Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Бухородан совғалар
200 минг сўмгача бўлган бешта ноодатий ва амалий совға
Ҳар қандай сайёҳ у ёки бу жойга борганида, ўзи ва яқинлари учун бирор эсдалик совға олиб кетишни истайди. Аммо, бир вақтнинг ўзида ҳам эсда қоларли, ҳам ҳамёнбоп эсдалик топиш осон иш эмас. «Газета.uz» Бухорода 200 минг сўмгача харид қилиш мумкин бўлган оммабоп совғалар рўйхатини тузди.
Ҳар қандай сайёҳ у ёки бу жойга борганида, ўзи ва яқинлари учун бирор эсдалик совға олиб кетишни истайди. Аммо, бир вақтнинг ўзида ҳам эсда қоларли, ҳам ҳамёнбоп эсдалик топиш осон иш эмас. «Газета.uz» Бухорода 200 минг сўмгача харид қилиш мумкин бўлган оммабоп совғалар рўйхатини тузди.
Қўлда ясалган қўғирчоқлар

150 минг сўмдан бошланади
Бухоро қўғирчоқлари — шунчаки сувенир бўлибгина қолмай, шарқона илиқликни ўзида мужассам этган кичик санъат асарларидир.

Лаби Ҳовуз атрофидаги Зокир Жўраев ва Искандар Ҳакимов устахонасида Амир Олимхон ва канизаклари кўринишидаги, шунингдек, зардўзи либосдаги Бухоро қизларию эртак қаҳрамонлари каби турли қўғирчоқларни топиш мумкин.

Қўл меҳнати билан ясалган бу ўйинчоқлар нафақат коллекционерлар, балки ўзбек урф-одатлари ва Бухоронинг кўҳна шукуҳини қадрлайдиган ҳар қандай кишини хурсанд қилиши аниқ.
Шопперлар

50 минг сўмдан 200 минг сўмгача
Шопперлар кундалик ҳаётда ҳам, сафарда ҳам фойдали, бунинг устига ажойиб аксессуар. Энг яхши томони Бухорода танлов кенг: хоҳишингизга қараб адрас, бахмал, сўзани каштадан тикилган ёки босма нақшли сифатли шопперларни топишингиз мумкин.
Безакли ёстиқжилдлар

30 минг сўмдан 100 минг сўмгача
Ёстиқ нафақат ҳордиқ вақти энг яхши ҳамроҳ, шу билан бирга интерьернинг чиройли бир детали ҳам. Турфа кўринишдаги ёстиқжилдлар кишига хуш кайфият бағишлайди. Агар у Бухорони ҳам эслатиб турса, қандай яхши, шундай эмасми?

Олимхон карвонсаройи ва Лаби Ҳовуз атрофидаги дўконларда қуроқ услубида тикилган, кашталар билан безатилган ҳамда замонавий тасвирлар туширилган ёстиқжилдлар сотилади.
Шўрданаклар

килоси 30 минг сўмдан 60 минг сўмгача
Бухоро шўрданаклар тотлилиги билан машҳур. Данаклар қанчалик майда ва пўчоғи юпқа бўлса, шўрданакнинг нави шунчалик юқори бўлади. Бухоронинг қурғоқчил иқлими ўрикнинг майда данакли навларини етиштириш учун қулай бўлгани боис бу ерда бошқа вилоятлар ёки пойтахтга қараганда сифатли шўрданакларни топиш осонроқ.
Бош кийимлар

150 минг сўмдан бошланади
Бош кийим ҳам совға учун яхши танлов. Айниқса, миллий нақш ва кашталар билан безатилган бўлса. Лаби Ҳовуз бўйидаги дўконларда шундай шаклда дўппи ва кепкаларни сотиб олиш мумкин
Материал Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган

Фотосуратлар муаллифи — Евгений Сорочин.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda