ФОТО: Дилруҳ Исомиддинова

«Ногиронлик ҳаётда ўз ўрнингни топиш учун тўсиқ эмас»

Ҳунарманд ва депутат Жасурбек Жумаев ҳикояси

У 2009 йилдан сомон санъати билан шуғулланади, айни дамда Миллий рассомлик ва дизайн институтида фотографиядан дарс ҳам беради. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — «Жасорат» медали соҳиби, ногиронлиги бор инсон сифатида Олий Мажлис депутатлигига сайланган илк ўзбекистонлик Жасурбек Жумаев.

У 2009 йилдан сомон санъати билан шуғулланади, айни дамда Миллий рассомлик ва дизайн институтида фотографиядан дарс ҳам беради. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — «Жасорат» медали соҳиби, ногиронлиги бор инсон сифатида Олий Мажлис депутатлигига сайланган илк ўзбекистонлик Жасурбек Жумаев.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
Инсонийликнинг дини ва миллати йўқ. Жасурбек Жумаев бу ҳақиқатни Тошкентга илк келган вақти уйидан уч йил, қалбининг тўридан эса бир умрлик жой берган отасининг болаликдаги дўсти Владимир Фотиндан ўрганган.
Уни сомон санъатига қизиқтирган ҳам, ретро қўшиқлар янграйдиган оппоқ Nissan’ида «Паркентский»дан Чилонзордаги ҳунар мактабига эринмай олиб-келиб юрган ҳам айнан Владимир амаки бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топмоқчи бўлган ёш Жасурнинг бўлажак парвозига қанот бўлган нафақадаги бу учувчининг ўзи — бобоси бир вақтлар Ўзбекистонга қулоқ қилингани ортидан — Сижжакда туғилиб ўсган.
Бир куни Сижжакда
Тошкент вилоятининг улуғвор тоғлари бағрида жойлашган Сижжак гўзал манзараси, дилни яйратувчи ҳавосидан ташқари, асаларичилик хўжаликлари билан ҳам машҳур. Сижжакликлар ҳар бир асалари қутиси меҳнат ва ҳамжиҳатлик асосига қурилган «мўъжаз бир салтанат» экани, тухум қўядиган она ари унда «бошлиқ»лигини жуда яхши билади.
«Бу кичик жамиятда ҳар бир арининг ўз вазифаси бор. Яхшилаб кузатсангиз, бири асал, бошқаси прополис ёки доривор ўсимликлар олиб келаётганини, яна бири эса мумдан уя ясаш билан бандлигини кўрасиз — бу эса меҳнат тақсимоти аниқ белгиланганини кўрсатади», — тушунтиради асаларичилар сулоласининг вакили бўлган Жасур Жумаев.
реклама
Қишлоқ болаликлари одатда ўхшаш бўлади. Бепоён бедазор бўйлаб югуриш, қирга чиқиб, иморатлар ҳали тўсиб улгурмаган табиат ҳуснига мафтун бўлиш, сой-ариқларда чўмилиб, баъзида шиппакнинг бир пойини оқизиб юбориш сингари машғулотлардан ташқари, мактабдан сўнг мол-ҳолга қараш, уй юмушларига ёрдамлашиш куннинг ажралмас қисмидир. Арилар билан тил топишиш, уларни кўриш учун тез-тез тоққа чиқишни айтмаганда, Жасур аканинг болалиги ҳам айнан шундай кечган.
реклама
1997 йилнинг 4 майидаги хотирасидан ҳеч чиқмайдиган ҳодиса ҳам айнан тоғда, асаларилар ҳолидан хабар олиш учун тепаликка чиққанида юз берган. Ўшанда унинг чап, кейин эса ўнг оёғи тўсатдан ишламай қолган.

«Шифокорлар юролмай қолишимга узоқ вақт орқа миянинг яллиғланиши билан кечадиган ўткир миелит сабаб, деб айтган. Лекин 8−9 йил аввал ўзбекистонлик энг яхши профессорлардан бири ўткир миелитли одам оқсоқланиб бўлса ҳам юриши, меники бошқа бир мавҳум ташхислигини айтди. Кореялик, ҳиндистонлик шифокорларга ҳам текширтирдим ва ҳозир аравачада эканимнинг тиббий сабабини ўзим ҳам билмайман», — дейди 13 ёшида ҳаёти қандайдир 15 дақиқа ичида бирдан ўзгариб кетган суҳбатдошимиз.
Ўша воқеадан кейин у тузалмай қолиши, эртасини ўйлаб «касалхонада қоламан, кетмайман», дея йиғлаган. Лекин кўз ёш тўккан фақат у эмасди. Совуққон ва ҳеч йиғламайдигандек кўринадиган Алимбой ота кечалари унсиз йиғлаган — бунга оғриқдан безовталаниб уйғонган ўғлидан бошқа биров гувоҳ бўлган эмас. Қишлоқнинг қўлигул чевари Назира аянинг кўзлари ҳам ўғли билан боғлиқ воқеадан сўнг тез-тез «чангдан» қизарадиган бўлиб қолган.
Ота-онам мени оёққа қўйиш учун қўлидан келганини ортиғи билан қилди. Олиб бормаган шифокору табиблари қолмади. Самарқандлик табиб юриб кетмаслигимни айтганида ҳам, орадан шунча вақт ўтиб ҳозир ҳам, улар ҳануз менинг оёққа туриб кетишимга ишонади ва ҳозир ҳам шуни сўраб, дуо қилади. Хаёлларида юриб кетган ўғли бор.
Дунёдан узилиш, ошна-оғайнилар билан кўришмай қўйиш, жондан севган машғулоти — футболда ўйинчидан томошабинга айланишнинг психологик жиҳатдан қанчалик оғирлигини яхши билган Жасур Жумаев ногиронлиги бор инсонларнинг ижтимоийлашуви, бирор иш билан банд бўлиши нафақат уларнинг руҳияти, балки келажаги учун ҳам муҳимлигига эътибор қаратишни хоҳлайди.
Биринчи навбатда бола, шахснинг ногиронлиги борлигини унинг олдида рўкач қилмаслик, ўйламай гапирилган сўз ва хатти-ҳаракатлар билан уни синдириб қўймаслик керак. Қолаверса, ота-оналар имкони борича унинг касб-ҳунарли ёки илмли бўлиши учун шароит яратиб беролса, фарзанд кейин ҳам ўзини-ўзи эплайди, соҳаси ортидан жамиятга қўшилади. Иш берувчилар эса ногиронликка эмас, салоҳият ва қобилиятга, кадрнинг қўлидан келадиган ишга баҳо бериши керак, — дейди ходимлари сони 20 дан ортиқ бўлган корхоналар 3 фоизли квота асосида ногиронлиги бор шахсларни ишга олиши шартлигини эслатган Жасур Жумаев.
Энг катта қўрқуви кимгадир боқиманда бўлиб қолиш бўлган қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам уйда пайти турли машғулотлар билан шуғулланиб кўрган. Хусусан, онасидан тикувчиликни ўрганган, Сижжакнинг бузилган магнитофонларининг «қулоғини бураб», тузатиб қўядиган кичик устага айланган.

Лекин бир куни буларнинг бари вақтни ўлдиришдан бошқа нарса эмаслигини, тайинли касб-ҳунарнинг бошини тутмаса, шаҳарга кетмаса, ҳаёти 5−10 йилдан кейин, ҳатто сўнгги нафасигача ҳам ҳеч қандай ўзгаришсиз ўтиши мумкинлигини тушуниб етган.

«Қишлоқдан кетаётганимда отам: „Бу ерда оиланг, опа-укаларинг бор-ку, кетиб нима қиласан? Тошкентда қийналасан“, дегандилар. 2017 йили у кишига саратон ташхиси қўйилди. Вақт ўтиб, дадам: „Мен сени кетганинг, йўлингни топганинг қутқарди“, дедилар», — деб эслайди Жасур ака.
Фаолият
Жасур ака мактабнинг қолган 6 йилини, тушунарли сабабга кўра, уйда ўқишга мажбур бўлган. Аммо ўзи ўрганишни жуда ҳам хоҳлаган чизмачилик ва компьютер сингари қўшимча дарслардан «мумкин эмас» деган асоссиз баҳона сабаб бебаҳра қолган.
Лекин бу унинг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида компьютер графикаси ва бадиий фото бўйича бакалаврни, мультфильм ва компьютер мультипликацияси бўйича эса магистратурани тамомлашига тўсиқ бўла олмади. Ўқишни битиргач, институт раҳбарияти унга иш таклиф қилди — Жасур ака ҳозир талабаларга бадиий фотокомпозицияни ўргатади.
Талабалар билан индивидуал ишлашни ёқтирадиган доцент ўз ишини таҳлил қилолган, холис баҳо беролган фотографгина яхши сураткаш эканини уларга бот-бот такрорлайди. Табиийки, бунга ўзи ҳам амал қилган ҳолда, ижоди, фаолиятини тез-тез таҳлил қилади.

Ўзини этюдчи фотограф деб биладиган устоз йиллар давомида бир хонадан чиқмагани учунми, кенг, бепоён, манзараларни кадрга муҳрлашни ёқтиради. Талабаларига табиий ёруғлик, чироқлардан ўринли фойдаланиб, турли бурчак, фон ва эмоциялар билан моделнинг ҳолатини акс эттиришни профессионал даражада ўргатишига қарамай, ўзи тор хонада портрет суратга олишни унчалик хушламайди.
Табиат қўйнига, умуман бошқа ҳудудларга одатда фотокамераси билан бориб, иложини топса сомон олиб қайтади. «Сомон санъатимиздаги энг асосий бўёқ ҳисобланади. Бир расм учун кўп сомон кетмасада, керакли рангни топиш анча вақт талаб қилиши мумкин», — тушунтиради ҳунарманд.
Жараён чизишдан бошланади. 3D га ўхшаб чиқиши учун деталларга ажратилиб, кейин сомон ёпиштирилади. Сўнгра «куйдирадиган қалам» (вижигатель) билан пардозланади. Бу суратдаги қайсидир қисмнинг бошқасидан тўқроқ кўринишини таъминлайди. Куйдириб, ишлов берилганидан кейин эса фонга ёпиштирилади.

«Бундай асарлар турли муддатда битади. Уларнинг орасида шифоньернинг устида узоқ вақт чанг босиб, йиллар ўтгач, тўсатдан ғоя келиб, якунига етадигани ёки ўша ғоя йўқлиги учун чала қолганлари ҳам бўлиши мумкин», — дейди ишларида ўзбекона ўзига хослик уфуриб туришини ёқтирувчи ижодкор.
Жасур ака одамлар унинг кимлигига эмас, ишига баҳо беришини хоҳлайди. Шунинг учунми, Ҳастимом мажмуасининг Бароқхон мадрасасидаги 2009 йилдан бери фаолият юритиб келадиган мўъжаз устахона, шунингдек, чизилган ишлари ҳам уники эканлиги билинмайди.
Расмларнинг орқасида фақат исмим ва имзони қолдираман, лекин харидор менинг айнан қайси Жасур эканимни билишини истамайман. Чунки асар меники экани маълум бўлса, уни сотиб олган одам суратни эмас, мени эслаб қолади. Мен эса жисмоний ҳаракатим чеклангани билан эмас, ижодим билан эслашларини хоҳлайман.
Илк иши Бухородаги Минораи Калон бўлган ижодкор асарларини уйида, бир кирса соатлаб чиққиси келмайдиган ижодхонасида тайёрлайди. Қалби ором топадиган мазкур ижодхона йил давомида 90−100 га яқин асарларнинг «туғилиши»га сўзсиз гувоҳ бўлади.
реклама
реклама
Авваллари асосий вақтини сомон санъати билан шуғулланишга сарфлаган, устахонани ривожлантириш асосий мақсади бўлган Жумаев халқ ноибига айланганидан кейин ижод ва муаллимликка кам вақт ажратадиган бўлиб қолган.

У ARGOS платформаси орқали танловда иштирок этгач, 2023 йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг катта ёшдагилар учун ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва мониторинг қилиш бошқармаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган.

У 2024 йилнинг 27 октябрида парламент сайловларида Бўстонлиқ туман ва Чирчиқ шаҳрини, шунингдек, Қибрай туманининг айрим қисмларини қамраб олган 47-сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик сайланди.
Тарихимизда илк бор ногиронлиги бўлган Жасур Алимбаевич қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Бу парламентимизни том маънода инклюзив органга айлантириб, ушбу қатлам манфаатларини янада кенг ифода этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди десак тўғри бўлади, — деган эди Шавкат Мирзиёев у ҳақида янги таркибдаги Олий Мажлис депутатларига қилган мурожаатномасида.
Дарс берганида ижод ва сиёсат, сомон санъати билан шуғулланганида устозлиги ва депутатлигини унутадиган суҳбатдошимиз Олий Мажлис остонасини хатлаб, бинога ичига кириши билан бор эътиборини ишга қаратишини таъкидлайди.

«Бутун Ўзбекистондан, қолаверса, ногиронлигим борлиги учун ногиронлиги бор шахслардан кўпроқ мурожаат келади. Қайси ҳудуддан бўлишидан қатъи назар, мурожаатларни қабул қилиб, унинг устида ишлаймиз. Ўрганиб чиқиб, мулоқотда бўлгач, бир-икки марталик ёрдам эмас, балки тизимли ечим топишга ҳаракат қиламиз. Қабулхонадаги опа „мурожаатчиларни қабул қилиш бўйича бу ҳафта сиз пешқадамсиз“, деб ҳазиллашиб қўяди», — дейди депутат.
Қонунчиликда ногиронлиги бор шахслар учун кўзда тутилган имтиёзлар бир талай, улар ишлаши учун одамлар ўзига тааллуқли қонун ҳужжатлари билан танишиши, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва, кези келганда, бу ҳуқуқ ва имтиёзларни талаб қилиб олиши фойдадан ҳоли эмас, дейди Жасур ака. «Ўз ҳақ-ҳуқуқини билган шахс, „Бу қонунинг шу моддасида мана бундай дейилган“, деса, ким уни инкор қила олади? Инкор қилиб кўрсин-чи, жавобгарликка тортилади», — дея қўшимча қилади у.
Оила
Жасур ака талаба пайти, севишиб оила қурган. Икки сижжакликнинг севги қиссаси пойтахтда, синфдошининг синглиси бўлган Сарвиноз Тошкентга ўқишга келгач учқунлаган.

«Ҳолатим ва вақтнинг қадрли эканини билганим учун жиддий гаплашишдан аввал Сарвинозга ота-онаси ва акасига бу ҳақида айтиб, рози-ризолик олишни сўраганман. „Рози бўлишмаса, ҳаётингда муҳим инсон бўлиб қолмай“, деганман», — дейди ҳозирда икки ўғилнинг отаси бўлган Жасур Жумаев.
Болаларига одамларни ажратмаслик, яхшилик қилиш муҳимлигини уқтирадиган ота фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказишга, катта ўғли Умиджоннинг қўшимча дарслари ва футболдаги натижалари билан қизиқиб, назорат қилишга, имкони бўлиши билан бирга сайр қилишга ҳаракат қилади.

Сайр улар учун дардлашиш, фикр алмашиш учун энг яхши машғулот. Унда мактабдаги баҳолар, кун қандай ўтгани ва баъзи ҳақиқатлар ҳақида ҳам гаплашилади. 2−3 йил аввалги жиддий суҳбат ҳам шундай сайрлардан бирида бўлган.
Бир кун келсам, кўчадан уйга кирмайдиган ўғлим хонасига қамалиб олган — соғлом бўла туриб, ўзини психологик ногирон ҳис қиляпти. Айлангани чиққанда нима бўлгани ҳақида сўрадим. Жавобини эшитгач, „мен кучлиман, сени машинада олиб кетаман-ку“, сингари болалигида руҳиятини синдирмаслик учунгина ўзининг тилида айтилган гапларни такрорламадим. Катта бўлиб қолган ва ҳақиқат билан юзлашишга тайёрлигини ҳисобга олиб, бошқача жавоб қайтардим. „Ўртоқларинг мени ногирон деган бўлса, тўғри айтибди. Мен ногиронманми, йўқми? Мен ногиронман, бундан кейин ҳам юрмайман. Мендан уялмасдан яшашни хоҳласанг, яша. Бўлмаса уйга кириб, ўтиравер, дедим.
Ўшанда фарзандига бу гапларни айтиш учун куч топиш Жасур акага осон бўлмаган. Бундай дамларда ичидан нима ўтишини ўзи яхши биладиган ота ҳали кенжасининг ҳам шундай ўй-хаёллари, саволлари бўлишини, у билан ҳам бу борада гаплашишга тўғри келишини яхши билади. Унгача эса кичкинтой Усмоннинг кўзи ўрганиши ва ғайритабиий қабул қилмаслиги учун уни ҳам ўзи билан кўп бирга олиб юради. «Яхшироқ мослашув бўлиши учун одамларга қўшилиш, кўчага кўпроқ чиқиш керак», — дейди у.
Жасур ака ҳозирда ўзи туғилган Бўстонлиқда галерея қуряпти. Аллақачон пойдевори битиб, томи ёпилган бинода у одамлар арт-терапия орқали руҳан тикланиши, ижод орқали қалбига малҳам топишини хоҳлайди.
Ижод мени маънавий соғломлаштирди, руҳиятим тикланишига сабаб бўлди. Айнан у боис мен фикран, хаёлан ва ижодда ўзимни соғлом ҳис қиламан. Галерея жисмоний ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, бошқаларга ҳам шундай ижобий таъсир қилишидан умидворман.
Мақсад, ният ва ҳаракат, қолаверса, ота-онамнинг дуолари билан озми-кўпми натижаларга эришдим, деб ҳисоблайдиган Жасур аканинг фикрича, бу ҳаётда энг муҳими — керак бўлиб яшашдир: «Мен учун энг катта бахт — уйга қайтгач, ишнинг чарчоғини ҳис қилиб ухлаш. Яқинларингга, жамиятга кераксиз бўлиб қолишдан ёмони йўқ».


Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Дилруҳ Исомиддинова / Gazeta.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda