Маҳаллалар мусиқаси
Шокир билан Тошкент бўйлаб сайр
«Газета.uz» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу гал рэпер Шокир билан бирга пойтахтни айланиб, хавфли ҳайдаш, ўзбек рэпининг ўзгариши, маҳаллий юлдузларнинг жаҳонга чиқиши ва мулоқот кучи ҳақида гаплашдик.
«Газета.uz» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу гал рэпер Шокир билан бирга пойтахтни айланиб, хавфли ҳайдаш, ўзбек рэпининг ўзгариши, маҳаллий юлдузларнинг жаҳонга чиқиши ва мулоқот кучи ҳақида гаплашдик.
Шокир ўзининг оқ Tracker’ида бизни Тошкент Ситидан Фарғона йўлига олиб кетаётган эди. Унинг студияси ўша ерда. Шаҳрисабз кўчасидамиз. Ён-веримиздан Тошкентнинг йўқолиб бораётган, эски ва янги рамзлари — «Триллиант», «Болалар дунёси» қаршисидаги яшил ҳудуд, «Тата» меҳмонхонаси, 6-туғруқхона, ҳар икки йилда бир террасалари бузиб ташланадиган ресторанлар ўтади. Унинг ҳайдаш услуби одамни хавотирга солиб, шошириб қўяди. Бир дақиқа олдин ҳаракат бир маромда эди, аммо, Тошкент йўлларидаги вазият ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида гап бошлашимиз билан, аллақандай ўзгариш юз берди.

— Сизга камералардан тез-тез жарима келиб турадими?

— Йўқ.
Қўшиқларидан Шокирнинг ашаддий ҳайдовчи экани сезилади. У тезлик ва таваккалчиликни севадиганлар тоифасидан. Аммо, ўзининг айтишича, бу қизиқиши энди ўтмишда қолган.

Бир неча ҳафта ўтиб, ундан Шаҳрисабз кўчасида бизнинг гувоҳлигимизда юз берган «шашка қилиб ҳайдаш» воқеаси ҳақида сўрадим. Бу провокациямиди? Ё туйғулар жўшқинлиги? Ўзини кўрсатиб қўйишми ё? Балки манипуляциядир? Шокир бизни жуда таъсирчан деб гумон қилиб, ўшанда «юмшоқ, мулойим ва тартибли» ҳайдаганини таъкидлади ва буларнинг барчаси қандай бошлангани ҳақидаги хотираларга чўмди.
Шумахернинг укаси
Олти йил аввал, Шокир ҳали ўзини ислоҳ қилишга киришмаган вақтда, унинг атрофида фақат пойгачилар эди. «Мунтазам аварияларга йўлиқардик, кимдир ўларди». Бу ҳол шунчалик одатий бўлиб қолгандики, оддий ҳаёт тарзидек қабул қилинарди. Ҳаммаси охирги авариядан кейин ўзгарди. Аслида бунга ўхшаш ҳодисалар кўп бўлган, аммо шу сафар, пойгачилар тили билан айтганда, у «сочилиб кетган» эди.
Бу 2024 йил 3 март куни рўй берди — мана шу сана менинг иккинчи туғилган куним. Машина ҳам, мотор ҳам сочилиб кетди — ҳеч нарса қолмади. Ўша сафар ҳар доимгидан ҳам кўра даҳшатлироқ бўлди. Умуман олганда, қандайдир тушунтириб бўлмас нарса юз берди. Malibu’даги йигитча билан яхшигина беллашдик. Ҳаммаси жуда яхши бошланган эди. Йўл нам эди, биз зигзаг қилиб ҳайдадик. Кейин бошқарувни йўқотдим.
Мен бетон устун томон — урилиб, йўқ бўлиб кетиш сари дадил учиб кетаётгандим. Аммо шу вақт бир назарияни текшириб кўришга қарор қилдим: агар вазиятни бутунлай ўзгартириб, рулни бошқа томонга бурсам, нима бўларкин? Шу тариқа иккита симёғоч, автобус бекати ва дарахтни «териб кетдим». Кейинчалик, воқеани таҳлил қиларканман, авариянинг оғирлигидан эмас, балки одамларга зарар етказишим мумкин бўлганидан кўпроқ даҳшатга тушдим.

Худога шукрки, бекатда ҳеч ким йўқ эди. Лекин — одамлар бўлганида-чи? Яна шундай фикр ҳам борки, агар у ерда одамлар бўлганида, мен, катта эҳтимол билан, устун ва ўлимни танлаган бўлардим. Мана шуни ўйласам, яна ҳам кўпроқ даҳшатга тушаман. Ўлимдан қўрқув бор, аммо бизга сингдирилган яна бир дуруст дастур ҳам мавжуд: ўлдирма, ёлғон гапирма, зарар етказма.
Шокир машина бошқарувини йўқотишидан аввал тезлиги қандай бўлганини эслай олмайди. «18 ёки 19 эди, шекилли» дейди. Пойгачилар нолларни тушириб гапиради. Уларни тунда — Янги Ўзбекистон кўчасидаги «Т» шаклидаги чорраҳадан бошланиб, Махтумқули, Шаҳрисабз ва Руставели кўчалари орқали то Сергели кўпригигача чўзилган йўлда — «шаҳар полигони»да учратиш мумкин. Улар бу йўлакни ўзлариники — «пойгачилар трассаси» деб эълон қилишган. Улар йўлда бир-бирини танимаса-да, шунчаки кимдир ёнидан камида икки баробар юқори тезликда ўтиб кетса, буни чақириқ деб қабул қилади ва «сузиш»ни бошлайди — чунки 50 тезликдаги оқимда «нолсиз 14» билан айнан сузасан.
«Бу жуда хавфли нарса. Илгари шаҳарда бундай ўйинлар ўйнаш (машинани „шахмат-шашка“ қилиб ҳайдаш — таҳр.) хавфли экани ҳақида ўйламасдим. Чунки ўзингни худди ҳамма нарсани назорат қилаётгандек ҳис қиласан. Ахир сен зўрсан-ку. Машина ҳайдашда устасан. Салкам Шумахернинг укасисан. Адреналин излаб: „Ҳозир кўрсатиб қўяман, ҳаммани лол қолдираман!“, деб ўйлайсан».

«Шахматчи»лар ҳаёти давомида ўртача 30−40 тача йирик йўл-транспорт ҳодисасига гувоҳ бўлади. Ва ҳар сафар бу ҳодисаларда бошқаларни айбдор санайди. Аммо қайсидир бир авариядан кейин киши онгида аллақандай ўзгариш юз беради ва у тез ҳайдашни бас қилади. Чунки айнан шу лаҳзада у аслида ҳеч нарсани назорат қила олмаслигини англаб етади. У шу вақтгача йўлда юрган ҳаммани эпчил деб ўйлаган бўлади-ю, лекин ўзига ҳам, бошқаларга ҳам ортиқча баҳо бериб юборганини тушуниб етади.
Киши ҳаётини хавф остига қўядиган пойгаларга иштиёқ Шокирнинг ижодига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган. У авваллари тилни «синдирадиган» Millymallymoe тахаллуси остида, рус тилида қўшиқлар ёзарди. Шокирнинг биринчи машҳур бўлган қўшиғи номи «Гонки Ташкента» («Тошкент пойгалари») деб аталади, унинг энг асосий панчи (муҳим қисми)да шундай сатрлар учрайди (русчадан эркин таржима — таҳр.):
«Газни гиламчагача босиб тушираман —
У ерда аллақачон 100 дан юқори тезлик.
Кечиргайсан мени, биродарим светофор.
Мен сен учун рангларни ажрата олмайдиган далтоник»
Пойгачилар ва «шахматчи»лар бу трекни яхши кўрарди. Рэперга ЙТҲлар бўлган жойлардан: «Шокир, салом, биродар! Мана, сенинг қўшиғинг садолари остида шундай авария бўлди», деган гаплар билан видеолар жўнатишарди. Бундай машҳурлик уни чўчитиб қўйган.
«Эсимда, бу «шашка»ларнинг беш қисмини ёзиб бўлгач, пойгалар ҳақида қўшиқ айтишни бутунлай тўхтатдим. Яқинда «Тароқ» номли треким чиқди, у ҳам пойгалар ҳақида. Аммо у бошқача. Бу йигит билан қиз ўртасидаги муносабатларга мажозий ишора бўлиб, унда қиз ўзини қоидаларга амал қиладиган тўғри инсон сифатида кўрсатса, йигит ҳайдаш маҳорати билан мақтанади. Бунга жавобан қиз бундай хатти-ҳаракат арзимас ва ноўрин эканлигини айтади».
Шокир илгари машиналар билан боғлаган барча нарсалар янги қўшиқлар матнига сингиб борадиган ассоциатив қаторни ҳосил қилади, бироқ уларнинг моҳияти айнан пойга ва «шашка»га тааллуқли бўлиши шарт эмас. Шокирнинг фикрича, агар қўшиқ муаллифи ўз ҳикоясини фақат пойга метафораси орқали самимий ифодалай олса, бошқа йўл носамимий чиқиши мумкин. Бунда тингловчи муаллифнинг ёлғон ишлатаётганини барибир ҳис қилади.
«Мен ҳис-туйғуларни алдаш мумкинлигига ишонмайман. Ҳаммамиз бизга ёлғон гапираётганларини сезиш имконини берадиган дастур билан туғиламиз. Қўшиқларда ҳам худди шундай. Агар мен ҳозир қўшиқда ёлғон ишлатсам, у ҳеч қачон муваффақиятга эришмайди, чунки у самимий эмас, ҳақиқий эмас».
Шокирнинг эътироф этишича, югуриш ва лонгбордга бўлган янги қизиқишлари уни ёшликдаги машиналар каби кучли жалб қилмаса-да, барибир ўзига хос завқ бағишлайди. У Тошкент Ситида югуради ва лонгбордда учади. У бу жойни югуриш, сайр қилиш ва яшаш учун энг қулай макон деб билади.

Сити Шокирнинг болалик ва ўсмирлик даври ўтган жойлардан сезиларли фарқ қилади. У Қорасув-1 мавзесида катта бўлган. У ерлар Шокирнинг шахсий шаҳар харитасидаги энг севимли манзилларидан. У ҳозир ҳам руҳий осойишталик излаган вақти, шу ерларга келиб туради.
Рэп кундалиги
Дўстим Зариф Очилов ўзбек рэпи ҳақидаги фильмида, бошқа ижрочилар қатори, Шокирни ҳам суратга туширган. Зариф 2000 йиллар бошида, жанрнинг кўпчилик вакиллари ҳали рус тилида ижод қилаётган бир пайтда, ўзбек тилида рэп ёзган. Хўш, ўзбекча рэп нима учун айнан 20 йилдан кейин оммалашиб кетди?

Шокирнинг ҳам тил билан боғлиқ ўзига хос тарихи бор. У рус тилида ижод қилиб, қўшиқ куйлаган ва бу тил билан кенг тингловчилар оммасини топиши мумкин бўлган бошқа жойларда: Москвада, Дубайда, Олмаотада, Шри-Ланкада яшашга ҳаракат қилган.
«Қанчалик зўр мамлакатда яшасам ҳам, барибир уйни соғинардим. Бунчалик соғиниш тўғри эмас, деб ўйлардим, кейин тушундимки, мен шунчаки ватанпарварман ва бунга қарши ҳеч нарса қила олмас эканман. Ватанга қайтгач, тил ўрганишни бошладим, чунки беш-олти йил олдин ўзбек тилини умуман билмасдим. Талаффузим жуда кулгили эди, маҳалладаги болалар мени «ўрис» деб масхара қилишарди.
Ўзбекча рэпга зарурат «танк»лар пайдо бўлгач туғилди. Ҳозир рэп айнан кучли «танк»лар туфайли қизиқарли бўлиб турибди. Эски даврда рэп шундай эди: «Ман сани биламан, сан мани билмайсан». У вақтлардаги ўзбек рэпи Америка рэпининг нусхаси — қўпол эди. У ҳам ўзича янги, қизиқ эди-ю, лекин кўп ҳам мароқли эмасди. Ҳозир эса биз сифат ва миқдор жиҳатидан ўсдик. Масалан, энг кучли «танк»имиз — Констани олсак, у ижтимоий масалалар, чуқур ички кечинмалар орқали ҳар бир инсонгача етиб бора оляпти, чунки у оғриқли мавзуларни кўтаряпти — фақат рэп шаклида. Унинг рэпи маъно-мазмунга тўла.

Буёқда Massa ҳам бор — у бутунлай бошқа олам. У одамларга нима кераклигини ўргана олди. Жуда ажойиб. Яна ким шундай қила олади? Менинг йўналишим эса умуман бошқача.

Ҳозир учаламиз барча чартларда етакчимиз. Massa спорт, қизлар ва пул ҳақида куйлаяпти, ҳозирча унинг йўлидан ҳеч ким юрганича йўқ. Менинг йўналишим — чекма, ичма, ён-атрофингга ҳушёр бўл. Мен ҳам ҳозирча ўз йўналишимда ягона илҳомлантирувчиман. Конста — ижтимоий мавзулар устаси. Абробей унинг йўлидан кетяпти. У дард ҳақида куйлайди, лекин унинг рэпида ўзбекона оҳанглар бор: мақомлар, эстрада садолари. Бу қизиқ, қандайдир ғайриоддий янгилик.

Яна хоразмлик Асил — Asl Wayne — ҳам бор. У — Ғарб қироли. У вокал, эҳтимол, хоразмча нолалар орқали ўз бозорини топди. Crazy Chab — Ромка Машарипов ҳам ўзбек тилида куйлай бошлаганидан жуда хурсандман. Мен унга бу борада кўп ялиниб-ёлвориб, охири кўндирдим. Рома исмли йигитнинг ўзбек тилида, боз устига, Хоразм шевасида рэп ўқиши — мутлақо ақлбовар қилмас ҳодиса.
Шокирнинг фикрича, қўполлик ва юзакилик нафақат ўзбек рэпидан, балки глобал даражада ҳам йўқолган. Ўзини рэп назариётчиси қилиб кўрсатмаган ҳолда, у бу тенденцияни жанрлар ўртасидаги рақобат билан боғлайди. Ҳар доим рок ва поп етакчи бўлган. Рэп эса мусиқа маконига янги нафас олиб кирди, аммо оҳангдорроқ бўла олгани учун оммалашди.
«Бу рэпни оммалаштириш учун бўлган ишми-йўқми, билмайман. Мен бунга чуқур киришадиган файласуф ҳам, таҳлилчи ҳам эмасман. Менинг биринчи даражали вазифам — ички оғриқни, бахтни, ёмон ва яхши нарсаларни ўзимдан чиқариб ташлаш. Шунинг учун қўшиқ ўрганиш мен учун қийин. Кўп ёзаман, чунки ичимда доим нимадир кечади. Рэп — менинг кундалигим. Одамлар қандай қилиб кундалик ёзаркин, деб ҳеч тушунмасдим. Кейин англадимки, ўзим бир умр бошқача усулда — микрофон, қулоқчинлар ва битта бит билан кундалик ёзиб юрган эканман».
Олиб-сотарча фикрлаш
Барчаси ўз даврининг машҳур рэпери, Хоббит тахаллуси остида ижод қилган ажойиб санъаткор — Артём Долматовнинг рэп мактабида бошланган. Шокир тўртинчи гуруҳ талабаси эди. Дарслар Рим-католик ибодатхонасида ўтказиларди. Бу жой унинг хотирасида мукаммал акустикаси билан муҳрланиб қолган бўлиб, шахсий шаҳар рамзлари рўйхатига ҳам киритилган. Шундан бери 15 йил ўтди. Ўзбекистонда ҳозир ҳам рэп мактаби борми-йўқми, Шокир бундан бехабар. Аммо бу ҳодисанинг ўзини болалар учун қизиқарли ва муқобил машғулот деб ҳисоблайди. Бундай мактабда улар мисра тузишни, яхши оҳангда куйлашни ва ҳикоя қилишни ўрганишлари мумкин.
«Трекларимда европача оҳангни ўзбек тили билан уйғунлаштиришга ҳаракат қиламан. Бу мен учун муҳим, чунки қандай бўлмасин, Billboard’га (мусиқа саноатига бағишланган нуфузли Америка журналининг рейтинги — таҳр.) киришим керак. Ўз қўшиқларим ёки мен бирга ишлайдиган санъаткорлар орқали бўлса ҳам. Лекин ўзбек тилини ҳамма эшитиши керак. Унинг қанчалик гўзал ва ажойиб эканини билиши керак».
Бу мақсадга эришиш йўлида ўзимга аниқ бир муддат қўймаганман, лекин нима қилиш ва бунга қанча маблағ зарурлигини аниқ биламан — камида 10 миллион доллар керак. Биз ўз бозоримизга қараб, миллион долларни катта пул деб ҳисоблаймиз. Мен бундай фикрда эмасман. Икки-уч ой ичида инвесторлар ва ҳомийлар орқали бу маблағни йиғиш мумкин. Қилса бўладиган иш бу.
Шундай бир тест бор эди: сиз ҳаёт йўлингизда кетаётганингизда, олдингизда охирги зина пайдо бўлади. Бу зинада ўзингиз истаган ҳамма нарсага эга бўласиз. Унга чиқиш учун эса имкониятларингизни тақсимлашингиз керак: 100 фоизлик ресурсдан қанчасини пулга, қанчасини ақлга ва қанчасини атрофингиздаги одамларга ажратасиз?

Мен атрофимдагиларга 90 фоиз, қолган барча нарсаларга 5 фоиздан ажратаман. Куч — нетворкингда. Мулоқот орқали ҳамма нарсага эришиш мумкин. Мамлакатимизда миллионлаб доллар маблағга эга одамлар етарли. Муҳими, ўз ғоянгизни тушунтириб, етказа билишда. Мен ойига мунтазам равишда 5−8 марта ғояларим тақдимотини қиламан. Ахир мен сотувчиман-ку. Умрим савдода ўтган, фақат мусиқа мени ҳеч қачон тарк этмаган. Ускуналар харид қилиш, компьютер ва дастурларни янгилаш, ўқиш, овоз дастурлаш бўйича қандайдир курсларда қатнашиш учун меҳнат қилганман.
Дастлаб отамнинг қурилиш компаниясида иш бошлаганман. Биринчи топган пулимга компьютер сотиб олдим. Кейин микрофон керак бўлиб қолди ва отам мени «Akfa» цехига ишга юборди. Ўша пайтда жуда жиззаки эдим, деярли ҳамма билан жанжаллашардим, ҳамкасбларимни менсимасдим. Сўнгра савдо агенти бўлиб ишга жойлашдим-у, уч ой давомида бир тийин пул топа олмадим. Ана шунда мен куч мулоқотда эканини, одамлар билан самимий, чин кўнгилдан муомала қилиш кераклигини англадим. Ишимнинг бешинчи ойида мени юқори лавозимга кўтаришди. Супервайзер бўлдим ва бутун Тошкентни пиёда кезиб чиқдим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўша пайтда одамлар бироз меҳрибонроқ ва оғиркарвонроқ бўлгандек. Бугун ҳамма тез, пухта-пишиқроқ, лекин, шу билан бирга, жозибадорроқ ҳам. Ҳаёт тез ҳаракат қилишга, қарорлар қабул қилишга мажбурлаяпти — пул рағбатлантиряпти.

Олиб-сотарлар билан мулоқот менга ҳамма ишни уддалаш мумкинлигини ўргатди. Шундай ҳолатлар бўлганки, мен ўзим ҳеч қачон харид қилмайдиган маҳсулотни бошқаларга сотганман. Шунинг учун «бу иш имконсиз ёки амалга ошириб бўлмайди» дейишса, ишонмайман. Шунчаки, ҳар бир нарсанинг пишиб-етиладиган ўз вақти-соати бор, холос.

Тақдимотларда бизнинг мусиқамиз бутун дунёда янграши кераклигини таъкидлаб келаман. Бунинг учун биз тобора кўпроқ платформаларда ўз ўрнимизни топишимиз лозим. Платформаларда ижодкорлар сони кўпайиши учун эса тингловчилар ҳам кўпайиши керак. Аммо ҳозирча аҳолининг тўлов қобилияти паст. Обуналар сони ошса, бу ижодкорларга ижобий таъсир кўрсатади ва уларни ривожланишга ҳамда олға интилишга рағбатлантиради.
Ўзбек рэпи халқаро бозорни эгаллашни аллақачондан бери уддалаяпти. Шокирнинг сўзларига кўра, Конста мунтазам Россияда концерт беради. Яқинда Шокирнинг ўзи ҳам Москвада 2000 кишилик омма олдида чиқиш қилган. Концертларига ўзбек тилини тушунмайдиган тингловчиларнинг ҳам келиши уни ҳайратга солади, ваҳоланки, унинг мақсади — айнан уларнинг эътиборини қозониш.

20 май куни — Шокир 31 ёшга тўладиган санада — Тошкент телеминораси остидаги теннис кортларида унинг концерти бўлиб ўтади. Айтишича, у бу чиқиши билан ўзини ўзи ислоҳ қилганини ва «сўнгги беш йилда 30 карра ўсгани»ни тарихга ёзиб қўймоқчи.
«Авваллари мен бутунлай бошқача одам эмас. Ҳаётимда тартиб йўқ эди. Уч кунлаб ухламай юрган вақтларим бўларди, хусусан, пойгаларни ҳам деб. Атрофинг тўполончилар билан тўла бўлса, сен ўзинг ҳам беқарор тўполончига айланиб қоласан. Буларнинг бари соғлиққа, айниқса, руҳий саломатликка жуда салбий таъсир қилади — доимий хавотир, таҳликада юрасан. Барини битта иродали қарор билан ўзгартириш мумкин. Шунинг учун ҳам менинг матнларим илҳомлантиради. Трансформация, ўзгариш, ўз-ўзини ислоҳ қилишни нимадан бошлаш кераклигини биламан. Шунчаки ўзингга тўғри саволларни бериб, ўз-ўзинг билан гаплашишинг керак. Агар мендан киши қайси учта саволни ўзига бериши керак, деб сўрашса, шундай жавоб берган бўлардим: «Атрофда мени нималар ўраб турибди? Ҳозир нима қиляпман? Нега шундай қиляпман?».
Шокир сайр қилишни тавсия этади
Шокир тинглашни тавсия этади
Мақола ҳомийси — Yandex Music.


Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Матн муаллифи: Сабина Бакаева, Виктория Абдураҳимова.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.


«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda