Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ўзбекистонда 2025 йили боришга арзийдиган 10 фестивал
Ўзбекистон маданияти билан танишишнинг турфа йўллари бор. Энг жонли ва бевосита танишув имконини эса айнан фестиваллар тақдим этади. «Газета.uz» Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда бу йил бориб, кўриш арзийдиган энг қизиқарли ва томошабоп тадбирларнинг ўнталик рўйхатини тайёрлади.
Ўзбекистон маданияти билан танишишнинг турфа йўллари бор. Энг жонли ва бевосита танишув имконини эса айнан фестиваллар тақдим этади. «Газета.uz» Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда бу йил бориб, кўриш арзийдиган энг қизиқарли ва томошабоп тадбирларнинг ўнталик рўйхатини тайёрлади.
Айрим фестивалларнинг санаси ўзгариши мумкин. Қўшимча ахборотни ҳар бир тадбирга бағишланган киришнинг «Қаердан маълумот олиш мумкин?» банди кўрсатилган манбалардан олиш мумкин.
Халқаро жаз фестивали
Қачон?
29 апрель — 13 май
Ҳар куни соат 19:30 да
Қаерда?
Тошкент, «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройининг ёзги майдончаси (локация)
Қаердан маълумот олиш мумкин?
Ташкилотчи — Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармасининг Telemgram-канали (ҳавола)
Баҳорда Тошкент ҳавоси нафақат гуллаган павловния, каштан ва настарин ифорларига, балки жаз садоларига ҳам тўлади. Пойтахт тўққизинчи бор Халқаро жаз фестивалига мезбонлик қилади. Тадбир, анъанавий равишда, Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси, ЮНЕСКО ваколатхонаси ва бир қатор мамлакатларнинг элчихоналари томонидан ташкил этилади.
Халқаро форумлар саройининг ёзги майдончасида АҚШ, Германия, Франция, Исроил, Индонезия, Польша, Швейцариядан келган таниқли хонанда ва созандалар, шунингдек, ўзбекистонлик жаз ижрочилари чиқиш қилади. Ўтган йилги дастурда давримизнинг энг муҳим саксофончиларидан бири Кенни Гаррет, жаз-дива Ди Ди Бриджуотер, хорижий мусиқа мунаққидларининг суюклиси Грегори Портер, италиялик вокалчи Марио Бьонди, аккордеонист Марк Бертумьё ва бошқа юлдузлар қатнашган эди. Бу сафарги фестивалда Гленн Миллернинг афсонавий оркестри иштирок этади (дастур).

Тадбирнинг энг катта афзаллиги — кириш текин. Яъни, жазнинг хилма-хил услубларидан баҳра олиб, вақтни очиқ осмон остида рақсга тушганча чоғ ўтказиш — мутлақо бепул.

Аввалроқ фестивалнинг қайси концертларига албатта бориш лозимлиги ҳақида тавсиялар эълон қилинган эди.
«Стихия» электрон мусиқа фестивали
Қачон?
29−31 май
Куну тун
Қаерда?
Қорақалпоғистон Республикаси, Мўйноқ тумани, Кемалар қабристони (локация)
Қаердан маълумот олиш мумкин?
Ташкилотчининг сайти — stihia.org
«Стихия» — Ўзбекистондаги энг ноодатий фестиваллардан бири. Уни Америкадаги Burning Man’га қиёслаш мумкин: «Стихия» ҳам Орол денгизини қарийб ютиб юборган саҳрода ижодкорлар ўзлигини намоён этиши учун ўтказилади.

Электрон мусиқа, санъат ва фанни уйғунлаштирган ушбу тадбирни 2018 йили бир гуруҳ ташаббускорлар ўйлаб топган. Ўтган вақт ичида унда яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан 15 мингдан зиёд меҳмон қатнашди. «Стихия» бутун дунёдан санъаткорларни ўзига жалб қилади — саҳрода ўз мусиқасини қўйиш ниятида техно, хаус, эмбиент ва бошқа эксприментал жанрларнинг ижрочилари келади. Ўтган йили лайн-ап 50 қатнашчидан иборат бўлганди.
Мўйноқ ушбу фестивалнинг эпицентридир. Тадбир фақат бир марта — 2023 йили Бухоро вилоятида бўлиб ўтган эди. Хилма-хил мусиқий дастурдан ташқари фестивал доирасида маҳаллий ҳудуд ва аҳоли ҳикояларига бағишланган «СТИХИЯ N+1» форуми, арт-инсталляциялар намойиши, маҳорат дарслари ва йога машғулотлари, бўлиб ўтади. Бундан ташқари, маҳаллий уста-ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқилган эко-брендлар ярмаркаси ҳам ўтказилади.

Фестивалда қатнашиш учун стандарт ва гуруҳлик чипталарини тадбирнинг расмий сайти — stihia.org'дан сотиб олиш мумкин. Тадбир яқинлашавергани сайин чипталар нархи ҳам ўсиб бораверади. Чипта нархи транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларини ўз ичига олмаган. Фестивал бўладиган уч кун давомида яшайдиганингиз чодирдан жой банд қилиш учун алоҳида тўлов қилишингиз керак.
«Саҳро бахшилари» мусиқа фестивали
Қачон?
22 мая
Қаерда?
Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Олтинсой маҳалласи, Пўлкан шоир хиёбони
Қаердан маълумот олиш мумкин?
Навоий вилоят Туризм бошқармаси Telegram-канали (ҳавола)
«Саҳро бахшилари» — Ўзбекистоннинг мусиқий меросига қизиқаётганлар бориши шарт бўлган фестиваллардан. Бу тадбир баҳона Навоий вилоятининг Хатирчи туманига ҳар йили мамлакатнинг турли ҳудудларидан халқ оғзаки ижоди анъаналарининг чин қўриқчилари — бахшилар тўпланади.

Фестивалнинг Олтинсой маҳалласидаги Пўлкан шоир хиёбонида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Таъкидлашларича, кўплаб халқ қўшиқлари ва афсоналари айнан шу ерда «дунёга келган».
Фестивал дастурида таниқли бахшилар ва ёш ижрочиларнинг жонли чиқишлари, рубобда импровизациялар, достонлардан парчалар ижроси, шеърият мусобақалари ҳамда маҳорат машғулотлари ўрин олган.

ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган ушбу санъат билан танишиш ниятидаги барча ушбу фестивалга ташриф буюриши мумкин — кириш бепул.
Халқаро 64-гуллар фестивали
Қачон?
25 май — 29 июнь
Қаерда?
Наманган. Парк культуры и отдыха имени Бабура (локация)
Қаердан маълумот олиш мумкин?
  • Наманган вилоят Туризм бошқармаси Telegram-канали (ҳавола)
  • Миллий туристик ахборот маркази сайти (ҳавола)
Намангандаги Гуллар фестивали шаҳар аҳлининг алоҳида меҳрини қозонган. Бу фестивалнинг кўламини, эҳтимол, фақат Наврўз сайиллари билан таққослаш мумкиндир. Тадбир ўтаётган кунларда нафақат Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи саккиз гектарлик улкан боғ ва гулзорга айланади, балки шаҳарнинг ўзи буткул бошқача қиёфага киради — кўча ва майдонларга миллионлаб гул ва буталар экилади.
Фестивал Наманган шаҳри тарихининг бир қисми экани билан ҳам аҳамиятга молик. У 1961 йилдан бери ўтказилади ва аллақачон ҳудуднинг ташриф қоғозчасига айланиб улгурган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра, тадбир 2019 йили халқаро мақомни олди. Ўтган йили унга 6 миллион меҳмон, жумладан, чет эллик сайёҳлар ҳам ташриф буюрган.

Автомобиллар паради — гуллар фестивалининг дастуридан ўрин олган доимий тадбирлардан. Гуллар билан безатилган автомобиллар ёш болалар ва катталарнинг кўзини қувнатиб, Наманган аэропортидан то Бобур кўчасига тантанали юриб келади.

Фестивал кунлари давомида ижодий жамоалар ўз чиқишлари билан, уста-ҳунармандлар ярмаркалар билан, қўли ширин ошпазлар эса миллий таомлари билан ташриф буюрувчиларни хурсанд қилиб туради. Фестивалга кириш — бепул.
Баҳодирлар ўйинлари бўйича халқаро «Стронгмен» мусобақаси
Мусобақа Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган
Қачон?
июнь-август
Қаерда?
Хива, «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси (локация)
Қаердан маълумот олиш мумкин?
  • Миллий туристик ахборот маркази сайти (ҳавола)
  • Туризм қўмитаси Telegram-канали (ҳавола)
«Стронгмен» баҳодирлар ўйинлари бўйича халқаро мусобақалар файласуф ва тенгсиз полвон — Паҳлавон Маҳмуд (1247−1326) шарафига ўтказилади. Ҳар йили Хивада бўладиган бу тадбир куч-қудрати, чидамлилиги ва матонатини синамоқчи бўлган турли мамлакатлардан келган иштирокчиларни жамлайди.
Турнир Ичан-Қалъа давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтади. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ноёб меъморий ансамбль фонида энг кучли полвонлар арқон тортиш, тош кўтариш ҳамда куч синашиш ва чидамлиликка доир мусобақаларда қатнашади.

«Стронгмен» концертлар, маҳорат машғулотлари, кўргазмалар ва ҳунармандчилик ярмаркаларидан иборат бой маданий дастур билан бирга ўтказилади. Бу эса уни нафақат спорт мухлислари, балки Ўзбекистон маданиятига қизиқувчи сайёҳлар учун ҳам жозибали қилади.
«Ипак ва зираворлар» халқаро фестивали
Қачон?
6−8 июнь
Қаерда?
Бухоро
Қаердан маълумот олиш мумкин?
  • Бухоро вилоят Туризм бошқармаси Telegram-канали (ҳавола)
  • Миллий туристик ахборот маркази сайти (ҳавола)
Номидан ҳам тахмин қилиш мумкинки, «Ипак ва зираворлар» халқаро фестивалининг номини танлашда «Минг бир кеча» эртакларидаги сершовқин, ранго-ранг Шарқ бозори ҳақидаги ривоятлар илҳом бағишлаган.

Бухоро 2001 йилдан бери ҳар йили бир неча кунга гўёки Буюк Ипак йўли даврларига қайтади: Эски шаҳарнинг кўча ва майдонларида савдо қизийди, мусиқа янграйди, миллий таомларнинг ислари иштаҳани қитиқлайди.
Фестивал дастуридан миллий либослардаги чиқишлар, концертлар, кўргазмалар, гастрономик дегустациялар ва маҳорат машғулотлари ўрин олган. Фестивалда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан ва хорижий мамлакатлардан келган ижодий жамоалар ва усталар қатнашади.
«Қовун сайли» фестивали
Қачон?
8−10 август
Қаерда?
Хива, «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси
Қаердан маълумот олиш мумкин?
  • Хоразм вилоят Туризм бошқармаси Telegram-канал (ҳавола)
  • Миллий туристик ахборот маркази сайти (ҳавола)
«Қуёш қанча зўр қиздирса, қовун шунча ширин бўлади», — дейди хоразмлик полизчилар. Уларнинг бу сўзлари тасдиғини ҳар йили ёзда Ичан-қалъада ўтказиладиган «Қовун сайли» фестивалида топиш мумкин.

Ушбу ҳосил байрамининг кўлами кишини ҳайратга солади. Ташкилотчилар тўрт гектар майдонда бир неча ўнлаб павильонлар қуради (ўтган йили уларнинг сони 60 та эди) ва уларнинг ҳар бирини Хоразм вилоятининг турли туман ва шаҳарларидан, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган фермер ва тадбиркорлар тўлдиради.
Раста ва пештахталар полиз экинлари билан тўлдирилади, улар орасида энг асосийси эса, табиийки, қовундир. Фестивал вақти уларнинг хилма-хил турларини кўришингиз мумкин (қовун турлари 120 дан ортиқ): «Гурвак», «Қариқиз», «Туяқовун», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» ва бошқалар. Қовунларни шу жойнинг ўзида тотиб ҳам кўриш мумкин.

Дегустациядан ташқари дорбозларнинг чиқишлари, театрлаштирилган томошалар, концертлар ва халқ амалий санъати кўргазмалари ҳам фестивал меҳмонларининг вақтини чоғ ўтказиш учун хизмат қилади.
Фото: Rafal Sliwa
Халқаро санъат биенналеси
Қачон?
5 сентябрь — 20 ноябрь
Қаерда?
Бухоро, Эски шаҳар
Қаердан маълумот олиш мумкин?
Ташкилотчининг Telegram-канали (ҳавола)
Бу йил кузда Бухоро Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармасининг навбатдаги йирик лойиҳаси — Халқаро санъат биенналесини қабул қилади. Тадбир куратори этиб хусусий Samdani Art Foundation (Бангладеш) санъат жамғармасининг арт-директори Диана Кэмпбелл тайинланган.

Тадбир Бухоронинг тарихий маркази ва у ердаги Мир Араб мадрасаси, Мағоки Аттори масжиди, Калон масжиди ва Аҳмаджон карвонсаройи каби меъморий ёдгорликларда бўлиб ўтади.
Биеннале мавзуси — «Синиқ юраклар учун дармон». У буюк файласуф ва табиб Ибн Сино ҳақидаги афсонадан илҳомланиб танланган. Ривоятга кўра, Ибн Сино ошиқ шаҳзодани даволаш учун паловни ихтиро қилган экан. Биенналенинг турли мамлакатлардан келган 70 дан ортиқ иштирокчиси ушбу маъжозий маънони ўз асарларида акс эттириб, санъатни жамоавий шифо ва тажриба алмашиш воситаси сифатида тақдим этади. Жаҳоннинг таниқли санъаткорлари: Энтони Гормли, Субодҳ Гупта ва Slavs and Tatars санъат гуруҳи аллақачон ўз иштирокини тасдиқлаган.

Ташриф буюрувчилар учун бадиий кўргазмалар, мусиқа ва рақс томошалари, гастрономик ва бошқа лойиҳалар тақдим этилади.
Халқаро
Samarkand Marathon
хайрия югуриш мусобақаси
Қачон?
8-9 ноябрь
Қаерда?
Самарқанд
Қаердан маълумот олиш мумкин?
Ташкилотчи сайти (ҳавола)
Халқаро Samarkand Marathon хайрия югуриш мусобақаси Ўзбекистон маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан 2019 йилдан бери ўтказиб келинади. Уни мамлакатдаги энг машҳур югуриш тадбири, деб аташ мумкин. Ҳар қалай, орасида профессионал спортчилар ҳам, ҳаваскорлар ҳам бўлган иштирокчиларнинг сони йилдан-йилга ўсиб бораётгани сўзимизга далил бўла олади. Ўтган йилги марафонда 46 мамлакатдан келган 5,5 мингдан ортиқ киши қатнашди.
Самарқанд марафони иштирокчиларга турли масофаларни таклиф қилади: классик марафон (42,2 км), ярим марафон (21 км), қисқа масофалар (2 км, 5 км ва 10 км) ва инклюзив югуриш (5 км). Югуриш йўналиши Самарқанднинг тарихий қисмидан ўтади. Старт ва финиш Регистон майдонида жойлашган.

Спорт мусобақаси атрофида хилма-хил маданий тадбирлар — концертлар, маърузалар, маҳорат машғулотлари, плоггинг ҳам бўлиб ўтади.
Мусиқий «Жип-спринт» беллашувлари
Қачон?
20 ноябрь
Қаерда?
Тошкент вилояти, Паркент тумани
Қаердан маълумот олиш мумкин?
  • Тошкент вилояти Туризм бошқармасининг Telegram-канали (ҳавола)
  • Миллий туристик ахборот маркази сайти (ҳавола)
«Жип-спринт» халқаро беллашувлари йўлтанламас спорт ва экстремал саргузашт ишқибозлари учун мароқли воқеадир. У Паркент туманининг хушманзара жойларида бўлиб ўтади.

Мусобақа иштирокчилари автомобилларни мураккаб трассалар бўйлаб юргизиб, ҳайдовчилик маҳоратини синовдан ўтказади. Дастурда юришларнинг ҳар хил туркумлари, жумладан, Light ва Extreme таснифидаги трассалар бўйлаб ҳаракатланиш ҳам кўзда тутилган.
Томошабинлар учун хонандаларнинг чиқишлари, кўргазмалар ва маҳаллий ошхона дегустацияси каби кўнгилочар тадбирлар кўзда тутилган.
Шарҳ Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланди.

Шарҳ муаллифи — Виктория Абдураҳимова.
Шарҳни тайёрлашда «Газета.uz» интернет-нашри ва Ўзбекистон маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармасининг, шунингдек, Туризм қўмитаси тақдим этган фотосуратлардан фойдаланилди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda