Маҳаллалар мусиқаси
Хонанда Saya Musa билан Янгийўл бўйлаб сайр
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу сафар хонанда Saya Musa билан бирга Янгийўлни айланиб, жамоат маконлари етишмовчилиги, кўп хонадонли уйлар бошқаруви ва қадрдон шаҳар билан боғлиқлик ҳақида гаплашдик.
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бунда биз машҳурлар билан бирга пиёда сайр қиламиз. Бу сафар хонанда Saya Musa билан бирга Янгийўлни айланиб, жамоат маконлари етишмовчилиги, кўп хонадонли уйлар бошқаруви ва қадрдон шаҳар билан боғлиқлик ҳақида гаплашдик.
Сайёра Мусаева билан Янгийўлнинг Беруний ва Самарқанд кўчалари кесишган айланма чорраҳада кўришдик. У йўл-йўлакай она шаҳри ҳақида сўзлаб беришдан мамнунлигини тан олиб, расмийлар эътиборини Янгийўлнинг ҳали ҳам яхшилаш мумкин бўлган жиҳатларига қаратишдан умидворлигини айтиб ўтди.

Сайёра қуйида келтирилаётган ўз ҳикояси давомида сўзларни тасбеҳ доналари каби саралади, кўплаб маънодош феълларни қўллади ва улар орасидан ўз фикрини аниқ етказиш учун энг мос келадиганларини танлаб олди. У мана шундай туганмас изланишда эканини уни биринчи кўрганингиздаёқ ҳис қиласиз: эгнида оқ пахталик кўйлак, Бали услубидаги этник кимоно, кумуш тақинчоқлар ва салкам 40 кокил қилиб ўрилган сочлар. Унинг қиёфаси танишдек туюлса-да, шарқона юз тузилиши ва уст-бошига қарамай, у анъанавий ўзбек руҳиятини эмас, кўпроқ глобал янги давр маданиятини эслатади.
Сайёра Мусаева худди мусиқаси сингари ретритга ўхшайди: Қорақалпоғистондаги “Стихия” ёки Ленинград вилояти ўрмонларидаги “ЙогАрт” каби трансформацион кемпинг-фестивалларида қатнашади, сукут сақлаш ваъдаси билан ўтказиладиган випассана медитацияси билан шуғулланади, диджериду ва варган каби номи ғалати этник чолғу асбобларда эркин ижод қилади.
Буларнинг бари хонанда учун таниш тажрибалар. Сайёра Мусаева бундай тажрибаларни ёқтиради ва олганларини ижодга йўналтиради. Унинг ижодида Янгийўл ҳам ўз аксини топган ва у бу шаҳарни, ҳар вақт маъноларни тадқиқ этувчи ва ҳиссиётларга эътибор қаратган бир инсон сифатида, ўзига хос тарзда қабул қилади.
Болалик таъми
Биз Сайёранинг болалиги ўтган уй томон йўл олдик. У шаҳардаги чиқиндиларни олиб чиқиш билан боғлиқ вазият ҳақида гапирмоқчи бўлган ҳам эдики, автомобиль сигналлари ванғиллаши унинг овозини босиб кетди. Кўринишидан, у эътибор қаратгиси келмаётган бу шовқин унга ноқулайлик туғдираётганди, айни вақтда, бақир-чақир қилиб, бу ердаги кескинликни оширишни ҳам истамасди. Шу боис Сайёра бир зум жим қолди.
Мен узоқ вақт хорижда яшадим, аммо онам шу ерда, Тошкент ҳам жуда қизиқарли бўлиб қолган. Ҳозир ота-онамизнинг уйида яшаяпмиз. Бизни ташвишга солаётган айрим жиҳатларни кўрсатиб ўтишни истардим
Мен ҳар доим: «Бир куни келиб таниқли бўлиб кетсам, албатта Янгийўл билан шуғулланаман», дердим. Бу, машҳур бўлмай туриб бу иш билан шуғулланиб бўлмас экан-да, дегани эмас, аммо киши фаоллик (активизм)га бутун умрини бағишлаши керак, мен бўлсам ҳаётимни мусиқага бағишлагим келади. Машҳурлик эса маиший муаммоларни нисбатан тезроқ ҳал қилиш имконини беради.

Бизда яқинда чиқинди ташиш хизмати нархи ошди, аммо ҳоким алмашгач, Янгийўлдан чиқиндиларнинг олиб чиқиб кетилиши сустлашиб қолди. Чиқинди тўплаш шохобчасида қаровчи ўз оиласи билан бирга яшайди. Адашмасам, у ерда тўртта ёш бола бор. У ерда чиқиндилар ошиб-тошиб кетади. Аҳвол нега бундай эканини бизга айтишмайди. Қаровчининг ўзи ҳам бунинг сабабини билмаса керак. Биз нима қилиш кераклигини сўрадик. Ўзим ўқиган Горький номли мактабга бориб, у ердаги чиқиндиларни олиб чиқишга масъул шахсларни топиб, вазиятни ўнглашга уриниб кўриш керак, дейишди.

Авваллари Янгийўл нисбатан ораста ва шинам туюларди. Ҳозир унга мана шу шинамлик етишмайди. Бундан одамнинг дили оғрийди, ахир бу жойлар — уйим. Уйда ғамхўрликни ҳис қиласан ва ўзинг ҳам унга ғамхўрлик қилгинг келади
Сайёра ўзи катта бўлган ҳовлидаги мана шу шинамлик ва ўзаро ғамхўрликнинг таркибий қисмларини ёдга олади. Шифтлари баланд саккиз хонадонга мўлжалланган икки қаватли иморат хонанданинг онаси меҳнат қилган гидрализ заводидан икки қадам берида жойлашган. Ëмғир ёғган кезларда Сайёра опаси билан бирга соябонни олиб, ишдан қайтаётган онасининг йўлига пешвоз чиқарди — заводга олиб борувчи бу йўл ҳар доим расво бўлган. Йўлак (подъезд)нинг ёғоч зиналарида пошналардан ҳўл излар қоларди. Йўлак ўшандан бери ҳеч ҳам ўзгармагандек — фақат аввалгидан ҳам эскирган ва биринчи қават зинаси остида кичик ҳужра пайдо бўлган. Авваллари унинг ўрнида супурги ва челакларни сақлашар, болалар эса йўлак зиналарини ким яхшироқ тозалаши бўйича мусобақалашишарди.
Бу ерга кўчиб кетганимиздан бери ҳали бирор марта келмаган эдим. Аммо ёнидан ўтиб қолсам, албатта ортга қараб, болалигимдаги Янгийўлни — ҳамма худди бир бутун оиладек яшаган меҳрибон ва қизиқарли шаҳарни эслайман. Биз иккинчи қаватдаги икки хонали хонадонда яшардик. Қўшниларнинг эшиклари ҳеч қачон қулфланмасди. Гала хола эшикни тақиллатмай ҳам кириб, бемалол биз билан бирга телевизор кўриб ўтирар ёки музлатгичимизга мўралиши мумкин эди
Коридоримизда катта кўзгу бор эди ва мен унинг қаршисида қўлимга бирор нимани, масалан, дезодарантни худди микрофон каби тутиб олиб, қўшиқ айтишни ёқтирардим. Эшикларимиз эски, хат-ҳужжатларни ташлаб кетишга мўлжалланган тешиги бўларди — шундан ичкаридаги ҳамма гап-сўз ташқарига эшитилиб турарди. Бир сафар қўшни хонадондаги Лёша қўшиқ айтаётганимни эшитиб қолиб: “Сара, бақиришни бас қил энди!”, деб жиғимга текканди. Ўшанда: “Машҳур бўлиб кетсам, альбомимни сотиб оласан”, дегандим унга. Кейинроқ, нолинчи йилларнинг бошида, Tarona Records’нинг Zero гуруҳи таркибида қўшиқ куйлай бошлаганимда, ўй-хаёллар қандай қилиб ҳаёт ҳақиқатига айланиб кетиши мумкинлигини Лёша билан эслагандик.

Кўзни қувонтирадиган ҳовличамиз бор эди. Бу ерда ўтириб олиб, картошка пиширардик. Кўчамизда ўрик, гилос, узумлар ўсарди, биз бу меваларни еб, кўчада сайр қилишни яхши кўрардик. Мана, эски олча ҳали ҳам бор экан. Мана бу ерда эса настарин ўсарди. Мана бу симёғоч настариннинг шохларини узиб олишимга ёрдам берарди. Кейин мен уларни ўқитувчимга, у буни кўриб қанчалар хурсанд бўлади, деган хаёлда олиб борардим.
Мактабга темирйўл кесишмасидан ўтиб борардик. Авваллари бу ерда тўсиқлар йўқ эди ва темирйўлни исталган жойдан кесиб ўтиш мумкин эди. Ҳозир уни икки томондан тўсиб, фақат махсус ўтиш жойлари қолдирилган. Мактаб даври томлардаги қувлашмачоқлар, футбол ва лапта, катта синф ўқувчилари учун уюштириладиган дискотекалари билан ёдда қолган. Унда тоғам диджейлик қиларди. Биз жуда кичкина эдик, лекин бу дискотекаларга киришга шунчалик қизиқардикки, қоровулларни чалғитиб кириш учун турли баҳоналар ўйлаб топардик.
9-синфни битиргач, мен Тошкентдаги эстрада-цирк коллежига ўқишга кирдим. Бошида Янгийўлда яшаб, ўқишга пойтахтга қатнаганман. Ҳар куни саҳар 6 да туриб, бозоргача пиёда борар, у ердан «Собир Раҳимов» метросига қатнайдиган маршруткага чиқардим. Метрода «Ҳамза»гача бориб, сўнг 9-трамвайга ўтирардим. Баъзида ўқишга кеч қолардим, албатта. Лекин мени тўғри тушунишарди, чунки мен ҳар доим ўз тўлқинимда бўлганман.
Маҳаллар мусиқаси
Сайёра бозор тарафга боришни таклиф қилди. У бозорни самимий инсоний муносабатлар учун яхши кўради — бу ерда ҳар бир сотувчининг ўз харидорлари, ҳар бир харидорнинг ўз сотувчилари бор. Хонанданинг айтишича, илгарилари одамлар бозорга пиёда бориб келарди. Таксидан фойдаланилмаслигига сабаб - пулни тежаш, жамоат транспортидан фойдаланилмаслигига сабаб — унга чидаб бўлмаслиги: тиқилинч, дим, ёқимсиз ҳидлар.

Болалигида жамоат транспортининг ҳаракат таркиби кичик сиғимли автобуслар, маршруткалар ва «Дамас»лардан иборат эди. Автопаркнинг бугунги манзараси ҳам аввалгисидан сезиларли фарқ қилади, дейиш қийин, лекин турмуш сезиларли даражада фаровонлашган ва ҳозирги вақтда одамларнинг бир қисми такси ва шахсий транспортдан фойдаланишга ўтган.
Бозор шаҳарнинг жуда сершовқин, ранг-баранг ва дизайни уйғун бўлмаган рекламаларга тўла бош кўчасида жойлашган. Янгийўлнинг марказий маданият ва истироҳат боғи — шаҳардаги 200 метрга 200 метрлик майдонни эгаллаган ягона “яшил оролча” ҳам худди шу кўчада. Сайёранинг сўзларига кўра, боғ кўп йиллардан бери ёпиқ. Баъзида унга кириш мумкин, аммо энг оддий инфратузилма ҳам йўқлиги учун у ерда одамлар сайр қилмайди.
Мактабда ўқиб юрганимизда бу парк бизга каттадек туюларди, лекин, қаранг, у қандай кичкинагина экан, — дея ҳайрон бўлади хонанда. — Бу ерда турли байрамлар ўтказиларди, аттракционлар бўларди, гавжум эди. Паркда ҳозир ҳам яхши, дарахтлар баланд, серсоя, лекин унда ҳаёт йўқ. Ўзи бу шаҳарда сайр қилгулик жой ва умуман қилса арзигулик иш йўқ. Авваллари кинотеатримиз бор эди, ҳозир унинг ўрнида кинотеатри йўқ савдо маркази ишлаяпти. Маданият саройи бор эди, лекин уни қандайдир офислар эгаллаб олган. Шаҳарда болалар жуда кўп, лекин улар кўнгилхушлик қилиши учун жой йўқ.
Сиз билан учрашувга тайёрланарканман, мен сайр йўналишини чизмадим, чунки биз сайр учун Тошкентга борамиз. Лекин шунчаки оёқнинг чигалини ёзиш учун шунча йўл босиш ҳам кишига алам қилади. Хўш, Янгийўлда қаерда пиёда сайр қилиш мумкин? Катта йўллар бўйида чангга қоришмаслик учун маҳаллалар ичидаги кўчаларда сайр қиламиз.
Янгийўл дегани мана шу. Агар қандайдир объектлар ҳақида гапирадиган бўлсак, биринчи уйимиз, мактабим, онам ишлаган завод, бозор ва парк мени Янгийўл билан боғлаб туради. Бугунги куним ва келажагимни Янгийўлда кўрмайман, лекин, ўзимдан қочиб кета олмаганим каби, бу шаҳардан ҳам қочиб кетмайман. Илдизим шу ерда, шунинг учун ҳам бу ерга қайтишни истайман. Мусиқа билан танишувим шу ерда бошланган, айнан шу ерда яқинларим менинг мусиқага ошуфта инсон эканлигимга ишонтирган.

Оиламиз мусиқани яхши кўрарди ва бундай чиройли ҳамоҳанглик менга ҳар доим ёққан. Ўзим кўрмаган бўлсам-да, айтишларича, бувим дугоналари билан тўпланиб, миллий чолғуларни чалиб, ашулалар айтган экан. Тоғамнинг рок-жамоаси бор эди, онам рус халқ қўшиқларини яхши кўрарди, бобом эса ўзбек мумтоз мусиқаси ихлосманди эди.
Бир куни унинг олдига бориб: «Бобо, сизга қўшиқ айтиб бермоқчиман», дедим. У очиқчасига: «Э, қўй, болам, мен сенларнинг рики-рикиларингни тушунмайман», деди.
Мен ўша вақтда коллеждаги томошага тайёрланаётган ва Бобурнинг «Келтурса юз балони ўшал бевафо манга» ғазалига ишланган қўшиқни машқ қилаётган эдим. Уйимиздаги меҳмонхонанинг ўртасига туриб олиб, қўшиқни айта бошладим, бобом эса кўзларини юмиб, бошларини қимирлатиб эшитиб, онамга: «Бунинг одам бўлади», деганлар.

Онам ҳам менга ишонган. Бир куни, ҳали коллежда ўқиб юрган вақтим, телевизорда бир қиз «Новая волна» халқаро танловида Уитни Хьюстоннинг қўшиғини айтаётганини эшитиб қолдим. Томоша қила туриб: «Қани энди мен ҳам шу танловда қатнашсам», деб ўйлагандим. Ўшанда онам ёнимга келиб: «Болам, сенда ҳали ҳаммаси ўхшайди», дегандилар.

Кейин ҳар хил даврлар бўлди. Менга шоу-бизнес ёқмасди. Бошқа бировлар томонидан ёзилган нарсаларни мен ўз танимдан ўтказиб кўрардим: одамларга ёқадиган ғамгин қўшиқларда ўзим йўқ эдим. Ҳар қандай санъаткор каби, мен ҳам куйлаётган ҳикоямда тингловчи ўзини топишини, ўзини танишини истайман. Бунинг учун одам ўзини ва дунёни алдамаслиги керак. Киши ўзини алдамаса, у ўз куч ва имкониятларини яхшилик йўлида сарфлайди, худбинлик қилмайди. Ўзимизга нисбатан ростгўй бўлганимизда, биз барча учун мақбул келажакни қура оламиз, ахир ҳаммага бир хил асосий нарсалар - тоза ҳаво, сокинлик, хавфсизлик ва хотиржамлик керак-ку.

Агар ҳар ким ўзи ишига — ўз ижодига шундай ёндашса, биз мувозанатлашган, сокин шаҳарларда яшаган бўлардик. Янгийўл ҳам шинамроқ бўлиши учун ишни чиқиндиларни олиб чиқиш ва сайр жойларини ташкил этишдан бошлаш керак. Одамлар кўчада вақт ўтказа бошласа, ўз атрофида ҳам нисбатан сокинроқ, хотиржамроқ муҳитни кўришни хоҳлайди. Вақт ўтиши билан бу хоҳиш-истаклар муҳитда ўз аксини топади: ташқи реклама сокинлашади, кўчалардаги шовқин ва хиралик нисбатан камаяди, одамлардаги хавотир даражаси ҳам пасаяди.

Ҳамфикрлар билан тўпланиб, умумий саъй-ҳаракатлар билан ҳеч бўлмаса оилавий вақт ўтказиш, ўйнаш, сайр қилиш мумкин бўлган бир парк ташкил қилишни истардим. Шу мақсадимга эришсам, кўнглим ором топарди.
Сайёранинг орзусидаги қулай шаҳар рецепти ҳар қандай шовқин босилиб кетадиган жазирама вақтидаги ўзбек маҳалласи каби “жаранглайди”: сўриток сояси остида, қумрию мусичаларнинг ғурғурлашини эшитиб, боланг билан дам олиб ётсанг; қозонда пишиллатиб пиёз қизартирилаётгани, қўшниларнинг тушуниб бўлмас ғовур-ғувури, пашшаларнинг визиллаши қулоғингга чалинса. Бу ҳиссиётларнинг қадри - бугунги беҳаловат давримизда етишмаётган хотиржамликда. Ким билсин, идеал шаҳар тасаввур қилганимиздан кўра бизга яқинроқдир — шунчаки илдизларимизга қайтишнинг ўзи кифоя қилар.
Saya Musa сайр қилишни тавсия этади
Saya Musa эшитишни тавсия этади
Мақола ҳомийси — Yandex Music.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли.

Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda