Диабет сабаб ўзини қадрлашни ўрганган кутубхоначи

Зуҳра Аҳмаджонованинг ҳикояси

У ҳаёти давомида кўп қийинчилик, хўрлликларга учраган. Фарзанд доғи кучли депрессияга туширган. «Ирода» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони — 35 ёшида қўйилган диабет ташхисидан сўнг соғлигига эътибор бера бошлаган, кутубхонадаги ишини эса ҳаётининг энг яхши боби деб ҳисобловчи Зуҳра Аҳмаджонова.
У ҳаёти давомида кўп қийинчилик, хўрлликларга учраган. Фарзанд доғи кучли депрессияга туширган. «Ирода» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони — 35 ёшида қўйилган диабет ташхисидан сўнг соғлигига эътибор бера бошлаган, кутубхонадаги ишини эса ҳаётининг энг яхши боби деб ҳисобловчи Зуҳра Аҳмаджонова.
«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
Зуҳра Аҳмаджонова диабет билан тўлақонли ҳаёт кечириш учун зарарли маҳсулотлардан тийилиш, вақтида инсулин олиш ҳақидаги дўхтирининг тавсияларига ортиғи билан риоя қилади. Бунинг учун ёмон эмоция ва ўйлардан имкон қадар «парҳез» қилиб, ўзини яхши ҳис қилишига инсулиндан ҳам яхшироқ таъсир кўрсатувчи ёш китобхонлар билан мулоқотга иложи борича кўпроқ вақт сарфлайди.
Тақдир
Тўрт фарзанднинг иккинчиси бўлган чорсулик Зуҳра Аҳмаджонова 1986 йили машинасоз Маҳамедовлар оиласида, опаси Фотимадан 5 дақиқа ўтиб дунёга келган. Чеҳраси ва овози айни, фақат характери билан фарқ қиладиган опа-сингилларнинг болалиги эгизаклар ҳақидаги фильмлардагидек «беғубор қувликлар»га бой кечган.

Китобсевар кичик Маҳамедова дарс ва имтиҳонларда ҳозиржавоблик қилиб, бироз шумтакароқ Фотимани «қутқарса», кези келганда катта Маҳамедова ҳам вазмин ва уятчан синглисининг ўрнига жавоб беради — масалан, Зуҳра ёқтирмаган йигит билан учрашиб, унинг номидан «йўқ» деб келади.
реклама
реклама
Дастлаб 45-мактабда, кейин Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида бирга ўқиган эгизакларнинг тақдири ўхшаш бўлмади. Фотима Педагогика олийгоҳига ўқишга киради. Бу борада омади чопмаган Зуҳра эса, насиб қилмаса, кучли хоҳиш ва ҳаракат ҳам етарли бўлмас экан, деган хулосага келади.

«Менга дугоналар билан айланишга боришдан кўра ҳуқуқ ва тарих китобларини ўрганиш кўпроқ завқ берарди. Лекин, астойдил тайёрланганим ва ота-онамнинг қўлловига қарамай, Ички ишлар академиясига ўқишга киролмадим», — дейди у.
2005 йилнинг мандат жавоби чиққан кунда унинг ҳаёти орзуга тўла олдин ва армонли кейинга ажралади. Махсус форма кийиб, қариндошидек терговчи бўлишни орзу қилган Зуҳра 21 ёшида оқ либос кийиб, Аҳмаджоновлар хонадонига келин бўлади.
Қизларга болалигидан тош бўлса кемириб, сув келса симириш кераклиги уқтирилади. Рўзғор ишлари ўргатилиб, ҳамма нарсага кўнадиган қилиб тарбияланади. Лекин турмушнинг қандай кечиши фақат бир инсон — келингагина боғлиқ эмас. Муносабатлар мустаҳкам бўлиши учун нафақат бўлажак куёв, балки қайнона-қайнота ҳам ҳар томонлама тайёр бўлиши, бир-бирини ҳурмат қилиши керак. Йўқса, маиший муаммолар ва арзимаган сабаблар билан нотинчлик бўлаверади. Қарабсизки, соғлиқ ва қувват йўқолади, ёшлик ва вақт беҳуда увол бўлади.
Қонунчиликда туҳмат, ҳақорат ва зўравонлик учун жавобгарлик белгиланганидан хабардор Зуҳра Аҳмаджонова янги келинлигидаёқ ҳамма нарса у абитуриентлигида севиб ўқиган Конституциядагидек мукаммал эмаслигини, ҳаётда «ота-она ва оила шаъни», «одамларнинг гап-сўзи» ва «фарзанд тақдири» деган ёзилмаган кодекслар борлигини ва, нима учундир, уларнинг юки асосан хотин-қизларнинг гарданига тушишига гувоҳ бўлади.
Содда ва бўшлигим сабаб турмушда анча қийналдим. Куракда турмайдиган ҳақорат, туҳматга қолган пайтларим ҳам бўлди. Дастлаб ота-онамнинг юзини шувут қилмаслик, синглим ва укам турмуш қурадиган ёшда эса улар „қайтиб келган опаси бор экан“ деган иснодга қолмаслиги учун бошимдан кечирганларим ҳақида лом-мим демаганман. Бир сафар кўзимнинг таги кўкарганини кўриб қолган синглимга ҳаётимга аралашмасликни тайинлаганман.
Ҳаёт ўзи шундай, бу кунлар ҳам ўтиб кетади, дея ўзини юпатиб юрган аёлнинг сабр косаси биринчи марта тўнғич фарзанди — ўғли бир яшар пайтида тўлади. Ўшанда унинг руҳий ҳолати шу қадар ёмон эдики, ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлади.

«Тушликда кўзим бироз илингани учун бешикнинг чўпи билан калтакланганман. Эшитмаган гапим қолмаган. Шундан кейин ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим, лекин бегуноҳ боламни кўзим қиймади. Қолаверса, ота-онамни куйдириб кетаманми, дея ярим соатга яқин иккиланиб юрганман. Сўнг шаҳдимдан қайтиб, ота уйимга борганман. Бор гапдан хабар топгач, нега шу пайтгача чурқ этмаганимни сўраган отам „кўчада қолган қизим йўқ, яшамайсан у ерда“, деб келинлик уйимдаги мебелларни олиб келтирган», — дея эслайди Зуҳра Аҳмаджонова.
Ўша воқеадан сўнг у бир йилча отасиникида яшайди. Бу вақт ичида турмуш ўртоғи ярашишга уриниб, кўп марта унинг олдига келади. Отаси йўқлигида ичикиб, уни кўрганида талпиниб йиғлайдиган фарзандининг кўз ёшларига чидолмай, «болам етим қолмасин», дея Зуҳра эри билан ярашади.

«Қайтишимга қаршилик қилган дадам, кун келиб пушаймон бўлишим мумкинлигини айтган. Ярашишимизга имкон беришларини илтимос қилиб, оилам парчаланиб кетишига йўл қўймаганман», — дейди у.

Қайтганидан кейин бир муддат ҳаммаси жойига тушгандек бўлади, орада иккинчи фарзанди — қизи дунёга келади. 10 йилдан кейин бир пайтлар ўзи орзу қилганидек алоҳида яшай бошлайди. Аммо ҳар куни қарашиш учун борган келинлик уйида қайнотаси хўрлашда давом этади. Хиёнатга дуч келганида эса отасининг гапларини эслаб, унинг нақадар ҳақ бўлганига яна бир бор амин бўлади.
«Жуда кучли депрессияга тушиб қолганман. Тўғри муҳитда, тўғри тарбия топганим учун ҳаётда бундай жирканчликлар бўлиши хаёлимга ҳам келмасди. Ўшанда ўзим фақат Худога солиш билан чекланган, ҳеч қандай қонуний чора кўрмаган бўлсам-да, ҳозир инсон ўзини бунчалик хўрлатмаслиги, ўзини қадрлаши, вақтида ёрдам сўрашни билиши керак, деб ҳисоблайман. Одам ўзини яхши кўриши, ўзига раҳми келиши керак — бу нарсани вақт ўтиб, соғлигимни йўқотгач тушундим», — дейди ёшлигида оёқда инфаркт ўтказган аёл.

Шундан сўнг, турмуш ўртоғи йўқ бўлиб қолганида опа-укаси келиб ҳолидан хабар олмагунча, фарзандлари билан бир бурда нонсиз қолган пайтлари ҳам бўлади. Буларнинг баридан хабар топган ота-онаси бу сафар ҳам «бошқа яшамайсан» дея уни олиб кетишади. Лекин икки йил ота уйида яшагач, 2019 йили фарзандларининг келажагини ўйлаб, яна оиласини тиклашга рози бўлади.
«Орада пишириқ, бухгалтерия курсларига қатнаган бўлсам-да, олий маълумотим бўлмаганига кўп ачиндим. Агар ўқиганимда, яхшироқ ишим бўлганида, бошқачароқ бўлармиди: кредитга уй олиб, болаларимни катта қилиб олармидим, эҳтимол», — дейди бошқалар тўғри хулоса қилиши учун кечмиши ҳақида бўлишишга ўзида куч топган бу аёл.
Диабет
2020 йили Зуҳра Аҳмаджонова учинчи бор она бўлади. Пандемия пайти туғилган Имрон 7 кунлигида коронавирусдан вафот этади. Шундоқ ҳам йиллар давомидаги муттасил асабийлашишлардан мадори қолмаган Зуҳра бу воқеадан кейин яна кучли депрессияга тушади.
Болаларим, бошқа нарсалар билан ҳам ишим бўлмай қолди — шунча ноҳақлик ва адолатсизликлар сиғган дунёга ортиқчалик қилган болам кўзимга кўринар, кўчада гўё қўлимни ушлаб юргандек туюлаверарди. Бир кулиб, бир йиғлайдиган, саҳарда қабристонга бориб, кечаси уйга қайтадиган тирик ўликка айлангандим.
Зуҳра Аҳмаджонова «соғ ҳолимда шунча хўрландим, касал бўлсам мени жиннихонага топширворишса-чи, иккита болам қолиб кетадими?», деган ўйдан кейин яна ўзини қўлга олиши кераклигини тушуниб етади.

Чалғиш учун ишга киради. Аввалроқ мактаб, савдо-сотиқ, ва бухгалтерия каби соҳаларида оз-оздан ишлаб кўрган суҳбатдошимизнинг соғлигида муаммолар айнан ўша пайт — кассирлик қилаётганида кўзга ташланади.

«Иш пайти кўз олдим хиралашиб, ошқозоним безовта қила бошлади. Буни чарчоқ ва сал аввал депрессияни бошдан кечирганимга йўйдим. Бу орада бош терим шилиниб, яра бўлиб кетди. Диабети бор аммам бу ҳақида хабар топгач, менда ҳам ушбу касаллик аломатлари борлигидан шубҳаланди. Глюкометрида ўлчаб кўрганимизда — кўрсаткич ўта юқори натижани кўрсатди. Aммам „эртагаёқ шифохонада таҳлил топшир“ дея тайинлади»
Академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази 2024 йили «Газета.uz»га тақдим қилган маълумотда Ўзбекистонда 2022 йили жами 48 711 киши (уларнинг 616 нафари болалар, 151 нафари ўсмирлар)да қандли диабет аниқлангани, 2023 йилнинг ярмида беморлар сони 17 970 кишига кўпайиб, жами 363 585 нафар (Ўзбекистон аҳолисининг 0,99 фоизи)га етгани айтилади.
Таҳлил натижаларига кўра 2021 йили Зуҳра Аҳмаджоновада дунёнинг қарийб 830 миллион аҳолисида қайд этилган қандли диабет борлиги аниқланади. Диабетнинг иккинчи тури деб ташхис қўйган шифокор унга таблетка ёзиб беради. Зуҳра кўрсатмага биноан вақтида ичганига қарамай, дориларнинг таъсирини сезмайди.

Бош оғриғи ва оғиз қуриши мунтазам давом этиб, устига-устак оёғи шилиниб, йиринглайди. Кейинроқ эса унда касалликнинг иккинчи тури эмас, асосан болаларда учрайдиган, аммо бу исталган ёшдаги инсонларда ҳам аниқланиши мумкинлиги инкор этилмайдиган биринчи тури борлиги маълум бўлади.
Бир куни мазам бўлмай, диабетик комага тушиб қолдим. Фотима ёнимда бўлмаганида ва тез ёрдам билан шифохонага олиб бормаганида, билмадим, нима бўларди. Ҳушимга келганимда шифокорлар менда диабетнинг таблеткаларнинг ўзи кучсизлик қиладиган, инсулин олмаса бўлмайдиган биринчи тур борлигини тушунтирди.
Шундан буён у кунни қондаги қанд миқдорини ўлчашдан бошлайди. Узоққа боргудек бўлса, атир-упасини қолдирса қолдирадики, кунига беш, баъзида тўрт марта қабул қиладиган инсулинини доим ўзи билан олиб юради.

«2021 йили диабети бор шахс сифатида ҳисобга қўйилганимдан буён инсулинни ҳар ой 27 поликлиника орқали давлат ҳисобидан оламан. Глюкометрни ҳам поликлиникадан беришган. Ҳар ой телефон қилиб, назорат қилиб туришади, навбатим келганда дорини олиб кетишни эслатишади», — дейди у.

Поликлиникадаги бўшаб кетган шифокорлардан бирининг «диaбетни коррекция қилиб бераман» дея ёзиб берган дорисидан яна комага тушишига бир баҳя қолган Зуҳра Ўзбекистонда тажрибали шифокорга дуч келиш ҳам «бир бахт», деб ҳисоблайди.
Шаҳар тез тиббий ёрдам касалхонаси (Жуковский)нинг эндокринология бўлимида ишловчи Ғанишер Жумаевга дуч келганини ўзининг омади деб билади. Шифокор кўрсатмалари билан юкламаларсиз жисмоний фаолликни кўпайтиргани, парҳез қилиши унга ижобий таъсир қилган. Асосийси, «диaбет мени эмас, мен уни назорат қиламан», деган фикрга келган.

«Ўйлаб қарасам, ушбу касаллик ҳаётимга „бошқа нарса, кимсаларга қайғуришни бас қил, ундан кўра ўзингга, соғлигингга эътибор бер“, деган огоҳлантириш билан кириб келган экан. У қайсидир маънода менга ўзимни авайлашни, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан завқланишни ўргатди», — дейди вақтини энг кўп кутубхонада чоғ ўтказувчи суҳбатдошимиз.
Кутубхона
Зуҳра Аҳмаджонова 2024 йилнинг апрелидан бери «Orient Finans» банкининг ташаббуси билан Яшнобод туманида ташкил қилинган «Қадрият» кутубхонасида ишлайди. Ушбу маскан пойтахтдаги 100 та маҳаллада Олотдаги «Наврўз» қироатхонаси тажрибасидан илҳомланиб очилган муассасалардан биридир.
Яхши китоб қалб ва руҳият учун энг яхши озиқа — кутубхона эса ақлнинг чарх хонаси, қалбнинг оромгоҳи, деб ҳисоблайдиган суҳбатдошимиз бу ерда 2024 йил апрелидан буён ишлаб келяпти. Уни кутубхоначиликка маҳалладоши Назокат опа таклиф қилган.
Ташхисимдан хабар топган банк масъуллари менга қулайлик яратиб, орада дам олиб ишлашни, ўзимни толиқтириб қўймасликни тайинлаган. Орада 6 кун шифохонада ётиб чиққанимда ҳам ҳарна бўлсин, деб ойлигимдан ушлаб қолишмади, қўллаб-қувватлашди.
Илк бор кутубхонага борганида ўрнатилган гир айлана жавонлар, бир-биридан қизиқарли китобларни кўриб, унинг ёшлигида қалбига кўмилган орзуларига жон киргандек бўлади. «Кучли истак ва ҳаракатнинг ўзи орзуларга эришиш учун етарли эмас» деган хулосаси эса «эзгу тилаклар қачон бўлса ҳам ушалади, фақат ҳамма нарсанинг вақту соати бор»га ўзгаради.

Сабаби бир вақтлар роса ҳам талаба бўлгиси келган аёлни бугун кичкинтой китобхонлари «устоз» деб чақиради. Кутубхонашунослик ўқув курсини муваффақиятли тугатгани учун сертификат, маҳалла ва туманда китобхонликка қўшган ҳиссаси учун эса ташаккурномалар билан тақдирланган. Энг муҳими, у ҳар куни китоблар ва болалардан кўп нарса ўрганади.
Кутубхона аъзолари 80 нафар, келиб-кетадиган 100 китобхон орасида маҳалладошлар, катталар ҳам бор. Лекин кутубхона 253-мактаб билан ён қўшни бўлгани учун асосан ўқувчилар кўп келади. Болалар ва уларнинг ота-оналарида телефон рақамим бор. Мабодо ташқарида бўлсам, қўнғироқ қилиб қачон келишимни сўраб, келгунимча кутиб туришади. Мабодо кимдир кўринмай қолса, онаси телефон қилиб: „Ўқувчим келмай қолди деб ўйламанг, сал шамоллаб қолган, даволаняпти, тузалиши билан боради“, деб огоҳлантириб ҳам қўяди.
Мактабда эрталаб ўқийдиганлар кутубхонага асосан дарсдан кейин, кундузи дарси борлар эса тушликкача ва баъзида дарсдан чиқиб келади. Ўқувчилари орасида унга ширинлик илинадиганлари, қучоқлаб кўришадиганлари, «китоб ўқимасам туролмаяпман, шунақа ҳам ўзига ‘магнитʼ қиладими?», деб ажабланадиганлари ва, энг қизиғи, унга «иш» таклиф қиладиганлари ҳам топилади.
Устоз, бу ердан ҳечам кетиб қолманг, хўпми?! Яхшиси-чи, мактабга ўтиб, бизга дарс беринг дейишади», — кулади Зуҳра Аҳмаджонова. — Мен эса шунча беғуборлик ва самимиятдан масрур бўлиб, мўъжазгина мана шу хонада уларга бир нималар ўргатишга уринаман. Ўқиб, мазмунини айтиб берсангиз, эсингизда ҳам қолади, мен ҳам сиздан янги нарса ўрганаман, дейман. Улар мутолаадан кейин албатта гапириб беради, бирга муҳокама қиламиз. Орада фламинго (бир гуруҳ болалар қоғозга ёзилган ҳайвон ва бошқа предметларни имо-ишоралар билан кўрсатади, иккинчи гуруҳдагилар эса топиши керак бўлади — таҳр.), тез ўқиш ўйинларини ўйнаймиз. Кутубхонага энди аъзо бўлган вақти ўқишга қийналадиган бир қизимизнинг баҳолари яхшиланган экан, онаси хурсандлигидан бошим кўкка етди. Бундан ташқари, диктант ёзишни уйга вазифа қилиб ҳам бераман. Дарров бажариб, Telegram орқали юборади, барака топгурлар.
Шу кунларда «Дунёнинг ишлари» билан банд Ҳумоюн, «Коинот»ни ўрганаётган Илҳом ва печенье яхши кўргани учун «Бахт печеньеси»ни ўқиётган Муяссар айниқса серқатнов ўқувчилардан.

Кутубхонага аъзо бўлиш ҳужжатбозликлардан холи бўлиши керак деб ҳисоблайдиган Ҳумоюн бундай оворагарчилик йўқлиги, муҳит тинч ва кутубхоначи опаси хушмуомала эканлиги учун ҳам «Қадрият»га ҳар куни келади.
«Мактаб кутубхонамиз одатда ёпиқ бўлади ва унга шундай кириб, китоб ўқиб бўлмайди. Аъзо бўлиш учун синф раҳбари қандайдир қоғоз ёзиб бериши керак. Китоб ўқиш осон ва қулай бўлгани яхши. Масалан, бу ерга энди келганимизда исм-фамилиямиз, нечанчи синфда ўқишимиз ва телефон рақамимиз сўралган, холос», — дейди 6-синфда ўқийдиган Ҳумоюн.
реклама
реклама
«Бу билимдон ширинтойлар ҳаётимга мазмун киритган. Кутубхонага келсам, болалар билан ишлаб, чиройли, файзли тадбирлар ўтказсам, баҳри дилим очилади», — дейди кутубхоначилиги билан фахрланиб, уни ўзига энг мос касб деб ҳисоблайдиган Зуҳра Аҳмаджонова.

«Эртага ким бор, ким йўқ — бу қисқа ҳаётда ҳаммамиз ҳам бир-биримизга ғаниматмиз. Кўпроқ кулиб, ҳаёт гўзалликларини ҳис қилиб яшайлик. Болаларимизга ҳам биздан кўпроқ яхши хотиралар қолсин», — дея хулоса қилади у.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda