Инқилобдан олдинги Самарқанд бўйлаб сайр
Кўриш лозим бўлган 20 иншоот
Самарқанднинг XIX аср иккинчи ярмида, Россия империяси томонидан босиб олинганидан кейин қурилган бир қисми тарихчилар томонидан «русча шаҳар» деб аталади. Ўша даврдаги биноларнинг кўпи бугунги кунгача сақланиб қолган. Gazeta ўлкашунос Светлана Жукова билан бирга диққатга сазовор жойлар бўйича йўлкўрсаткич тайёрлади.
Самарқанднинг XIX аср иккинчи ярмида, Россия империяси томонидан босиб олинганидан кейин қурилган бир қисми тарихчилар томонидан «русча шаҳар» деб аталади. Ўша даврдаги биноларнинг кўпи бугунги кунгача сақланиб қолган. Gazeta ўлкашунос Светлана Жукова билан бирга диққатга сазовор жойлар бўйича йўлкўрсаткич тайёрлади.
Самарқанд Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, унинг тарихи 2750 йилдан бери давом этиб келмоқда. У қадимги Афросиёбдан Темурийлар салтанати пойтахтигача бўлган йўлни босиб ўтиб, маданият, савдо ва меъморчиликнинг йирик марказига айланди. Бироқ анъанавий шарқона қиёфа шаҳарнинг кўп қатламли тарихининг фақат бир қисмини ташкил этади.

XIX асрнинг иккинчи ярмида Самарқанд тарихида янги саҳифа очилди. Шаҳар Россия империяси томонидан босиб олиниб, мустамлакачилар томонидан Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилгач, шаҳарнинг тарихий маркази ёнида «Рус Самарқанди» деб аталган янги қисм шакллана бошлади. Дастлаб подшо қўшинлари эски лой қалъага жойлашди. Аммо тез орада унинг қайта қуриш бошланди ва бу янги шаҳар қурилишининг бошланғич нуқтасига айланди. Ўзгаришлар ташаббускори Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори Константин фон Кауфман эди. У 1870 йили янги Самарқанднинг замонавий қиёфасига асос солган бош режани тасдиқлайди. Шу тариқа кенг кўчалар, маъмурий бинолар, ўқув юртлари, банклар, давлат уйлари ва ибодатхоналардан иборат билан «европача» Самарқанд вужудга келади.
Ўша даврда қурилган биноларнинг кўпи бугунги кунгача сақланиб қолган. Gazeta мухбирлари тарихчи ва ўлкашунос Светлана Жукова билан бирга 1917 йилги инқилоблардан аввалиг Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини айланиб чиқиб, сайр йўлкўрсаткичини тузди.
Шаҳарнинг яшил маконлари
Самарқандни яшил хиёбонларсиз, кенг шох-шаббалари ёйилган баланд дарахтларсиз, соя-салқин йўлакларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. XIX асрнинг сўнгги ўн йилликларида, шаҳар Туркистон генерал-губернаторлигининг муҳим марказига айлангач, нафақат маъмурий бинолар қурилишига, балки кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Самарқанднинг янги қисмидаги нисбатан кичик ҳудудда бир вақтнинг ўзида бешта яшил боғ ва хиёбон барпо этилган. Уларнинг учтаси ҳозиргача сақланиб қолган ва кенгайишда давом этяпти.
Абрамов хиёбони
Самарқанднинг марказий хиёбони эски шарқона ва янги русча шаҳар ўртасидаги рамзий чегарага айланган. У бир вақтлар Амир Темурнинг қадимий қалъаси жойлашган жойдан бошланади. Абрамов хиёбони «европача» Самарқанднинг асосини ташкил этувчи кўчаларнинг радиал режасига асос солган.
Хиёбон 1880 йилларнинг бошида барпо этилган ва дастлаб генерал-губернатор Александр Абрамов номи билан аталган. Хиёбоннинг узунлиги тахминан бир километр бўлиб, учта дарахтзор ва икки йўлни ўз ичига олган. Ботаник, боғбон ва визионер Михаил Иванович Невесский бу жонли маконнинг ўзига хос меъмори бўлган. Айнан у Самарқанднинг бўлажак яшил манзарасини белгилаб берган эди.

Невесский ўзининг тарихий услубдаги кичик дала-ҳовлисини тўғридан-тўғри шаҳар кўчатзори ичига қурган эди. Уй нафақат яшаш учун, балки очиқ осмон остидаги ботаника лабораториясининг бир қисми сифатида мўлжалланган эди. Эски шаҳар ва янги мавзелар ўртасидаги чўл каби бўшлиқларни жонли яшил минтақага айлантириш учун Невеский бутун бир кўкаламзорлаштириш тизимини ишлаб чиқди. У бутун дунёдан кўчатлар буюртма қилди, дарахт турлари устида тажрибалар ўтказди ва уларни махсус ташкил этилган кўчатзорда етиштирди. Унинг қарийб 30 йиллик тинимсиз меҳнати туфайли Самарқанд ўзининг «ўпкаси»га — юзлаб дарахтлар яшиллигига бурканган хиёбонга эга бўлди.
Вақт ўтиши билан хиёбон бир неча бор ўз номини ўзгартирди: Умумтаълим хиёбони, кейин Горкий номидаги хиёбон, Мустақиллик йилларига келиб — Университет хиёбони. Бугунги кунда бу ерда эман, қарағай, чинор, катальпа дарахтлари, шунингдек, ҳозиргача Ўзбекистон табиатининг ботаник ёдгорлиги ҳисобланаётган ноёб Ливан кедри ўсади. Кўп йиллик дарахтларнинг шох-шаббалари хиёбонлар устида бирлашиб, серсоя «яшил галерея» ҳосил қилади, шу сабабли ҳам иссиқ кунларда бу ерда ҳаво ҳарорати шаҳарнинг қолган қисмига қараганда бир неча даража паст бўлади.
Губернатор боғи
Губернатор боғи Университет хиёбонига туташиб, унинг давомини ташкил этади. XIX аср охирида барпо этилган бу боғ маҳаллий турлар — қайрағоч ва чинорни ҳамда чет элдан келтирилган ноёб дарахт навларини ўз бағрига олган. Боғ маъмурий бинолар ёнида ободонлаштирилган дам олиш маскани бўлиши кўзда тутилган эди.
Дастлаб экилган дарахтлар орасида Қрим қарағайи, шунингдек, 1886 йилда Шимолий Америкадан келтирилган ботқоқ сарвлари ҳам бор эди. Невесский ташаббуси билан бу дарахтларни Самарқанд иқлимига мослаштириш учун сунъий сув ҳавзаси қазилган. Илгари шаҳар аҳли бу ерда завқ билан қайиқда сайр қиларди. 1991 йилдан кейин ҳавза иккига бўлиниб, мавжуд дендрологик тизим издан чиқди. Шундай бўлса-да, сарв дарахтлари ўсган кичик оролча сақланиб қолган.

Совет даврида боғни кўкаламзорлаштириш давом эттирилди — кўм-кўк арчалар, қайинлар, катальпалар ва павловниялар экилди. Ҳозир Губернатор боғи турли даврларнинг дарахтлари уйғунлашган ноёб маскан бўлиб, очиқ осмон остидаги жонли ботаника музейини эслатади.
Шаҳар боғи
Самарқанднинг яшил занжирининг учинчи ҳалқаси шаҳар боғи, ҳозирги Алишер Навоий номидаги Марказий маданият ва истироҳат боғи ҳисобланади. У 1886 йили барпо этилган. Дарахтларни танлашда тупроқни бойитадиган ва иқлимга осон мослашадиган турларга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу ерда липанинг турли навлари, Қрим қарағайлари, тут, каштан ва сўнгги ўн йилликларда Шимолий Америкадан келтирилган гледичиялар бор. Яшил майдонларни суғорадиган муҳандислик ариқ тизими ҳам тарихий аҳамиятга эга: у бир вақтнинг ўзида ҳам суғориш, ҳам ёмғир сувларини оқизиб юбориш вазифасини бажарган. Умуман, Самарқандни кўкаламзорлаштиришни ариқлардан айро тасаввур қилиб бўлмайди.

Самарқанднинг яшил хиёбонларида сайр қилар экансиз, вақтнинг нафасини сезиш осон. Бу ерда XIX аср охирида экилган дарахтлар ва 2010 йилларда шаҳарни қайта қуриш жараёнида пайдо бўлган ёш ниҳоллар ёнма-ён ўсиб турибди. Михаил Невесскийнинг шаҳар ландшафтини шакллантиришга бўлган ёндашуви ҳамон долзарб: нафақат гўзаллик, балки иқлим, фойда ва биологик хилма-хиллик ҳақида ҳам ўйлаш лозим. Шаҳар ҳақида қайғуриш анъанасини Невесский фалсафаси билан Самарқанд боғбонлари ва дендрологларининг авлодлари бир-бирига узатиб келмоқда. Серсоя чинорларнинг барглари шитирлаши остида Самарқанд яшил, тарихий ва хотиржам сайр қилишга очиқ шаҳар сифатида яшашда давом этмоқда.
Аёллар гимназияси
Инқилобдан олдинги Самарқанднинг энг эътиборга молик ёдгорликларидан бири Университет хиёбонида жойлашган собиқ Хотин-қизлар гимназияси биносидир. 1904 йилда меъмор Георгий Сваричевский лойиҳаси асосида қурилган бу иншоот Туркистон ўлкасида аёллар таълими билан боғлиқ дастлабки муҳим бинолардан биридир. Ғиштнинг терилиш услуби, чўзинчоқ равоқли деразалар, симметрик ҳажмлар ҳамда рус эклектикаси услубидаги қатъий, бироқ нафис фасадлар муассасанинг таълим вазифаси илмий ва жиддийлигини алоҳида билдириб туради.

Қурилиш материали алоҳида эътиборга лойиқдир. IX асрдан бошлаб минтақада анъанавий равишда лой сувоқли хом ғишт ишлатиб келинган. Бироқ Самарқанднинг Европа қисмини барпо этиш янги ечимларни талаб қилди. XIX аср охирида генерал-губернатор Кауфманнинг ташаббуси билан шаҳарда «темир тош» деб аталадиган алоҳида мустаҳкам пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган заводлар очилди. Икки марта пиширилганлиги туфайли темир тош ёғингарчиликларга, зилзилаларга ва вақт таъсирига чидамли эди. Халқ орасида уни император Николай Иккинчи давридаги сифатли қурилишлар билан боғлаб, «Николай ғишт» деб ҳам аташган.
1917 йилги инқилоблардан кейин ва совет даврида бино ўзининг таълим вазифасини сақлаб қолди. Бугунги кунда бу ерда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг биология факультети жойлашган. Яқинда таъмирланган, парвариш қилинган фасад академик анъаналар руҳини сақлаб қолган ҳолда ҳамон Университет хиёбонига қараб турибди.
Рус-Хитой банки
Университет хиёбони бўйида инқилобдан олдинги Самарқанд меъморчилигининг гўзал намуналаридан бири ҳисобланган Рус-Хитой банкининг собиқ биноси ҳам бор. Унинг пештоқида қурилган йили (1899 йил) аниқ кўрсатилган, пештоқида эса бинонинг эгаси — савдогар Бауэрга ишора қилувчи кириллча «Б» ҳарфини ҳозир ҳам кўриш мумкин.

XIX аср охирида Самарқанднинг янги қисми тараққиёти банк ва савдо биноларини қуриш ишлари авжига чиқиши билан бирга кечган. Россия ва Хитой сармоялари иштирокида ташкил этилган банк Буюк Ипак йўли савдосига фаол жалб қилинган минтақанинг иқтисодий алоқалари учун хизмат қилган. Бинонинг меъморчилиги услубий хилма-хилликни намоён этади — унда антик портиклардан тортиб замонавий унсурларгача кўриш мумкин. Унда классицизм, модерн ва шарқона безак элементлари мужассам бўлган.
Бой безаклар — XIX асрдан сақланиб қолган иккита портик, нақшлар, шер ниқоблари, деворлардаги кўзгу қистирмалар алоҳида эътиборни тортади. Интерьерлар Шарқ ва Ғарб уйғунлиги руҳида безатилган: шифтлар классик Европа анъаналарига мос келса, деворлар шарқона услубда ўйилган ойна панеллари билан зийнатланган. Бу меъморларнинг Европа эстетикасини Самарқанд муҳитига сингдиришга эмас, балки уйғунлаштиришга интилганини кўрсатади.

Бинонинг ички қисмида, шунингдек, баланд шифтли операцион зал бор, унинг деворлар эса буғ қувурлари кўринмас қилиб ўрнатилган ноёб иситиш тизимига эга — ўша давр учун бу технологик янгилик ҳисобланган.
Бино ўз вазифасини бир неча бор ўзгартирган: турли йилларда бу ерда вилоят касалхонаси, университет ректорати, маъмурий идоралар жойлашган. Бироқ совет даврида унинг олд қисми Самарқанд давлат университетининг физика-кимё факультети биноси ортида қоли кетди. Фақат ректор Рустам Холмуродов ташаббуси билан 2021−2022 йилларда Самарқанд архитектура-қурилиш университети мутахассислари раҳбарлигида амалга оширилган реставрация ишлари сабаб бинонинг тарихий қиёфаси қайта тикланди.

Лойиҳа устида архитектор ва таъмирловчилар — Галина Цигикало, Ҳабиб Қаюмов, Асқар Ҳасанов ва бошқалар меҳнат қилди. Уларнинг вазифаси шунчаки фасадни янгилаш эмас, балки илмий реконструкция қилиш эди. Етти қават бўёқ олиб ташланди, нақшлар, панжаралар, зулфинлар ва зинапоялар қайта тикланди, асл мармар зинапоялар ва марказий залнинг шифти эҳтиёткорлик билан сақлаб қолинди. Безак унсурлари — қандиллар, пардалар ва инқилобдан олдинги интерьерга мослаштирилган жиҳозларга алоҳида эътибор қаратилди. Кириш жойида, шунингдек, Хитой маданиятидаги анъанавий бойлик қўриқчилари ҳисобланган Фу итларининг ҳайкаллари қайта ўрнатилди. Ҳайкал оқ хитой мармаридан ясалган.
Бугунги кунда собиқ банк биносида Самарқанд давлат университети қошидаги Ўзбекистон ва Хитой дўстлик музейи жойлашган. Унинг экспозицияси асрлар давомида икки мамлакат маданияти ва халқларини боғлаб турган қадимий савдо йўли — Буюк ипак йўли тарихига бағишланган. Музей дам олиш кунларисиз, душанбадан якшанбагача соат 9:00 дан 18:00 гача очиқ (касса соат 17:00 да ёпилади). Кириш нархи Ўзбекистон фуқаролари учун — 5 минг сўм, чет элликлар учун — 25 минг сўм.
Губернатор уйи
Самарқанднинг ҳарбий губернатори уйи 1874 йилда қурилган бўлиб, ҳозирда Университет кўчаси 1-уй манзилида жойлашган. Бу бино эски шаҳар қалъасидан ташқарида қурилган биринчи мустаҳкам иншоот эди. Айнан шу иморатдан шаҳарнинг Европа услубидаги қисми ривожланиши бошланган. Бино Самарқанд босиб олинганидан кўп ўтмай Туркистонга келган Россия муҳандислик қўшинлари битирувчилари — Владимир Неподкупний ва Левин Левинсон лойиҳаси асосида қурилган.
Муҳандислар минтақа учун ноодатий меъморий ечим танлаган — бу икки томонлама ёритилган ҳажм бўлиб, унда қуёш нури нафақат анъанавий деразалар орқали, балки чордоқ фонарларини эслатувчи томдаги шиша устқурмалар орқали ҳам кирарди. Бундай тизим идора залларининг табиий ёритилишини таъминлаб, губернатор қароргоҳи мақомига мос келадиган кенглик ва очиқлик ҳиссини тақдим этган.

Бино архитектурасида классицизм, модерн ва Шарқ меъморчилиги хусусиятларини ўзида мужассам этган эклектик услуб унсурлари уйғунлашган. Тошдан ишланган пештоқлар, пештоқ симметрияси, ўйма нақшли дераза ҳошиялари ва кейинчалик автомобиль кирадиган жойга мослаштирилган анъанавий арава йўлаги — буларнинг бари шаҳар қўрғони ёки эртакдаги саройга ўхшаш қиёфани шакллантиради.
Кошона аввалбошданоқ маъмурий вазифани бажарган ва 150 йил давомида бу хусусиятини ўзгартиргани йўқ. Инқилобдан аввал бу ерда Туркистон генерал-губернаторининг маҳкамаси жойлашган. Совет даврида бино шаҳар ижроия қўмитаси учун хизмат қилган, мустақиллик йилларида эса Самарқанд шаҳар ҳокимлиги шу ерга жойлашди.
Жамоат йиғинлари уйи
Алишер Навоий кўчасида, XIX аср охиридаги савдогарларнинг ҳовлилари орасида, бугунги кунда Самарқанд вилоят қўғирчоқ театри сифатида танилган бир иморат сақланиб қолган. Унинг тарихи Жамоат йиғинлари уйи сифатида 1895 йилдан бошланади. Бу бино шаҳарнинг Европа қисмидаги асосий маданий муассаса бўлиб, у бундан олдин Аёллар гимназиясини қурган меъмор Георгий Сваричевский томонидан лойиҳалаштирилган эди.
Жамоат йиғинлари уйи Самарқанднинг ижтимоий ҳаёт маркази эди. Бу ерда баллар, мусиқий кечалар, кўргазмалар ўтказиларди, клуб йиғилишлари ва маърузалар уюштириларди. Бино пухта режалаштирилган тузилиши билан ажралиб турарди: унда 200 ўринли томоша зали, мажлислар ва дам олиш хоналари, кийим илгичли вестибюллар, ўқув хоналари мавжуд эди. Меъморчилик услуби неоклассик ва эклектик йўналишларни уйғунлаштирган бўлиб, шарқона безакларга нозик ишора қилинган — худди XIX аср охиридаги Самарқандга хос тарзда.

Совет даврида бино ўзининг маданий вазифасини сақлаб қолди. 1920 йилларда, Самарқанд ЎзССР пойтахти бўлганида, бу ерда Халқ маорифи комиссарлиги ва сиёсий маориф бўлимлари жойлашган эди. Кейинчалик бино шаҳарнинг дастлабки профессионал саҳналаридан бири — Чехов номидаги рус драма театрига айланди. Труппа янги бинога кўчирилгач, тарихий иморат қўғирчоқ театрига берилди ва у ҳозиргача шу ерда фаолият кўрсатяпти.
Бугунги кунда театрда рус ва ўзбек тилларида спектакллар мунтазам намойиш этилади. Репертуарда болаликдан таниш бўлган эртаклар: «Балиқчи ва балиқ ҳақидаги эртак», «Бўғирсоқ», «Винни Пух», «Мақтанчоқ», шунингдек, яқинда премьераси бўлиб ўтган «Оловуддиннинг сеҳрли чироғи» каби янги саҳна асарлари бор. Театрнинг етакчи усталаридан бири рассом Николай Султонов нафақат спектакллар учун декорациялар яратади, балки қўғирчоқлар музейи бўйлаб кичик экскурсиялар ҳам ўтказади. Чипта нархи 10 минг сўмдан 25 минг сўмгача. Уч ёшгача бўлган болалар учун кириш бепул. Спектакллар соат 10:00 дан 16:00 гача ҳар соатда намойиш этилади.
Халқ уйи
«Рус Самарқанди»нинг яна бир диққатга сазовор биноси — 1911 йили қурилган Халқ уйидир. Бу меъморий ансамбль шаҳарнинг янги қисмидаги маданият ўчоғи сифатида тасаввур қилинган: бир том остида театр, кутубхона ва музей жойлашиши керак эди. Бироқ лойиҳани тўлиқ амалга оширишнинг имкони бўлмаган — Биринчи Жаҳон уруши бошланиб, уч вазифадан фақат иккитаси рўёбга чиққан. Лойиҳа меъморлар жамоаси томонидан тайёрланган: дастлабки ишларни Ижицкий-Герман бажарган, асосий лойиҳа Гейнзелманга тегишли, қурилиш ва кейинги ўзгартиришлар учун эса Сваричевский ва Лебедев масъул эди. Лебедев раҳбарлигида бино романтик қиёфа касб этган.
Халқ уйи пештоқида тарихийлик модернизм унсурлари билан уйғунлашган. Унинг меъморчилигида Европа готикасига хос белгиларни кўриш мумкин: найза шаклидаги равоқлар, кичик миноралар, юқори даражадаги симметрия. Самарқанднинг мустаҳкам «темир» ғишти ва сопол қўшимчалар каби маҳаллий ашёлар бинонинг шарқона қурилиш анъаналарига боғлиқлигини таъкидлайди. Пештоқнинг нафис чизиқлари, ўймакор карниз ва безакли терракота унсурлари Халқ уйига эртакдаги уйчанинг кўринишини беради.

Ички қисмида бадиий безакли сопол печкалар ва Людмила Отченашенко томонидан яратилган сюжетли деворий сопол паннолар сақланиб қолган. Бинони безашда Ўзбекистон халқ рассоми, девор ва печка нақшлари муаллифи Софя Ракова ҳам қатнашган. Буларнинг бари шунчаки безак эмас, балки ғоянинг бадиий қисми, «халқ учун уй» тушунчасининг мужассамидир.
Халқ уйи бошиданоқ маданий марказ вазифасини бажарган. 1937 йили бу ерга Пушкин номидаги шаҳар кутубхонаси жойлаштирилган. Бой фондга эга кутубхона хиёбондаги янги бинога кўчиб ўтгач, 1970 йилларда бўшаган бино Беруний номидаги болалар кутубхонасига берилган. Кутбухона яқин-яқингача ҳам шу ерда фаолият юритаётган эди, аммо 2025 йил бошида бино таъмирлаш ишлари учун ёпилди.
Савдогар Дмитрий Филатовнинг шароб заводи
Гагарин кўчасида Самарқанднинг энг эътиборга молик саноат ёдгорликларидан бири — М.А. Ховренко номидаги Самарқанд шароб заводи мажмуаси қад кўтарган. Унинг тарихи биринчи гильдия савдогари Дмитрий Филатов номи билан боғлиқ. У 1870 йилдаёқ шароб заводи қуриш учун ер участкасини сотиб олган эди. Бу Туркистон ўлкасидаги Европа технологиялари асосида ишлайдиган ва маҳаллий хомашё — Зарафшон водийсининг узумидан фойдаланадиган биринчи шароб ишлаб чиқариш корхонаси эди.

1910 йилда ишлаб чиқариш бинолари ёнида меъмор Стогов лойиҳаси асосида хусусий кошона қурилди. Ушбу нафис ғиштин иморат чўзинчоқ равоқли деразалар ва безакли нақшлар билан безатилган эди. Унда шароб заводининг маъмурий хизматлари ва мулкдорларнинг турар жойлари бўлган.
Совет ҳокимияти ўрнатилгач, шароб заводи давлат мулкига айланди ва 1930 йилларда Ўрта Осиёда соҳа ривожига катта ҳисса қўшган совет шаробчилигининг таниқли арбоби М.А. Ховренко номини олди. Совет даврида завод вино, коньяк ва ликёрлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхонага айланди. Унинг маҳсулотлари МДҲ мамлакатлари ва хорижга экспорт қилинган.
Бугунги кунда завод инқилобдан олдинги даврнинг тарихий бинолари ва меъморий унсурларини сақлаб қолган ҳолда замонавий шароб корхонаси сифатида фаолият юритмоқда. Стогов саройида ҳозирда Самарқанд шаробчилик тарихи музейи очилган бўлиб, у ерда ноёб экспонатлар: архив ёрлиқлари, қадимий маҳсулотлар намуналари, ҳужжатлар ва фотосуратлар билан танишиш мумкин. Музейда дегустатция зали мавжуд бўлиб, у ерда ташриф буюрувчиларга фирма шароблари ва коньякларини, жумладан, машҳур «Самарқанд» коньяги ва «Алиготе» навли шаробларни тотиб кўриш имконияти берилади.

Завод душанбадан шанбагача, соат 9:00 дан 17:00 гача экскурсиялар учун очиқ (касса соат 16:00 да ёпилади). Музей ва дегустация залига кириш нархи Ўзбекистон фуқаролари учун — 30 минг сўм, хорижий меҳмонлар учун — 50 минг сўм.
Ҳарбий йиғин биноси
«Рус Самарқанди»нинг ушбу нафис ва вазмин-тантанавор биноси 1882 йили меъмор Неподкупний лойиҳаси асосида бунёд этилган. Ҳарбий йиғин биноси XIX аср охирида Самарқанднинг янги шаҳар қисми аҳолисининг сезиларли катта қисмини ташкил этган гарнизон зобитларининг ҳордиқ чиқариши ва учрашувлари учун мўлжалланган эди. Бу ерда қабуллар, мусиқий кечалар ўтказилган, маърузалар тингланган, клуб йиғилишлари уюштирилган.
Бино меъморчилиги эклектика унсурлари билан тарихийликни ўзида мужассам қилган. Пештоқ юмалоқ деразалар, классик устунлар, безакли сопол қўшимчалар ва XIX аср охиридаги жамоат биноларига хос бўлган фронтонли айвон билан безатилган. Ички қисм классик услубда бўлиб, кенг зал, устунлар, нақшлар, кийим илгичли даҳлизга эга. Бино XX асрни яхши ўтказган ва таъмирлаш пайтида фақат айрим меъморий унсурлар ва ҳаво алмаштириш тизими қайта тикланган.
Совет даврида бино дастлаб Гарнизон зобитлар уйи, кейинчалик Қизил Армия уйи ва сўнгра Округ зобитлар уйи сифатида фаолият кўрсатган. Бу ерда концертлар, фахрийлар учрашувлари, хотира кечалари ўтказиш давом этган. Мустақиллик йилларининг бошида бино Самарқанд вилоят Савдо-саноат палатасига берилган.
Рус-Осиё банки
Навоий ва Шоҳи Зинда кўчалари кесишмасида, бир бурчакда, чодирсимон томли ҳашаматли бино — собиқ Рус-Осиё банки бўлими биноси қад ростлаган. У 1905 йилдан 1907 йилгача машҳур тарихчи ва меъмор Борис Касталский лойиҳаси асосида қурилган. У бинони шунчаки лойиҳалаштириб қолмай, балки унинг тузилишига янги аср руҳини — оқилона ёндашувни, илғор технологияларни ва ўзига хос услубни сингдирган.

Рус-Осиё банки ўз даврининг муҳандислик янгилиги ҳисобланган темир-бетон қопламалари қўлланилган Самарқанддаги дастлабки бинолардан бири ҳисобланади. Бу ердаги меъморчилик илк модерн услубининг таъсирини яққол акс эттиради: фасад пластикасига эътибор, безак элементлари, чодирсимон том, айниқса бурчакли жойлашувга мос келади. Шунга ўхшаш усул кейинчалик Самарқанднинг бошқа машҳур биноларида ҳам қўлланилган.
Дастлаб банк бир қаватли иморатдан иборат эди, ертўласи эса кенг эди — унинг ғазнаси ҳам айнан ертўласида эди. 1929 йили бинога иккинчи қават қўшилган. Совет даврида унда қишлоқ хўжалиги институтининг талабалар ётоқхонаси жойлашган. Кейинчалик бино яна банк вазифасини бажаришга киришган: биринчи қаватда Ўзбекистон Миллий банкининг бўлими жойлашган.

Бугунги кунда мажмуа катта ҳудудни эгаллайди. Фасад ортида шинам ички ҳовли яширинган бўлиб, у ерда банк бошқарувчисининг уйи — икки ёруғликли устқурма ва ифодали меъморий пластикага эга бўлган анъанавий шаҳар кошонаси сақланиб қолган. 2020 йилларда у Silk Road University лойиҳаси доирасида тўлиқ таъмирланди. Ҳозирда у ерда Art Station галереясининг санъат макони жойлашган. Бу замонавий кўргазма майдончаси тарихий муҳитга уйғун тарзда қўшилиб кетган.
Пряник уйчаси
Университет хиёбонининг жанубидаги маҳаллалар ичкарисида, паст қаватли бинолар орасида самарқандликлар меҳр билан «Пряник (ширин кулча) уйчаси» деб атайдиган бино яширинган. У Туркистонда хизмат қилган ва Самарқанднинг меъморий қиёфасига салмоқли ҳисса қўшган меъмор Виктор Андреевич Войцехович томонидан 1916 йили қурилган.
Уй савдогар оиласи учун ҳашаматли турар-жой сифатида лойиҳалаштирилган бўлиб, кўзни қамаштирувчи пештоқ, нафис безаклар, юмшоқ том чизиқлари ва нақшинкор деразаларга эга. У ҳақиқатан ҳам болалар китобларидаги эртакнамо уйни эслатади — ўлкашунос Светлана Жукованинг айтишича, меъморнинг ўзи уни болалигида айнан шундай тасаввур қилган экан. Унинг ёшликдаги бу орзуси ўзи қарийб 20 йил яшаган Самарқанд шаҳрида рўёбга чиққан.

Воқеа оилавий хотираларда давом этган. 1930 йилларда, рафиқаси вафот этгач, Войцехович ўғлининг олдига — Ленинградга кўчиб кетган. У ерда набираси Вероника туғилган ва айнан у учун бобоси «Пряник уйчаси» ҳақида достон ёзган. Унда у бир пайтлар меъморлик орзусини амалга оширган Самарқанддаги уйни меҳру муҳаббат билан тасвирлаган. Орадан қарийб бир аср ўтиб, 2011 йили Вероника бобосининг эртагидаги ўша уйни излаб топиш ва кўриш мақсадида Самарқандга келган.
Совет даврида бино турар жой вазифасини бажарган, кейинчалик маъмурий идорага айлантирилган. Яқин вақтларгача бу ерда шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бошқармаси жойлашган эди. Ҳозир уй таъмирланяпти. Ташқи кўринишидан у ҳамон ўйинчоқ саройни эслатади: мутаносиб шакллари, юмалоқ қисмлари, нафис нақшлари ва кошинлари билан бу бино гўё саҳнага қўйилган декорацияга ўхшайди.
Абрам Калантаров кўшки
Биринчи гильдия савдогари Абрам Исаакович Калантаровнинг кўшки қарийб ўн беш йил мобайнида қурилган: қурилиш ишлари 1902 йилда бошланиб, 1916 йилда ниҳоясига етган. Охирида мулкнинг жануби-шарқий бурчагида нозик дид ва меъморий улуғворлик билан бажарилган ҳашаматли меҳмонхона қаноти барпо этилган.

Айтишларича, кўшкни кенгайтиришга император Николай Иккинчининг эҳтимолий ташрифи ҳақидаги овозалар туртки бўлган. Олий мартабали меҳмонларда яхши таассурот қолдириш мақсадида Калантаров нафақат бойлик рамзи, балки Самарқанд меҳмондўстлигини намоён этадиган иморат қуришни ният қилган. Лойиҳани ўша даврнинг етакчи меъморларидан бири, модернизм, шарқона услуб, эклектика жиҳатларини уйғунлаштириш маҳорати билан танилган меъмор Е.О. Нелле ишлаб чиққан.
Кўшкнинг ички безаклари нафислиги ва тафсилотларининг бойлиги билан ҳайратда қолдирарди. Шифтлар қўлда нақшланган, заллар Венеция кўзгулари, Германиядан буюртма қилинган рангли витражлар ва Варшавадан келтирилган биллур қандиллар билан зийнатланган. Камин ва печкалар Европадан махсус келтирилган ноёб кошинлар билан қопланган. Қурилишнинг умумий қиймати 134 минг олтин рублдан ошган — бу ўша давр мезонлари бўйича улкан маблағ эди.

Тантанали хоналарни бадиий безаш Самарқанднинг энг моҳир усталарига: ёғоч ўймакорлари ва безакчи рассомларига ишониб топширилган. Шарқона усуллар — нозик ўймакорлик, табиий бўёқлар билан бўяш орқали улар европача нафислик ва шарқона безакнинг ўзига хос уйғунлигига эришиб, кўшкнинг ички кўринишини ҳақиқатан ҳам бетакрор қилган.
Инқилобдан сўнг Абрам Калантаров бинони давлатга топширган. 1920 йилларда бу ерда Акмал Икромов раҳбарлигидаги ЎзССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси фаолият юритган. 1934 йили бу ерга Самарқанд музейи жойлаштирилган. 1981 йил бошида бинода кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилган: осма шифтлар, линкруст гулқоғозлар, папе-маше нақшлари ва безак унсурлари қайта тикланган. 1981 йил охирида кўшкда Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейи иш бошлаган. Ҳозир бино қайта таъмирлаш учун вақтинча ёпилган.
Туманов ва Охунбобоев уйлари
Буюк Турон кўчасининг бир қисмида XX аср бошларидаги меъморчиликка икки хил ёндашувни акс эттирувчи бир жуфт ҳовли сақланиб қолган — уларнинг бири хусусий турар жой, иккинчиси эса маъмурий бино сифатида қурилганди.
Муҳандис ва меъмор Тумановнинг ҳовлиси 1912 йилда барпо этилган. Бу ўзи учун лойиҳалаштирилган уй бўлиб, меъморнинг ўзи ҳам буюртмачи, ҳам ижрочи бўлган ноёб ҳолат ҳисобланади. Бинонинг пойдевори хом ғишт ва юқори мустаҳкамликдаги куйдирилган «темир тош» уйғунлигидан иборат. Бундай бирикма нафақат конструкциянинг мустаҳкамлигини таъминлаган, балки ўзига хос меъморий кўриниш яратиш имконини ҳам берган. Уй асл безак унсурларини — прессланган шишадан ясалган эшик дастаги, деразаларнинг мутаносиблиги, деворларнинг тузилишини сақлаб қолган. Бугунги кунда у ўзининг дастлабки вазифасини — турар жой вазифасини бажаришда давом этяпти. Уй эгаларининг бинонинг ташқи кўринишини ўзгартирмай, унинг асл ҳолатини сақлаб қолаётгани қувонарли.
Унинг ёнида Охунбобоев уйи номи билан машҳур бўлган XX аср бошидаги бино жойлашган. У тахминан 1900 йилда қурилиб, дастлаб шаҳар хўжалик бошқармаси сифатида фойдаланилган. Совет даврида, Самарқанд ЎзССР пойтахти бўлганида, бу уйда республика Марказий Ижроия Қўмитасининг биринчи раиси (президенти) Йўлдош Охунбобоев истиқомат қилган. Кейинчалик ҳовлида Қизил Хоч жамияти жойлашган. Кенг ҳовлини ҳозир ҳам кўҳна эман дарахти безаб турибди, кираверишда эса нафис ўймакорлик ва мис жиҳозлар билан безатилган ёғоч эшик сақланиб қолган. 2000 йилларда бинода чет тилларини ўқитиш маркази фаолият юритган. Ҳозир таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.
Бир чизиқда жойлашган зиёратгоҳлар
Самарқанднинг Европа қисмида бир кўча борки, турли конфессияларга тегишли диний биноларнинг деярли бари шу ерда жойлашган. Агар бу кўча бўйлаб юрсангиз, кичик зиёратни амалга оширишингиз мумкин — бир ибодатхонадан бошқасига, бир диний анъанадан кейингисига ўтиб, уларнинг ҳар бири билан боғлиқ ўзига хос тарих билан танишса бўлади.

Йўлда биринчи бўлиб Авлиё Алексей собори учрайди. У 1909−1911 йилларда меъморлар Федор Вержбицкий ва Фёдор Смирнов лойиҳаси асосида қурилган. Ибодатхона мустақиллик йилларида — 1996 йилда Москва ва Бутун Рус патриархи Алексий Иккинчи соборни шахсан муқаддаслаштириш учун Самарқандга келганида диндорларга қайтарилган. Рус услубидаги ҳашаматли бино ҳамон фаолият юритмоқда ва шаҳар православ жамоаси ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
Ундан бир неча қадам нарида 1916 йилда қурилган Авлиё Йоҳанн Чўқинтирувчи католик черкови жойлашган. Унинг пайдо бўлиши тарихи Биринчи Жаҳон уруши асирлари — Туркистонга келиб қолган поляклар, австрияликлар, венгерлар билан боғлиқ. Католик жамоаси вакиллари Туркистон генерал-губернаторига ибодатхона қуриш учун рухсат сўраб мурожаат қилган. Меъморий лойиҳани минтақанинг таниқли меъморларидан бири Й.О. Нелле амалга оширган. Қурилишга муҳандислар Домбровский, Шитко ва Рибчинский раҳбарлик қилган. Ибодатхона хайр-эҳсонлар ҳисобидан қурилган. Ҳозирги кунгача у чизиқларининг уйғунлиги ва меъморчилигининг нафислиги билан эътиборни тортиб келади.
Унинг ёнида 1903 йилда Самарқанддаги биринчи арман-григориан Муқаддас Биби Марям черкови қурилган. У асосан савдогарлардан иборат маҳаллий арман ҳамжамиятининг ташаббуси ва маблағлари эвазига барпо этилган. Совет даврида бино кўплаб ибодатхоналар сингари ёпилган ва маъмурий бино сифатида фойдаланилган. Ибодатхона қошидаги черков мактаби Маданият уйига айлантирилган. XX асрнинг барча қийинчиликларига қарамай, черков биноси сақланиб қолди ва Самарқанд арман меросининг муҳим рамзига айланган.
Агар кўчадан бироз четга бурилса, XIX аср охиридаги қадимий савдогар саройига чиқиш мумкин, у ерда 1990 йиллардан бери Бухоро яҳудийларининг «Ор-Авнер» синагогаси жойлашган. Яҳудий жамоасининг миллий маданий маркази ҳам шу ерга кўчиб ўтган. Бино XX аср бошларида Самарқандга хос бўлган шарқона эклектика хусусиятларини сақлаб қолган: нафис равоқлар, ёғоч ўймакорлик элементлари ва пахса ғиштнинг илиқ ранги. Синагога ҳозир ҳам ишлаб турибди, сарой ҳовлиси кўпинча байрам зиёфатлари ва жамоат тадбирларига меҳмонларни қабул қилади.
Йўлни давом эттириб, 1905 йилда меъмор И.П. Лебедев лойиҳаси бўйича қурилган Покров соборига етиб бориш мумкин. 1907 йилда қўнғироқ минорасига зарар етказган зилзиладан сўнг, собор шаҳар аҳолиси маблағлари ҳисобидан қайта тикланган. Бу совет даврида ҳеч қачон ёпилмаган камсонли ибодатхоналардан бири бўлиб, бу ерда қадимий иконалар, деворий расмлар ва XX аср бошидаги ички безаклар сақланиб қолган.
Ибодатхонадан атиги 150 метр нарида 1910 йилда қурилган Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний масжиди қад ростлаган. У мусулмонлар диний ҳаётининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда. Масжиднинг кўриниши содда, лекин гўзаллиги ҳам айнан шунда.
Ва ниҳоят, бу рамзий ҳалқани 1882 йилда Авлиё Георгий Ғолиб номи билан қурилган Георгий черкови (ҳарбий черков) якунлайди. Лойиҳани Россия империяси қурилиш идорасининг таниқли вакилларидан бири — меъмор Николай Лемке амалга оширган. Ибодатхона XIX аср охири — XX аср бошларида Ўрта Осиё православ черковлари меъморчилигининг ўзига хос хусусияти бўлган Византия услубида қурилган. 2022 йилда Георгий черкови биноси Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик музейига айланди. У ҳар куни соат 9:00 дан 17:00 гача очиқ, кириш нархи маҳаллий аҳоли учун 10 минг сўм, хорижликлар учун 35 минг сўм.
Самарқанд кўчалари бўйлаб бундай маршрут нафақат динлар тарихи ҳақида ҳикоя қилади, балки шаҳарнинг қанчалик кўп қатламли ва кўп конфессияли бўлганини ва шундай бўлиб қолаётганини ҳам яққол кўрсатади. Самарқандда масжид ва православ ибодатхонаси, католик черкови ва синагога, арман черкови ва халқлар дўстлиги музейи ёнма-ён туриши мумкин ҳамда буларнинг бари бой тарихий ўтмишдан далолат берувчи гўзал меъморчилик фонида жойлашган. Айнан шу жиҳат Самарқандни Шарқ ва Ғарб бир-бирига қарама-қарши қўйилмаган, балки ягона, жонли маданий маконга айланган бетакрор шаҳарга айлантиради.
Материал Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda