Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Бухоро ҳаммомлари
Беш асрлик маданият гувоҳи
Бухоро асрлар давомида сақланиб қолган турмуш тарзи билан ҳам эътиборни тортади. Жамоат ҳаммомларига бориш анаъанасининг бугунгача давом этаётгани бунга бир далил. «Газета.uz» шаҳарда XVI асрдаги 19 ҳаммомдан сақланиб, фаолият юритаётган Кунжак ва Бозори Корд ҳаммомлари ҳақида ҳикоя қилади.
Бухоро нафақат меъморий обидалари, балки турмуш тарзининг асрлар давомида сақланиб қолган айрим жиҳатлари билан ҳам эътиборни тортади. Масалан, жамоат ҳаммомларига бориш анаъанаси асрлар оша давом этаётгани бунга бир далил.

Бундан 100-120 йил аввал ҳам Бухоронинг Эски шаҳар қисмида 19 та жамоат ҳаммоми бўлган. Аммо ХХ аср бошидаги талотўплар вақтида уларнинг аксарияти йўқ бўлиб кетган. Бугунги кунда фақат иккита жамоат ҳаммоми — Ҳаммоми Кунжак (аёллар ҳаммоми) ва Бозори Корд (эркаклар ҳаммоми) ўз фаолиятини давом эттиряпти.

«Газета.uz» ушбу икки иншоот мисолида Бухородаги жамоат ҳаммомларининг ўтмиши, ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва бугунги ҳолати ҳақида ҳикоя қилади.
Жамоат ҳаммомлари анъанасининг пайдо бўлиши
Бухорода қадимдан ҳаммомлар бўлган. Масалан, Абу Бакр Наршахий (899−959) «Бухоро тарихи» асарида Сомонийлар давридаги «хон ҳаммоми» ҳақида ёзади. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори ўринбосари Дилноза Жамолова ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида бўлган «араб сайёҳлари: «Араблар ҳаммомлар қуришни туронликлардан ўрганган», деган фикрларни ёзиб қолдиргани»ни, бу эса ҳаммомлар араб истилосидан аввал ҳам бўлганига далил эканини таъкидлайди.
Ҳақиқатан ҳам, Ислом дини кириб келгунига қадар бу минтақаларда кенг тарқалган зардуштийлик дини ҳам ўз эътиқодгўйларидан тозалик ва озодаликни талаб қилар эди. Айни вақтда, археолог Сирожиддин Мирзааҳмедов араб истилоси Марказий Осиёдаги ҳаммомларнинг такомиллашишига сабаб бўлганини қайд этади. Унинг тадқиқотлари давомида VII-VIII асрлардан қурилган иншоотларда ювиниш хоналари, таҳоратхоналар кўплаб учраган.

Тарих фанлари доктори Шавкат Бобожоновнинг тушунтиришича, Бухорода ҳаммомларнинг кўплаб қурилиши, аввало, унинг узоқ вақт пойтахт бўлгани, ўз-ўзидан унда аҳоли ҳам кўп бўлгани билан боғлиқ. Ҳар кимнинг ҳам ҳаммом қуришга имкони бўлмаган, шу боис халқ ҳукмдорлар, амалдорлар, бойлар ва карвонсаройларнинг эгалари томонидан қурдирилган жамоат ҳаммомларидан маълум миқдордаги тўлов эвазига фойдаланиб келган.
«Сомонийлардан кейин Қорахонийлар, Темурийлар даврларида ҳам ҳаммомлар қурилган. Лекин жамоат ҳаммомларини ёппасига қуриш Бухоронинг ҳозирги меъморий қиёфаси шаклланишида асосий ролни ўйнаган шайбоний ҳукмдор — Абдуллахон Иккинчи даврига тўғри келади», — дейди тарихчи.
19 ҳаммом
Йирик ҳаммомлар асосан бозорлар яқинида жойлашган. Шунингдек, маҳаллалар ичи ва масжидлар яқинида барпо этилган ҳаммомлар ҳам бўлган. Уларнинг номи ҳам, кўпинча, жойлашган жойига боғлиқ. Масалан, Бухородаги энг қадимий ҳисобланган Бозори Корд ёки Мисгарон деб аталган ҳаммом Пичоқчилик бозорига яқин бўлса, Саррофон ҳаммоми Тоқи Саррофон бозори билан бир вақтда қурилган. Кунжак (форс тилидан — «бурчак») ҳаммоми эса Масжиди Калоннинг жануби-ғарбий бурчагида жойлашгани учун шундай ном олган.
Шавкат Бобожонов ва бошқа тарихчилар уч ҳаммом — Кунжак, Шишахона ва Биби Халфа фақат аёллар учун мўлжаллангани ҳақида маълумот беради; «Бухоро ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида» китоби муаллифи этнограф Олга Сухарёва эса Хўжа Порсо, Домулло Шер, Ғозиён, Ҳазрати Аюб, Кунжак, Пойи Остона ва харитада номи йўқ Хўжа Ҳабибулло ёки Хиёбон (катта эҳтимол билан харитада бошқа ном остида келтирилган — таҳр.), жами 7 ҳаммомдан фақат аёллар фойдалангани, Шишахона ҳаммоми эса ҳам аёллар, ҳам эркакларга хизмат кўрсатганини ёзади.
Бухоро ҳаммомлари жойлашуви харитаси. Фото: Дадахон Ҳасан саҳифаси / Facebook.
Мусулмонлар ва ғайридинларнинг покланиш қоидаларида маълум фарқли жиҳатлар борлиги сабаб уларнинг бир жойда чўмилишлари мумкин бўлмаган. Шу боис бошқа дин вакилларига, масалан, яҳудийларга Ғозиён, Бозори Хўжа ва Пойи Остона каби саноқли ҳаммомларга куннинг маълум соатларидагина киришга рухсат берилган, деб ёзади Шавкат Бобожонов.
Ҳаммом — меъморий обида сифатида
ХVI асрда Бухорода бўлган инглиз сайёҳи Антони Женкинсон ўз саёҳатномасида шаҳар ҳаммомларини таърифлар экан: «Бухоро жуда катта шаҳар. Унда ғиштин иморатлар, серҳашам бинолар кўп. Айниқса, шаҳар ҳаммомлари ўз меъморий ечими билан ажралиб турадики, бу хилдаги моҳирона қурилиш услубидаги ҳаммомларни дунёнинг бошқа бурчагида учратиш мушкул», деб ёзади.
Бухоро ҳаммомларининг пойдеворлари (таг қисми) асосан мармар ва тошдан қурилган, ўртача қалинлиги 0,80 метр бўлган деворлари эса пишиқ ғиштдан кўтарилган. Бундай конструктив ечим ҳаммом ичидаги иссиқликнинг чиқиб кетмай, ҳароратни узоқ барқарор сақлаб туриш имконини берган. Кечасию кундузи узлуксиз ишлаган бу ҳаммомларга кундузи гумбаз тепасидаги ойнабандлар орқали ёруғлик тушиб, табиий шамоллатиш таъминланган бўлса, кечаси фонуслар орқали ёритилган.
Маданий мерос агентлиги архив материаллари ва ҳаммомлар архитектурасига оид илмий тадқиқотларга таяниб «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларга кўра, ушбу иншоотларда илк бор Рим ҳаммомларини қуришда қўлланилган гипокауст деб аталувчи махсус полости иситиш тизими бунёд этилган. Бунда ташқаридаги махсус печлардаги иссиқ ҳаво ҳаммомнинг поли остидаги лабиринтсифат қилиб қурилган бўшлиққа йўналтирилган, ундан эса иссиқлик пол юзасидаги мармар тошларга ўтиб, ҳаммомни иссиқ сақлаб турган.
Ҳаммомларнинг ички қисми одатда ечиниш хонаси, «пойшўйхона» (оёқ ювиш хонаси), дам олиш хонаси ҳамда гумбазли «миёнсарой» (ўртасарой) залига бўлинган. Ўз навбатида, «миёнсарой» қисми «гармхона» (иссиқ сув билан ювиниш жойи), «хунукхона» (совуқ сув билан ювиниш жойи), иссиқ ва совуқ сувда чўмилиши учун махсус «миёнсуфа»га бўлинган. Айрим манбаларда, xусусан, «Мерос» журналининг 2008 йилги сонларидан бирида эълон қилинган тарих ўқитувчиси Тўра Ҳалимовнинг мақоласида «миёнсарой»ларда ибодат қилиш учун меҳроб ҳам бўлгани таъкидланади.
800−850 (айрим манбаларда 900) литрлик мис қозондаги сувни қайнатиш учун диаметри бир метрга тенг, теридан тайёрланган, ичи мой (от ёки туя ёғи) билан тўлдирилган, пилиги махсус тўқилган шамдан фойдаланилган. Бу шам узлуксиз ёниб турган ва тугаб битиши билан дарҳол алмаштирилган.
Ҳаммомлардан оқова сувнинг чиқиб кетиши пухта ўйланган. Бухоро реставрация мактабининг йирик вакили, меъмор Исмат Муҳсиновнинг қизи Меҳринисо Муҳсиновнинг сўзларига кўра, оқиндилар ташнав деб аталган чуқурчалардан махсус канализация тизими— тазар (еростидаги сув, ёмғир, кор сувларини йиғиб шаҳар ташқарисига чиқариш ва оқиндилар учун катта (йўғон) сопол қувурдан ёки ғишт ва лойдан тайёрланган махсус қурилма)ларга, тазарлардан эса чеккароқдаги захкаш (ерости сувларининг сизиб чиқиши ва йиғилиши учун, яъни ернинг захини қочириш, шўрини ювиш самарадорлигини ошириш учун мўлжалланган катта ва чуқур ариқ)ларга оқиб кетган.
Бозори Корд ҳаммоми ташнави
Сувлар Бухоронинг ер қатламларига сингиб кетиши учун табиий шароит ҳам қулай бўлган. Бухоро қадимдан Зарафшон дарёси дельтасида жойлашгани ва сувни тез шимувчи қумли тупроққа эга бўлгани сабаб, оқова сувлар захкашлар орқали тезда ерга сингиб кетган.
Маҳаллий аҳоли, ҳатто ҳаммом ходимларининг ўзи ҳам бугунги кунда ташнавлар орқали чиқиб кетган сувлар қаерга боришини билмаслиги , тарихий қурилишнинг бу «сир»идан ҳайратланишини айтади. «Ҳаммомда бирор ҳид ҳам йўқ, бундан сувлар тўпланиб қолмаслигини биламиз, лекин қаерга кетишини ҳатто чет эл олимлари ҳам келиб, ўрганиб, топишолмаган», — дейди улар.
Меҳринисо Муҳсинованинг таъкидлашича, бу ерда ҳеч қандай «сир» йўқ. Бухорода бир вақтлар 114 ҳовуз бўлиб, улар одамларни сув билан таъминлаш ва шаҳарнинг ҳавосини мўътадиллаштириш вазифасини бажарган. Аммо ХIХ аср охири— ХХ аср бошларига келиб, ҳовузларнинг сувлари ёмонлашиб, турли касалликлар кўпайган. Касалликлар тарқалишига чек қўйиш мақсадида ҳовузлар, ҳаммом тазарлари ва уларнинг сувини тортиб олиш учун мўлжалланган захкашлар ҳам кўмиб юборилган.
Совет даврида ҳаммомлар газ ва электр таъминотига улангани, қозонлар шам эмас, газ билан иситила бошлаганини айтмаса, ҳаммомларнинг ички ва ташқи кўринишида айтарли ўзгариш бўлмаган.
Эркаклар ҳаммоми хизматлари. Ўтмиш
Ҳаммомлар муайян мулкдор ёки ижарачига тегишли бўлиб, барча ҳисоб-китоб ишлари ва чипта сотиш вазифасини унинг ўзи бажарган. Қўл остида ўт ёқувчи (гўлах) ва олтитагача хизматкор ишлаган. Хизматкорлар ўтин йиғиш, қудуқдан сув олиб келиб, ҳамба (ҳовуз)ларни тўлдириш ишлари, «халта» ва оддий уқалаш муолажаларини бажариш билан шуғулланган. Улар сафида бир сартарош ҳам бўлган.
Мижозлар уқаловчи ходимдан иккита лунги (белдан тиззагача бўлган қисмни бекитиш учун мўлжалланган мато) ва тос (ювиниш учун ишлатилган катта идиш, тоғора) олиб ювинишга кирган. Улар иситилган сувни махсус туйнуклар орқали олган. Совуқ сув эса ташқаридаги қудуқлардан мунтазам етказиб турилган.
Юқори ҳароратда чўмилаётган одамнинг оёқларидан иссиқлик бутун баданига тарқаб, танаси юмшаган. Ана шу пайтда теридаги кирлар ва ўлик ҳужайраларни тушириб, тозалайдиган махсус матодан тикиладиган халтача билан «халта» муолажаси қилинган. Мижоз яна сувда ювиниб олгандан сўнг битта лунгини ерга тўшаб ётган ва уқаловчи ходим унинг кўрсатмасига мувофиқ уқалашни бошлаган.
Қичима касали учун танага; соч тўкилишига қарши эса бошга қатиқ сурилган. Оёқ оғриғи учун товуқ ёғи, тананинг бошқа қисмларига эса от ёғи суртилиб, уқаланган. Муолажалар тугагач, мижоз яна ювиниб дам олиш хонасига ўтган. У чой, ширинликлар билан меҳмон қилинган.
Ҳаммомлар фақатгина гигиена воситаси бўлмай, ижтимоий муомала ва дам олиш маскани вазифасини бажарган. Бу ерда муҳим ишлар олдидан муҳокамалар, танишлар билан узундан-узоқ дийдорлашув суҳбатлари ҳам бўлган. Бухорога келиш учун Қизилқум чўллари орқали узоқ йўлни босиб ўтган сайёҳлар ҳаммом қабул қилиб бўлгач, дам олиш хонасида соатлаб ором олган.
Аёллар ҳаммомидаги ўзига хос ижтимоий ҳаёт. Ўтмиш
Аёллар ҳаммомнинг тузилиши ҳақида тарихий манбаларда алоҳида сўз юритилмайди. Эҳтимол, бу аксарият тарихчи ва солномачиларнинг эркаклар бўлгани ва уларнинг аёллар ҳаммомига кириши тақиқлангани билан боғлиқдир. Ҳарқалай, аёллар ҳаммомининг бугунги ички кўриниши эркакларникидан деярли фарқ қилмайди.
Шавкат Бобожоновнинг таъкидлашича, аёлларнинг ўзи учун махсус ҳаммомлар бўлгани ва ўша пайтда паранжида юрганига қарамай, диний нуқтаи назаридан ўзларини намоён қилмаслик, ҳаммомга кириб-чиқаётганини билдирмаслик учун кўчада ҳеч ким бўлмаган вақтда, ҳаттоки қуёш чиқмай ҳаммомга бориб-келишга ҳаракат қилган.
Аёллар ҳаммомида барча ташкилий масала ва муолажалар аёл ходимлар томонидан амалга оширилган. Бу иншоотлар маҳаллий аёлларнинг турли урф-одатлар ўтказиладиган жойига ҳам айланган. Хусусан, келинларни никоҳдан олдин ҳаммомга олиб бориш анъанаси — «ҳаммомбарон» бўлган. Бўлғуси келинга чўмилиш, халта, табиий маҳсулотлар билан уқалаш муолажалари қилинган.
««Ҳаммомбарон»да жисми поклансин, барча гуноҳлари ювилиб кетиб, янги ҳаётини чиройли бошласин деган маъно бўлган. Қолаверса, у ерда вужуди иссиқлик олган қизнинг тўйдан кейин тезроқ ҳомиладор бўлишига ҳам ишонилган», — дейди Меҳринисо Муҳсинова.
Бухоро давлат университети археология ва Бухоро тарихи кафедраси профессори Манзила Қурбонованинг таъкидлашича, никоҳдан олдинги ҳаммомбаронга қиз билан бир нечта қариндошлари келган ва барча харажатларини куёв томон қоплаган. Ҳаммомдан чиқишларига эса куёв тараф турли тансиқ таомлар пишириб юборган дастурхондан ҳаммом ходимлари билан тановул қилишган.
Шунингдек, аёллар кўзи ёригандан сўнг организмини тиклаб олиш мақсадида чилласи чиққунча чақалоғи билан тўрт мартагача ҳаммомга борган. Муҳсинованинг таъкидлашича, ҳаммомда чақалоқлар кагилли сув (ка — сомон кукуни, гил — эски девордан олинган лой) билан чўмилтирилган. Бунда бола катта бўлганда ҳидланмасин, соғлом, ризқли ва ўз юртининг тупроғини севсин деган маъно бўлган.
«„Ҳаммомбарон“ 1960 йиллардан кейин қилинмай қўйган. Бунинг асосий сабаби — одамларнинг ўз уйида ҳаммомлар қура бошлагани бўлса, урф-одатларга бош-қош бўлиб, қаттиқ турадиган кекса авлоднинг дунёдан ўтиб кетиши ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган», — дейди Манзила Қурбонова.
Манзила Қурбонова ва Меҳринисо Муҳсиноваларнинг ҳар иккови тасдиқлашича, бу урф-одатлар Эски шаҳар ҳудудидаги ҳаммомларда асосан шаҳарлик аёллар томонидан ўтказилган бўлса, Бухоронинг бошқа ҳудудлари, жумладан, Когон, Вобкент, Ғиждувонда ҳам унча узоқ тарихга эга бўлмаган жамоат ҳаммомларидa амалга ошириб келинган.
«Чақалоқларни кагилли сув билан ювиш анъанаси ҳозир одамларнинг уйига кўчган. Эҳтимол, ҳамма ҳудудларда ҳам амалга оширилмас, лекин ҳамонгача шаҳар ва бошқа ҳудудлардаги оилаларда сақланиб қолинганини биламан», — дейди Меҳринисо Муҳсинова.

Ҳозир ҳам аёллар туғуруқдан кейин шахсий ташаббуси билан танасини тиклаш учун ҳаммомга бориб туради.
Эркаклар ҳаммоми хизматлари. Бугун
ХХ асрдаги маданий ҳаётдаги ўзгаришлар, аҳолининг ўз уйларида ҳам ҳаммомлар қура бошлаши, замонавий жамоат ҳаммомларининг барпо этилиши натижасида қадимий ҳаммомларга эҳтиёж камайган. Улар фақатгина умумий чўмилиш жойи вазифасини бажариб, мижозларга юқорида айтиб ўтилган — «халта» ва уқалаш хизматларини кўрсатмаган.
Маданий мерос агентлиги тақдим этган маълумотларига кўра, Кунжак ва Бозори Корд ҳаммомлари XVII -ХVIII асрлар давомида бир неча бор реконструкция қилинган. ХХ асрнинг биринчи ярмида иншоотларда капитал таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилган.
Бу ҳаммомлар мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам қисман таъмирланган. Кўп ўтмай ҳаммомларни ижарага олган кишилар тарихий манбалар ҳамда илгари ҳаммомларда хизмат кўрсатган усталарнинг авлодлари хотиралари асосида қадимги анъаналарга қайта тиклашга ҳаракат қилган.
Телпакфурушон тоқидан ўтиб, 200 метрча юрганда пичоқчиларнинг рўпарасида, деярли кўзга ташланмайдиган, эшигидаги ёзув орқалигина ҳаммолигини илғаб мумкин бўлган ишоот — Бозори Кордни топасиз.
Хизмат кўрсатиш нархлари
(Эслатма: нархлар 2025 йил март ойи ҳолатига кўра тақдим этилмоқда. Уларнинг миқдори ўзгариб туриши мумкин).
Хизмат тури
Ўзбекистон фуқаролари учун
Чет эл фуқаролари учун

Фақат чўмилиш
50 000 сўм
250 000 сўм (соат 12:00 гача — 200 000 сўм)
Халта, массаж, доривор хизматлари
250 000 сўм
400 000 сўм
Экскурсия
Бепул
Бепул
Бозори Корд ҳаммоми сешанбадан ташқари барча кунлар эрталаб 6:00 дан 23:00 гача ишлайди. Сешанба куннинг ярмигача санитария вақти бўлиб, хизмат кўрсатилмайди. Ҳаммом байрам ва таътил кунлари ҳам юқоридаги вақтларда фаолият олиб боради. Бозори Корд бир пайтнинг ўзида 15 мижозни қабул қилиш имкониятига эга.
Ҳаммом хоналарига кирган сари иссиқлик 40 гардуcдан 60 гача кўтарилиб боради. Бугун бу ерда гўлахлар ва бошқа хизматокорларга эҳтиёж йўқ. Ижарачи бажарган ташкилий масалалар ҳаммом маъмури қўлида. Массаж, «халта», дориворлар ўсимликлар билан уқалаш муолажаларини бир неча массажчилар амалга оширади. Шунингдек, тозаликни сақлаш учун бир нафар алоҳида ходим ҳам ёлланган.
Кириш қисмидан чап томондаги эшикни очиб, зиналар орқали ҳаммомга тушилади. Ҳаммом 8 қисмдан иборат: дам оладиган хона — хушхона, пархона, иссиқ хона, совуқ хона, учта масcаж бурчаги ва бу хоналарнинг ҳар бирига кириш учун босиб ўтиладиган зал.
Мижоз тақдим этилган лунги ва махсус оёқ кийимни кийиб пархонага киради. Бу ерда 10−15 дақиқа ўтириб, бадани юмшаганидан сўнг «халта» амалиёти амалга оширилади. Кейин мижоз сувда бир ювиниб олади.
Ҳаммомдаги мис қозон 2008 йилдан кейин тешилиб қолиб, металл қозонга алмаштирилган. Туйнуклар орқасидаги қозондан ҳамба (ҳовуз)га келиб тушган иссиқ сув челакка солиб олинса, совуқ сувни қувурлар етказиб туради.
Ювиниб бўлгач, массаж бошланади. Бел, оёқ-қўллар, умуман, бутун танани 25 дақиқалик уқалашдан сўнг мижоз сoвун билан яна яхшилаб ювинади.
Энди навбат доровор гиёҳлар билан бўладиган пиллинг муолажасига. Бунда танага табиий асал ва занжабилни аралаштириб, тайёрлаб қўйилган скраб суртилади.
Кейин мижоз иссиқ хонага киради. Иссиқ тош устига лунги тўшалиб, мижоз қаеридан шикоят қилса, ўша тарафи билан тош устига ётқизилади. 15−20 дақиқадан сўнг скраб совуқ сув билан ювиб юборилади. «Занжабил қонни суюлтиради. Ҳаммомнинг юқори ҳарорати эса танани қиздиради. Бу жараёнда иссиқ сувдан фойдаланилса, тана зўриқиб, мижознинг соғлиғи ёмонлашиб қолиши эҳтимоли бор», — дейди ҳаммом ходимлари.
Ҳаммом қабул қилиш жараёнида мижозлар юқори даражадаги иссиқликни кўтаролмаса, совуқ хонага ўтиб совуб олишлари, жараёнлардан чарчаганда эса хушхонага ўтиб дам олишлари мумкин бўлади.
Шу билан жараёнлар тугайди, мижоз ҳарорати мўътадил бўлган хушхонада артиниб чиқиб, ҳаммомнинг кириш қисмида жойлашган бурчакда чой ва ширинликлар тановул қилиши мумкин. Ташриф буюрувчиларда барча муолажалардан фойдаланмаслик имконияти ҳам бор. Нарх ҳам шунга қараб ўзгаради.
Ходимлар ҳаммомдаги муолажалар артроз, артрит, диск чурраси, кўплаб суяк касалликлари, простатани даволашда ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Шунингдек, бу ҳаммомларга фарзанд кўролмаётган инсонлар ҳам умидвор бўлиб кўп келади. «Одамлар керакли муолажаларни олиб, фарзандли бўлгани ҳақида хушбарларни ҳам етказиб туради», — дейди ходимлардан бири.
Пархонада томоқ, бош оғриғидан шикоят қилаётган инсонлар келиб, ингаляция олиб кетиши ҳам мумкин. Ўтмишда бу хонанинг тошларига сув сепилганда буғ чиқиб табиий пар ҳосил бўлган. Бугун эса ижарачиларнинг ўзи пар генератор қўйган.
«Кексалар келиб, иссиқ тошларга бир, бир ярим соат, умуман организми кўтарганча ётиб кетади. Улардан чиқаётган иссиқлик суякларни ром қилади, шамоллашларни олади», — дейди ходимлар. Маҳаллий аҳолининг 60−70 ёшли эркаклари орасида деярли ҳар якшанба эрталаб 6:00 дан келиб муолажалар қабул қиладиганлар ҳам учрар экан.
Ҳаммомга нoябрдан февралгача маҳаллий аҳоли келса, апрель-майда хорижий сайёҳлар ҳам кўпайиб қолади. 2−3 йил аввал хорижий мижозларнинг аксариятини Россиядан келганлар ташкил қиларди. Ҳозир Америка, Испания, Италия, Хитой, Индонезия каби мамлакатлардан келган ташрифчилар кўпроқ.
Ҳаммом маъмури Равшан Қудратов ўзбек, тожик, инглиз, рус тилларида эркин мулоқот қилади. Келган маҳаллию хорижий сайёҳларни қабул қилиб, жараёнлар ҳақида тушунтиради. Массажчи ходимлар ҳам инглиз, рус тилларидан ўз ишига керакли миқдорда фойдалана олади.
Аёллар ҳаммоми хизматлари. Бугун
Кунжак ҳаммом дам олиш кунисиз 8:00 дан 20:00 гача ишлайди, бир пайтнинг ўзида 20 кишига хизмат кўрсатиши мумкин.

Ҳаммомга кириш залида пойабзаллар ечиб, махсус тақдим этилган шиппаклар кийиб олинади. Чап томондаги зина орқали ҳаммом ички қисмига тушилади. Эски қоидалар ҳамон мавжуд: эркакларнинг кириши мумкин эмас, хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам фақат аёллар.
Даҳлиз бўйлаб юрганда токчаларда ёниқ турган шамларга кўзингиз тушади. «Ўзим ҳар куни келиб, ният қилиб шамларни ёқаман. Худога шукур, ҳозирча қилган ниятларимнинг ҳаммасига етяпман. Ҳаммомга ташриф буюрган исталган одам, масалан, сиз ҳам шамни ёқишингиз мумкин», — дейди ўша ердаги ходимлардан бир.
Манзила Қурбонованинг таъкидлашича, бу Бухорода зардуштийлик давридан қолган анъананинг бир бўлаги. Бу ишни асосан аёллар қилади. Оғир касаллар тузалиб кетиши, бефарзандлар фарзандли бўлиши, турмуш қуриш истагидагилар ниятига етиши учун шам ёққан.
«Шам ёруғлик, ойдинлик, иссиқлик рамзи бўлган. Кимдир вафот этганида ҳам „олов — тозаловчи“ деб, жин-ажиналарни қувиш мақсадида уч кун шам ёқиб қўйилган. Тўй маросимларида ҳам келин-куёв чимилдиққа киришидан олдин шам ёқиларди», — дейди профессор.
Аёллар ҳаммомида ҳам эркакларникидагидек хизматлар кўрсатилади. Фақат аёллар лунги ўрнига бир марталик халатлардан фойдаланади.

Шунингдек, аёллар ҳаммомидаги мис қозон ХВИ асрдан бери ўзгармаган. Ҳаммом ходимлари унда қайнаган сувни инсон танасига фойдали деб ҳисоблайди.
Хизмат кўрсатиш нархлари
(Эслатма: нархлар 2025 йил март ойи ҳолатига кўра тақдим этилмоқда. Уларнинг миқдори ўзгариб туриши мумкин).
Хизмат тури
Ўзбекистон фуқаролари учун
Чет эл фуқаролари учун
Фақат чўмилиш
50 000 сўм
100 000 сўм
Чўмилиш+халта
200 000 сўм
200 000 сўм
Чўмилиш+массаж
300 000 сўм
300 000 сўм
Чўмилиш+доривор
400 000 сўм
400 000 сўм
Экскурсия
Бепул
Бепул
Ҳаммомга бефарзандлар кўп келиши ҳақида гапирар экан, «5 йилдан бери ишлайман, турли аёллардан ҳаммомга келиб кетгач фарзандли бўлгани ҳақидаги хабарларни эшитаман. Яқинда ҳам бир келинчак келиб, „опажон, мен ҳомиладор бўлдим, яқинда кўзим ёрийди“, деб кетди», — дейди ҳаммом ходимларидан бири.
Меҳринисо Муҳсинованинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар ҳаммомнинг қандайдир «каромат»и билан боғланиши ва уни илоҳийлаштиришга сабаб бўлмаслиги керак. Шунчаки, тиббий нуқтаи назардан ҳам ҳаммомнинг юқори ҳарорати танадаги шамоллашларни олиб, у ёки бу касалликдан қийналаётганлар учун даволовчи вазифасини ўташи мумкин.
Уч яримта ҳаммом
Қизил армиянинг 1920 йилги Бухоро амирлигини тугатишга қаратилган босқини вақтидаги бомбардимонлар оқибатида шаҳардаги кўплаб бино ва иншоотлар қатори ҳаммомларга ҳам зарар етган. Бу давргача мавжуд бўлган 19 ҳаммомдан фақат учтаси — Саррофон, Кунжак, Бозори Кордларгагина жиддий зарар етмай қолган, холос.
«Шаҳар 10 кун олов ичида қолиши натижасида ёғочдан қурилган ва юзада жойлашган ҳаммомлар ёниб кетган. Тошдан мустаҳкам қилиб, нисбатан чуқурроқда қурилганлари эса сақланиб қолган. Қолаверса, портлашлар ва ёнғин натижасида ҳаммомларнинг сув йўллари, канализация тизимлари ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолган», — дейди тарихчи Бобожонов.
Марказий Осиё санъати тарихи бўйича мутахассис Лазар Ремпелнинг ёзишича, Бухоро ҳаммомларининг фазовий ўлчови (бино ички қисмларининг ҳажми ва фазодаги ўзаро жойлашуви) ва ташқи лойиҳавий кўриниши, таркиби ва тизими бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Масалан, бинодаги тошлар ўрни сал ўзгартирилса ёки қўзғатилса ҳам, ҳаммомнинг иситиш технологияси бузилиши мумкин.
Aйрим тадқиқотчилар обидаларнинг асрлар давомида сақланиб қолганини нафақат қурилиш материаллари сифати, балки уларнинг фалакиёт билан уйғунлаштириб қурилгани билан изоҳлайди. Хусусан, Шавкат Бобожоновнинг тушунтиришича, илгари меъморлар биноларни қуришда астрономик жиҳатларни ҳам инобатга олган.
Масалан, Бухоро Арки Етти оға-ини ёки Чўмич юлдуз туркумига қараб, етти тош устунли пойдевор шаклида қурилган, деб тахмин қилинади. Шунингдек, Масжиди Калон ҳам Қуёш тизими билан боғлиқ ҳолда қурилган деган тахминлар бор — эмишки, масжиднинг марказий гумбази ва унинг атрофидаги 288 кичик гумбаз Қуёш ва унинг атрофидаги осмон жисмларининг ҳаракатини рамзий ифодалайди, дейди Шавкат Бобожонов. Сомонийлар мақбараси эса квадрат шаклида бўлиб, устига ярим шарсимон гумбаз ўрнатилган — шундан келиб чиқиб, квадрат Ерни, гумбаз эса Ойни ифодалаши тахмин қилинади.
Ҳаммомлар орасида меъморий жиҳатдан энг яхшиси дея таърифланадиган Саррофонга, жумладан, унинг пол остидаги иситиш тизимига совет давридаги илмий-тадқиқот ишлари вақтида жиддий зарар етказилган ва ҳаммом фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган, дейилади Маданий мерос агентлиги ахборотида. Ўз навбатида, ҳаммомнинг жиддий зарар кўришига унга узоқ вақт техник хизмат кўрсатилмагани, материалларининг эскирганлиги ва экстремал иқлимнинг очиқ таъсири остида қолгани ҳам сабаб бўлган.
1970−1990 йиллари оралиғида амалга оширилган реконструкция ишлари давомида Саррофон ҳаммомнинг меъморий элементлари — гумбазлари, девор безаклари, кириш қисми ва пол структуралари имкон қадар сақлаб қолинган. «Бу элементлар унинг тарихий ва меъморий ёдгорлик сифатида қадрланишни белгилайди ва „ҳаммомлик“ функциясини сақлаб қолганини англатади», — дейилади агентлик маълумотида.
«Тоқи Саррофон» ҳаммоми инвестиция киритиш шарти билан Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 февралдаги 53-сонли қарори асосида ижарага берилган. Қарор доирасида объектни ижарага олувчи ташкилот мажбурият сифатида ҳаммомни таъмирлаш, замонавий талабларга мослаштириш ва у орқали маданий меросни асраб-авайлаш бўйича зарур чораларнинг кўрилишини таъминлаши лозим. Ҳозирги вақтда ҳаммомда анъанавий иситиш тизимидан фойдаланилмайди.
Бугунги кунда Кунжак ва Бозори Корд ҳаммомлари Ўзбекистондаги барча маданий мерос объектлари қатори муҳофаза қилинмоқда, эҳтиёж туғилганда илмий асосда реставрация қилинади. Маданий мерос агентлигининг рухсатисиз ижарачалар бирор жойни ўзгартиришлари мумкин эмас. Ҳатто ҳар кунлик тозалаш ишлари ҳам Санитария-эпидемиология маркази ходимлари томонидан кўрсатилган йўриқномага мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, 1920 йилги бомбардимонлардан ярим вайронага айланган Кавши Олак (ёки Амири) ҳаммоми ҳам ҳозирда археология объекти сифатида муҳофазага олинган.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи — Евгений Сорочин.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda