Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Бухоро бўйича гастрономик қўлланма
Нимани қаерда татиб кўриш мумкин?
Бухоронинг гастрономик манзараси унинг тарихий обидалари каби бой ва ранг-баранг. «Газета.uz» шаҳарда сайёҳлар тaтиб кўриши мумкин бўлган машҳур таомлар ва улар тайёрланадиган масканлар рўйхатини тақдим этади.
Рўйхат Бухоро шаҳридаги USTO меҳмон уйи (“Art guest house USTO”) ошпази Рухсора Умарова тавсиялари асосида тузилди.
Бухоронинг гастрономик манзараси унинг тарихий обидалари каби бой ва ранг-баранг. «Газета.uz» шаҳарда сайёҳлар тaтиб кўриши мумкин бўлган машҳур таомлар ва улар тайёрланадиган масканлар рўйхатини тақдим этади.

Рўйхат Бухоро шаҳридаги USTO меҳмон уйи (“Art guest house USTO”) ошпази Рухсора Умарова тавсиялари асосида тузилди.
Фото: The Plov / Instagram
Софи ош
Ўзбек палов маданияти турфа. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос палов тайёрлаш усули бор. Номи форсчадан таржима қилинганда “ҳақиқий ош” деган маъно билдирувчи софи ош (оши софи)ни Бухоронинг таомлар бўйича ташриф қоғозчаси деб таърифлаш ҳам мумкин.

Софи ош бошқа паловлардан тайёрланиш усули билан фарқ қилади. Унда масаллиқлар алоҳида қайнатилиб, тартиб билан мис қозонга жойланади ва буғда пиширилади.

Дастлаб қозонга гўшт ҳамда паррак қилиб тўғралган пиёз солиниб, бир соат паст оловда қайнатиб олинади. Сўнг алоҳида бошқа қозонда қайнаб турган сувга гуруч ва туз солиниб, 3-4 дақиқа пиширилади, кейин бўйра устига ёйиб қўйилади. Гуручга зираворлар сепиб аралаштирилади.

Шундан кейин мис қозонга қайнатилган гўштнинг шўрваси, гўшт, майин қилиб тўғралган сабзи, нўхат, майиз ҳамда бўйрадаги гуруч тартиб билан солинади-да, 40 дақиқа буғга қўйилади.

Буғда деярли пишиб бўлган масаллиқнинг устидан учинчи бир қозонда қиздирилган жувоз (чигитдан олинадиган ёғ) ва пахта ёғи қуйилиб, 15 дақиқага дамлаб қўйилади. Катта товоқларга аввал бир-бирига ёпишмаган, дона-дона бўлиб чиққан гуруч, устидан сабзи, майиз, нўхат, кейин эса тўғралган гўшт қўйилиб, таом дастурхонга тортилади.

Мис қозонда, буғда қайнатиб пиширилгани учун ҳам софи ош парҳезбоп енгил таом сифатида қадрланади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: The Plov
2020 йилда очилган ва бир вақтнинг ўзида 400 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга ушб муассасада ҳақиқий ўзбекона шукуҳни ҳам ҳис этиш мумкин. Шифт қисми атлас матоли ёпинчиқлару қандиллар, деворлари Бухоро тарихи ва меъморчилигига оид суратлар, сопол товоқлар ва пардалар уйғунлигида безатилган.

Софи ош нархи: 1 порцияси — 40 минг сўм; 0,7 порцияси — 37 минг сўм.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Абу Али ибн Сино шоҳ кўчаси, 8/1. Мўлжал:: «Дунё текстиль» дўкони олдида.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    Ош икки навбатда пиширилади. 1-навбат — 11:00 дан 15:00 гача, 2-навбат — 18:00 дан 21:00 гача. 10 кишидан кўп гуруҳлар олдиндан стол буюртма қилдириши лозим.
  • Телефон рақами:
    (+998) 93 960-25-55.
Фото: «Курутобхона» ресторани / Instagram
Қурутоба
Тожик миллий таоми ҳисобланган қурутоба Бухорода жуда машҳур, яқин-яқиндан пойтахт Тошкентда ҳам оммалаша бошлади. Қурут, патир, ёғ, гўшт, помидор ва бодринг қўшиб тайёрланадиган бу таом айниқса ёзнинг жазирама кунларида жуда талабгир бўлади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: «Курутобхона» ресторани
Бу муассаса тарихи билан боғлиқ қизиқ бир факт бор: унинг ошпазлари қурутобанинг энг ҳақиқийсини тайёрлаш учун Тожикистонга махсус бориб, бу таом сир-асрорларини ўрганиб келган. Аммо «энг ҳақиқий қурутоба» бухороликларга унчалик маъқул келмаган. Шу сабабли у 2015 йилда бир, кейин 2022 йилда яна бир ўз фаолиятини тўхтатган. Охир-оқибат «Қурутоба» ресторани ошпазлари бу таом бўйича ўз рецептини ишлаб чиққан.

Тожикистонда фойдаланиладиган зиғир ёғи Бухоронинг иссиқ иқлимига тўғри келмагани учун «Қурутоба»да табиий сариёғдан фойдаланилади. Таом ўзи жуда ёғли бўлгани учун, унинг ичига солинадиган патир имкон қадар ёғсизроқ қилиб пиширилади. Гўшти эса кўзада 6 соат давомида қайнатилади. Қурутлар одатда сигир сутидан бўлади, аммо бу таомга қўшиладиган қурутлар орасида эчки сутидан қилингани ҳам бўлиши шарт.

«Қурутоба» ресторанида бу таом дастурхонга ёнғоқ дарахти ёғочидан тайёрланган товоқда тортилади. Тамаддихона раҳбари Ҳилола Темировнинг таъкидлашича, таомнинг ўзини ҳам ёнғоқ ёғочидан тайёрланан қошиқда тановул қилиш керак, «чунки ёнғоқ дарахтининг ўзига хос ҳиди қурутоба таъми билан қоришганида, фақат шу таомгагина хос махсус янги ис пайдо бўлади». Унинг оддий қилиб тушунтиришича, «бундай идишларсиз қурутоба — қурутоба эмас».

«Курутобхона» ресторани ёзда бир вақтнинг ўзида 100 нафар, бошқа фаслларда эса 60 нафаргача хўрандага хизмат кўрсата олади. Ҳилола Темированинг қайд этишича, Тожикистон билан чегаралар очилиб, ўзбекистонликлар қурутоба борган сари кўпроқ тотиб кўравергани сайин, Ўзбекистон шаҳарларининг ўзида ҳам бу таомга бўлган талаб ошди. Шу боис «Қурутоба» 2024 йилда ўз фаолиятини қайта тиклаб, ҳозиргача узлуксиз ишлаб келмоқда.

Қурутоба нархи. 1 порцияси90 минг сўм.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Самарқанд кўчаси, 174-уй. Мўлжал: Самарқанд Дарвозасининг орқа тарафида.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    11:00 дан 22:00 гача, дам олиш кунисиз.
  • Телефон рақами:
    +998 90 718−11−12
    +998 90 718−55−05.
Фото: Pinterest
Қайиш
Бухорода хамирли таомлар кўп истеъмол қилинади. Шунинг учун ресторанлар менюсида уларнинг турфа хилларини учратасиз. Масалан, шилпилдоқ ва бешбармоққа ўхшаш, фақат қийма ё қайласи билан фарқ қиладиган қайиш таоми тўйимли ва мазалилиги билан бухороликлар меҳрини қозонган.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Joy чойхонаси
Ғуломжон карвонсаройида 2023 йили ташкил этилган Joy чойхонаси ўзининг айвонли интерьери, нақшинкор матолар билан безатилган стол-стуллари билан хўрандаларини тарих, шарқона ҳашамат ва замонавийлик уйғунлашган муҳитга олиб киради.

Чойхона бир вақтнинг ўзида 130 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Қайиш нархи: қиймали қайиш — 55 минг сўм, сузмали қайиш — 45 минг сўм.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Саррофон кўчаси, 2-уй.
    Мўлжал: Лаби Ҳовуз майдони.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    11:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунисиз.
  • Телефон рақами:
    +998-88 183−02−00.
Фото: Uzbekistan.travel
Тандир кабоб
Тандир кабоб ўзбек ошхонасида ўзига хос таъми билан машҳур.

Тандир кабоб тайёрлаш бўйича ҳар ернинг ўз рецепти бор. Умумий қоидаларда янги сўйилган қўй гўшти йирик бўлакларга бўлинадида туз ва зираворлар билан аралаштирилиб, орасига арча бўлаклари қўйиб бир муддат тиндирилади. Арча таомга хушбўй ҳид ва хуштаъм маза беради.

Сўнг тандир тайёрланади. Унинг ичига ўтин ёки кўмир ёқилиб, деворлари қиздирилади. Тиндириб қўйилган гўштлар узун темир таёқларга кетма-кет илиб чиқилиб, қизиган тандирга туширилади.

Гўшт тандир ичида бир неча соат давомида буғда, ўз шарбатида пишади. Кабоб пишиб бўлгач, кўкатлар, пиёз ва тандир нон билан бирга дастурхонга тортилади. Тандир кабоб қадимда кўчманчи қабилалар, жанчилар ва саёҳатчилар учун йўлда пиширишга қулай таом бўлган бўлса, чўпонлар бу таомни ерости тандирида тайёрлашган.
Қаерда татиб кўриш мумкин: «Чор Бакр» кафеси
Бир пайтнинг ўзида 200 нафаргача хўрандага хизмат кўрсата оладиган «Чор Бакр» кафеси 1991 йилда бери фаолият олиб боради. Бу ерда тандир кабоб қўзичоқ гўштидан, ўрик кундалари ва арча билан пиширилиб, 2,5 соат давомида тайёрланади.

Бу ерда йил-12 ой тандир кабоб тайёрланади. Шунингдек, буюртмага қараб, вегетериан таомлар ҳам тайёрлаб берилиши мумкин.

Тандир кабоб нархи — 1 килограмми 246 минг сўм.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Чор Бакр, 4.
    Мўлжал: Чор Бакр масжиди, Жондор йўли.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    11:00 дан 23:00 гача.
  • Телефон рақами
    +998 90 413−63−75.
Фото: «Мантухона» / Instagram
Манти
Манти — ўзбек миллий ошхонасининг хамир ва қийма уйғунлигидаги машҳур таомлардан бири. Манти тайёрлаш бошқа миллий таомлардан ўзининг нозиклиги ва сабр талаб қилувчи жараёни билан ажралиб туради. Унинг мазасига ўзига хос ширинлик ва юмшоқлик берувчи асосий сир — қўлда майда тўғралган гўшт ва кўп миқдордаги пиёздир. Гўшт ва пиёз туз ҳамда зираворлар билан аралаштирилиб, ўзида шарбат тўплаши учун бироз тиндирилади.

Таркиб юпқа ёйилган хамирга солиниб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос бўлган махсус усулида қадалади ва мантиқозонга қўйилиб, буғда пишириб олинади. Мавсум ва хоҳишга қараб қовоқ, исмалоқ, картошкадан ҳам манти тайёрлаш мумкин, аммо хўрандалар орасида гўштли манти талабгир.
Қаерда татиб кўриш мумкин: «Мантухона» / «Чорбахоса»
1984 йилдан бери фаолият олиб бораётган «Чорбахоса» кафесининг иккинчи номи — «Мантухона». Бу ерда фақат ва фақат манти пиширилади.
Ушбу муассаса мантиларининг хамири юпқалиги ва гўштининг майинлиги билан машҳур, шунинг учун бу ерда бир вақтнинг ўзида ўнлаб ва ҳатто юзлаб хўранда таомланишидан ҳайрон қолмаса ҳам бўлади.

Манти нархи — донаси 7,5 минг сўмдан.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Сулаймон Муродов кўчаси, 23-уй. Мўлжал: Бухоро Марказий бозори, сумка сотиладиган дўконлар рўпараси.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    8:00 дан 22:00 гача, дам олиш кунисиз.
  • Телефон рақами
    +998 93 960 77 74.
Фото: meros.uz
Сомса
Сомса — энг қадимий таомлардан бири ва, палов сингари, унинг ҳам ҳар бир ҳудудда ўзига хос тури бор. Бухоро сомсалари орасида энг машҳури, шубҳасиз, Олот сомсаси бўлса керак.
Қаерда татиб кўриш мумкин: La Samsa Bukhara кафеси
Аслида Самарқанднинг бренди бўлган La Samsa’нинг Бухоро филиали очилганига ҳал бир фасл ҳам бўлгани йўқ. Бу ерда хўрандаларга Олот сомсасидан ташқари Қоракўл сомсаси ва қатлама-сомса ҳам таклиф этилади. (Қоракўл сомса тандирда пиширилади, гўшти кўпроқ ва хамири қарсилдоқ бўлади. Олот сомса эса гўшти камроқ ва хамири оддий бўлиб, печда пиширилади).

Сомса нархи: товуқли ва картошкали қатлама сомса — 8 минг сўмдан, гўштли қатлама сомса — 12 минг сўм, Қоракўл сомсаси — 15 минг сўм, Олот сомсаси — 12 минг сўм.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Муҳаммад Иқбол кўчаси, 7-уй. Мўлжал: Sahid Zarafshan меҳмонхонаси ёнида.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    24/7
  • Телефон рақами
    +998 95 846−70−00
    +998 99 078−78−80.
Фото: Greycat кафеси / Instagram
Пицца
Классик ва замонавий таъмлар уйғунлигини ўзида мужассам этган, итальян ошхонасидан бутун дунё менюсига кўчган пиццалар ҳар қандай жой ва даврада талабгирлигича қолаверади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Greycat кафеси
2024 йил августидан бери фаолият олиб бораётган ушбу тамаддихонада 10 дан ортиқ турдаги пиццалар пиширилади, болалар учун ҳам махсус таклифлари бор. Бу ерда тайёрланадиган пиццаларнинг уни айнан Италиянинг ўзидан келтирилади.

Greycat кафесида пиццадан ташқари паста, турли салат, стейк ва барбекюлар ҳам тайёрланади.

Пицца нархи — 70 минг сўмдан 130 минг сўмгача.
  • Манзил
    Бухоро шаҳри, Кўксарой кўчаси, 19.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    8:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунисиз.
  • Телефон рақами
    +998 99 460−00−06.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Қўшимча тавсиялар
Агар нонушта ёки йўл-йўлакай тановул қилиб кетиш учун нимадир егулик керак бўлса, Бухоро Марказий бозори ва «Зелёний бозор» — энг яхши манзил.
Марказий бозор
Бу ерда ҳолва, қаймоқ, нон, парварда, нишолда, шўрданак, бичак, салат ва тузламалар бўйича кенг танлов қилиш мумкин.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    Душанбадан жумагача ҳар куни соат 8:00 дан 18:00 гача.
Яшил бозор («Зелёний бозор»)
Қуруқ ва ҳўл мевалар, кўкатлар, сут, қаймоқ, бичак, тухумбарак, нон, балиқ кабиларнинг янги ва мазалиларини топиш мумкин. Бу ерда ошпаз ва асл деҳқонларнинг ўзи сотувчилик қилади.
  • Жойлашув
  • Иш вақти
    Ҳар куни тонгда, соат 6:00 дан 10:00 гача.
Материал Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda