Маҳаллалар мусиқаси
Хонанда Сайёра Мусаева билан Янгийўл бўйлаб сайр
«Газета.uz» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу сафар хонанда Saya Musa билан бирга Янгийўлни айланиб, жамоат маконлари етишмовчилиги, кўп хонадонли уйлар бошқаруви ва абгор йўллар ҳақида гаплашдик.
«Газета.uz» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу сафар хонанда Saya Musa билан бирга Янгийўлни айланиб, жамоат маконлари етишмовчилиги, кўп хонадонли уйлар бошқаруви ва абгор йўллар ҳақида гаплашдик.
Янгийўл — бу «янги йўл» дегани ва Cайёра Мусаеванинг ҳаёт ва ижод йўлини тавсифлаш учун бундан-да мосроқ ўхшатишни топиб бўлмаса керак. Хонанданинг она шаҳри унинг ҳаётидаги катта йўлнинг бошланғич нуқтаси бўлган — айнан шу ерда, оиласи ва дўстлари даврасида унда мусиқага муҳаббат уйғонган. Кейинчалик уни нолинчи йилларнинг машҳур Zero мусиқий гуруҳи аъзосига айлантирган, ёш ижрочиларнинг «Новая волна» танлови ва «Песни» лойиҳаси саҳналарига етаклаган ҳикоя ҳам айнан Янгийўлдан бошланган. Сайёра 2015 йили Нью-Йоркнинг ерости ўтиш жойлари ва Бали соҳилларида ўзининг мусиқий фикр билдириш эркинлигини намоён қилган. Хориждаги бир неча йиллик ҳаётдан сўнг, у Ватанга қайтиб, янгича жаранг соча бошлади.
Биз Сайёра Мусаева билан Янгийўл шаҳридаги Беруний ва Самарқанд кўчалари кесишган айланма кесишмада кўришдик. Унинг эгнида оқ пахталик кўйлак, этно услубдаги балича кимоно, кумуш тақинчоқлар бор эди ва сочини салкам қирқ кокил қилиб ўриб олган эди. Унинг бу кўринишида Ватан билан муштараклик бор эди; хонанданинг таъкидлашича, Ватан билан боғлиқлигини ҳис қилолмаган инсон ўзлигини ҳам намоён этолмайди.
Бобом ва отам Янгийўлга Тожикистондан кўчиб келган. Ўзим шу ерда туғилганман. Мусиқа болалигимдан ҳаётимнинг бир қисми эди: оиламизда профессионал мусиқачилар бўлмаса-да, ҳаммамиз қўшиқ айтишни яхши кўрардик. Онам дугоналари билан йиғилиб, бирга кўпинча халқ қўшиқларини куйларди. Тоғаларим рокни жуда яхши кўрар ва ўзлари ҳам қўшиқ ёзиб туришарди. Бувим (онамнинг онаси) ҳамфикр аёллар билан бирга бир даста тузиб, улар билан биргаликда миллий чолғулар жўрлигида қўшиқ айтарди. Бобокалоним эса шундай кучли овоз соҳиби бўлган эканки, у қўшиқ куйлаганида қўшни қишлоқдагилар ҳам эшитганмиш. Бу гаплар қанчалик ҳақиқат эканини билмайману, лекин овоз инсон билан бирга ўсиб борадиган неъмат экани аниқ. Йиллар давомида, ҳар бир янги ҳаётий тажриба билан овозим куч ва чуқурлик касб этиб боряпти. Оилам, уйим ва мусиқа орқали ўзим ҳақимда кўп нарсаларни билиб олдим. Инқирозларни бошдан кечирдим, ўзимни изладим.
Шундай бир давр ҳам бўлдики, ичимда мусиқани эшитолмай ҳам қолдим. Етти пирдан мадад сўраб, Бухорога бордим ва бу зиёрат чоғида ўзимнинг ўзим билан қолишимга имкон бердим. Шундан кейинги бир неча ой давомида қалбимда нимани асраб келаётганим ва у қандай жаранглашини англай бошладим. Ўша мушкул давр илдизларимиз ва анъаналаримизга миннатдорчилик ва ҳурмат руҳи билан замонавий оҳангга айланди. Мен учун энг муҳими — мени тинглагаётган инсон ўзини — ўтмиши, аждодлари, илдизларини эсласин ва ҳис этсин. Шу туйғулар ва сезгилар орқали ўзининг аслида ким эканлигини англасин.

Менимча, бу саволларга жавоблар болалигимизда яширинган.

Ҳовлимиз садоси
Иккинчи синфда ўқиётганимда, онам билан эски совет иморатининг иккинчи қаватидаги икки хонали квартирага кўчганмиз. Болалигим шу ерда ўтган. Мактабни тугатгунимча шу уйда истиқомат қилганман. Кейин коллежда ўқиш учун Тошкентга жўнадим. Эски уйимизда мени энг ҳайратга соладиган нарса подъезд эди. У баланд шифтлари, деразалари ва ёғоч зинапоялари билан ажралиб турарди, бу менга жуда ёқарди. Қўшни болалар билан навбатма-навбат зинапояларни ювиб, ким яхшироқ тозалаш бўйича беллашардик. Бундан ташқари, чордоққа чиқиб, у ерда катталардан яширинча ўйнашни ҳам яхши кўрардик. Гарчи улар буни ман этишса-да, бу иш айнан шу тақиқдан кейин янада қизиқарлироқ туюларди.
Мен онамнинг кўйлакларини кийиб олардим, микрофон ўрнига дезодорант олиб, ойна олдида Уитни Хьюстон қўшиқларини куйлардим.
Умуман, уйимизда ажойиб ишонч ва илиқлик муҳити ҳукм сурарди. Бу ерда ҳеч ким эшигини қулфламас, қўшнилар худди қариндошлардек эди. Рўпарамизда Галя буви, у билан Ира хола, шунингдек, энг яқин дўстларим — Лёша ва Олеся яшар эди. Галя буви бизникига бемалол кириб, телевизорни ёқиши, музлатгичдан бирор нарса олиши мумкин эди ва ҳеч ким бундан ажабланмасди. Кимдир таом тайёрласа, албатта бошқаларни ҳам меҳмон қиларди. Галя буви пиширган боршч таъми ҳануз оғзимда. Биз ҳам қараб турмасдик — уларникига ош, шўрва, пирог, қуймоқ чиқарардик. Гарчи эшикларимиз алоҳида бўлса-да, гўё бир уйда яшайдиган эдик.
Совет иморатларининг бир ўзига хослиги — уларнинг деворлари ва эшиклари юпқа, шу боис қўшниларнинг гапларини бемалол эшитиш мумкин. Эсимда, уйда ҳеч ким йўқлигида даҳлиздаги кўзгу олдида қўшиқ айтишни ёқтирардим. Онамнинг кўйлакларини кийиб, дезодорантни микрофон ўрнида ишлатиб, севимли Уитни Хьюстоннинг қўшиқларини куйлардим. Лёша овозимни эшитиб: «Сара, бақиришни бас қил!», деб мазах қиларди. Мен унга: «Бир кун келиб машҳур бўлиб кетсам, альбомимни сотиб оласан», дердим. У ҳали ҳам ўша сўзларимни эслаб, ҳақ бўлиб чиққанимни тан олади.

Маҳалламизда ўзбеклар, тожиклар, руслар, татарлар, корейслар, яҳудийлар яшарди. Шаҳар у вақтларда жуда байналмилал эди. Одамлар ҳам байрамларни, миллати ва динидан қатъи назар, биргаликда нишонларди. Ҳеч ким «ўзиники» ёки «бегона» деб ажратилмасди. Ҳамма биргаликда катта бир оиладек эди. Турли уйларда яшовчи биз — болалар ҳам ҳам доимо бирга ўйнардик.

Кўп қаватли уйлар орасидаги ҳовли — бизнинг ҳудудимиз эди. Ўзимизнинг ҳовли тўдамиз бор эди. Мен гуруҳдаги ягона қиз эдим. Менга қизлардан кўра ўғил болалар билан ўйнаш қизиқроқ туюларди. Биз кун бўйи беркинмачоқ ва қувлашмачоқ ўйнаб, кўчадан бери келмасдик. Илгари уйга тақаб қурилган қўшимча иморат ўрнида гараж бор эди. У ерда дўстим Лёша машина тузатарди, мен кўпинча унга ёрдам берардим. Шунинг шарофати билан ҳозир «Лада» моторининг тузилишини тушунаман.

Бундан ташқари, дарахтларга чиқишни ҳам жуда яхши кўрардим. Уйимиз орқасидаги кўчада ўрик, олча, гилос ва узум ўсарди. Биз у ерда тез-тез сайр қилиб, меваларни ердик. Мен дарахтларга ҳаммадан баландроқ чиқа олардим — ҳар сафар энг пишган меваларни узиб, бошқаларга улашардим.
Бир куни қўшни аёлнинг боғида қўлга тушиб қолдим. Ҳамма қочишга улгурди, мен эса — йўқ. Дарахт тепасида қолиб кетдим. Аёл: «Онангга айтиб бераман!», деб мени изза қилди. Онам уйда ҳамма нарсани бадастир қилиб қўйганди: уйда ўрик ҳам, олча ҳам, гилос ҳам бор эди — истаган пайтда хоҳлаган нарсангни е, марҳамат. Лекин менга барибир айнан дарахтдан, ўғринча узиб ейиш ёқарди. Ҳозирги болалар дарахтларга чиқиб, мева термайди.

Эски уйимиз қаршисида 11-болалар боғчаси бор эди. Кечқурунлари тўдамиз билан яширинча ўша ерда ўйнардик. Қоровул билан келишиб, ичкарига кирар, майдонча харитасини чизиб, «қароқчи-қароқчи» ўйинини ўйнардик. Ҳозир боғча биноси таъмирланган. Аммо унинг олдидаги йўл ҳануз абгор. Яқинда асфальт ётқизилди, лекин у чўкиб, пиёдалар ўтиш жойида ҳам чуқурлик пайдо бўлиб қолди. Бунақа чуқурларни тез-тез ямаб туришади, лекин кўпга чидамайди — хомашё сифатсиз бўлгани учун сочилиб, тарқалиб кетади, чуқурча яна пайдо бўлиб қолади. Шаҳарнинг аксарият йўллари аҳволи шундай. Аммо марказий кўчамизни аллақачон зўр қилиб таъмирлаб, чироқлар ҳам ўрнатиб қўйишган. Ҳозир у ер чиройли ва хавфсиз. Бизнинг кўчамизни ҳам шундай сифатли таъмирлай олишларига ишонамиз, ана ўшанда биз ҳаҳ лой кечмай, соз асфальтда юрган бўлардик.

Ҳозир эски уйимиз ёнида ҳақиқий ахлатхона пайдо бўлган: у ердаги контейнерлар тўлиб-тошиб, чиқинди тоғдек уюлиб ётибди. Бу ҳақда чиқинди ташиш хизмати учун пул йиғувчига хабар берганимизда, у фақат пул тўлаган-тўламаганимиз билан қизиқди. Тўлаганимизни айтсак, у: «Мен фақат пул йиғаман, чиқиндини олиб кетиш билан шуғулланмайман», деб елка қисди. Биз ойма-ой пул тўлашда давом этяпмиз, аммо ҳовли чиқинди уюмлари ичида қоляпти — қарийб бутун шаҳарда шу аҳвол, деса ҳам бўлади.
Ҳовлимиз ҳозирги аҳволи хароб… Асфальтлар ўйилиб, деворларнинг бўёқлари кўчиб кетган, ўриндиқлар қийшайиб ётибди. Ҳозир бу ерда яшовчиларга наҳотки ҳаммаси барибир бўлса? Улар боғи бор ва ўриндиқлари янги шинам ҳовлига эга бўлишни хоҳламасмикин? Бу ерда аввалги қўни-қўшничилик ва дўстона муносабатлар энди йўқ. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора.
Шу вақт йўлдан бир машина аста ўтиб қолди. Ҳайдовчи уйларни томоша қилаётган Сайёрани кўриб, тўхтади ва ҳайдовчиси ойнадан бошини чиқариб, савол бера бошлади:

— Сизга нима керак?
— Лёша амаки?! Сизмисиз?
— Қизим… Ўзингмисан?
— Ҳа, менман! Яхшимисиз? Ҳаммаси жойидами?
— Секин-аста… Ўзингнинг ишларинг қалай? Онанг қандай? Унга салом айт.
— Раҳмат. Сиз ҳали ҳам шу ерда яшаяпсизми?
— Ҳа. Ёлғиз ўзим қолдим. Бошқа ҳамма кетди.
Сайёра гап тополмай қолади. Кексайган дарахтлар, уй деворлари, ҳувиллаб қолган ҳовлини жимгина томоша қилади. Ҳовли ҳамон аввалгидек гўё, аммо, айни вақтда, бутунлай бошқача ҳам.

— Лёша амаки, ҳамма нарса қанчалик ўзгариб кетибди-я!
— Ҳа, қизим, орадан анча вақт ўтди. Одамлар ҳам илгаригидек эмас. Шаҳар ҳам ўзгарган.
Заводлар шаҳри
Онам заводда юк ташувчи, бригадир ва қоровул бўлиб ишларди. У ёмғирда уйга қайтаётганида опам билан соябон кўтариб, олдига югуриб чиқардик.
Янгийўл — йирик корхоналар атрофида шаклланган саноат шаҳри. Совет даврида бу ерда иттифоқ аҳамиятига эга заводлар қурилган. 1940−1960 йилларда шаҳар жадал суръатда ривожланган: бу ерга сармоя, ишчи кучи, технологиялар йўналтирилган. Заводлар нафақат маҳсулот ишлаб чиқарар, балки ишчилар ва уларнинг оилалари яшайдиган бутун бошли турар жой мавзеларини ҳам барпо этарди.

«Нега илгари бу ерда фаровонлик бор эди? Чунки иш ўринлари ҳар доим ҳаммага етарли бўлган, исталган пайтда ҳамма жойда ишга олишарди. Ҳамма таъминланган эди», — деб эслайди Сайёра Мусаева.

Шаҳарда ўз вақтида республикада энг йирик ҳисобланган озиқ-овқат, енгил ва қайта ишлаш саноати корхоналари фаолият юритарди. Ёғ-мой комбинати, ун тортиш, консерва заводи, пахта тозалаш ва машҳур гидролиз заводи шулар жумласидан. Номи зикр этилган заводларнинг сўнггисида янгийўлликларнинг бир неча авлоди, жумладан, Сайёранинг онаси ҳам ишлаган. У баъзан кичкина Сайёрани ўзи билан ишга ҳам олиб борарди. Қизалоқ учун бу ҳақиқий саёҳат эди: катта цех, темир аравачалар, завод ҳиди — барчаси сирли ва ҳаяжонли туюларди.
«Онамнинг қандай ишлаши, у ерда нималар қилишига доимо қизиқардим. Мени ҳам ишга олиб кетишларини кўп-кўп сўраб турардим. Завод уйимизнинг ёнгинасида эди. Онам уйга қайтаётганда, айниқса тўсатдан ёмғир ёғиб қолса, биз опам билан уни кутиб олиш ва ҳўл бўлишига йўл қўймаслик учун соябон кўтариб югуриб чиқардик. Завод ёнидаги кўча эса ўзига хос ҳаёт билан яшнарди: бу ерда кўпчилик тўпланар, сайр қиларди. Биз бу жойни ҳатто «ўзимизнинг Бродвей» деб ҳам атардик.
Ҳозир Янгийўл гидролиз заводидан фақат бош бино қолган, холос. Қолган жойларида қурилиш бўлиб кетган. Унинг ўрнида энди мактаб бор. Бошқа бир қатор саноат корхоналарининг тақдири ҳам шундай бўлди: баъзилари қаровсиз қолиб кетган, бошқаларининг майдонлари ижарага бериляпти. Буни яхши ё ёмон, деб баҳолай олмайман. Ҳозирги аҳвол шунақа, холос. Бироқ юртимиз бой, ресурсларимиз бор, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантирсак, ажойиб бўларди, албатта.
Футбол, сомса ва диджей амаки
11-боғчадан ўтиб, Янги ҳаёт кўчаси бўйлаб юраркансиз, темирйўл кесишмасидан сал нарида Сайёранинг харитасидаги яна бир муҳим нуқта — 5-мактабга дуч келасиз. Илгари у Максим Горкий номи билан аталарди. Ўзбекистондаги кўплаб мактаблар қатори, Янгийўлда ҳар бир мактабнинг ҳам машҳур шахслар шарафига қўйилган ўз номи бор эди: Ленин, Киров, Ломоносов, Толстой. Сайёранинг айтишича, бу мактабларнинг барчасида таълим рус тилида олиб борилган, лекин шаҳарда Бобур ва номи негадир Чехов бўлган иккита ўзбек мактаби ҳам бўлган. Иккинчисига хонанданинг баъзи маҳалладош дўстлари ҳам қатнаган.

5-мактабга борадиган йўл пастқам уйлар ва кичкина дўкончалар орасидан ўтган, уларнинг кетидан темирйўл кесишмаси чиқади. Ҳозиргидан фарқли ўлароқ, эски вақтларда бу ерда тўсиқлар ҳам, светофорлар ҳам, асфальт йўл ҳам бўлмаган. Болалар худди икки дунё ўртасидаги кўприкдан ўтгандек шпаллар, рельслар устидан юриб мактабга қатнаган. Мактабгача бўлган бу қисқа йўл деярли ҳар сафар кичик бир саргузаштга айланган.
Хонанданинг айтишича, мактаб биноси унинг болалигида қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам деярли шундай. Бу ерда кичик таъмирлаш ишлари амалга оширилган, панжаралар ўрнатилган, олд тарафи янгиланган, тупроқли майдон ўрнига асфалтланган футбол майдони пайдо бўлган.
«Мактабни ўзгача севардим. Бу шунчаки билим учун баҳо қўядиган жой эмас, балки мулоқот, кашфиётлар ва кўнгилочар тадбирлар макони ҳам эди. Мен кўпинча мактаб ҳовлисида футбол ёки лапта ўйнардим. Томда югурардим, деворлар устидан сакрардим, хавфли қувлашмачоқлар ўйнардим. Бир сўз билан айтганда, ўғил боладек эдим. Ишкал бўлса, олдимга келишарди. Ҳар доим ҳаммани ҳимоя қилардим, ўзимча адолат тимсоли эдим. Ҳозир бундайларни «решала» дейишади.
«Мактаб рўпарасидаги будкада бир кампир картошкали сомса сотарди. Ҳаётимдаги энг мазали сомсалар эди. Ёнида эса ширинликлар ва салқин ичимликлар дўкончаси бор эди. Танаффусда у ерга навбатга тизилардик.

Бизнинг давримизда мактабларда ҳатто дискотекалар ҳам бўларди. Уларни мактаблар доирасида жуда ҳурматли ҳисобланган мусиқачи уюштирарди. У диджейлик қилар ва ўша даврнинг энг зўр хитларини қўйиб берарди. Дискотека расман фақат юқори синф ўқувчилари учун уюштириларди, аммо кичкинтойлар ҳам у ерга кириб олишни уддаларди.

Биз ўзимизни Батя амакидан шошилинч топшириқ олган кишидек кўрсатардик: калитларни олиб бориб бериб, тилхатни топширишимиз керак, дердик ва шундан кейин қоровул бизни ўтказиб юборарди. Батя амаки бизни кўрса-да, ўзини кўрмаганликка соларди, албатта. Шу тариқа биз рақс майдонига югурардик! Светомузика ва севимли қўшиқлар садоси остида мен бор кучим билан рақсга тушардим, — деб эслайди у табассум билан. — Мусиқа мени болалигимданоқ қуршаб олган эди ва у жуда ранг-баранг эди: рус халқ қўшиқлари ва ўзбек мақомларидан тортиб рок ва поп-мусиқагача. Ишончим комил: ўшанда эшитганларимнинг бари — бугунги овозимнинг бир қисми».
Қайтариш мумкин бўлган Янгийўл
Янгийўл — кичкина шаҳар. У асосан сокин кўчалардан иборат, бироқ марказий кўчада қишлоқча манзаралар шовқинли магистрал, маъмурий бинолар, савдо марказлари ва турфа хил жилоланувчи ташқи рекламалар билан ўрин алмашади.
«Шаҳар сўнгги йилларда ноқулай бўлиб қолди. Кўчалар чанг, ташқи реклама босиб кетган, жамоат жойлари етишмайди — буларнинг барчаси одамни эзиб қўяди. Визуал муҳит илҳом бермайди, чунки меъморчилик ва кўча муҳити ўртасида на уйғунлик, на ҳамоҳанглик бор. Ранглар ва ёзувлар шаҳарни идрок этишга катта таъсир кўрсатади — улар бу ерда яшовчи одамлар ҳақида сўзлайди. Ҳозир эса шаҳар уйғун эмас, кўримсиз, бемаза. Ваҳоланки ҳатто реклама ҳам, агар мослаштирилса ва шаҳар меъморчилигига уйғунлаштирилса, замонавий кўриниши мумкин. Мен кўп ўйлайман: агар уйларни бўяш, ёрқин мозаикаларни қайтариш, деворларни жонли граффити билан безашга йўл қўйилса, нима бўларкин? Шаҳарнинг ўз услуби, тарихи, таниқли қиёфаси бўлиши керак», — дейди Сайёра.
Шаҳарнинг марказий кўчасида, табиийки, бозор бор. Хонанда жонли ва самимий инсоний муносабатлар ва маҳсулотларнинг кенг танлови туфайли супермаркетлардан кўра бозорларни афзал кўради.

«Бозорда ҳамма нарсани тотиб кўриш, савдолашиш мумкин. Бу ерда қиёфасиз пештахтани эмас, одамларни кўрасан. Ҳамма бир-бирини танийди ва бир-бирига ишонади. Ҳар бир харидорнинг ўз „сотувчи бувижониси“ бор», — дейди Сайёра энг мазали маҳсулотларни сотувчи танишлари ҳақида.

У сут сотувчи Элмирадан қаймоқ, бринза ва сулугуни сотиб оларкан, умумий танишларига салом айтади, уларнинг аҳволини сўрайди ва харидорларингиз янада кўп бўлсин, деб тилак билдиради.

«Шундоқ ҳам харидорим етарли», — жилмаяди Элмира опа. Мана шундай самимият учун ҳам Сайёра ҳар ҳафта бозорга қатнайди.
У патир ва сут маҳсулотларини олиб, уйга қайтади. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ёнидан ўтади. Бу Янгийўлдаги маҳаллий қабристондан ташқари ягона яшил маскан ҳисобланади. Лекин 200 га 200 метр бўлган бу жойни кўп йиллар аввал ёпиб қўйишган. Сайёранинг айтишича, расман хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб шундай қилишган. Аммо, тахминларга кўра, боғни тасарруф этиш, лозим даражада сақлаш учун шунчаки маблағ йўқ.

Сайёра кўп йиллар аввал бу жой шаҳар аҳолисининг севимли маскани эди, деб эслайди. Янгийўлликлар бу ерга оилалари ва дўстлари билан келар, шу ерда байрам қилар, чархпалакда учар, фаввора ёнида музқаймоқ еб, ҳатто рақсга ҳам тушарди. Парк ёнида кинотеатр ҳам бор эди — ҳозир у савдо марказига айланиб кетган.

«Менда ҳали ҳам Алишер Навоий ҳайкали ёнида тушган суратим бор. Ўшанда боғ менга жуда катта туюларди. Ўзимиз кичкина бўлганимиз учун шундай бўлса керак», — дейди хонанда.
Боғ бугун ҳам ўз салоҳиятини йўқотмаган. Ҳар қандай боғнинг асоси бўлган баланд, сершох дарахтлар ўсишда давом этяпти. Амфитеатр саҳнаси қийшайган, йўлаклар вайрон бўлган, фаввора анчадан бери сув кўрмаган бўлса-да, боғнинг ҳар бир вазифасининг қайта тиклаш, инфратузилмани янгилаш мумкин. Энг муҳими, Янгийўлда буларнинг барига эҳтиёж сезаётган одамлар бор.

«Бу ерда яна болалар ва оилалар учун мўлжалланган макон пайдо бўлишини орзу қиламан. Парк кичик бўлса-да, бу ерда сайр қилиш, айланиш, дўстлар билан учрашиш мумкин бўлган шинам жой яратиш мумкин. Ҳозир ота-оналар фарзандлари билан уйлар оралиғидаги тор кўчаларда юришга мажбур — шунчаки бошқа имконият йўқ. Биз Тошкентга сайр қилиш учун борамиз, лекин у ерга бориш ҳам вақт талаб қилади. Ёнгинамиздада эса оилавий дам олиш учун айни муддао бўладиган истироҳат боғи бекор ётибди», — дейди Сайёра Мусаева.

Хонанда турмуш ўртоғи ва кичик қизи билан бирга Янгийўлга қайтгач, бу ерда жамоат маконларининг етишмаслигини айниқса кучли ҳис қилган. Сайр қилиш мумкин бўлган ягона жой — бир неча аттракционлар ўрнатилган марказий майдон, холос. Аммо серсоя дарахтлар йўқлиги ва ўриндиқлар камлиги туфайли бу ер одатда ҳувиллаб ётади. Шаҳар аввалги жонли нафасини йўқотиб қўйган: на соя-салқин хиёбонлар, на шинам боғлар, ҳатто кинотеатр ва бирор маданий ҳаёт йўқ.

«Янгийўлда сайр қиладиган, тамадди қиладиган, дам оладиган жойлар деярли қолмаган. Ҳозир ҳамма нарса гўё: „Бу шаҳарнинг келажаги йўқ“, деб тургандек. Бу ердан кетгинг келади, бу ерда яшагинг келмайди. Лекин мен бунга кўника олмайман. Она шаҳримга қайтиш менда бу жойларни ўзгартириш, уларга жон бағишлаш, бу шаҳарга гўзаллик ва шинамликни қайтариш, уни бир пайтлар менда бўлгани каби яна кимнингдир бахтли тарихининг бир қисмига айлантириш истагини уйғотди. Янгийўлда бунинг учун керакли ҳамма нарса бор».
Saya Musa сайр қилишни тавсия этади
Saya Musa эшитишни тавсия этади
Мақола ҳомийси — Yandex Music.

Матн муаллифи: Фарзона Ҳамидова.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda