Маҳаллалар мусиқаси
«Саҳар» гуруҳи яккахони Анвар Жўраев билан Тошкент бўйлаб сайр
«Газета.uz» Yandex Music билан ҳамкорликда «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Биз бунда машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу гал «Саҳар» гуруҳи яккахони Анвар Жўраев билан пойтахтни айланиб, ўзбек мусиқа саноати ривожи, цензура, Tashkent City’нинг афзалликлари ҳақида гаплашдик.
«Газета.uz» Yandex Music билан ҳамкорликда «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Биз бунда машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу гал «Саҳар» гуруҳи яккахони Анвар Жўраев билан пойтахтни айланиб, ўзбек мусиқа саноати ривожи, цензура, Tashkent City’нинг афзалликлари ҳақида гаплашдик.
Анвар Жўраев билан «Ойбек» метро бекати олдидаги Moti ресторанида кўришдик. У бу жойни Олмаотадан Тошкентга қайтгач, ресторатор дўсти билан бирга очган. Ўзбекистондаги ўзгаришлар унда мамлакат ривожига қандайдир ҳисса қўшиш истагини уйғотган. У бу истакни ўз қизиқишлари ва лойиҳалари орқали рўёбга чиқаряпти, чунки, Анварнинг ўзи таъкидлаганидек, «ҳар ким ўзи билган ишни яхши уддалайди».

У урбанистикани яхши тушунмайди ва буни очиқ тан олади (гарчи маданият бу соҳанинг кўзга ташланмас бир қисми ҳисобланса-да). Машина унга пиёда сайрлардан кўра кўпроқ хавфсизлик ҳиссини тақдим этади, шу боис у ҳозир пиёдаларнинг муаммоларидан унчалик ҳам бохабар эмас. Лекин пандемия йилида у бутун шаҳарни болалар аравачаси билан кезишга мажбур бўлган. Шаҳарсозликка қизиқмайдиган одамни бошқа ҳеч бир нарса ёш бола билан бирга узоқ сайрлардек тезда ҳушёр торттирмайди.

Анвар бир маромли ва хотиржам одамдек таассурот қолдиради. Унинг бугунги туриш-турмуши билан нолинчи йилларнинг бошида узун сочлари ва ажабтовур кийимлари билан Тошкентнинг рок-саҳналарида текинга қўшиқ айтиб юрган йигит ўртасида боғлиқлик топишга қийналасан киши. Айтишича, ёш улғайган сари кишидаги альтруизм (беминнат, беғараз меҳнат) ҳисси ҳам сўниб боради. Ёшлик шижоати ўрнини сени мақсадлар сари етаклаб борувчи вазминлик эгаллайди.

У мусиқа, концертлар ва маданият, таълим, тақиқ ва ёзилмаган қоидалар ҳақида кўп мушоҳада юритади. Уларнинг чуқур изларини нафақат креатив саноатда, балки оддийгина ҳаётимизда ҳам — тарбия, одамлар ўртасидаги келишувлар ва шаҳар муҳитида ҳам кўплаб учратиш мумкин.
Анвар маданий ҳаётдан кўра айнан шаҳар муҳитида яхши ўзгаришлар кўпроқ бўляпти, деб ҳисоблайди. Шу ўзгаришлар бўлмаганида, эҳтимол, у қайтмаган ҳам бўларди.
Ватан ва нолинчи йилларнинг эркинлиги ҳақида
Мен «Ватан қаерда?» деган саволни ўзимга кўп берганман. Учқудуқда, ҳарбийлар оиласида туғилганман, онам шифокор эди. Сургутга (Россиянинг Ханти-Манси мухтор округидаги шаҳарга — таҳр.) кўчиб ўтган вақтимиз мен, адашмасам, ҳали бир ойлик ҳам эмасдим. Тўртинчи-бешинчи синф бўлгунимча ўша ерда яшаганмиз. Бу шаҳар хотирамда нефть қазиб олиш маркази ва абадий қиш макони сифатида қолган. У ерда ҳақиқий ёз деган нарса деярли бўлмасди: ҳар доим курткачада, бошга қалпоқ кийиб юрасан. Россиялик болалар каби вақтичоғлик қилардик — ўрмонга борардик, қўзиқорин терардик, олмахонларни қувлардик. Жисмоний тарбия дарсларимиз фақат чанғи ва конкида ўтарди. Вобкентга (Бухоро вилоятига — таҳр.) кўчганимиздан сўнг, мен чанғиларим ва хоккей формамни фотосалонга топшириб юбордим. Ўшандан бери на чанғида, на сноубордда учдим. Экстремал спортни ёқтирмайман. Саҳнадаги адреналин етиб ортади менга.
Мени мусиқадан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмаслигини ҳар доим билганман. Тўғри, гитара чалишни қизларга ёқиш учун ўрганганман, буни яширмайман. Ота-онам мусиқа масаласида мени дарровгина қўллаб-қувватламаган. Отам бу вақтга келиб пенсияга чиққан, онам билан бирга мокки-бизнес билан шуғулланарди. Бу Совет Иттифоқи парчаланиб, ҳаммаёқда қашшоқлик ҳукм сураётган, иккита «Жигули»нинг пули бир кило гўштга тенг бўлиб қолган замонлар эди. Тирикчилик учун бошқа йўл йўқ эди. Улар товар учун Россияга бориб, бу ерга олиб келиб сотишарди. Кейинроқ биз Тошкентга кўчиб, уч йил идиш-товоқ бозорида савдо қилдик. У вақтларда бозор расталари лой ва ёғочдан кўтарилган целлофан чодирлардан иборат эди, ҳозир ҳаммаси идиш-товоқ бутикларига айланиб кетган. Шунга қарамай, у вақтда ҳаммаси зўр эди, чунки пулимиз кўп эди.

Ота-онам, мусиқа билан шуғулланишни бошида ғирт аҳмоқлик деб ҳисоблаган бўлса-да, қўшиқ ёзишим учун менга пул берган. Отамнинг прокурор, ҳар хил юқори мансабларда ишлайдиган ўртоқлари кўп эди. У: «Юридик институтга ўқишга кириб, прокуратурада ишлайсан, давлат хизматчиси бўласан», дерди. Онам эса: «Сен учун йиғиб қўйган пулимиз бор. Хоҳласанг, машина совға қиламиз, институтга ўқишга киритамиз ёки ўз билганингча ишлат», деган. Мусиқага шунчалик ошуфта эдимки, мени на машина ва на институтга кириш қизиқтирарди. Лекин қўшиқларим ўхшамай, ишончни оқлай олмасам, бундан кейин яна кўмак олишим даргумон эди.
Бизнинг хит қўшиқларимиз бор эди, машҳур эдик, аммо бир тийин пулимиз йўқ эди. Биз Тезиковкага бориб, ўзимизга секонд-хенддан нарсалар сотиб олардик. Ажабтовур либослар кийиб юрардик. 20 йил аввал «Тарона»нинг концертларида аёл хонандалар супер тор кийимларда, шортикларда, декольтеларда куйлайверарди. Биров билан бировнинг иши йўқ эди.
Биз «Ёмғир» ва «Мени излама» деган иккита қўшиқ ёздик ва иккаласи ҳам «учди». Саҳнага чиқишдан ўзга иложимиз қолмаганди. Иккита қўшиқ билан Ўзбекистон бўйлаб турнега чиқиб кетганмиз. «Жоним» деган гуруҳ бўларди, мамлакатни улар билан бирга айланганмиз. Биз иккита, улар эса 12 та қўшиқ айтади. Шунда «Тарона» бизга альбом ёзишимиз кераклигини айтди.

Аммо у вақтларда мусиқа ортидан тирикчилик қилиб бўлмасди — авваллари шунчаки пул тўлашмасди. «Ўзбекконцерт»дан (авваллари у «Ўзбекнаво» деб аталарди) телефон қилиб: «Фалон жойга бориб, қўшиқ айтасизлар», дейиларди. Мезбон эса кимнингдир жияни, ўғли, қизи бўлиб чиқарди. Бошидан охиригача текинга хизмат қилиб келардик.

Бизнинг хит қўшиқларимиз бор эди, машҳур эдик, аммо бир тийин пулимиз йўқ эди. Биз Тезиковкага бориб, ўзимизга секонд-хенддан нарсалар сотиб олардик. У ердан чиройли джинси шимлар, зўр ёзув ва суратлар туширилган Америка футболкаларини топса бўларди. Биз ажабтовур либослар кийиб юрардик, бир сафар Олмаотада ҳатто юбкада саҳнага чиққанман. Нолинчи йилларда Ўзбекистонда ҳам шундай ишлар қилиш мумкин эди, аммо ҳозир бундай қилиб бўлмайди. Ўтган йили «Халқлар дўстлиги» саройидаги концертда бир неча мухлисалар бизни бюстгальтерлар билан «тошбўрон» қилмоқчи бўлди. Лекин бунга рухсат бермадик, акс ҳолда бизни «Ўзбекконцерт»га чақиришар, катта можаро бўларди. 20 йил аввал эса «Тарона»нинг концертларида аёл хонандалар супер тор кийимларда, шортикларда, декольтеларда куйлайверарди. Ўзимиз ҳам чарм иштон, шляпа ва ковбойча этикларда чиқардик. Сочимни елкамгача тушириб юрардим. Биров билан бировнинг иши йўқ эди.

Буёқда ижодни монетизация қилиб бўлмайди, биз эса келажак ҳақида бош қотиришимиз керак эди. Ёшимиз 23−25 да, энди нима билан шуғулланишимизни ҳал қиладиган вақт келиб қолганди. 25 ёшингда ҳам ота-онангнинг елкасида ўтириш — кишига хуш ёқадиган ҳолат эмас. Боз устига, машҳур бўлсанг, сени қизлар яхши кўрса, мухлисангни ресторанга таклиф қилишни, ўзинг ҳам чиройли кийиниб юришни истасанг — нимадир қилиш керак. Биз ё ўз йўналишимизни тўйлар томон буришимиз, ёки бошқа чора топишимиз керак эди.

Олмаотада биз тўлақонли гуруҳ тузиб, мусиқа саноатининг ич-ичигача кириб бордик. 100 минглаб одам тўпланган фестивалларда чиқишлар қилдик. Бу Esquire ва Yandex ўтказадиган тадбирлар эди. Тошкентда ҳам шундай тадбирлар албатта бўлади, деб ўйлайман. Катта компанияларнинг мамлакатимизга кириб келаётгани шундан дарак беряпти. Улар фестиваллар ва шунга ўхшаш бошқа фаол тадбирларни уюштиради. Бизда давлатнинг ўзи ҳам катта фестиваллар ўтказяпти, бунга катта ресурс сарфлаяпти.
Ўзбекистондаги тадбирлар ва санъаткорларнинг «ўлдирилиши» ҳақида
Ҳозирча Тошкентда битта муассасам бор. Бизнесга жуда шўнғиб кетганим йўқ, ҳали ҳам асосий даромадим мусиқадан. Лекин биз ҳам одаммиз — бизнинг ҳам қандайдир қизиқишларимиз, манфаатларимиз бор, бирор нимага пул тикамиз, нимадир ўхшайди, нимадир йўқ. Ҳозир Қозоғистондаги шериклар билан бирга ивент-агентлик (тадбирлар ўтказиш бўйича ташкилот) очишни ўйлаяпман. Мавжуд агентликларнинг савияси менга маъқул, лекин бизда барибир ҳаммаси қандайдир маҳаллий даражада. Бу нафақат бир хил безаклар ва ёритишда, балки ёндош масъулиятсизликда ҳам намоён бўлади.
Бизда шунақа-ку:

«Ака, бўлди, гаплашиб олайлик, Худо хоҳласа, ҳаммасини ҳал қиламиз. Ҳаммаси зўр бўлади», дейилади.
Аниқлик йўқ, нимадан умид қилишинг кераклигини умуман билмайсан. Охир-оқибат, одамлар биргина «йўқ» деган сўзни айта олмагани ва мажбуриятларини ҳам бажара олмагани учун уришиб қолади. Сен гўёки «ҳа» дегандек бу жавобга шунчаки умид қилмагансан-ку ахир, шу гапга ишониб режалар тузгансан. Дейлик, биз аранжировкачи (мусиқа сайқалчиси) билан келишдик, у аранжировкани бир ҳафтадан кейин юборадиган бўлди. Шу келишувга ишониб, фотосуратчи билан, клипни сурат олиш бўйича операторлар билан, қўшиқ ва клипни айлантириш бўйича радиостанция ва телеканалларнинг менежерлари билан гаплашасан, чунки айтилган вақтда қўшиқни олиб боришингни биласан. Шунча келишувнинг устига бир ҳафтадан кейин аранжировкачи ишни эртага бошлашини маълум қилади. У қандай баҳона қилишининг фарқи йўқ. У ишни қилмагани ҳақида ҳатто огоҳлантириб қўйишни ҳам эп кўрмайди.

Ёки тадбир ўтказиладиган майдончага келганингда, у ерда овоз ускуналари йўқ бўлади, кейин «вой, ёрдамчимиз эсидан чиқарибди, ҳозир, ярим соатда етиб келаркан, ака», деган гапни эшитасан. Оқибатда бир ярим соат кутасан ва шу билан ҳаммаёқ алғов-далғов: овозни текширишга улгурилмайди, тадбир бошланиб кетади, ашулачининг шармандаси чиқади, буюртмачи артистдан норози ва тадбирдан кейинги умумий кайфият расво. Ваҳоланки, санъаткор қўлидан келганича ҳаракат қилган бўлади.
Мен Ўзбекистонда бундай масъулиятсизликка мунтазам тўқнаш келаман. Қозоғистонда ҳам илгари шундай эди, аммо ҳозир унча-мунча тартибга тушиб қолган, чунки артистлар тайминг асосида ишлашни талаб қилади. У ерда ивент-агентликлар мажбуриятларини бажара олмаса, пулсиз қолишини яхши билади. Агентлик қандай ҳолларда жаримага тортилиши мумкин? Масалан, овоз устаси «ўтириб қўйса» ёки безакчилар ўз ишини уддалай олмаса. Шу боис у ерда ишончсиз пудратчилар билан ишлашмайди, пудратчилар ҳам ўз ишини яхши бажаришга ҳаракат қилади.

Бизда ҳам аста-секин шу даражага чиқиляпти. Ривожланяпмиз, бу ўсиш ҳеч қаерга йўқолиб қолмайди. Ҳозир Ўзбекистонда релокантлар, катта компаниялар кўплигидан хурсандман. Улар жамиятимизни тартибга соляпти, масъулиятга, вақтни тўғри ҳисоблашга ўргатяпти.
Жорий шароитда биз вазиятдан турлича чиқамиз. «Халқлар дўстлиги»да концерт берганимизда Москвадан ўзимизнинг овоз режиссёримиз — Дима Куликовни чақирдик, чунки Ўзбекистонда овоз масаласи ҳар доим муаммо бўлган. Дима ҳаммани ўтирғизиб-турғизди: «Алмаштир, мен айтганимни қўй», деб. Биринчидан, у тайёргарликни концерт бошланишидан икки ой аввал бошлади. Биздан: «Бас-гитарачи барабанчи ёки саҳнага нисбатан неча даража бурчак остида ўтиради?», деб сўради, чунки овознинг сифати мана шунақа нарсаларга ҳам боғлиқ.

Ўша концертда биз икки марта 4500 кишидан одам тўпладик. Аммо бизда концерт маданияти ҳам йўқ. Одамлар тирбандлик, тиқилинчда қолмаслик учун охирги ашулани эшитмай туриб кетади ва қўшиқчи ярим ҳувиллаган залга қараб куйлашга мажбур бўлади. Илгарилари концертга бориш биз учун қандайдир ўзига хос воқеа эди. Қўшиқчиларни кўриб, ўзимизни йўқотардик. Ҳозир-чи, одамлар текин концертга ҳам келмаяпти. Эҳтимол, бу ёмон контент кўплигидандир. Ваҳоланки, одатда контентнинг айнан шунақаси оммавий томошабинга эга бўлади.

Бу йил кузда, агар ҳомий топа олсак, «Ҳумо Арена»да концерт бермоқчимиз. Ҳомийсиз концерт ўтказиш имконсиз. Концерт пул келтирмайди, ҳатто ўзини қопламайди, чунки чипта жуда арзон. Тўлиқ фонограммали концерт ўзини қоплаши мумкин, чунки у ерда харажатлар нари борса 10 минг доллар бўлади. «Халқлар дўстлиги»даги концертимиз эса 100 мингга тушди, биз эса бор-йўғи 5000 ишлаб топдик. Жонли ижро учун берилган бутун бошли чегирма билан шунча ҳали. «Халқлар дўстлиги»да шунақа — фонограмма остида куйласанг, залнинг бир оқшомлик ижараси 14 млн сўм, жонли ижро бўлса — 7 млн. Салкам 5000 кишилик улкан зал учун бу пул — арзимас чақа.

Шунинг учун ҳам саройнинг аҳволи ҳаминқадар. Давлат уни яхшилаш учун пул ажратмайди, чунки унинг бундан бошқа ташвишлари ҳам тиқилиб ётибди. Бирор хусусий қўлга сотишса, уни обдон таъмирлаб, ўриндиқлари, ускуналарини янгилаб, тезда бинойидек қилиб қўярди. У ҳолда зал ижараси 5000 доллардан бошланса керак.
Бундай нарх, албатта, санъаткорларни синдиради — ҳозиргидек кунда-шунда концерт бўлмайди. Ҳеч бўлмаса камида бир кун сифатли аудитория тўплай оладиган ва чипталарини 50 минг сўмдан эмас, ҳеч йўғи 10−15 доллардан сота оладиган бамаъни санъаткорлар қолади. Ваҳоланки, европача концертларда чипталарнинг энг арзони ҳам 100 доллардан бошланади.
Концертлар ўзини оқлаши учун чипта нархи шундай бўлиши керак. Одамлар ҳам чиптани шу нархга сотиб олишни хоҳлаши керак. Нима учун биз Стинг, The Weeknd, Робби Уильямснинг концертларига борамиз, уларни жонли эшитиш учун самолётга, концертга чипта харид қиламиз, меҳмонхонадан жой оламиз, нима қилиш керак бўлса ҳаммасини қиламиз? Нима учун? Менимча, гап фақат шундай қилишга имконимиз борлигида эмас, балки бу санъаткорларнинг қўшиқларида қадрият, қиймат борлигида. Албатта, бирламчи эҳтиёжлари қондирилмаган одамларнинг концертларга тупургани бор. Маданий жиҳатдан бойиш — бу ҳашамат. Келинг, жамиятнинг бирламчи эҳтиёжлари таъминлаб бўлинган қатламлари ҳақида гаплашайлик. Улар мусиқада қиймат, қадрият кўриши керак. Қўшиқ уларга муҳаббатни, қандайдир воқеаларни эслатиши керак.
Цензура ва Ўзбекистон мусиқа саноатининг ўзига хосликлари ҳақида
Мен бош цензор ҳисобланган «Ўзбеккконцерт»ни тугатган бўлардим. Мусиқа сифатли бўлиши учун цензурадан воз кечиш керак. Мусиқани «рухсат этилган» ва «рухсат этилмаган» туркумларга ажратиш сифатни ва мусиқанинг ўзини ҳам ўлдиради. Ҳар қандай мусиқа ажойиб. Тўғри, сифатни баҳолаш масаласи ҳам бор. Сиз 300 минг сўм ҳамга, 3000 долларга ҳам устки кийим сотиб олишингиз мумкин. Улар сифат жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади, аммо иккиси ҳам яшашга ҳақли.
Мамлакатдаги ўзгаришлар креатив саноатга, мусиқаларнинг хилма-хиллигига ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Ҳозир тўйлар ҳам бошқача ўтяпти. Масалан, тўйларда рэперлар, фольклор жамоалари чиқиш қиляпти. Истеъдодли ёшлар ҳам кўпайган. Лекин санъаткорларнинг даромади масаласи ҳамон мураккаблигича қоляпти. Бизда муаллифлик ҳуқуқи ишламайди, тур ўтказувчи агентликлар йўқ, умуман, тур (концерт саёҳати) деган нарсанинг ўзи қилинмайди ҳам. Конста ва Рухсора бу масалада нималардир қилишга уриняпти, уларга гап йўқ. Аммо бу маданиятнинг шаклланишига йиллар керак бўлади.

Европа ёки АҚШда иқтидорли бирор бола альбом чиқариб, муаллифлик ҳуқуқи бўйича ажратмаларидан йилига 10 млн доллар пул ишлаб топиши мумкин. Уни лейбл олади, халқаро тур ўтказишни таклиф қилади, унга 100 млн доллар тўлайди. Артист ортиқча нарсаларга бошини қотириб ўтирмайди. У фақат мусиқа билан шуғулланади, оиламни қандай боқаман, деган ташвиш бўлмайди унда.

Бизда эса бозор бошқача: одамлар тўй орқали пул топади. Бу нарса айнан цензура ва тақиқларнинг зарарли оқибатидан келиб чиққан. Қандайдир бемаъниларни тақиқлаш истагини, эҳтимол, тушуниш мумкиндир, уларнинг жамиятга кўрсатадиган салбий таъсиридан хавотир бўлади. Лекин ундайлар ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ўша бемаънилар бор жойда Rolling Stones каби (зўр)лар ҳам бўлади.
Масалан, Қозоғистонда ҳеч қандай тақиқ йўқ. Шунинг учун уларнинг Ирина Кайратовна, A’Studio, Dimash каби санъаткорлари машҳур ва дунё бўйлаб гастроллар қилмоқда. Улар хоҳлаган нарсасини куйлаяпти ва ҳақиқий ижод билан банд. Улар ҳаётининг беш йилини студия ертўласида ўтказиб, охири «учадиган» ва пул келтирадиган аъло контентни тайёрлаши кераклигини билади. Бизда эса ҳаммаси ягона тақиқланмаган нарса — тўй сегменти атрофида ўралашган, барча қўшиқлар ишқ-муҳаббат ва шу кабилар ҳақида.
Агар кино, телевидение ва мусиқадан цензура кетса ҳамда муаллифлик ҳуқуқи ишлай бошласа, вазият ўзгариши мумкин. Мавзу ва матнни англайдиган фикрловчи онгли аудитория ҳам пайдо бўлиши керак. Мусиқа — бу таълим демак. Одам ҳар хил бастакорлар, гуруҳларни эшитса, у мусиқа оламида мўлжал ола бошлайди, нисбатан сифатли маҳсулот, чуқурроқ маъно-мазмунга эга мусиқа басталаши мумкин. Албатта, 10 ёшли бола Дворжакни эшитиб мазза қилмас, лекин бу нарса у билан қолади. Бир психолог айтганди: агар болани жуда кичкиналигида урсангиз, у буни ҳодиса ўлароқ эслаб қолмас, аммо ҳиссий жиҳатдан бу воқеа албатта ёдида қолади. Мусиқа билан ҳам худди шундайлигига ишончим комил. Бола 10 ёшида увертюраларни эшитиб завқланмас, аммо бари онгида қолади ва 18 ёшга тўлганида у расво нарсани эшитишга тоқат қилолмайди.
Tashkent City ва йўллардаги вазият ҳақида
Тошкент бўйлаб сайрни биз Moti’дан икки қадам нарида — «Мовий гумбазлар» хиёбонидан бошладик; бу жойни Анвар Жўраев «аллейка» («хиёбонча») деб атайди. У бу ерда баъзида дўстлари билан сайр қилади, баъзан болаларини оилавий велосипедда учиради, шу ердаги эски-тускилар бозорини томоша қилади. Ўзи бу нарсаларга унчалик ҳам қизиқмайди, аммо томоша қилмаслик қийин. Эски нарсалардан фақат мусиқа асбобларигина жуда қизиқтириб қолиши мумкин, чунки унда ким куй ижро этган, қандай қўшиқлар яралган — қизиқ-да. Кўчада уни мухлислар таниб қолиши — тез-тез юз берадиган ҳолат. У ўз мухлислари билан эски қадрдонларидек гаплашади, эсдалик учун суратга тушади ва ўзини охирги марта қачон кўришишганини эслай оладигандек тутади.
Мен очиқ турдаги транспорт воситаларини ёқтирмайман. Самокат, велосипед ва скутерлар хавфсиз эмас. Лекин Москвада баъзан самокат олиб, ВДНХ атрофида учиб тураман. Москвада марказ бўйлаб сайр қилиш, Александр боғига ёки Зарядье паркига кириш ёқади. Улар жуда тоза, умуман, Тошкент паркларини Москвадагилари билан таққослаганда хаёлга биринчи бўлиб келадиган нарса, эҳтимол, айнан тозалик бўлса керак. У ерда одамлар тозаликка риоя қилади, майса устида бемалол ётсанг ҳам бўлади. Бизда эса одамлар кўп тупуради. Мен Тошкентда айнан тупуриш ва ҳайдовчилар маданияти билан боғлиқ вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилган бўлардим.
Ўзбекистон транспорт хавфсизлигига эришишига ҳали анча бор. Бизда ҳайдовчилик маданияти ва йўлда ўзаро ҳурмат деган нарса умуман йўқ. Мана, мисол учун, ҳамма камералардан нолийди, уларни кимнингдир бизнеси, деб ҳисоблайди. Мен йилига ошиб борса икки марта камерага тушсам-тушаман ёки йўқ. Қоидани бузмасанг, бу камера борми-йўқми, айнан сен учун аҳамиятсиз. Эсимда, Олмаотада камераларни ўрнатиш энди бошланган чоғлари кўпчилик уларни бутафория деб ўйлаган. Бир куни менга уйим ёнидаги камерадан 18 ё 19 та жарима келганди. Бу нарса одамни жуда тез тартибга солиб қўяди. Тартиб-интизом — айнан хавфсизлик демак.

Конста ва Gross суғурта компанияси билан бирга «Яшагим келар» қўшиғига клип олгандик. Ғоя ЙТҲларнинг ҳақиқий жабрланувчиларини олиб чиқишдан иборат эди. Ушбу клипдан мақсад машина қийматини, мулкнинг ўрнини қоплаш мумкин, аммо инсон саломатлигини қайта тиклаб бўлмаслигини кўрсатиш эди. Буни ёддан чиқармаслик керак.
Мен пиёда сифатида ўзимни хавфсиз ҳис қилмайман. Асосан паркларда пиёда сайр қиламан. Албатта, баъзида машинани бу ерда, «хиёбонча»да қолдириб, Навоий театри орқали Бродвей (Сайилгоҳ)га, ундан сквер (Амир Темур хиёбони)гача ҳам бориб тураман. Менга бу ерда марказнинг нафаси, гавжумлик, кўча машшоқлари ёқади. Ҳар доим уларнинг ижросига баҳо бериб, пул қолдираман. Уларни қўллаб-қувватлаш керак. 1990-йилларнинг охирида кўча машшоқлари ҳозиргидан кўпроқ эди. У вақтларда субмаданиятлар ҳам кўп эди, аммо кейин бу нарсалар тақиқланди, кейин бошқаси тақиқланди, шу билан ҳаммаси йўқолиб кетди. Уларнинг яна қайтаётгани қувонарли.
Мен 2004 йили Олмаотага борганимда, Тошкент унда анча орқада қолган эди. Қозоғистонда тараққиёт бор эди, машҳур брендлар мамлакатга кириб келаётган, яхши савдо марказлари қурилаётган эди, одамлар маданиятга пул сарфларди. Тахминан 2017 йилгача шундай давом этди. Ҳозир эса менга Тошкент вайби кўпроқ ёқади. Агар биз иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳозиргидек тўғри кетишда давом этаверсак, бизни жуда буюк келажак кутяпти, деб ўйлайман.
Анварга Ситида сайр қилиш ёқади. Биз Ситига Афросиёб кўчасидаги ҳовлилар ёқалаб бордик. У яшилликка бурканган, сокин, ёнидан ариқчалар оқиб ўтган бу уйларнинг ўзига хослигидан ҳайратланади. Қурилганига неча замонлар бўлган икки қаватли «дом»ларнинг вазифасини тахмин қилади. Анҳорбўйини ўзи учун кашф этиб, нима учун Олмаотага кўчгунига қадар қизлар билан бу ерларга сайрга келмаганига ҳайрон бўлди.
«Биз аёллар билан қаерларда сайр қилардик-э, — дея эслайди у. — Алгоритмда яшардим. Қўлимизда ҳеч қачон тайинли пул бўлмагани учун энг осон иш Чилонзор бўйлаб сайр қилиш эди. Маршруткада „Чилонзор“ метросига бориб, ундан Мирзо Улуғбек (ҳозирги Ғафур Ғулом номидаги боғ)гача пиёда борардик. Ёзда у ердаги кўлда болалар билан чўмилардик. Ҳали артист бўлмаган вақтимиз, қизларнинг эътиборини ўзимизга қаратишни хоҳлардик. У вақтларда паркларда, Бродвейда караоке столлари бўларди. Мен ҳар доим яхши куйлаганман, шунинг учун атрофда бирдан қизлар тўпланарди ва кетма-кет: „Зўр айтяпсиз, яна бир бор куйлаб беринг“, деган гаплар бошланарди. Шу тариқа қизлар билан танишардик».
Сити ажойиб жой бўлган, деб ҳисоблайман. Ўзингни худди Дубайдагидек ҳис қилишинг мумкин бўлган бир бурчак. Бу ердаги боғ, инфратузилма, савдо маркази аъло даражада, бола билан бемалол сайр қилишинг мумкин, ҳатто уни қўйиб юборсанг ҳам бўлади. Қандайдир хавфсиз. Рафиқам нуқул: «Биз Ситидан уй олишимиз керак», дейди.

Сити ўрнида маҳалла бўлган, аммо мен у ерда ҳеч қачон бўлмаганман. Сити ақлбовар қилмас даражада пул, сайёҳларга қанчадан қанча таассуротлар, солиқ тушумлари, иш ўринлари келтиряпти. Ўша маҳалла-чи, мамлакатга, инвестициявий муҳитга нима бера олган бўларди? У маҳалланинг бирор ўзига хослиги бормиди? Бизда оммалаштириш, танитиш мумкин бўлган мерос шундоқ ҳам тиқилиб ётибди.

Регистон, Арк ва Ичан-қалъа каби энг машҳур объектларнинг ўзи бир олам. Одамлар уларни лозим даражада билмайди. Мана, Эйфель минораси ёки Озодлик ҳайкали шу қадар кўп пиар қилинганки, бутун дунё уларга интилади. Мен уларда ўзига хос бирор жиҳатни кўрмайман, аммо одамлар шу тимсолларни кўришни хоҳлайди, шу тариқа улар жойлашган мамлакат бюджетларига пул келтиради. Мен ҳеч қанақасига Эйфель минораси ёки Озодлик ҳайкалининг қадрини ерга урмоқчи эмасман. Шунчаки, бизда ҳатто дизайнерлик ўйланмалари бўйича ҳам қизиқроқ ва бойроқ мерос бор, деб ҳисоблайман.

Қўлимизда бор нарсаларни кўрсатишни ўрганишимиз керак. Мана, америкаликларни олайлик — улар ҳар қандай нарсадан шоу ясаб, ўз ҳайкали ёки президент сайловини ҳам тўғри сотишни эплайди. Ҳар бир штатнинг ўз лақаби ва рамзи бор. Улар мерчлар, почта маркалари, шаҳар дарвозаларидаги стеллаларда ўз аксини топади. Ахир булар ҳам кимлардир томонидан ўйлаб топилган-ку. Эҳтимол, бу ишлар қимматга тушар, аммо узоқ муддатли истиқболда барибир ўзини оқлайди
Тошкентга қайтиш ҳақида
Тошкентга қайтишимга сабаб бўлган омиллардан бири, бу — Олмаотанинг ҳавоси. Мен ундан қочиб қутилдим, чунки ўзимни ёмон ҳис қилаётгандим, томоғим оғрирди. Олмаотадаги аҳвол — фалокат. Ҳозир Тошкент ҳам, гарчи ўзим буни ҳали жисмонан ҳис қилмаётган бўлсам-да, ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича биринчи ўринларда турибди.

Умуман, менда шундоқ ҳам қайтиш нияти бор эди, чунки мамлакатдаги вазият ўзгарди: ҳамма нарса енгиллашди, юришиб кетди. Бу нарса мени яхши маънода ҳайрон қолдирди. Аммо мен бу ерга ишлашга келишим билан ковид бошланди. У вақтларда ўғлим ҳали юрмасди, айнан ўшанда мен Олмаота ва Тошкент ўртасидаги фарқларни ҳис қилдим. Тошкентда йўлда, пиёдалар ўтиш жойларида ҳеч ким йўл бермасди. Бинойидек йўлаклар, пандуслар ҳам йўқ эди. Шаҳарни, йўл ва тротуарларни қайта қуриш бўйича яхши лойиҳалар энди-энди пайдо бўляпти. Шароитларни ҳозирлашга мажбур қилишяпти.
Исталган шаҳардаги энг муҳим нарса — унинг кайфиятини тутиб олишдир. Мен Тошкентда ҳам, Олмаотада ҳам, Москвада ҳам ўзимни бирдек яхши ҳис қиламан. Қаердир бунисидан-да яхшироқ, деб айтмаган бўлардим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, «Ватанинг қаерда?» деган саволга жавоб беришим қийин бўлса керак. Мен Учқудуқда туғилганман, ҳаётимнинг бир қисми Сургутда, ўсмирлигим — Вобкент ва Бухорода, ёшлигим — Тошкент ва Олмаотада ўтган. Қаерга бормай, ўзимни бир хилда қулай ҳис қиламан.
Анвар Жўраев сайр қилишни тавсия этади
Анвар Жўраев тинглашни тавсия этади
Мақола ҳомийси — Yandex Music.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Матн муаллифи: Сабина Бакаева.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda