан бу ерда тахминан 60 га яқин киши ҳар куни икки маҳал — тонг саҳар ва тушликдан кейин пахта даласига чиқади (ярим тунда чиқадиганлар ҳам бор — бу ҳақда ҳали батафсил гаплашамиз). Қишлоқ аҳли таъбири билан айтганда, терим — эл бошига келган тўй; чигит далага қадалиб, пахтага айланиб то териб олингунигача бўлган бутун меҳнатни авангардликларнинг ўзи қилади.
Маъмуржон отанинг далага яқин хонадони бутун авангардликлар, айниқса, хотин-халаж бирровга кириб, гурунглашадиган нуқта. Қўни-қўшнилар бола-чақаси билан келиб, вақт ўтганини ҳам пайқамай, уёқ-буёқдан, асосан пахта ҳақида суҳбатлашади: ким қанча пахта терди, эртага далада иш соат нечадан бошланади, терим пулини нимага сарфламоқчисиз ва ҳоказо, ва ҳоказо. Тошкентдан журналистлар келганини эшитиб қолганлари «йўлимизни ҳам ёзинглар, бизнинг йўллар ҳам бир равон бўлсин», деб қолади.
Маъмуржон ота деганимиз — Авангардда тунги теримни бошлаб берган тарихий шахс. Айтишларича, бир неча йил аввал ярим кечаси даланинг ўртасида фонарь ўйнай бошлаган, ҳеч ўчмасмиш. Бориб қарашса, Маъмуржон ота пахта тераётганмиш. Шу-шу, одамлар отага қўшилган, тунги терим одатга айланган. Кейинчалик бу ҳатто рақобат кўринишини ҳам олган: «Фалончи кечаси тераётган экан, нега ҳам чиқмас эканман?», деб.

Маъмуржон отанинг айтишича, тунда далага чиқишнинг яхши томони — қуёшда қуришга улгурмаган пахтани териш нисбатан осон, килоси ҳам кўпроқ чиқади. Қолаверса, пахтани даланинг исталган жойидан теришинг мумкин. Ғўзаси кўп жойга биринчилардан киролгани — теримчининг ютуғи.

«Уйқу келмаганидан кейин шу-да аҳвол. Кун исиб кетса, қон босимим кўтарилади, иссиққа қолмай деб, тунги соат бир-иккида далага чиқиб кетаман. Тонг соат етти-саккизгача камида 100−150 кило пахта тераман. Шу билан каминанинг плани бажарилади», — дейди ота.
Авангарднинг ерлари жуда унумдор, шу боис маҳаллий аҳолининг ҳаёти ҳам дала меҳнати билан боғланиб кетган. Деярли ҳар бир хонадонда иссиқхона бор — қишда кўкат, баҳорда карам, ёзда кузги помидор етиштиришади. Аҳоли пахта теримигача ҳовлисидаги барча экин-текинларини йиғиштириб, сотиб бўлади. Ҳар ҳолда, шундай қилиб бўлган бўлиши керак, чунки пахта терими бошлангач, қолган барча ишлар тўхтатилади.
Иссиқхонаю экинзор ишларини тинчитиш — тайёргарликнинг биринчи босқичи бўлса, теримнинг янги мавсуми учун янги анжомлар олиш — иккинчи босқич, зотан «иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур», деб бежизга айтилмаган. Масалан, авангардлик ҳар бир теримчи ҳар йили янги этак тиктириб олади, чунки этак учун фойдаланиладиган бўз бир йилдан ортиққа ярамайди. «Теримга тайёргарликнинг авангардча усули»да қўлқоп, спорт пойабзали (кроссовка) ва шим олиш ҳам кўзда тутилган. Қўлқоп пахта чаноғидан қўлни асраса, дала ичида кроссовкада юриш осонроқ. Узун кўйлакдан кўра шим ҳам қулай.

Теримдан чалғимаслик учун пахта мавсумида тўй-маросим қилмаслик — бу азалий ёзилмаган қоида. Ҳатто ота уйи узоқроқ бўлган келинлар ҳам кўсаклар очилиши арафасида уйига бир бориб келиб, агар бирор зарурат туғилиб қолмаса, шу билан терим охиригача чалғимайди. Бошқа таниш-билишу қариндошлар ҳам буни билади: ҳозир ҳамма далада, ўзининг ташвиши етарли, чарчайди, деб меҳмонга боришдан истиҳола қилади…
Маъмуржон ота тунги соат иккида ўғли билан дала томон йўл олди. Биз ҳам уларга эргашдик. Ҳаво тоза ва тиниқлигига қарамай, димоққа балчиғу тезак ҳиди урилади. Қадам товушимизга мол, қўй ва эшакларнинг овози жўр бўлади. Хонадонларнинг дарвозахоналарида чироқлар ёқилган, уёқдан-буёққа юк машиналари, «Дамас»лар ўтиб қолади.

Далага яқинлашаркансиз, тун қоронғилиги ўз ўрнини оппоқ пахталарнинг чароғонлигига бўшатаётгандек бўлади. Яна бироз юрсангиз, оқликнинг ёнига яшиллик қўшилади: бир тараф — пахта даласи, иккинчиси — карамзор. Карам даласида бир сигир боғланган, ариқлардан сув шалдираб оқиб турибди. Бу ажойиб манзарани даланинг охири билан туташиб кетгандек кўринувчи салобатли тоғлар мукаммаллаштиради…
Даладаги бу сокинликни бироз аввал етиб келган Шавкат аканинг баланд овози бузди: «Пахтани тоза териш керак!». У фермер Назира опа Боқиеванинг кенжа ўғли. Дала ишларига қарайди, ҳам тарозибон. Бу вақтга келиб соат чамаси 4:30 га яқинлашиб қолганди. Биз нонушта қилиш учун Маъмуржон отанинг уйига қайтдик — йўлда теримга кетаётган бир гуруҳ аёлларни кўрдик.
Бир соат ўтиб, яна боягидек — Ой ҳамроҳлигида далага қайтдик. Энди хонадонларнинг кўча чироқлари ўчиб, хоналари ёришиб турарди. Табиат ҳам фаоллашган, ҳайвонлар бир-бирига тақлидан овоз чиқаради. Аксар теримчилар чиқиб бўлгани учун дала тарафдан баланд-баланд, тушунарсиз овозлар эшитилади.
Далага етганимизда яна Шавкат аканинг овози эшитилди. У Маъмуржон отанинг ўғлига қарата: «Кўп пахта тердим деб карриллайсан, пахтангни эрталаб даданг келиб териб кетаркан-ку!», деб қотаётганди.

Теримчилар мавсумни Назира фермернинг акасига қарашли ердан бошлаган. У ердаги пахтани 5 кунча териб-тугатиб, 6−7 кундан бери фермер опанинг ўз даласида ишлаяпти.
Далада аллақачон 40 чоғлик одам йиғилиб қолган. Янги келиб қўшилаётганларга Шавкат ака йўл-йўриқ кўрсатиб туради: «Қатор ташламай тушинглар, ўқариқдан пастга қараб юринглар. Орқа-олдиларингизга қараб, тоза теринглар — акс ҳолда қайтариб юбораман!».
Теримчиларнинг кўпчилиги қайнона ва келини, она ва қизи ёки эр ва хотини тарзида жуфт-жуфт бўлиб ишлайди: этакни ўртага ташлашади-да, терган пахтасини шунга солаверади. Буни «Поезд усули» ҳам деб аташади. «Бу усулда белинг оғримайди, ўзинг зерикмайсан, шеригинг билан гурунглашиб ё мусобақалашиб териб бораверасан, қандай қилиб териб қўйганингизни ҳам билмай қоласиз», — дейди улар.
Пахтазор ҳикоялари
Замонанинг «Фармонбобо»си

64 ёшли Маъмуржон ота — 40 йиллик теримчи. Бир муддат сувчилик ҳам қилган. Ҳозир фақат пахта териш учунгина далага чиқади. Рафиқаси ҳам 30 йил далада унга ҳамроҳлик қилган, аммо бу мавсум қон босими кўтарилгани учун теримга чиқмади. Ота 600 минг сўмга етар-етмас пенсияси катта рўзғорга урвоқ ҳам бўлмагани учун ҳар йили пахта теришини айтади.

У тўнғич ўғли, келини билан бирга кунига 700−800 килограммдан ортиқ пахта теради. Уч кишининг терим пули бир жойда — Маъмуржон отанинг кассасида йиғилади. «Касса битта бўлиши керак. Ҳамманики алоҳида бўлган ҳаётнинг нима кераги бор?!», — дейди замонамиз «Фармонбобо»си, жилмайганича.

Оилада кимга пул керак бўлса, харажатининг сабабини айтиб, отадан олади. Бир йил аввалги терим пулига кенжа ўғил уйлантирилган бўлса, бу сафаргисига машина олишмоқчи.

Қўшни қишлоқдан келадиган Муҳаббат опа

Бу даладаги пахта яхши бўлгани учун қўшни қишлоқдан ҳам теримчилар келади. 15 йилдан бери пахта терадиган Муҳаббат опа — улардан бири.

Унинг турмуш ўртоғи мактабда директор, ўғли эса яқинда ўқишни битириб, қишлоққа қайтган, лекин ҳали иш топиб улгурмаган. Опа февралда келин ҳам туширган. Бугун теримга келини ҳам қизиқиб келган, аммо ҳомиладор бўлгани учун бироз тоби қочган — Муҳаббат опа хавотирга тушиб, уни уйга жўнатиб юборган. Ўғли ёнида қолган.

Оёғи тез-тез оғриб қоладиган Муҳаббат опа одатда фақат пешингача пахта теради — масалан, шу куни ўғли билан бирга 200 кило теришга улгурган.
Эрмак учун пахта терадиган Равшан ака

Ички ишлар тизимидан нафақага чиққан 49 ёшли Равшан ака пахтага, ўзининг айтишича, асосан эрмак учун чиқади. Унинг рафиқаси Машҳура опа боғчада ишлайди, шунинг учун уларнинг далага чиқиши Машҳура опанинг иш вақтига боғлиқ.

«Битта ўзим бўлсам чиқмайман, пахтазорнинг ичида қўрқаман. Хотиним бўлмаса, йўлимни йўқотиб қўяман», — деб ҳазиллашади Равшан ака. Икковлон соат 7:00 ларда далага чиқади ва ярим кунда 130−150 килограммгача пахта териб қўяди.

Уларни суратга туширишга рухсат сўраганимизда, Машҳур опа шундай деди: «Бизни эмас, ҳақиқий теримчиларни олинг, бизнинг тераётганимиз уларники олдида урвоқ ҳам эмас».
Тиниб-тинчимас Дилноза келин

23 ёшли Дилноза тўрт йил аввал Авангардга келин бўлиб тушган. Биринчи йили ҳомиладор бўлгани учунгина теримда қатнашмаган. Кейинги йилларда эса боласини қайнонасига қолдириб далага чиқаверган. Эри: «Уйда чеварчилик қилавер, далада ишлашинг шарт эмас», деса ҳам, Дилноза: «Бу ҳам бир давр-да», деб теримдан қолмайди. У ҳар куни 200 килодан кўпроқ пахта теради.
Дилноза ҳар куни тонгги соат 4:00 да уйғонади (терим вақти-ку «будильник»га эҳтиёж ҳам йўқ). Нонушта тайёрлайди, қўшнисига укол қилади, қайнона ва қайнотасига тушлик пишириб, далага жўнайди.

Эмизикли бўлгани учун, одатда «обед»да уйга қайтиб, 2,5 ёшли қизалоғининг қорнини тўйғизиб, ўзи ҳам бироз дам олиб, сўнг яна далага келади. Баъзан қизининг қорни очқаб қолса, бувиси далага олиб келади, Дилноза эса уни шу ерда эмизиб, яна уйга бериб юборади.

Соат 17:00 атрофида пахтасини ўлчатиб уйга қайтади ва уй ишлари билан банд бўлади: ҳовлини супуриб-сидиради, сув сепади, кечки овқатга уннайди. Агар қийинроқ овқат бўлса, қайнонаси ҳам ёрдамлашади. Дилноза бу мавсум вақтдан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпти: кундузи бемалол пахта тера олиш учун уйларни тозалаш, кирларни ювиш, нон ёпиш каби ишларни кечқурун қилиб қўйяпти.

Турмуш ўртоғи бозорда сотувчилик қилади. Оиланинг ўз иссиқхонаси бор, баҳорда булғор қалампири кўчатлари чиқаришади. Дилноза турмушга чиққач, ҳамширалик курсида ўқиган, шунинг учун баъзида уйда ҳамқишлоқларига тиббий ёрдам ҳам кўрсатади. Турмуш ўртоғи унинг ақлли ва ишбилармон эканини эътироф этиб, «Сенга гап йўқ, онаси», деб руҳлантириб ҳам қўяди.
Дилноза ҳар йили терим пулидан яқинларига совғалар олади. Бу йил қайнота-қайнонасига тўқилган жемфер совға қилмоқчи. Шунингдек, пахтадан тушган пулга тикув машинаси ҳам олмоқчи: бир ҳафта ичида 1,5 млн сўм тўплаган, яна 20 кунлар терса, ўзи хоҳлаган машинани олишига етиб қолиши керак.
Контракт учун пахта тераётган Жумавой ака

51 ёшли Жумавой Холиқов бир кунда 300 килограмм пахта теради. Ўғли университетда ўқийди. Аканинг айтишича, у рўзғор учун ул-бул олиш ва ўғлининг 10 млн сўмлик контракт пулининг бир қисмини қоплаш учун пахта теради.

Жумавой ака бир неча йил Россияда ҳам ишлаган, аммо даромади яхши бўлмагани учун Ватанга қайтган. Терим мавсумидан бошқа вақтларда асосан деҳқончиликка алоқадор ёлланма ишларда банд бўлади.


Ўғлидан яшириб пахта терадиган Хурсандой хола

Тикувчилик техникумини битиргач, консерва заводида ишлай бошлаган Хурсандой хола турмуш ўртоғи билан шу ерда танишган ва 20 ёшида Авангардга келин бўлиб тушган. Фарзандли бўлгач, заводдаги ишини ташлаган. 30 йилдан бери ҳар мавсум пахта теради.

Лекин бу йилги теримга аранг чиқди. Шаҳарда яшайдиган ўғли унга пахтага чиқмасликни тайинлаган — «10 кунлик теримининг пулини 10 кун олдин ташлаб бераман», деган. Хола шаҳардаги ўғлига: «Топганинг ўзингга буюрсин, пулинг менга керакмас», деб, қишлоқдаги ўғлини бир амаллаб кўндириб, барибир теримга чиққан.

Шаҳардаги ўғли телефон қилса: «Уйдаман, ҳеч қаёққа чиққаним йўқ», деб алдаб қўяди. Нега бундай қиласиз, деб сўрасак, Хурсандой хола самимийлик билан: «Қизиқаман-да, болам, нима қилай? Пул керакмас, пулим етади», деб қўяди.
«Темир хотин»

Назира опа 8-синфни битиргач, ота-онаси эрга бериб юборади. 24 ёшида «тақдири бўлмай», эри билан ажрашиб кетади. Ўшанда унинг бир ўғил ва бир қизи бор, иккинчи ўғлига ҳомиладор эди. Ёлғиз боши билан фарзандларни вояга етказиш осон бўлмаган. Уларни едириб-ичириш, кийинтириш учун мардикорлик қилган, ғишт қуйган, сувоқчилик қилган, мавсумий ишлар бўлмаганида Авангард консерва заводида икки сменадан ишлаган, ора-сира буюртмага кўйлаклар тикишга ҳам улгурган.
Аста-секин дала ишларига ўтган. Аввал бригадирлик қилган. Мутасаддилар унинг ишлашини, одамлар билан мулоқотини кўриб, жамоа хўжалигига раҳбарлигига кўтарган. «Ажрашганимдан кейин кўпчилик яна турмушга чиқасанми, деб сўради. Йўқ дедим. Кейинчалик эр керакми ё ер керакми, дейишди. Ер керак, дедим. Меҳнатим ортидан саккизта медалим бор, мени бутун республика танийди», — дейди ҳозирда ярмига пахта, ярмига ғалла экиладиган 40 гектар ерга эгалик қилувчи фермер Назира Боқиева.

Фермер ҳақида теримчилар ҳам илиқ фикр билдиради. Айтишларича, опа бир сафар суҳбатда қийналган кунларини ҳеч қачон эсдан чиқармаслигини айтган экан. «Шунинг учун ҳамма нарсанинг қадрига етади. Фермерман деб кибрланмайди, бировнинг кўнглини оғритмайди. Уч фарзанди ҳам шундай — ёмон гапирмайди. Шунинг учун ҳам авангардликлар неча ўн йиллардан бери фақат уларнинг даласига чиқади. Агар ёмон бўлса, кўнгилни оғритса, ким ҳам уларнинг ерига келиб ишларди?», — дейди теримчилардан бири.
2000−2004 йилларда Тошкент вилоятига ҳоким бўлган Уммат Мирзақулов қайси бир йиғилиш ё тадбирда Назира опани: «Бу аёл чарчамайди. Кечаси ҳам, кундузи ҳам тиним билмайди — ҳақиқий Темир хотин», дея таърифлаган. Шу-шу, опанинг лақаби «Темир хотин» бўлиб кетган. Шунчаликки, даладаги теримчи хотин-қизлар жуда кўп пахта териши, уйга қайтгач ҳам дам олмай, яна меҳнат қилишидан таъсирланиб, «Сизлар чарчамайсизларми?», деб сўраганимизда, улар: «Йўқ, чарчамаймиз. Чарчасак ҳам енгилиш йўқ, ахир Темир хотиннинг шогирдларимиз», — деб жавоб беришганди.

Юқорида таъкидланганидек, Назира опа ажрашаётганида кенжа ўғлига ҳомиладор эди. Ўша вақтларда «Баҳор қайтмайди» видеофильми эфирга берилган, унда Назира опа Шавкат исмли қаҳрамонга ҳавас қилиб, шавкатли кунларимга ярасин деб туғилажак ўғлига Шавкат исмини қўйишни ният қилган. Қизи Наргиза опанинг айтишича, онаси бир куни далада иш қилиб юрган Шавкат акани кўрсатиб, «Қара, ўғлим шавкатли кунларимга яраяпти», деган экан.
«Онамнинг уч эмас, тўрт боласи бор. Тўртинчиси — унинг ери, — деб Шавкат ака фалсафий мушоҳадаларини давом эттиради. — Аёл кишининг севгиси шундай бўлади: фарзандига берса — умрбоқий, ерга берса — ўлгунича». Аканинг гапида жон бор: Назира опа 2023 йил баҳорида битта буйрагини олдирган. Унинг ҳозир ҳам далада қилаётган ишлари операциядан чиққан одам учун оғирлик қилади, аммо қизи Наргиза опанинг айтишича, онаси ҳеч тан бермайди, ғайрат-шижоатини ҳам сўндираётгани йўқ.
«Темир хотин»нинг болалари

Кунига икки маҳал ўлчов бўлади. Биринчиси — соат 11:00 ларга яқин. Шавкат аканинг эслашича, авваллари саҳарлаб, соат 4−5 дан келиб ишлайдиган кўп бўлгани учун биринчи тарози соат 9 да қўйиларди: «Иккита прицеп тўларди. Энди, кўрсангиз, икки киши териб келган пахта ҳам уйдек-уйдек бўларди-да. Қандай теримлар бўларди-я, даҳшат! Тушликка яна териб ташлашарди, яна тарози қўярдик».
Трактор дала боши ва охирида тўхтайди. Ҳар тўхтаганида ўша ерга теримчилар пахталарини ўлчатишга олиб чиқади. Пахтани ўлчашга одатда эркаклар олиб боради. Лекин баъзан кекса эркакларнинг қизлари, келинлари бу вазифани ўзлари бажаришга уринади. Эркаклар ҳам қараб турмайди, ёрдамлашади. Ташаббускор чиқмаса, хотин-қизларнинг ўзи «ҳой, Фалончи ака», «ҳой, Фалончи ука» деб ёрдам сўрайверади ҳам.
Трактор пахта қаторлари ўртасидаги текис, бироз энсиз, аммо узун йўлакда тўхтаган. Қуёш салкам тикка келган. Эгилган бошлар ва буришган юзлар одамларнинг чарчаганидан дарак. Шунга қарамай, теримчи пахтасини тезроқ ўлчатиб, тушлигини қилиб, яна далага тушиб, уйга эртароқ қайтиш — уйидаги ишлари қилишга, ош-овқатларини тайёрлашга улгуриш пайида. Лекин аввал сендан олдин борган теримчининг ўнлаб этаклари ўлчаниши керак. Одам кам эмас, навбат кутасан.

Дарвоқе, пахтани ўлчатиш ва тушлик деярли бир вақтда бўлади — пахтасини ўлчатиб бўлганлар овқатланишга кетади. Овқатини уйидан ўзи билан олиб келадиганлар ҳам, тушлик учун бирровга уйга ўтиб келадиганлар ҳам бор. Узоқда-ку деб қозонбошига боришга эриниб, лекин овқатланмай пахта теришга эринмайдиганлар ҳам учраб туради…
Сабрсизлана бошлаган теримчилар пахта қаторлари оралаб тарози томон интилгани сайин, тарозибонликни ҳам ўзи бажарувчи Шавкат аканинг жиғибийрони чиқа бошлайди: «Озгина сабр қилинглар — тез-тез ўлчаймиз. Қаторларга пахта тўкилади, сизлар кетасизлар, кейин буни мен тераманми? Кўрмай қолсам, шунча пахта увол бўлади-ку, қандай қолдираман буни? Ҳей, инсоф бергурлар, пахтани увол қиласизлар, увол!».

Теримчилар эса «бекор ўтирмайман-ку энди» деб ранжигандек жавоб қайтаради, бўш келгиси келмай, ўзининг танлови тўғрилигини айтмоқчидек, билганидан қолмайди. Тарозибон бўлса ҳамон эски гапини такрорлашда давом этади: «Ўрта қатор билан келинглар! Ҳасан ака, қаранг, қанча пахта тўкилиб ётибди. Эртага чизиқ қилса (ерни ҳайдаб юборса), увол бўлиб кетади. Ҳей, бир-бирларингга тиқилманглар — ўлчаяпмиз-ку, ўлчаймиз».
Шавкат ака иши оғирлигидан номига нолигандек бўлиб: «Тасаввур қилинг, ортингизда 28 та одам „меникини тортинг, меникини тортинг“, деб турса, қайси бирини оласиз? Яна биқинингизни уришади — ҳаммаёғим кўкариб кетган. Ўзим тарозида туриб, пахта тўла этакларни юқорига кўтариб берганим учун бир қўлим қақшаб оғрийди ҳам», — дейди.

Фақат асаббузарлик бўларкан-да, деб ўйламанг — тарозининг олдидаги йиғилиш теримчилар бир-биридан ҳол-аҳвол сўрайдиган, эски хотиралар ёдга олинадиган, ҳазил-ҳузул билан дала кулгига тўлдириладиган фурсат ҳам. Аммо, ҳа, навбат талашиб урушиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Эҳтимол, шу тартибсизликлар, ҳамманинг баланд овозда гапириши, имо-ишоралари, бир-бирининг устидан кулиши — буларнинг бари самимий бир манзаранинг таркибий қисмларидир, гўёки бирортаси бўлмаса, манзара тўмтоқ бўлиб қолар?
Шавкат ака мактабни битирганидан бери далада — 20 йилдирки пахта ва ғалла йиғим-терими билан банд. Чунки оиланинг бутун тирикчилиги шу экинларга боғлиқ: «Суягимиз шу ерда қотган. Бизнинг ўтган кунларимиз ҳам, бугунги тирикчилигимиз ҳам, келажагимиз ҳам пахта ва буғдойда. Даладан ташқарида ўзимни тасаввур қилолмайман».
Дала меҳнати қанчалик қийин бўлмасин, ўзига хос завқи бор, дейди Шавкат ака: саҳарлаб келиб, соат 9 гача беш-ўн этак пахтани териб қўйиб, уйидан олиб келган яримта тарвузини дала четида еган одамгина бу завқни туйиши мумкин. Шаҳарда одамлар, масалан, кафе-ресторанларга бориб, мусиқа билан дам олса, Шавкат ака учун дала «мусиқа»си — теримчиларнинг шовқинию кулгуси. «Бизда қанча кулса, шунча ҳузури бор. Кенгчилик, дала — хоҳлаганча, охиригача кулмайсизми? Кулишамиз, талашамиз, уруш, тўполонлар ҳам бўлади, лекин далага қандайдир меҳр билан боғланганмиз», — дейди у.
Фермернинг оиласи терим мавсумини интиқлик билан кутади. Баҳорда совуқ ва чанг орасида далага киришдан тортиб, ҳосилни йиғиб олиш пайтида одамларнинг ичида юришгача бўлган бутун жараён уларга бўлак-бўлак ҳис-туйғулар бағишлайди. «Президент арчаси, дейди-ку — биздаги президент арчаси мана шу пайтда бўлади-да», — дейди Шавкат ака кулиб.

Бироқ Шавкат ака фарзандлари ўзи каби оғир меҳнатда ўсишини хоҳламайди ва уларнинг ўқиши учун ҳамма имкониятни яратиш ҳаракатида. «Бизнинг пешонамизга деҳқончилик ёзилган экан, биз қийналдик. Лекин фарзандларимиз қийналмасин. Даладан келганимда, болаларим: „Дадам даладан келди, мен ҳам шу ишни давом эттираман“, деб ўйлашини истамайман», — дейди у.
Шавкат аканинг опаси Наргиза ҳам фарзандлари дала ишлари билан машғул бўлмасликларини хоҳлайди. Унинг қизи инглиз тилида бемалол мулоқот қила олади, сал аввалроқ эса ўғлига — у замонавий касбларни ўрганиши учун — битта сигирнинг пулига компьютер олиб берган.
«Ишимни яхши кўраман, бутун меҳримни бераман — ахир шунинг ортидан машинам, маблағим бор, фарзандларимни кам қилмай ўстиряпман. Лекин болаларимизнинг ўрни бошқа жойда бўлиши керак. Биз университетларда ўқишимиз учун шароит бўлмаган, лекин ҳозир фарзандларимизни ўқитишимиз учун имконимиз бор. Шунинг учун уларни чалғитмайман. Ҳамма шароитларни қилиб бериб, яхши жойларда ўқитаман», — дейди Наргиза опа.
39 ёшли Наргиза опанинг даладаги вазифаси — табелчилик, 12 йилдан бери шу вазифани бажаради; бу — пахтани ўлчаш жараёнидаги энг муҳим вазифалардан яна бири.

Табелда теримчилар исм-фамилияси билан рақамлаб қўйилган бўлади. Ўлчаш учун келган одам тарозибонга рақамини айтади, тарозибон эса табелчига ўша сонни такрорлайди. Тарозибон ўлчаган пахтасининг вазнини айтиб туради, табелчи тез-тез ёзиб боради. Бу жараёнда асосий босим ҳам шу икки кишига тушади. Киши адашиб кетмаслиги учун бор эътиборини пахтани ўлчашга ёки айтилган вазнни ёзишга қаратиши керак.
Пахтасининг килоси устида тортишиб қоладиган теримчилар ҳам бор, «кўп кўрсатяпти-ку, қўшмайсизми?», дейди тарозибонга. Рақамли тарози ишлатилмаслигининг ёмон тарафи ҳам шу — баъзан миқдор ҳақида қарор қилиш қийин. «Бировнинг ҳақидан қўрқаман. Эртага бунинг ҳам савол-жавоби бор. Шунинг учун ўрталиқда турган миқдорларни ошириб айтаман», — дейди Шавкат ака.

Наргиза опа эса табелга жиддий қарашини айтади. «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма, дейишган. Бунда бутун қишлоқ теримчиларининг қилган ишлари, ҳақлари ёзилган. Шу пайтгача панд емаганман, лекин барибир эҳтиёт бўлавериш керак. Тарозига эътибор билан қараб тураман. Чиқдими, дарров ёзаман. Орада кимникидир қолиб кетади ёки адашиб кетади. Жойида дарҳол тўғрилаб қўямиз», — тушунтиради у.
Наргиза опанинг бундан бошқа вазифалари ҳам бор. Биринчидан, у фермер онасига ҳайдовчи. Иккинчидан, у хўжалик ҳисобчиси, шунинг учун теримчиларга пулни ҳам ўзи тарқатади. Онаси: «Катта пулни далада тарқатма, кимдир йўқотиб қўйиши, ҳисоб-китоб нотўғри бўлиб қолиши мумкин», деб уқтирса-да, Наргиза опа уйма-уй юргандан кўра меҳнат ҳақини даланинг ўзида теримчининг қўлига берган қулай, деб ҳисоблайди.

Ўлчаб, тиркамаларга ортилган пахтани пахта-заводга олиб бориш ҳам Наргиза опанинг зиммасида. Пахта тозаланадиган, чигитидан ажратиладиган заводда момиқларнинг тоза терилган-терилмагани, чаноғи кам-кўплигига қараб, «скидка» белгиланади: масалан, ёмонроқ терилган пахтанинг ҳар 100 килограмидан 11−13 килограмм чегириб ташланади. Заводдаги жараёнлар, текшир-текширлар баъзида чўзилиб кетади, шунда опа ҳам баъзан тунги бир-иккигача ўша ерда қолиб кетиши мумкин.
Шундай қилиб, далада Шавкат ака теримчиларнинг қўлидан этакларни олиб, тарозида ўлчаб, юқорига — прицепга узатаверади. Тиркаманинг устида турганлар эса этакларни бўшатиб, пахтанинг устидан босиб (пресслаб), этакларни пастга улоқтираверади… Шу тариқа, ҳаш-паш дегунча пешингача терилган пахта ўлчаб бўлинади — 6 тоннаю 910 кило!
Пахтазордан ташқарида
Шароитлар ҳақида

Биз борганимизда далада чамаси 60−80 нафар теримчи бор эди. Аммо, айтишларича, бундан 6−7 йил аввал ҳам 700−800 теримчи йиғиларди. «У вақтларда давлат ишхоналари, мактаб ва боғча ходимлари ҳам пахтага чиқишга мажбур эди, сиёсат шунақа эди, — дея тушунтиради Шавкат ака. — Далага чиқмасанг, ойлигинг ололмайсан, деб қўрқитиларди».

Ҳозир эса, таъкидлашларича, терим мажбуриятдан кўра кўпроқ рағбатлантириладиган меҳнат — терим пулининг миқдори бироз бўлса-да оширилгач, одамлар ўз ихтиёри билан далага келяпти. «Кечаси соат 2−3 да уйқусидан кечиб, пахта теришга чиқадиган одамда қандайдир кучлироқ мотивация бўлиши керак-да барибир», — дейди Шавкат ака. Терим охирида энг яхшиларни совғалар кутади: бир йили телевизор берилган бўлса, бошқасида газ плитаси улашилган. Теримчилар бу сафар кир машинасидан умид қилиб турганди.

Тажрибали теримчиларнинг айтишича, пахтанинг энг яхшиси — ғўзапояси баланд бўлгани. Унда пахталарнинг чаноқлари ҳам катта бўлади, меваси ҳам лўппи-лўппи — оғир тош босади. Яъни, «бўйи паст ғозапояда барака ҳам, килограмм ҳам йўқ, пахтаси қуриб кетади». Бўйи паст пахтазорда бир этак 20 килограмм чиқса, бўйи узунида 30 килограммга етади.
Авваллари пахта одам бўйи баробар бўларди, деб эслашди, кулишди. «Учинчи, тўртинчи терим ҳам бўларди. Ҳатто қор ёққанда ҳам ғўзапоядаги пахта машиналарда эритилиб, терим давом эттирилаверган. Ғўзапоялар йиғилганида ҳам чаноқларида қолиб кетган пахталар бўлган». Авангардликлар таъбири билан айтганда, «ҳозирги пахталар „одноразовий“ (бир марталик) бўлиб кетяпти».

«Бу, балки, нав билан боғлиқ масаладир, олимлар янги навларни яратиши керакдир. Ўсимликлар ҳам одамга ўхшаган нарса-да — ажододларимиз биздан кўра бақувватроқ бўлган, авлодлар эса борган сари нозиклашиб кетяпти», — дея тушунтирган бўлади теримчилардан бири. Лекин улар барибир фермер Назира Боқиеванинг пахталарини мақташади. «Чунки бошқа ерларда шу пахта ҳам йўқ, ҳаммаёқда пахтанинг бўйи пастак-пастак. „Темир хотин“ ва фарзандлари борини бериб, тинмай меҳнат қилади-да», — дейди бошқа бир теримчи.
Шавкат аканинг таъкидлашича, «эринчоқлик қилинмаса, меҳнатдан қочилмаса, Худо беради». Бу жараёнда энг қийин давр — ёзнинг жазирамасидаги ишлар; айнан ўша вақтда деҳқон пахтасини эрталабдан чопиқ қилади. «Ҳамма кондиционер тагида дам олиб ётган вақти биз қора терга ботиб, далада юрган бўламиз», дейди Шавкат ака. Энг оғир иш — тракторчиларники, чунки бу пайтда ҳар бир кун ғанимат ҳисобланади. «Ишловни қанча эрта берсангиз, ҳосилни ҳам шунча эрта оласиз. Масалан, мен вақтида бир ҳафта аввал ишлов берганимда эди, ҳозир теримни тугатган бўлардим», — дея қўшимча қилади Шавкат ака.

Алмашлаб экиш ҳам жуда муҳим. Назира фермернинг ерига бир йил буғдой экилса, бир йил пахта қадалади. Ёзда ғалла йиғиб олингач, ер авангардликларга тақсимлаб берилади. Аҳоли бу ерда асосан карам экади, мўл ҳосил олиш учун ерга бор меҳрини беради. Бу фермер учун ҳам айни муддао — одамлар зўр ишлов берган ерда кейин пахта ҳам яхши ўсади.
Аммо иқлим ўзгариши, сув муаммоси ҳам деҳқоннинг ишига таъсир кўрсатяпти. Сув етарли берилмаса ҳам, тўғри берилмаса ҳам кони зарар. Терим пайтидаги ёғингарчилик эса катта жиддий зиён. Биринчидан, лойгарчилик сабаб теримчилар далага киролмайди. Иккинчидан, ёмғир пахтанинг сифатини бузади — тола қораяди. Лўппайиб турган пахталар ёмғирдан кейин осилиб қолади ва моғорлайди.

Одатий ҳолатда 100 кило пахта учун 100 минг сўм олсангиз, сифат пасайгач, оладиган пулингиз ҳам 60−70 минг сўм бўлиб қолади. «Бизнинг дардимизни ўзимиз ва Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам тез-тез териб, ҳамма уй-уйига кетади. Қишда эса мана шу йиғиб-терганларимизни еб ётамиз», — дейди Шавкат ака.
Сўнгги йилларда жорий қилинган кластер тизимидан эса фермернинг оиласи ҳам, теримчилар ҳам унчалик мамнун эмас. Масалан, икки йилдирки, фермернинг ҳисобига терим пуллари тушмайди. У аввалига теримчиларга иш ҳақини ўз ҳисобидан тўлаган, пули тугагач, машинаси, бошқа мулкларини сотиб, ҳақ бера бошлаган. Наргиза опанинг айтишича, бундай вазиятда аксарият фермерлар кредит олишга мажбур бўлади.

«Калстер тизимида фермер ҳам ходимга айланиб қолди. Даласига бирор ишлов бериш учун ҳам ўзидан юқори турувчи бу органдан техника, минерал-ўғит ва бошқа нарсаларни сўрашга мажбур. Кластер эса кўнгли тусаса беради, бўлмаса фақат ҳисоботлар, каттакон бошлиқлар келганида, хўжакўрсинга ўз вазифасини бажаради, холос», — дея қўшимча қилади Шавкат ака.

Теримчилар эса кластер тизими жорий этилмасидан аввал меҳнат шароитлари ҳозиргидан ҳам яхшироқ бўлганини, ҳатто бир йили теримчиларнинг тоби қочганда далада тиббиёт ходими дори-дармон тарқатганини, ҳозир эса бундай эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Терим машиналари ҳақида

Шавкат ака келажакда пахта териш машиналари теримчиларнинг ўрнини эгаллайди, деб ҳисоблайди. Унинг тушунтиришича, бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, техникалар йилдан йилга такомиллашиб боряпти. Иккинчидан, машинада пахта териш иқтисодий жиҳатдан ҳам манфаатлироқ: «Соляркасини қуйсангиз бўлди, машина ўзи ишни бажараверади — кунига 10−15 гектарлаб ердаги пахтани териб ташлайди».

Бироқ ҳозирги пахта териш машиналари унчалик ҳам мукаммал эмас. Масалан, пахта чала терилади. Ётқизиб терганида ҳам гўзапояларни шикастлаши мумкин, бу эса кейинги теримларга халал беради. Пахта-заводдагиларнинг айтишича эса, олий навли тола олиш учун пахтани қўлда терган маъқул. Машинада терилган пахтанинг намлиги юқори бўлади ва уни яхши сақлай олиш ҳам бир оғир вазифа. Машина момиққа қўшиб ғўзапоя, яшил ўтларни ҳам қўшиб олиши натижасида тола ранги ва сифати ўзгариб кетиши мумкин.
Шавкат аканинг тушунтиришича, масаланинг ижтимоий тарафи ҳам бор. «Машина келиб, пахтангизни уч кунда териб кетар ҳам. Лекин маҳаллада теримдан умид қилганлар ҳоли нима кечади? Бу ерларда ҳамманинг ҳам доимий иш жойи йўқ. Пахта теришдан тушган пулга озиқ-овқат олиб, боласининг ўқишига сарфлайдиган қўракўзларнинг умидини қандай қилиб машина меҳнатига алмашасиз?», — дейди Назира фермернинг ўғли.

У гапираркан, беихтиёр меҳри жўшиб кетиб, теримчиларни: «Улар бошқача-да», деб қўяди. «Техника келади, ғур-ғур қилиб пахтани теради-да, кетади. Лекин далада теримчилар билан бўладиган суҳбату ҳазилларни соғинасиз», — дейди энтикиб.
Хулоса ўрнида
Далада суҳбатлашганимиз аксарият теримчиларнинг ҳаёт тарзи, орзу-умидлари ва армонлари ўхшашлигига гувоҳи бўлдик. Эҳтимол, бу уларнинг тахминан бир даврда туғилиб, бир манзилда яшаётгани билан боғлиқдир. Аксарияти ишининг машаққатини ё тан олмас, ё бундан нолигандек кўринишни ҳам хоҳламасди.
«Пахталарни ярим қаричлигидан ўзимиз парвариш қиламиз — боламиздек гап. Уйимиздаги карам ёки бақлажонни териб сотишга қандай оғринмасак, пахта теришга ҳам шундай оғринмаймиз», — дерди айримлари. Бошқалари эса бу гапларни инкор этиб, ҳеч ким далага бекорчиликдан ёки шунчаки қизиқиб чиқмаслигини, ҳаммасига эҳтиёжмандлик сабаб эканини таъкидларди.

«Агар вақтида ўқиганимизда, ҳозир бошқа жойда ишлаётган бўлардик. Бўлмаса бизга ҳам шу ерга тунда ёки саҳарлаб келиб, намда пахта излаш зарурмиди? Бола-чақа боқаман деб келамиз-да», — деди Фотима исмли теримчи.
Теримчи аёллар орасида бетоб бўлса ҳам «пахта тугаб қолмасин, далада терлаб-терлаб яхши бўлиб кетарман», деб чиққанлари ҳам, кўзи ёрийдиган кунгача ҳомиладор ҳолида пахта теришга тайёрлари ҳам, эмизикли боласи билан теримда юрганлари ҳам бор эди.

Бу аёллар пахта тугаса, иссиқхонасида иш қолмаса, ёлланма деҳқончиликка чиқади. Карам чопади, маккажўхори қайиради, бақлажон, картошка, сабзи экиб, теради. Ўзлари айтганидек — тиним билишмайди. Бир опа айтганидек, «Авангард аёлларининг жони қаттиқ».
Тиним билмайди, баъзан шунга яраша енгиллик ҳам кўрмайди. Эри ҳам ўзи билан бирга пахта терадиган бир теримчи опа уй ишларига вақтида улгурмагани учун эридан «ўйнаб юрибсан» дакки эшитганидан йиғлагудек бўлиб гапирарди.

«Далада эшакдек ишлаб уйга борасан, кир ювасан, нон қиласан, юв-йиғиштир, тозала, ош-овқатини қил, кейин охири „ўйнаб келдинг-ку“, деган гапни эшитасан», — дея у ҳамроҳларига дардиҳол қилади. Улар эса опа ўзига жуда кўп масъулият олиб юбораётганини, ҳали эмизикли боласини ҳам ўкситиб, ўзлари бола бўлган тўнғич фарзандларига ташлаб келиши ҳам хато, ҳам нотўғри эканини айтади.

Ваҳоланки, «ўйнаб келган»ликда «айбланган» бу опанинг ҳам зўр орзулари бўлган. У ўқитувчи бўлишни хоҳлаган, аммо акалари қарши чиқиб, университетда ўқий олмаган. Қани энди вақтни ортга қайтариш мумкин бўлса — «ким қарши чиқса ҳам, барибир ўқиган бўлардим, шунда ўрним ҳозиргидек далада эмас, бошқа жойда бўларди», дейди. Лекин нолимайди: оиласи бут, болалари саломат, «Худо хоҳласа, уларни ўқитаман», дейди.
Теримчилар шундай — орзу-ҳавасли. Пахта пулини рўзғордан орттириб, тўй-ҳашамга киярман деб янги кўйлак олиш истагида юрганлари ҳам, яқинларига совға-салом улашишни ният қилганлари ҳам, «Тошкентга борамиз, концертларга кирамиз, ўйнаб-кулиб келамиз», — дейдиганлари ҳам бор.

Теримчилар — самимий. Уларни суратга тушираверсак, содда камтарлик билан: «Э, ҳаммаёғимиз тўзиб кетган, суратга олманг бизни», дейишади. Сизларни мақоламизга қаҳрамон қилмоқчимиз, деб тушунтирсак: «Ҳо, қаҳрамон эналар!», деб мазза қилиб кулишади...
Пахтани иккинчи (кечки) ўлчаш ҳам тугади. Ҳамма уй-уйига қайта бошлади. Қишлоқ оралаб юрарканмиз, хонадонма-хонадон: «Нимага пахтага чиқмаяпсиз, эртага энг зўри бўлади», деб одамларни теримга чоралаётган фермер опани учратиб қолдик. Бизга ҳамроҳлик қилган Шавкат ака: «Онажоним, одам ошиб-тошиб ётибди» деб, Назира опани уйга киритиб юборди.
Маъмуржон отанинг уйларига қайтдик — келини кир юваётган экан, бунгача эса овқат солган, хамир ҳам қориб қўйган экан. Келин хамирни ясаб олгунича болалари тандирни қиздирди. Қўшни хонадонларда ҳам кун шу тарзда давом этар, мол-ҳоли борлар сигир соғар, чорвасига қарар, ишини қилиб бўлган хотиржамлари эса кўчага чиқиб ёки Маъмуржон отанинг хонадонига бирровга кириб, гурунг қиларди.
Биз икки кун авангардликларнинг меҳру эътиборида бўлдик. Кундузи теримчилар бизни термосда дамланган чой, ширинлигу егуликлар билан сийлашди, кечки маҳал эса Маъмуржон отанинг хонадонида тансиқ таомлар билан меҳмон қилишди.

Маъмуржон отадан «Теримнинг охиригача пахтага чиқасизми?», деб сўраганимизда, ота фақат ўзигагина хос ҳозиржавоблик билан: «Бўлмасам-чи», деди. «Қачонгача пахта термоқчисиз?», деб сўраганимизда, у ҳазиллашиб шундай деди: «Ўлгунимча». Ва кулиб қўйди.
Зиёда Рамазонова ва Абдулла Ëдгоров суҳбатлашди.
Матнни Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Мадина Аъзам суратга олди.
Муҳрим Аъзамхўжаев таҳрирлади.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda