Менга қизиқ-да — ҳокимлар қайси соҳа мутахассиси ўзи? Ким у — иқтисодчими, маркетологми, урбанистми? Келади-да, ўнлаб йиллар давомида одамлар ўрганган, қон-қонига сингиб кетган, ДНКларига ўрнашиб қолган нарсаларни «янги режа»си билан ўзгартириб, бузиб ташлайди. Унинг «янги режаси» бўйича энди одамлар бу кўприкдан эмас, бошқа кўприкдан ўтиши керак, бу бозорга эмас, бошқа бозорга бориши керак. Ваҳоланки, маҳалламиздаги бозор яхши эди, уни бузмасдан ҳам янада чиройли қилса бўларди. Мен кўп гапирган пиёдалар кўпригини ҳам бузмаслик мумкин эди.
Яъни, баъзида шаҳарнинг табиий ривожланишига ҳам қўйиб бериш керак. Ташқаридан ҳар хил одам келиб, «нима тўғрилигини мен сизлардан кўра яхшироқ биламан», деб ўз режаларини тиқиштиравермаса, шаҳар ўзини ўзи эплай олади. Ҳар бир шаҳарнинг табиий афзалликлари бор. Уларни бузмаслик керак. Уларни буткул, таниб бўлмайдиган даражада ўзгартириб ташламаслик керак. Улар шаҳарнинг жони. Нимадир қурмоқчи бўлсанг, бўш жой тиқилиб ётибди. Ишлаб турган нарсага тегинишнинг нима кераги бор?
Шаҳарлар ҳар доим ҳам ҳокимиятга ёқадиган бўлавермайди, баъзида халққа ёқадиган бўлиши ҳам мумкин. Шаҳар бу худди масъулияти чекланмаган бир корхонадек гап — ўзини ўзини эплаш учун у ўзи йўл топяпти, сиз фақат унинг ривожланишига халал бермай, шароит ҳозирлаб берсангиз кифоя. Масалан, бир жойда битта бозор очилиб, у ерда 100 та тадбиркор 10 кишидан ишлатяптими — бир жойда 1000 киши ишлаши катта нарса-ку — у ўсяптими, ривожланяптими, уни бузиш ё кўчириш ҳақида ўйламаслик керак.
Ҳар ҳолда, Гулистон каби шаҳарларда бундай ишларни жуда эҳтиёткорлик билан қилиш лозим. Бу ердаги тадбиркорларнинг ҳаммасида ҳам қора кунига асраб қўйган пули йўқ — агар сиз бошлаган кўчириш ўхшамай қолса, иш бермаса, бу одамлар олдида жуда катта айбдорга айланиб қоласиз. Шунинг учун ўз ҳолига қўйган яхшироқ. Ҳа, чиройли бўлмаслиги мумкин, қандайдир ваҳима-планларга мос келмас — қўлингиздан келса, халал бермай, бузмай, шу бозорни чиройли қилиб беринг. Лекин бу тадбиркорлар иқтисодиётни юргизяпти, солиғини тўлаяпти, одамларни ишлатиб, ойлик беряпти — яхшиси, уларга тегмаслик керак.