«Имплантли инсонларга ачинманг, ҳаммадек муносабатда бўлинг»

Ака-сингил Убайдуллаевлар ҳикояси

Ҳаёт одамларнинг фарқли экани ва ўзига хослиги билан гўзал, деб ҳисобловчи бу ака-сингилнинг тўнғичи ҳозирда спорт, кенжаси эса тиббиёт йўналишида таҳсил олади. Айни дамда, улар санъат шайдоси ҳам. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамонлари — Азамат ва унинг синглиси Севара.
Ҳаёт одамларнинг фарқли экани ва ўзига хослиги билан гўзал, деб ҳисобловчи бу ака-сингилнинг тўнғичи ҳозирда спорт, кенжаси эса тиббиёт йўналишида таҳсил олади. Айни дамда, улар санъат шайдоси ҳам. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамонлари — Азамат ва унинг синглиси Севара.
«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
Киши улғайгани сари бу ҳаётдаги муаммолар болалигида ўқиган эртакларидаги каби қандайдир сеҳрли сўз ё таёқча билан эмас, балки ақл билан ҳал қилинишини англаб боради. Лекин бу — ҳаётда мўъжизалар умуман содир бўлмайди, дегани эмас. Турли ихтиролар, масалан тиббий кашфиётлар сабаб айримларнинг оёққа туриши, ёруғ дунёни кўра бошлаши, эшитиши ва умуман дардларга даво топилиши ҳам бир каромат асли.

Ака-сингил Убайдуллаевларнинг бу борадаги фикри бироз бошқачароқ — тошқотган, кўзлари кўр ва қулоқлари кар қалб қаршисида илм-фану кашфиётлар ҳам ожиз. Қалб, унинг ҳис қилишдан тўхтамаслиги энг катта мўъжиза, мусиқа эса сўзлар ифодалолмайдиган қалбнинг иқрори. Бу иқрор Азаматнинг чилдирмаси, Севаранинг бўлса гитарасида дилҳирож бўлиб янграйди.
Фарзанд
21 ёшида ҳамшаҳарига турмушга чиққан бухоролик Диловар Бафоева тўнғич фарзанди — Азаматни илк бор бағрига босганида тушкунлигу шамоллашлар билан ўтган ҳомиладорлигидаги қийинчиликларни эсидан чиқариб юборган. Орадан маълум вақт ўтиб, Тошкентда ўқиётган турмуш ўртоғининг ёнига кўчиб келганида, ҳали бир ёшга тўлиб улгурмаган ўғли касал бўлиб қолади.
реклама
реклама
Севарадан фарқли ўлароқ, тўнғичимизнинг эшитмаслигини анча кеч — 8 ойлигида билганмиз. Буни биринчи марта СамПИ (Тошкент педиатрия тиббиёт институти, ТошПТИ)даги шифокор пайқаган. Ўшанда Азамат шамоллаб қолганди. Аввалига ишонмаганмиз, лекин такрорий текширувлар дўхтирнинг ҳақлигини кўрсатган.
Кутилмаган ташхисдан тушкунликка тушган ота-она, аввалига, боламиз дўсту бегона орасида гап-сўзга қолади, деб бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслик ҳақида ўйлайди. Лекин кейинроқ бу ҳолатни биринчи галда ўзлари қабул қилишлари лозимлигини, қолаверса, бу уяладиган ва яширадиган нарса эмаслигини тушуниб етади.

Ҳали ҳеч ким билмаган пайт Азаматнинг овозларга эътиборсизлигини биринчилардан бўлиб бобоси пайқайди. Кун келиб иккала набирасининг қарийб 35 минг долларлик операциясини ҳам айнан Убайдулло ота қоплайди.
Мутахассислиги ЛОР бўлган турмуш ўртоғим кохлеар имплант қўйдириш бўйича изланиб, 2008 йили Азаматни операция қилдириш учун Россияга олиб борган. У ердаги мутахассислар билан танишиб, тажриба алмашгач, улар эримга жарроҳлик амалиётидан сўнг имплантларни созлашни ўргатишга тайёрлигини билдирган. Қайсидир маънода фарзандларимиз сабаб аудиологликни танлаган умр йўлдошим шундан бери бошқа болаларнинг ҳам қувончига сабабчи бўлиб келяпти.
Aудиолог — эшитиш муаммоларини аниқлаш, эшитиш аппаратлари ва кохлеар имплантлар каби қурилмаларни созлаш ҳамда уларни фойдаланувчиларга мослаштириш билан шуғулланувчи мутахассис.
Онда-сонда отасининг ишхонасига бориб, умрида илк бор эшитаётган кичкинтойларнинг ҳайратини кузатишни ёқтирадиган ва келажакда ўзи ҳам дадаси — Махсуд аканинг ишидан давом эттириб, ҳайрат улашиш ниятида бўлган Севаранинг операцияси эса Ўзбекистоннинг ўзида ўтказилган.

«Азаматнинг операцияси яхши ўтгач, 2009 йили Севара учун шифокорларни Тошкентга чақиртирганмиз. Республика нейрохирургия илмий марказида Севара ва яна икки киши операция қилинган. Ўшанда бу эшитиш имплантларини ўрнатиш билан боғлиқ Ўзбекистонда ўтказилган биринчи амалиёт бўлганди», — дея эслайди Диловар опа.
Шундай қилиб, оламни овозлар воситасида ҳам англашни Азамат 5 ёшида, Севара эса 2,5 ёшидан бошлайди. «Ойи», «дада» деган сўзларни эшитишни беш йил кутган ота-она фарзандларидаги кичик ўзгаришларни ҳам катта сенсациядек кутиб олади. Болаларнинг товушларга реакциясини, талаффуз қилишга уринишини зўр ҳаяжон билан кузатади. Овозлар билан боғлиқ кашфиёт, масалан, Азаматнинг ўзига ҳам қизиқ бўлган.
Болалигимда кўпчилик шунчаки оддий, мен эса имплант билан эшитганим учун ўзимни бошқачароқ ҳис қилардим. Эсимни танигач, одамларнинг фикрлаши ва ички дунёси турфа бўлгани каби, ташқи тарафда ҳам фарқлар бўлиши нормал эканини, ҳаёт шундай ўзига хосликлари билан ранг-баранглигини тушуниб етганман.
Эшитиш бўйича ногиронлиги бор баъзи болаларнинг ота-оналари имплант наф берганидан хабар топгач, натижа билан танишиш учун Махсуд акаларникига келиб туриши одатий ҳолга айланиб қолган. Хонадон эгалари ҳам умид билан келганларни ҳар доим очиқ чеҳра билан кутиб олиб, имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилган.

«Пойтахт ва вилоятлардаги шароитлар бир-биридан кескин фарқ қилишини бемор, ногиронлиги бор болаларнинг ота-оналари жуда яхши билади. Сурдопедагогга бериш, мутахассис билан шуғуллантиришга шароити йўқлиги боис фарзанди ривожланишдан ортда қолаётган, бунинг учун ич-этини еяётганлар, ёлғиз оналар қанча. Уларни ҳеч бўлмаса маънан қўллаб-қувватлаш, имкони борича кўмаклашиш керак», — деб ҳисоблайди Диловар опа.
Ҳаёт — энг катта мактаб
«Транспорт, кўчалар ва умуман жамоат маконлари қулай ва инклюзив бўлса, таълим даргоҳларида ҳар ким тенг таълим ололсагина инсон ўзини жамиятнинг тўлақонли бир бўлаги эканини ҳис қилади», — дейди онасининг мактаб билан боғлиқ таҳқирловчи вазиятга дуч келганини эслаган Севара.
Азаматни оддий мактабга жойлаштираман деганимда, баъзилар устимдан кулган. Мактаб директорлари педагог бўла туриб боламни менсимагани, „ўғлингиз бизга тўғри келмайди“, деб қайтарганини, Себзордаги 122 мактабнинг раҳбари: „Болангиз яхши гапирмас, эшитмас экан-ку, бундай болаларни ўқита олмаймиз“, деганини ҳеч эсдан чиқаролмасам керак.
Менинг фарзандим ҳам бошқа болалар каби оддий мактабга боришга ҳақли, деган шаҳдидан қайтмаган аёл ўғлини охири 146-мактабга жойлаштиришнинг уддасидан чиқади.

«Мослашув секин бўлганигами, Азамат бироз тортинчоқроқ эди. Шунгамикин, мактабда ўқувчилар билан танишув вақти уялганидан ташқарига қочиб чиққан. Кейин мактаб раҳбари Зурриёт опанинг ўзи уни синфга олиб кириб, жойлаштирган», — деб эслайди она.
Умуман, Азаматни бир сафар тўрт-беш бола ўраб олиб, қулоғидаги аппарати ҳақида сўроқ қилгани, Севара бир-икки марта устозларининг бўлмағур гап-сўзларидан йиғлаб келганини ҳисобга олмаса, ака-сингилнинг болалиги яхши воқеалар ва тўгараклардаги қизиқ машғулотлар билан ўтган. Бунда, албатта, уларнинг ҳамма билан бир ва тенг ўсиши учун интилган ота-онанинг ўрни беқиёс.
Машғулот ва ирода
Нима қилса болаларининг келажаги учун манфаатли бўлиши ҳақида кўп бош қотирган ота-она ака-сингилни қўшимча машғулотлар — рассомчилик ва рақсга берган.
«Ҳам банд бўлсин, ҳам ижтимоийлашсин, дея болаларни имкон қадар уйда олиб ўтирмасликка ҳаракат қилганмиз. Ясси оёқ бўлгани учун Севарани гимнастика ва рақс тўгаракларига ҳам берганимизда, айрим қариндошларимиз гап-сўз қилган. Агар одамларнинг бундай гапларига қулоқ солганимизда, болаларимиз ривожланишда орқада қолган бўларди», — дейди Диловар опа.
Ака-сингил тўгаракларга қатнаб юрган вақти уларга қўйилган имплантларни ишлаб чиқарган «Мед-Эл» компанияси фестивал ва тадбирлар учун истеъдодли болаларни саралаб олишни бошлаган. Саҳна чиқишларига тайёргарлик жараёнида Азамат ва Севарадаги санъатга қизиқишни кўриб, ташкилотчилардан бири болалар мусиқа ва рақс билан яхшироқ шуғулланишлари учун уларни «Ором» номли 38-мактабга ўтказишни тавсия қилади. «Ором»да болаларга Зуҳра исмли устози рақс сир-асрорлари, Илҳом муаллим эса чолғу асбоблари чалишни ўргатади.
реклама
Болаларимнинг санъатга қизиқиши ортидан чет элга ҳам чиқдим, — дейди Диловар опа фахр билан. — 2010 йили дадаси иккимиз уларнинг Санкт-Петербургдаги фестивалдаги иштирокини кўришга борганмиз. Фарзандларимизнинг катта саҳнадаги чиқишидан сўнг бутун зал улар учун қарсак чалаётганини кўриб, хурсандлигимдан кўз ёшларимни тўхтата олмай қолганман.
Эшитиш бўйича имконияти чекланганлар ўртасида ўтказиладиган «Сеҳрли симфония» мусиқий фестивалида бир неча бор муваффақиятли қатнашган ака-сингил Убайдуллаевлар ҳозирда талаба — Севара Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтида даволаш иши йўналишида, акаси Азамат эса Бухоро давлат университетида Жисмоний тарбия ва спорт факультетида таҳсил олади.
Cаnon Young People дастури доирасида ташкил қилинган суратга олиш маҳорат дарсларидаги иштирокидан кейин фотографияга ҳам қизиқиб қолган бу ака-сингил уларни доим қўллаб-қувватлайдиган ота-онасини дунёдаги энг кучли ва матонатли инсонлар деб билади. 2023 йили онкологияни енгган Диловар опа эса, ўз навбатида, сабр ва иродани фарзандларидан, уларнинг ютуқларидан олишини таъкидлайди.
«Ҳаёт эртага бизни қаерга олиб бориши, кимни қандай кўйга солиши номаълум. Шундай экан, яқинларимизни борида қадрлаб, имкон борича меҳр ва муҳаббатимизни дариғ тутмайлик», — дейди имплантли инсонларга ачиниш эмас, ҳаммадек муносабатда бўлиш кераклигини таъкидловчи Азамат ва Севаранинг онаси.
реклама

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Дилруҳ Исомиддинова / «Газета.uz».


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda