2025 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби, АҚШ элчиси, таниқли иқтисодчи, тарихчи, сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, журналист ва режиссёрлар 2024/2025 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдирди.
2025 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби, АҚШ элчиси, таниқли иқтисодчи, тарихчи, сиёсатшунос, ҳуқуқшунос, журналист ва режиссёрлар 2024/2025 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдирди.
«Газета.uz» давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг фаол вакилларидан 2024/2025 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ҳамда тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Уларга анъанавий равишда учта савол берилди:

  1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз?
  2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим хислатларга эга бўлишлари керак?
  3. 2024/2025 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Шерзод Асадов
Ўзбекистон президенти матбуот котиби
1. Ўзингизга ва кучингизга ишонишни, олдингизга юксак мақсадлар қўйишдан қўрқмасликни ва уларга интилишни маслаҳат берган бўлардим. Илм олишдан ҳеч қачон тўхтамаслик, доимо фойдали китобларни ўқиш, дунёқарашни кенгайтириш ва танқидий фикрлашни ривожлантириш муҳим. Президентнинг ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори туфайли Ўзбекистонда яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиш керак, чунки бу ўз салоҳиятингизни максимал даражада рўёбга чиқариш учун ажойиб имкониятдир.

2. Креативлик. Замонавий дунёда ноодатий ечимлар топиш ва ўзгаришларга тез мослашиш қобилияти қадрланади, шунинг учун ижодий фикрлаш қобилияти жуда зарур.

Масъулият. Янги авлод мустақил бўлиши ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бера олиши муҳим. Чунки уларнинг келажаги ва бутун жамиятнинг келажаги шунга боғлиқ.

Мулоқот маданияти. Бугунги кунда одамларни англаш, улар билан соғлом ва самарали муносабатлар ўрната олишнинг аҳамияти профессионал кўникмалардан кам эмас.
реклама
реклама
3. Бу йил мен учун ҳам ўзгача — ахир битирувчилар орасида кенжа қизим бор. Барча ота-оналар қатори мен ҳам уларнинг ҳар бирига ушбу муҳим босқичдан муваффақиятли ўтишларини ҳамда Янги Ўзбекистонда янги ҳаётга дадил қадам қўйишларини чин дилдан тилайман.

Азиз битирувчилар, ўзингизга ишонинг, орзу қилинг ва, шуни унутмангки, сиз ҳозир тасаввур қилганингиздан ҳам кўпроғига эришишга қодирсиз. Атрофингизда сизни илҳомлантирадиган, интилишларингизни қўллаб-қувватлайдиган ва ўсишингизга ёрдам берадиган одамлар бўлсин. Ҳаётингиз ёрқин ғалабалар ва қизиқарли кашфиётларга тўла бўлсин!
Жонатан Ҳеник
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси
1. Бугунги кун битирувчиси бўлганимда, ўзимга янги имкониятларга очиқ бўлишни маслаҳат берган бўлардим. Технологик ўзгаришлар суръати шу қадар жадаллашганки, келажак касбларига айланадиган ихтисосликлар, эҳтимол, ҳали мавжуд ҳам эмасдир.

Расмий таълим мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди, лекин ҳақиқий ҳаёт умр бўйи ўрганишни талаб қилади. Шу сабабли интеллектуал қизиқувчанлик, тиришқоқлик ва чидамлилик каби яхши хислатларни шакллантириш зарурлигини ҳам маслаҳат берардим.

Энг асосийси, ўз қадриятларингизга содиқ қолинг, атрофдагиларга ғамхўрлик қилинг, ҳурмат билан муносабатда бўлинг, деб айтардим.

2. Келгуси авлод ахборот тўла дунёда тўғри йўл топиш учун кучли танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлиши лозим, деб ўйлайман. Бугунги кундаги энг қийин вазифалардан бири — ҳақиқатни ёлғондан ажратиш.

Қатъиятлилик ҳам муҳим: олдинда турган йўл қийинчиликларсиз бўлмаслиги мумкин, шунинг учун муваффақиятсизликлардан кейин қайта оёққа туриш ва хатолардан сабоқ чиқариш қобилияти узоқ муддатли муваффақият учун жуда зарур.

Ниҳоят, ҳамкорлик руҳи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз дуч келаётган мураккаб глобал муаммоларни ҳал қилиш учун кўпинча дунёни сиздан бошқача кўрадиган одамлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш талаб этилади.

3. Битирувчиларга янги ҳаёт йўлига қадам қўяётгани муносабати билан самимий тилакларимни йўллайман. Ўзбекистон ҳайратланарли суръатда ўзгармоқда ва сизнинг авлодингиз унинг келажагини шакллантиришда марказий ўрин тутади.

Сизларни бу ўзгаришлар даврини қатъият ва умид билан қарши олишга чақираман. Мослашувчан ва ижодкор бўлиш кўникмаларини ривожлантиринг, дунёни кенг тушунишга интилинг ҳамда жамоангиз ва халқингиз равнақига ҳисса қўшишга бел боғланг.

Сизнинг ғайрат-шижоатингиз ва дунёқарашингиз Ўзбекистоннинг фаровон ва ёрқин келажагини қуришда ниҳоятда муҳимдир!
Акико Фужии
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили
1. Ўзимга маслаҳатим — бирор нарсани синаб кўриш ёки синаб кўрмаслик борасида бир қарорга келолмасангиз, унга албатта, қўл уриб кўринг. Қилган ишларингиздан ҳеч қачон афсусланмайсиз, лекин амалга оширмаган ишларингиз учун энг кўп афсус чекасиз.

2. Бугунги давр ёшлари қуйидаги асосий ҳислатларга эга бўлиши жуда муҳим, деб ҳисоблайман:

Ҳамдардлик. Ўзингизни бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўриш ва уларнинг нуқтаи назарини тушуниш қобилияти. Чунки ўзингиз ҳам бошқалардан худди шундай муносабатни кутасиз.

Оптимизм. Вазиятга ижобий ёндашиш ва ижобий фикрлаш тарзини сақлаб қолиш қобилияти. Чунки ҳаёт доим ҳам бир текисда кечмайди, лекин оптимизм билан сиз ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиш йўлини топасиз.

Ижодкорлик. Янгича фикрлаш ва янги ғоялар ҳамда вазиятларга мослашиш қобилияти. Сунъий идрок ва рақамли технологиялар даврида оригиналлигингиз ва ижодкорлигингиз энг кўп қадрланади!

3. Янги битирувчи сифатида ҳаётингизда аниқ мақсад топиш борасида катта босимни ҳис қилишингиз мумкин. Лекин ҳаёт кўпинча кичикроқ, ривожланиб борувчи мақсадлар занжиридан иборат бўлади. Ўзингизни бошқалар билан таққослашдан қочинг: сиз қандай бўлсангиз, шундайлигингизча бетакрорсиз. Қалбингиз овозига қулоқ тутинг ва у сизни қаёққа етакласа, ўша йўлдан боринг!
Ибрат Сафо
«Би-Би-си» Ўзбек хизмати мухбири, журналист
1. Ўзингга кўпроқ ишон, аслида кўплар нима қилаётганини билмайди — жойида ўрганади ё ўзини ҳамма нарсани билгандек тутади. Ватан ва ҳукумат битта тушунча эмас, ватанпарварлигинг жўш урганида шуни эсда тут. Ўқи, ўрган, дунёни кез (биламан, барибир шундай қиласан.) Интернет, ижтимоий тармоқлар, деган нарсалар бир неча йилдан кейин оламни босади — ҳақиқий эркинликдан завқланиб ол!

2. Назаримда, бугунги янги авлод вакиллари учун қуйидаги уч ҳислат зарур:

Биринчиси, сохта хабар ва фактларни ажрата билиш ва босиқлик билан қарор олиш.

Иккинчиси, иқлим ўзгариши ҳақида чуқур билимга эга бўлиш.

Учинчиси, мослашувчанлик.

3. Омад тилайман!
Аюб Шаҳобиддинов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр
1. Битирувчи бўлиб қолганимда, шундай давом эт, тўғри йўлдасан, дея маслаҳат берардим.

2. Битирувчилар учун учта муҳим ҳислатлар:

Биринчиси, кучли билимга эга бўлиш ва инглиз тилини мукаммал ўзлаштириш.

Иккинчиси, Ўзбекистон тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадини шакллантириш.

Учинчиси, тарбия ва қадриятларни унутмаслик.

3. Жорий йилги битирувчиларга ўз кучига ишонишни, қийинчилик ёки омадсизликка дуч келганида тушкунликка тушмай, буни вақтинчалик синов сифатида қабул қилишларини маслаҳат бераман.
Ҳилола Назирова
Манбашунос тарихчи
1. Ўзим яхши кўрган иш билан шуғулланишни: хоҳ таълимда бўлсин, хоҳ ҳунармандчилик ёки бошқа соҳада, муҳими — ўзим ёқтирган ишга умримни бағишлашни маслаҳат берган бўлардим.

2. Ҳозирги давр ёшлари дастурлашдан хабардор бўлиши керак, албатта. Бу — замон талаби. ОАВни кузатиш ва маълумотларни таҳлил қила олиш кўникмасига ҳам эга бўлиш жуда муҳим. Бугунги авлод психологияси тез ўзгариб боряпти. Шу сабабли бадиий адабиёт ўқишни одатга айлантириш зарур. Оилавий қадриятларни қадрлаши ва дўстона муҳитни сақлаб қолиши ҳам керак.

3. Охирги бир йил ичида жаҳон сиёсати ва глобал дунёда жуда кескин ўзгаришлар бўлди. Бу эса қайсидир маънода таълимга ҳам таъсир қилди. Истардимки, ҳар йилги битирувчиларимиз дунё сиёсати қандай бўлишидан қатъий назар ақл билан фикр юритиб, ўзлари учун муҳим ҳисобланган орзу-умидларидан воз кечмасликлари, қўрқувни енгишлари керак. Олдига қўйган мақсадларига бирданига — мўъжиза орқали эмас, балки тинимсиз меҳнат ва қадам бақадам ўйланган стратегия орқали эришишга куч топа олишлари зарур.

Келажакдаги муваффақиятлар бугун қўйилган қадамдан бошланади. Шуни унутмасликлари керак!
реклама
реклама
Ботир Қобилов
Техас университети профессори, иқтисодчи
1. Агар ўзимни мактаб битирувчиси деб тасаввур қилсам, аввало, вақт — энг муҳим ресурслиги, у чеклангани ва унинг ўрнини ҳеч қачон қайта тўлдириб бўлмаслигини эслатган ҳолда, унинг қадрига кўпроқ етиш ҳамда ундан янада унумлироқ фойдаланишни ўзимга маслаҳат берган бўлар эдим.

2. Учта энг муҳим ҳислат:

Танқидий фикрлаш ва интеллектуал камтарлик. Сунъий идрок, технология ривожланаётган даврда янги маълумотларнинг яратилиши, уларнинг тарқатилиши ва қабул қилиш тезлиги кундан-кунга тезлашиб бормоқда. Эски авлоддан фарқли ўлароқ, янги авлодда тескари муаммо мавжуд — маълумотлар ҳаддан зиёд кўп, улар орасида фейклар ва қасддан ёлғон устига яратилганлари ҳам чексиз.

Шунинг учун маълумотни холисона таҳлил қилиш, тарафкашлик мавжудлигини ҳис қилиш ва ишончли далиллар тақдим этилганда фикрни ўзгартира олиш қобилияти жуда муҳимдир. Инсонда ўзи аввалдан ишонган нарсасини тасдиқловчи маълумотларга шубҳа билан қараш, турли нуқтаи назарларни излаш ва бирор нарсани билмаганида, уни тан олиш — катта ҳислат.

Мен доимо билмаган нарсамни билмайман дейишга ва у ҳақида ўрганишга ҳаракат қиламан. Менда ҳатто биламан деб ўйлаган нарсамни ҳам билмайман дейиш позицияси доимо мавжуд.

Узлуксиз ўрганиш ва меҳнат. Тез ўзгарувчан ва шиддат билан ривожланаётган дунёмизда мослашувчанлик ва узлуксиз ўрганиш энг катта бойликлардан биридир. Ёшлар муваффақиятга бир зумда етиш эмас, балки вақт мобайнида изчил ҳаракат қилиш, янги кўникмаларни ўзлаштириш орқали етишиш мумкинлигини тушунишларини ҳоҳлар эдим.

Инглиз тилида integrity деган сўз бор — у поклик ва ҳаллоликни англатади. Мана шундай ўзгармас ахлоқий принциплар ва ҳалоллик (integrity) ҳислати ёшларда бўлиши керак, деб ўйлайман. Инсонларга қисқа эришилган ва қоидаларни чеклаб ўтилган муваффақиятлар мукофотланадигандек туюладиган даврда, муваффақият учун ўз виждонидан, ахлоқий принциплар ва ҳалоллик (integrity)дан воз кечмаганлар кескин ажралиб туради. Бу ҳатто, ҳеч ким сезмаса ҳам, кўрмаса ҳам, тўғри иш қилиш, қийин бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш ва ҳатто ноқулай бўлса ҳам мажбуриятларни бажариш кераклигини англатади.

3. Сизнинг авлодингиз ақлбовар қилмайдиган имкониятларга эга, ҳар қачонгидан ҳам энг яхши даврда улғайяпсизлар, деб ўйлайман. Бугунги кунда инсоният иқтисодий фаровонлик, саломатлик, умр кўриш давомийлиги, имкониятлар бўйича ҳатто бир-икки авлод олдин ҳам тасаввур қилиб бўлмайдиган даражадан баҳраманд бўлмоқда. Лекин муваффақият барибир ўша абадий фазилатларни талаб қилади: меҳнатсеварлик, ҳалоллик, сабр-тоқат ва донолик. Буни эрта тушунганлар бахтли ва муваффақиятли ҳаётни яратади.

Янги ҳаётга қадам қўяр экансиз, барқарор ўсишни таъминлайдиган асосий нарсаларни ҳимоя қилинг: уйқу, саломатлик, ҳаракатланиш ва спорт, оила, ҳақиқий дўстлик ва ахлоқий принциплар. Ҳаётингизнинг келгуси йиллари жараёнларни (масалан, сунъий идрок орқали) осонлаштирувчи ва тезлаштирувчи ечимларга тўла бўлади. Ён-атрофдагилар, тенгдошларингиз доим сиздан муваффақиятлироқ, даромади кўпроқ ёки омадлироқ бўлиб туюлиши мумкин, айниқса ижтимоий тармоқларда. Сиз ўз йўлингизга диққат қилинг, бошқаларнинг суръатига эмас. Ҳар бир инсоннинг ҳаёти ўзига хосдир ҳамда ижтимоий тармоқлар ва ҳикоялар орқали сиз уларнинг курашлари, зиддиятлари ва муваффақиятсизликларини эмас, балки фақат ёрқин лаҳзаларини кўраётган бўлишингиз мумкин.

Тез муваффақиятга эришиш, даромад олиш ёки исталган мақсадга эришиш учун ҳеч қачон қисқа ва нопок йўлларни танламанг. Бировларни алдаш, имтиҳонларда кўчириш, ёлғон устига муносабат ва шерикчиликни қуриш ҳамда бошқаларнинг меҳнатини ўзимники деб ўғирлаш, ғирромлик қилиб бўлса ҳам мақсадга етиш каби васвасага соладиган онлар сон-саноқсиз бўлади. Ушбу васвасаларга бутунлай қарши туринг, поклигингизни, обрўингизни сақланг. Поклик ишончни мустаҳкамлайди, ишонч эса барча мазмунли муносабатлар ва муваффақиятларнинг асосидир!
Камола Алиева
Гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси
1. Биринчи навбатда, шошилмасликни, ҳаётда ҳамма нарсага улгуриш шарт эмас, одам ўзига қулай бўлган суръатда яшаши ҳам нормал эканлигини ўзимга тушунтирган бўлардим. Энг асосийси, ўз йўлини излаш, хато қилиш, савол беришдан қўрқмаслик ва мана шу йўлда кўп нарсани ўрганиш мумкинлигини, бу жараён қадрли бўлиб, тажриба ва ҳаётий сабоқ беришини айтардим. Яна битта маслаҳат сифатида «Ўзингни қадрла», дердим.

2. Янги авлод вакиллари учун учта муҳим ҳислат:

Танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантириш. Биз бугун маълумотлар даврида яшаяпмиз. Дуч келган маълумотга ишониб кетавермаслик лозим, уни қабул қилишдан олдин маълумотни, албатта, таҳлил қилиш, ўйлаш, фикрлаш, савол бериш ва шундан сўнг қарор чиқариш зарур. Танқидий фикрлаш кўникмаси инсонни манқуртга айлантирмай, фикрлашга ўргатувчи муҳим бир ҳислат ҳисобланади, деб ўйлайман.

Ҳамдардлик (эмпатия). Янги авлод фақат ўз ҳиссиётлари ва манфаатини эмас, балки атрофдагиларнинг ҳам ҳис-туйғуларини тушуниши, ҳис қилиши лозим. Бу инсонийлик фазилатларини ривожлантиради ҳамда ҳар қандай одамнинг ўрнига ўзини қўйиб кўриш қобилиятини шакллантиради.

Жасорат. Ҳақиқатни айтишдан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан қўрқмаслик ва адолатсизликка қарши чиқишга журъат топиш ҳар қандай даврда жуда муҳим ҳислатдир. Ўсиб келаётган авлод ҳақиқатни ҳимоя қилишни зиммасидаги вазифа деб билиши керак. Жасорат ҳар қачон керакли ва қадрли ҳислат эканлигини, унутмасликлари лозим.

3. Битирувчиларга маслаҳатларим — ўзингизга, ички қадриятларингизга тўғри келадиган, ҳаётингизга маъно-мазмун ва қиймат берадиган йўлни танлашга ҳаракат қилинг. Бу йўл ҳаммага ёқадиган ва барча олқишлайдиган йўл бўлмаслиги мумкин.

Бу йўл бирор диплом ёки қандайдир лавозим билан эмас, балки ўз қизиқишларингиз, хоҳиш-истакларингиз ва юракдаги ишончингизга асосланган ҳолда ўлчаниши мумкин. Бу йўлни танлаш ва унда юришда одам бўлиб қолиш, инсонийликни йўқотмаслик жуда муҳимдир. Ўз бахтингизни бошқаларнинг талаблари ва қарашларига қараб қурманг.

Ҳозирги кунда имкониятлар жуда кўп. Лекин уларнинг қай бири сизнинг ҳаётий эҳтиёжларингизга мос эканлигини фақат ўзингиз тушуна олишингиз ва англашингизни хоҳлардим. Танловдан, хато қилишдан ва янгиликларни ўзингизда синаб кўришдан қўрқманг. Қандай шароитда қолишингиз ва қандай ҳолатга тушишингиздан қатъи назар, одамгарчилик фазилатларини йўқотманг!
Ҳамид Содиқ
Сиёсатшунос
1. Бугун ҳар ким ўз ҳақиқатини шакллантирадиган, бунинг учун ресурслар ҳам, хизматлар ҳам, ахборотнинг турли шакллари ҳам етарлича бўлган даврдамиз. Турли яшаш тарзи ва буни ёқлайдиган ҳар хил инсонлар гуруҳини топиш имконияти нуқтаи назаридан ҳам ҳозирги пайтда ҳаётга, дунёга нисбатан қарашлар турфа. Турли имкониятларни таклиф қиладиган замонга етиб келган эканмиз, реал ҳаёт билан боғланиш муҳим эканлигини ўзимга айтган бўлардим. Қандай қарор қабул қилмай, реалликка қандай боғланади, менга шундай мақсадлар керакми ва бу мақсадларни ким шакллантирган, ҳақиқатан менга тегишлими, истеъмол инсони бўлиб қолмаслик учун нима қилишим керак, деган саволларни берардим.

Шунингдек, бугун маълум бир билимларни ёки бир қанча тилларни миямизда йиғганимизнинг ўзи етарли эмаслиги, улардан янги фикрий моделлар ярата олиш муҳимлигини айтиб, бунинг устида жиддий ишлаш кераклигини маслаҳат берардим.

2. Ҳозирги авлодда турли таркибли социал шовқинлардан қоча олиш ҳислати кучли бўлиши керак. Чунки бугунги истеъмол жамиятида бизнес эгалари, сиёсатчилар ва бошқа тоифадаги шахсларнинг асосий эгалламоқчи бўлган манбаси, бу — одамлар эътиборидир.

Шу нуқтаи назардан кўпчилик социал шовқин яратишга ҳаракат қилади. Бунинг таркиби шоу-бизнес, истеъмол товарлари, сиёсат ва бошқа нарсаларга қаратилган бўлиши мумкин. Мана шундай шароитда ҳар бир ўсмир ичида ҳислар тўпламини шакллантира олиши керакки, бир вақтнинг ўзида бутун дунёни эгаллаб олган ушбу социал шовқинда яшай олиши, лекин унинг муҳим бир таркибига, мурватчасига ёки шовқиндаги объект бўлиб қолмаслиги зарур. Шуни чуқур англашлари лозим.

Бундан ташқари, бугунги авлоднинг шахсияти ўзи учун қизиқ бўлиши, ўзи истаган пайтда ёлғиз қола олиши ва ўша вақтда ёлғизликдан маъно, таскин топадиган бўлиши керак.

Шунингдек, ҳозирги ўсмирлар ўз «мен»ини ҳиссий чегаралай оладиган бўлиши лозим. Яъни, унинг «мен»и фикрлар ва ғоялар билан эмас, айнан ҳислар билан чегараланиши керак. Шахсий ҳиссий чегараларни бошқалар ҳис қилиши муҳим эмас.
реклама
реклама
3. Сиз, азиз битирувчилар, виртуал «мен»лик устунлик қиладиган даврга кириб боряпсиз. Виртуал «мен»лик, бу — симулятор, яъни асосга яқин, лекин ундан узилган нарсалардир. Шунинг учун виртуал «мен»лигингиз устунлик қиладиган, у қадрланадиган даврда сиз ҳақиқий «мен»лигингизни ҳамиша ушлаб қолишга ҳаракат қилишингиз керак. Сизнинг виртуал «мен»лигингиз ҳақиқий «мен»лигингиздан баланд бўлиб кетмаслиги зарур, шунга жиддий эътибор қаратишингизни сўрардим.

Сиз олаётган ҳозирги билимлар, олдингизга қўяётган мақсадлар, ёшлик энергиясининг сарфланиши маълум муддатдан кейинги комфорт бир ҳаёт тарзида яшаш учунми ёки комфорт энг асосий масала эмасми, деган саволларга жавоб топшингизни истардим.

Сизлар Ўзбекистонга кераксиз. Жамиятдаги ўзгаришларни айнан инсонлар қилади. Инсонларнинг ўзи ўзгармагунича жамият ўзгармайди. Мустақилликдан кейин ҳам иккита авлод Ватанимизда жиддий, ҳақиқий соф ва туб маънодаги ислоҳотларни қила олмади. Балки бу ўзгаришларни сизлар амалга оширарсизлар. Қайси ҳудуд, қайси давлат комфорт шароит таклиф қилмасин, қачондир Ўзбекистонга қайтиб келиб, қанчалик қийин бўлмасин, мана шу Ватанда муаммоларимизнинг ҳақиқатларига етиш учун кўмаклашсангиз, 20−30 йилдан кейин ўтган даврга назар солганингизда, ички розилик пайдо бўлади, деб ўйлайман.
Материални Миролим Исажонов тайёрлади.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda