Евгений Сорочин / Gazeta
Самарқанддан совғалар
200 минг сўмгача бўлган бешта ноодатий ва амалий совға
Самарқанддаги Сиёб бозоридан яқинларни ҳайрон қолдириши ҳам, қувонтириши ҳам мумкин бўлган, айни вақтда Самарқанд кайфиятини-да ўзида ифода эта оладиган ширинликлар ва турмушда фойдали турфа хил буюмларни топиш мумкин. Gazeta нархи 200 минг сўмгача бўлган шундай совғаларни бир саҳифага жамлади.
Самарқанддаги Сиёб бозоридан яқинларни ҳайрон қолдириши ҳам, қувонтириши ҳам мумкин бўлган, айни вақтда Самарқанд кайфиятини-да ўзида ифода эта оладиган ширинликлар ва турмушда фойдали турфа хил буюмларни топиш мумкин. Gazeta нархи 200 минг сўмгача бўлган шундай совғаларни бир саҳифага жамлади.
Самарқанд ёпган нони
15 000 — 50 000 сўм
Самарқанд нони — шаҳарнинг энг машҳур рамзларидан бири. У туз ва баъзида эритилган сариёғ қўшиб қориладиган махсус хамирдан тайёрланиб, тандирда пиширилади.

Хамир узоқ вақт аралаштирилади, шакл берилган ёпган нонларга эса махсус «чоппи»лар ёрдамида чизиқлар (нақшлар) туширилади, устига кунжут ё қора седана сепилади.

Самарқанд нонининг ўзига хослиги — ноннинг четлари жуда зич бўлишига қарамай, ўртаси қалин ва юмшоқ бўлади, дарров қотиб қолмайди, узоқ вақт янгидек туради. Бу нонни хона ҳароратида 10 кунгача, совиткичда эса уч ойгача сақлаш мумкин.

Ёпган нонларнинг оғирлиги 250 граммдан бир ярим килогача бўлиши мумкин. Самарқанд нонининг байрамона кўринишларини қуруқ мева ва гулли нақшлар билан безаб беришлари ҳам мумкин.
Чой
Килоли баргли чой — килоси 50 минг сўмдан 100 минг сўмгача, пакетчали чойлар — бир қадоғи 10 минг сўмдан 15 минг сўмгача
Чой — Самарқанд анъаналари ва меҳмондўстлигининг муҳим бир қисми. Сиёб бозорида Самарқанд чой фабрикасида қадоқланган маҳаллий чой намуналарини ҳам топиш мумкин.

Бу ерда турли навга мансуб — майин ва енгил кўк чойлардан тортиб ранги қорайиб чиқадиган ўткир таъмли қора чойларгача топиш мумкин.

Арзон сувенир сифатида чой қадоқлари (қутилари)ни ҳам харид қилса бўлади — улар йўлда ёнингда олиб юришга ҳам қулай.
Пашмак ҳолва
Донабай — 3 минг сўмдан 5 сўмгача, тўплам ҳолида — 20 минг сўмдан 30 минг сўмгача
Пашмак — анъанавий ўзбек ширинлиги бўлиб, у кўз очиб юмгунча оғизда эриб кетадиган ингичка лаззатли ип кўринишида бўлади. У чўзинчоқ қандолат қоришмасига ун ва сариёғ қўшиб тайёрланади.

Қоришма керакли кўринишга келгунига қадар кўп марта бураб, чўзилади. Пашмакнинг қуруғи арзонроқ, нисбатан ёғли ва қаймоққа ботирилгани эса қимматроқ туради.

Сиёб бозорида доим янги пашмак топиш мумкин. Бу ерда сотиладиган пашмаклар асосан Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан олиб келинади. Ҳолвани пергамент қоғозли ўрамда ёки махсус қадоқланган тўпламларда сотиб олиш мумкин.
Зиравор ва қоғозсочиқлар учун тўпламлар
150 минг — 200 минг сўм атрофида
Қопқоқчаси бор митти кўзача кўринишидаги бетакрор туздонлар нафақат фойдали, балки безатилаётган дастурхон учун ёрқин бир анжом вазифасини ҳам ўтай олади. Тўплам туздон, мурчдон, тишкавлагич учун идишча ва қоғозсочиқ идишидан иборат. Бу анжомлар таглик сифатида ҳам ишлатса бўладиган ликопча билан бирга сотилади. Бу идиш-товоқларга қўлда чизилган нақшу жимжималар чинакам шарқона кайфиятни тақдим этади.
Шарфлар
100 минг — 180 минг сўм атрофида
Самарқанднинг тарихий қисмидаги савдо расталарида хилма-хил шарфлар сотилади. Маҳаллий ҳунармандлар бунда ҳам табиий, ҳам сунъий шойидан фойдаланади. Шарфлардаги суратлар орасида гулли нақшлар, геометрик шакллар, бўёқ доғига ўхшаш йирик жимжималарни ҳам учратиш мумкин.

Самарқанд шойиси пишиқлиги, нафис товланиши ва ўзига хос майинлиги учун алоҳида қадрланади. Расталарни айланиб, ингичка ва кенг, қўлда сурат солинган ёки принт босилган шарфларни топиш мумкин. Принтли шарфлар орасида ёқимтой мушукчалар ва машҳур рассомларнинг расмлари репродукциялари ҳам учраб туради.
Учбурчак сумкача
200 минг сўм
Жорий мавсум трендига айланган ўзбекона каштали учбурчак сумкачалар қизиқарли совға бўлиши мумкин. Аксессуар ёрқин нақшлар, одатда, қалампир, анор, пахта чаноғи ва шарқона маданиятнинг бошқа хил рамзлари билан безатилади. Каштанинг ҳар бир қисми пишиқ ва мустаҳкам иплар билан қўлда тикилади. Сумкачаларнинг битта катта бўлмаси бор, қўлга калта боғич билан тақиб олинади.

Сотувда ўнлаб хил ранглардаги — асл тўқ туслардан тортиб зарҳал ёки ялтироқ иплар билан безатилган ёрқин ва байрамона кўринишдаги сумкачаларгача топиш мумкин.
Материал Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи — Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda