Йил якунида кино, китоб ва подкастлар қаторида қўшиқлар тавсияси бўйича ҳам материаллар тайёрлашимиз аниқ бўлганида бу йилги релизлардан Дуа Липа ва Элтон Жоннинг «Cold heart»и ёки Imagine Dragons`нинг «Eyes closed»ини, жа бўлмаса The Weeknd`дан тавсия қиларман деб ўйлагандим. «Киз лейла»ни Сена Гул ижросида эшитганимдан кейин эса фикрим ўзгарди. Оддий қўшиқдан кўпроқ бўлгани учун бошқалар билан ҳам бўлишгим келди.
BabaLayka номли YouTube канали Saygi1 номли янги лойиҳа бошлаганига кўп бўлмади. Ҳар бир сони у ёки бу юлдузга бағишланадиган ушбу лойиҳада бошқа юлдузлар ўша санъаткорнинг репертуаридаги қўшиқларни ўз талқинида куйлайди. Биринчиси энг яхши турк реперларидан бири бўлган Ceza`га
бағишланган. Saygi1`нинг
навбатдаги сони Eurovison-2003 ғолиби Сертаб Эренерга аталди. Унда Paptircem тахаллуси билан ижод қилувчи Сена Гул, Эренернинг Сезен Аксу билан биргаликда қиз болаларнинг турмушига қарши мужодала мақсадида тақдим қилган «Киз лейла» қўшиғини ижро қилди.
Ўзига хос вокал, ажойиб мусиқа ва ҳужайраларгача таъсир қиладиган кучли матндан иборат ушбу санъат намунаси, илгари сурилган ғояга алоҳида тўхталишга ҳожат йўқ – уни эшитиш ва ҳис қилиш етарли. Қиз фарзандлар, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳамма-ҳаммага ушбу қўшиқнинг
оригинал вариантини клипи билан бирга кўриб юборишни ҳам тавсия қилган бўлардим.