Фото: БеҲзод Болтаев / «Газета.uz»
Ситораи Моҳи Хоса
Бухоро амирларининг ёзги қароргоҳидаги ўзгаришлар тарихи
«Ситораи Моҳи Хоса» деган сўзларни эшитган киши, агар бу жой ҳақида бирор тасаввурга эга бўлса, кўпинча ҳовуз олдидаги айвонли ва икки қаватли саройни кўз олдига келтиради. Google’да қидирганда ҳам асосан ўша иморат суратлари чиқади. Умуман олганда, бу тасаввур унчалик ҳам хато эмас, лекин Бухоро ҳукмдорларининг бош қароргоҳи ҳисобланган Аркдан тахминан 7 километр (машинада 15−20 дақиқалик йўл) узоқликда жойлашган бу сарой «Ситораи Моҳи Хоса» номли мажмуанинг фақат бир қисми, холос.
«Ситораи Моҳи Хоса» деган сўзларни эшитган киши, агар бу жой ҳақида бирор тасаввурга эга бўлса, кўпинча ҳовуз олдидаги айвонли ва икки қаватли саройни кўз олдига келтиради. Google’да қидирганда ҳам асосан ўша иморат суратлари чиқади. Умуман олганда, бу тасаввур унчалик ҳам хато эмас, лекин Бухоро ҳукмдорларининг бош қароргоҳи ҳисобланган Аркдан тахминан 7 километр (машинада 15−20 дақиқалик йўл) узоқликда жойлашган бу сарой «Ситораи Моҳи Хоса» номли мажмуанинг фақат бир қисми, холос.
Бундан роппа-роса 105 йил муқаддам ҳам бу мажмуага келган меҳмонларни (табиийки, уларнинг деярли барчаси юксак мартабали бўлган) дарвозахонанинг болохонасидан янграйдиган карнаю сурнай, ноғораю чилдирма садолари остида икки томонда турган соқчилардан иборат фахрий қоровул кутиб оларди. Чунки бу Бухоро амирининг шаҳар ташқарисидаги энг ҳашаматли қароргоҳларидан бири эди.

Ҳозир бундай дабдабаю асъасалар йўқ: дарвозахонанинг соқчилар ўтирадиган бўлмалари чиптахонага, мажмуанинг ўзи эса Халқ амалий безак санъати музейига айлантирилган. Бухоро амирлигининг сўнгги йилларидаги энг яхши меъморчилик намуналари билан, шунингдек, минтақа ҳунармандчилиги тарихи билан танишиш учун ўзбекистонлик сайёҳлар 10 минг сўм, чет элликлар эса 40 минг сўм тўлаши керак. Маълумот учун, 2024 йилда музейга 134 мингдан зиёд сайёҳ келган - уларнинг 48,6 минги маҳаллий, 85,4 минг нафари хорижий эди.

Чипта ва хизматлар нархи
Катта ёшли Ўзбекистон фуқаролари учун
10 000 сўм
Ўзбекистонлик талабалар учун
8 000 сўм
Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари учун
2 000 сўм
Чет эл фуқаролари учун
60 000 сўм
Ўзбек тилидаги экскурсия
70 000 сўм
Рус ёки инглиз тилидаги экскурсия
120 000 сўм
Чипта ва хизматлар нархи
Катта ёшли Ўзбекистон фуқаролари учун
10 000 сўм
Ўзбекистонлик талабалар учун
8 000 сўм
Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари учун
2 000 сўм
Чет эл фуқаролари учун
60 000 сўм
Ўзбек тилидаги экскурсия
70 000 сўм
Рус ёки инглиз тилидаги экскурсия
120 000 сўм
Нима учун бу мажмуа «Ситораи Моҳи Хоса» деб аталади?
«Ситораи Моҳи Хоса» мажмуаси амир Насруллохон даври (1826−1860 йиллар)да бунёд этила бошлаган бўлса-да, ҳозирги соз иншоотларнинг деярли бари Бухоронинг сўнгги амири — Саид Олимхон замонида қурилган. Бухоро ҳукмдорлари бу жойни суюкли рафиқалари ёки ўз даврида Ситораи Моҳи Хоса номи билан танилган малика Биби Ойпошшо (Бухоро хонлигининг сўнгги мустақил ҳукмдорлари — Убайдуллахон ва Абулфайзхоннинг онаси ҳамда ўзбек манғитлар сулоласи вакилларининг амир Ҳайдар (1800−1826)дан бошлаб барча Бухоро ҳукмдорларининг бибикалони) шарафига атаб қурдирган, деган тахминлар бор.
Мажмуа номининг таржимаси масаласида бир неча талқинлар бор. Энг оммалашганлари - «Ойдек гўзал юлдуз», «Ой ва юлдузлардек сарой». Р.Муинининг «Бухоро меъморий ёдгорликлари» китобида эса «Ой ва юлдуз саройи» деган талқин келтирилади.
Тилшунос ва тарихчи Элдар Асанов ҳавола қилган талқинга кўра, мажмуанинг форсча номини эса ўзбек тилига «Амир хосасининг Ой ва юлдузи» деб таржима қилиш ҳам мумкин. Таъбир жоиз бўлса, амир хосаси — бу ҳозирги Президент администрациясидек гап, яъни, давлат раҳбарининг яқин, хос доираси.

Ой ва юлдуз — Бухоро давлатининг рамзлари. Уларни амирлик байроғида ҳам, шунингдек, «Ситораи Моҳи Хоса» мажмуасининг кўплаб жойларида ҳам учратасиз.
«Ситораи Моҳи Хоса»да амир Насруллохон, амир Музаффархон ва амир Абдулаҳадхон қурдирган аксарият (эски) иморатлар сақланиб қолмаган. Амир Олимхон даври иншоотларнинг бугунги кунгача етиб келишида эса, аввало, мажмуанинг шаҳар ташқарисида жойлашгани қўл келган. Чунки Қизил армиянинг 1920 йил август-сентябрда амирликни тугатишга қаратилган босқини вақтидаги бомбардимонларда Бухородаги кўплаб обидалар, саройларга зарар етган. Аммо Ситораи Моҳи Хоса бундай вайронгарчиликлардан омон қолган.
Ўша йил октябрида, афтидан, шаҳарда бошқа муносиб жой қолмагани учун, Бухоро халқ вакилларининг биринчи қурултойи Ситораи Моҳи Хосада ўтказилиб, Бухоро Халқ Жумҳурияти тузилгани айнан шу ерда эълон қилинган. Файзулла Хўжаев бошлиқ ёш республика учун дастлаб «туғилганлик жойи», сўнг маълум муддат бош идора вазифасини ўташидан аввал эса Ситораи Моҳи Хоса амир Саид Олимхоннинг ёзги қароргоҳи эди.
Саройлар архитектураси ва интерьери
«Ситораи Моҳи Хоса»даги иншоотлар қурилишида Саид Олимхоннинг 1893−1896 йиллари Санкт-Петербургда ўқиб келгани, Европа меъморчилиги билан танишганининг таъсири сезилади. Масалан, амир биноларни лойиҳалаштириш учун Маргулис ва Сакович каби россиялик муҳандисларни жалб қилган, бухоролик усталарни эса европача меъморчилик усулларини ўзлаштиришлари учун Санкт-Петербургга тажриба оширишга юборган.

Шунинг учун саройнинг ташқи кўриниши кўпроқ европача чиққан, ички безакларида эса миллий ва европача усул ва ечимлар қориштирилган.

Ҳозирги чиптахонадан киргандаги «Ҳавли берун» (ташқи ҳовли)га асосан ҳунармандлар жойлаштирилган — бу ерда саройнинг заргар, мисгар, кандакор, зардўз, кулол, наққош, каштадўз, хаттотлари амир ва унинг оиласи буюртмаларини бажарган. Хорижий меҳмон ва элчилар бу ерда ҳунармандларнинг ишини бевосита кузатиш имконига эга бўлган, бирор буюм ёқиб қолса, ўша нарса амир номидан уларга совға қилиб берилган. Бу ҳовли ҳозир ҳам ҳунармандлар макони ва бу ерда турли сувенирлар сотиб олиш мумкин.
Усти ёпиқ махсус йўлак — долон орқали ташқи ҳовлидан ички ҳовлига — «Ҳовли дурун»га ўтилган. Бу ерда ҳам маҳаллий, ҳам европача меъморий услубларни ўзида жамлаган «Қабулхона» биноси пешвоз чиқади.
Бир қаватли бу бино амир ётоқхонаси, қабулхонаси, меҳмонлар учун кутиш хонаси, ойнаванд айвон (чойхона), Оқ уй каби бир неча қисмга бўлинган. Бино меъморчилиги ҳам миллий-анъанавий, ҳам европача услубларни ўзида жамлаган.
Амирнинг мажмуадаги асосий вақти ҳам айнан шу бинода кечган: у шу ердаги ётоқхона («Хонаи хоб»)да ҳордиқ чиқарган, тонгда «Саломхона»га чиқиб, аъёнларига кўриниш берган, «Хонаи бози» (ўйинхона)да эса шахмат, домино ё қарта ўйнаб вақтичоғлик қилган.
Бунда ҳар бир хона белгиланган вазифасига кўра безатилган. Масалан, ўйинхонанинг деворларига Россия ва Франциядан келтирилган турли-туман рангли шишалар билан зеб берилган, деворларида шахмат тахтасига ўхшаш безакларни учратиш мумкин.
Даҳлизхонада намойишга қўйилган буюмлар.
Ўнгда — Венецияда ишланган кўзгу.
Даҳлизхона— тўғрида Амир Олимхоннинг от ёпинчигиғи.
Мирзахона — «Қабулхона»нинг хат-ҳужжат ишлари юритиладиган бўлими.
Мирзахонадаги печка.
Мирзахонадаги сейф.
Шифти аркасимон Зиёфатлар хонаси ҳам шундай ранг-баранг, поли эса амир меҳмонлари билан европачасига тамадди қилаётганида рақсга тушадиган раққосаларнинг оёқ товушлари яхши эшитилиши учун паркет билан қопланган.
«Қабулхона»даги кутиш хонаси — «Хонаи интизор» саройнинг миллий услубдаги энг чиройли қисмларидан бири. Унинг ранг-баранг деворлари ва токчаларидаги бир-бирини такрорламайдиган гул ва дарахт нақшлари бухоролик усталар — Ҳасанжон Умаров ва Набижон Ҳафизов томонидан ишланган.

Рангларни ҳам усталарнинг ўзи тайёрлаган ва, тахминларга кўра, усталар рангларни чиқариш учун мевалар, туя сути, тухум сариғи, тилла суви, бодом ва хандон-писта данагидан олинган ёғдан фойдаланган, лак сифатида эса ўрик ва шафтоли ширасини ишлатган.
«Қабулхона»нинг энг муҳташам хонаси, шубҳасиз, уста Ширин Муродов ва унинг 25 шогирди томонидан 1912−1914 йилларда безакланган «Оқ уй» («Оқ зал») — «Хонаи сафед»дир. Амир ўз меҳмонларини айнан шу хонада қабул қилган; рангоранг «Хонаи интизор»даги узоқ кутишдан сўнг, ранг масаласида унинг бутунлай қарама-қаршиси ҳисобланган оппоқ «Хонаи сафед» меҳмонларга янада ҳашаматли ва салобатлидек кўринган. Мажмуадаги энг катта — махсус буюртма асосида Варшавада ясаттирилган қандил ҳам «Оқ уй»га ўрнатилган.
Бир ҳикояга кўра, уста Ширин бу хонани қандай безатиш устида икки ой бош қотиради ва ечимни ёз тунларининг бирида — тўлин Ой ва юлдузлардан ёришиб турган осмонга қараб топади: айтишларича, бу манзара унга бўлажак «Оқ уй»нинг жамолидек бўлиб кўринган.

Уста бу хонани безатиш давомида деворларни пардозлаш бўйича «ойна пардоз» усулини ўйлаб топган. Бунда хона деворларига аввал ўйна ўрнатилиб, сўнг унинг устига ганчли безаклар ишланган, натижада ганч остида қолган ойна минглаб бўлакларга бўлиниб, жилоланиб турган.
«Оқ зал»нинг токчалари Хитой ва Япониядан келтирилган қимматбаҳо чинни гулдонлар билан тўлдирилган. Ситораи Моҳи Хосада бундай нозик чинни буюмларни кўплаб учратиш мумкин — айниқса кирилл алифбосидаги «П» ҳарфи шаклида қурилган «Қабулхона» биносининг охирида жойлашган чойхонада.
Чойхона биносининг ташқи тарафдан кўриниши.
Чойхона безаги.
Чойхонада Амир Олимхон давридаги идишлар коллекцияси.
Экспозициялар ва боғлар
Бухоронинг сўнгги амири чиннидан ясалган нафис буюмларни коллекция қилиб тўплашга ишқибоз бўлган.
Ҳозирда Халқ амалий безак санъати музейининг «Ёзги сарой интерьери» экспозицияси ҳисобланган «Қабулхона» биносида Бухоро амирларига чет эллик (асосан россиялик) меҳмонлар томонидан совға қилинган кўплаб буюмлар, амир, унинг оиласи ва аъёнлари фойдаланган воситаларни кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти ҳам ўша вақтларда хорижий давлатлардан келтирилган.
«Шоҳнома» гилами. Эрон шоҳи Нодирхон томонидан Бухоро амири Музаффархонга совға тариқасида юборилган.
Бронзадан ишланган «Булоқ бўйида қиз» асари.
Бронзадан ишланган «Шамдон кўтаркан аскар» асари.
Бронзадан ишланган «Қиз ва чироқ» асари.
Ички ҳовлида амирнинг меҳмонлари учун европача усулда саккиз қиррали иморат — меҳмон уйи («Хонаи ҳишт») солинган. «Хонаи ҳишт» ҳақидаги афсоналардан бирига кўра, амир Олимхон Россия подшоси Николай II нинг сингилларидан бирига ошиқ бўлиб қолиб, унинг васлига етиш учун саккиз қиррали мана шу меҳмонхонани қурдирган. Бино битгач, амир рус қизига муҳаббат изҳор қилади, аммо рад жавобини олади…
Ҳозир бу павильонда Николай подшонинг сингилларини эслатувчи ҳеч нарса йўқ — у бухороликларнинг XIX аср охири — ХХ аср бошидаги кийимлари кўргазмасига айлантирилган.
Мажмуанинг жанубий қисмида эса ўша — Google’да «Ситораи Моҳи Хоса» деб қидирганда энг кўп чиқадиган, мавританча услубда қурилган «Канизакхона» (бошқа манбаларда «Ётоқхона») жойлашган. Бу амирнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ бино бўлиб, унда Саид Олимхоннинг никоҳидаги тўрт хотини ва болалари, шунингдек, онаси Эшон ойим ва уларнинг канизаклари яшаган. Ҳозирда бу бино бадиий каштачилик музейига айлантирилган.
Ётоқхона биноси олдида Ўрта Осиёдаги энг катта — бўйи 53 метр, эни 46 ва чуқурлиги 3 метр бўлган ҳовуз қурилган бўлиб, у «Канизакхона» саройи олдида ўзига хос микроиқлимни юзага келтирган.

Ҳовуз бўйида, шунингдек, «азонча»ли минорачага туташган икки қаватли шийпон ҳам бор.
Санаб ўтилган ушбу бинолар бир-биридан гулзорлар, ишкомлар, мевали ва манзарали дарахтлардан иборат боғлар, ҳайвонот бурчаги билан ажратилган.

Умуман, мажмуа аввалбошдан ёзги боғ сифатида режалаштирилгани учун унда бинолардан ҳам аввалроқ дарахтлар бўлган. Аммо илк экилган дарахтлардан фақат XVIII аср иккинчи ярмида экилган Балх тутларигина бугунги кунгача етиб келган.
Манбаларда таъкидланишича, амир замонида бу боғларда филу оҳулар, товусу қирғовуллар кезиб юрган, уларни «Қабулхона»нинг миллий услубдаги чойхонасида оёқни узатиб, меҳмонлар билан бирга мазза қилиб чой ичиб, томоша қилса бўларди. Ҳозир у даврлардан ёлғиз ёдгорлик сифатида товуслар қолган, холос.
Биноларнинг СССР давридаги фаолияти ва зараркунанда реставрация
1920 йил сентябрида Бухоро амирлиги қулагач, Ситораи Моҳи Хоса яна тўрт йил — Бухоро Халқ Жумҳурияти тугатилгунига қадар расмий доиралар учун қароргоҳ вазифасини ўтади. «Қабулхона» 1927 йили «Бухоронинг сўнгги амирлари турмуш тарзи» музейига, 1947 йили Халқ ижоди музейига, 1974 йили эса Халқ амалий безак санъати музейига айлантирилди.
«Меҳмонхона» ва «Канизакхона»дан эса 1925−1953 йилларда дам олиш уйи сифатида фойдаланилди. «Канизакхона» 1991 йилгача Буйрак хасталикларини даволаш санаторияси учун ётоқхона, «Меҳмонхона» эса санатория учун кутубхона вазифасини бажарди.
Ҳозирда ушбу уч бино, юқорида таъкидланганидек, Халқ амалий безак санъати экспозицияларига айлантирилган. Ўтган даврда «Ҳарамхона» қисман, масжид, «Гулхона», ҳайвонот боғининг бир қисми, амир Насруллохон ва амир Музаффархон даврида қурилган сарой бинолари бутунлай йўқ бўлиб кетган.
Вазият сўнгги йилларда янада оғирлашган — уч йил аввал реставрация жараёнида «Ситораи Моҳи Хоса»нинг бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари нобуд қилингани, мажмуанинг бир қисми ўзининг тарихий ва бадиий аҳамиятини тўлиқ йўқотгани маълум бўлганди.
«Биз ишлар хато бажарилаётганини кўриб, билиб турдик. Аммо қаршилик қилолмадик. Кучимиз етмади. Тушунтирдик, тушунишмади», — деганди ўшанда мажмуа раҳбари Суҳроб Салимов. Ўшанда реставрация ишлари мутахассис бўлмаган кишилар томонидан олиб борилгани алоҳида таъкидланган эди. Бундай нисбатан яхши сақланган тарихий обидалар унчалик ҳам кўп эмаслиги ҳисобга олинса, уларни сақлаш ва қайта тиклаш ишига бундай совуққон ёндашувни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
«Ҳозирда „Ҳарамхона“ ҳовлиси ва биносини тиклаш бўйича жуда кўп муаммолар турибди. Ҳовлининг олд ва ташқари томонларидаги йўқолиб кетган меъморий безак кўринишларини тиклаш, биринчи ва иккинчи қаватнинг бузилган бино ва шаклларини қайта тиклаш керак», — дейди Бухоро давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги Cитораи Моҳи Хоса амалий безак санъати музейи катта илмий ходими, санъатшунос Наргиза Жумаева.
Санъатшунос Наргиза Жумаева сайёҳлар учун ўз китобига дастхат қўйиб бермоқда.
Мажмуа жанубида усти айвонли яна бир дарвоза бор. У майдонга қараган бўлиб, майдонда улоқ, кўпкари ўтказилган, амир эса айвонда ўтириб, жараённи томоша қилган.

Наргиза Жумаеванинг айтишича, бу дарвозахонани ҳам таъмирлаб, олдидаги майдонда «ХIХ аср охири — ХХ аср бошидаги транспортлар кўргазмаси»ни ташкил этиш мумкин.
Ситораи Моҳи Хосага келган ташрифчилар мажмуанинг сақланиб қолган қисмини кўриб жуда ҳайратланади, агар таъмирлашга ё қайта тиклашга муҳтож қисмлари ҳам реставрация қилинса, сайёҳлар ҳайрати янада ортади, деб ҳисоблайди Наргиза опа. Бунинг учун вайронага айланган биною боғлар худди амирлик давридагидек қайта тикламоқ лозим.
«Гул экан деб атиргул, дарахт экан деб арча, қуш экан деб чумчуқ олиб келган билан иш битмайди», — деб хулоса қилади у.
Мақола Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи — Беҳзод Болтаев.
Материални тайёрлашда Наргиза Жумаеванинг «Cитораи Моҳи Хоса бўйлаб» рисоласидан фойдаланилди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda