Фото: Евгений Сорочин / gazeta
Маҳаллалар мусиқаси
Gazeta масъул муҳаррири Элина Сакаева билан Тошкент бўйлаб сайр
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси»ни давом эттиради. Бу сафар яқинда «Шуҳрат» медалига сазовор бўлган муҳарриримиз Элина Сакаева билан Тошкентни айландик. У билан сўз эркинлиги, аёллар ҳуқуқлари, пойтахтнинг ривожланиши ҳақида суҳбатлашиб, Ватаннинг таровати қандай бўлишини англадик.
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси»ни давом эттиради. Бу сафар яқинда «Шуҳрат» медалига сазовор бўлган муҳарриримиз Элина Сакаева билан Тошкентни айландик. У билан сўз эркинлиги, аёллар ҳуқуқлари, пойтахтнинг ривожланиши ҳақида суҳбатлашиб, Ватаннинг таровати қандай бўлишини англадик.
Gazeta — интровертлар нашри. Гарчи журналистда суҳбатлашиш учун мавзу доимо топилса-да, кўпчилигимиз бир-биримиз билан камдан-кам мулоқот қиламиз. Айниқса, Элина билан. Унинг туғилган кунларидан бирида табрикномамда мен ҳеч қачон ундан ақллироқ аёлни учратмаганимни ёзган эдим. Ҳатто ундан бироз чўчийман, чунки Элина фикрларни ғоят изчил, маъноли, асосли, адабий ва тез баён эта оладиган инсоннинг ноёб намунасидир. У худди Екатерина Шульман ёки Антон Долинга — тили қон ҳужайраларининг бир тури бўлган одамларга ўхшайди. Ва шундай одам энди менинг мана шу ёзганларимни ўқийди. OMG.

Элинанинг яна бир ўзига хос хусусияти — ўзига бўлган ишонч. Ўзбилармонлик эмас. У ўз қадр-қимматига табиий равишда ишонган инсон таассуротини уйғотади — Худо берган қадрият, туғма қадрият — ундаги ҳеч нарса менда инкор ёки тушунмовчилик уйғотмайди. Элина қандай бўлса, шундай, чунки у ўзини тўлиқ қабул қилади. Унинг мисоли қуйидаги қоидани тасдиқлайди: ўзингга қандай муносабатда бўлсанг, бошқалар ҳам сенга шундай муносабатда бўлади. Ҳамкасбимнинг бу табиий хусусиятини ўзлаштириб, кўпайтириб, негадир ҳар бир аёлга сингдиргим келади. Менимча, айнан жамиятимиздаги аёлларга мана шундай ўзи билан келишув етишмайди.

Мен Gazeta’да олти йилдан бери ишлайман ва бунда ҳамма ўз ва таҳририят фалсафаларининг бирлигини ҳис қилса-да, нашрнинг қадриятларини қачондир бирор ном билан атаганимизни эслай олмайман. Менимча, Элина билан суҳбатда мен бу атамаларни биринчи марта ҳамкасбимдан эшитдим ва мисоллари билан батафсил тушунтириш олдим. Менда қаршимда сафдошим тургани ва айнан шу мутлақо беғараз ғоялар журналистлик касбининг асоси эканлиги ҳақида мутлақо қатъий тушунча шаклланди. Ва ҳозир, мана шу матнни ёзаётганимда, менга шундай имконият насиб этган экан, бу қадриятларнинг ҳар бирини ёритишга қарор қилдим.
Журналистика ва касбий вазифа ҳақида
Журналистика билан 14 ёшимда танишганман. Болалигимдан хаёлотим бой эди (китобхонликка муҳаббат уйғотган ота-онамга раҳмат) ва иншоларни яхши ёзардим. Мактаб ва лицейдаги рус тили ўқитувчилари: «Элина — рус тилининг юлдузи», дейишарди. Мактабнинг сўнгги синфларида Болалар ижодиёти марказидаги журналистика тўгарагига қатнардим. Устозимиз Вадим бизга журналистика ҳақида нималарнидир уқтиришга ҳаракат қиларди. Унинг айтганларини яхши эслай олмайман, лекин биз маълум адабиётларни, масалан, Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия»сини ўқишимиз ва шу асарлар асосида бирор нарса ёзишга уринишимиз ёки муҳокама қилишимиз керак эди.

Тўгарак аъзолари кичик газетача чиқарарди, мен унда ўзимнинг романтик насримни чоп этардим. Курс икки ёки уч йиллик эди, мен уни мактаб билан бирга тугатдим, сўнг Кибернетика институти қошидаги лицейга ўқишга кирдим. Охирги курсда институт қайта ташкил этилди, лицей ЎзДЖТУга ўтказилди ва бутун таркиб Тўқимачиликдаги янги бинога кўчирилди.
Ўқитувчилар бутунлай ўзгарди, лицейнинг сўнгги курсида рус тилидан Ирина Александровна Тўлаганова ўқитувчилик қилди. Илгари педагоглар мени мақтаб, беш қўйган бўлса, Ирина Александровна кутилмаган қадам ташлади. У: «Элина, сиз рус тили ва адабиёти бўйича шаҳар олимпиадасида албатта қатнашишингиз керак, чунки шунда университетга грант асосида кириш имкониятига эга бўласиз», деди. Мен эса лицейга кўп бормаганим ва умуман ишончли ўқувчи таассуротини қолдирмаганим учун сўрадим: «Наҳотки менга ишонасиз?». У: «Албатта, сизга ишонаман. Қандай қилиб ишонмаслик мумкин?», деб жавоб берди.

Бу менга жуда кучли таъсир кўрсатди. У ташқи кўринишидан менга жуда ёқарди. Унинг қатъиятли, нафис, ўқитувчиларга хос қиёфаси бор эди, айни пайтда ҳар қандай ўқувчи билан тенгма-тенг гаплаша оларди. Мана, бу гўзал, ақлли аёл менга ишонар экан! Бу мен учун янгилик эди. Ирина Александровна менда ўз кучимга ишонч уйғотди.

Мен олимпиадада эътиборга молик натижага эришмадим — тестлардан йиқилдим, аммо иншо учун 3-ўринни олдим. Шунда ўқишга гуманитар йўналишга топширишдан маъно борлигини тушундим. Журналистикага киролмаслигимга ишончим комил эди, шунинг учун социолог бўлишни ўйлагандим. Аммо 2008 йили, мен ўқишга кираётганимда, Миллий университетда социология бўйича «евро гуруҳ»лар очилмади. Ўзбек тилида ўқишни эплай олмасдим, шунинг учун онам билан, айниқса журналистикага кириш унчалик қийин эмаслиги маълум бўлгач, режаларимизни шошилинч қайта кўриб чиқа бошладик. Касбимизга тасодифан кириб қолишим тарихи мана шундай.

Университетга ўқишга кирганимдан сўнг, яна 5−7 йил давомида Ирина Александровнани 1 октябрь билан мунтазам табриклаб турдим. У эса буни ҳеч қачон алоҳида бир нарса сифатида қабул қилмасди. Менга оддий бир ўқувчидек муносабатда, шундай саломлашарди. Менимча, бу яхшилик қилиб, уни унутиб қўйган инсон қалбининг улкан кенглигидан далолат. Эҳтимол, ўша пайтда унинг ҳиссаси ҳақида аниқ гапира олмагандирман. Орадан шунча йиллар ўтди, мен эса буни эндигина англаб етдим.
Gazeta’да «Шуҳрат» медали билан тақдирланганим ҳақидаги хабарни ёзганимизда, бу нашрда тўққиз йилдан бери ишлаётганимни англадим. Тўққиз йил-а! Хаёлимда энди уч йилча бўлгандек эди. Янгиликлар оқимида вақт ўтганини сезмай қоласан. Балки бу қайсидир маънода ишнинг ёқимли эканидан далолатдир. Агар ёқмаганида, бир йил уч йилдек туюлган бўларди.

Мен ҳар доим ҳам ўз ишимнинг супер фидойисиман, ишимиз учун ҳар куни кўксимга ураман, деб мақтана олмайман. Дастлабки уч йиллик фаолиятимдан кейин Фейсбукда бир пост ёзгандим: шу вақт ичида ҳеч қачон уйғониб, ишга боргим келмаётганини ўйламаган эканман. Аммо тўққиз йил ўтгач, бундай кунлар ҳам бўлишини тан олишга тўғри келади. Дангасалигимдан эмас. Шунчаки ахборот истеъмолидан чарчаб кетасан, ёқмайди.

Лекин касбдан кетиш фикри ҳеч қачон хаёлимга келмаган. Бу, эҳтимол, мен аъло даражада бажара оладиган ягона ишдир. Ишда менга ёқадигани нарса бир вақтнинг ўзи ёқмайди ҳам — ҳар куни янгиликларни ўқишинг керак. Баъзи одамлар сиёсатдан ташқарида эканлигини, шу боис янгиликларни ўқимаслигини айтади. Баъзида мен ҳам шундай танловга эга бўлишни хоҳлаб қоламан. Аммо умуман олганда, кундалик ҳаётимизнинг ўзи ҳам сиёсат, ҳам иқтисодиёт, ҳам экологиядан иборат, шунинг учун бу жараёнларга аралашиб турганимиз маъқул.

Gazeta’нинг биринчи рақамли қадрияти

Ишимнинг мен учун муҳим яна бир жиҳати — бу нимагадир таъсир ўтказиш имконияти борлигидир. Тўғри, биз сиёсатчи эмасмиз, лекин шунга қарамай, Gazeta’нинг жамиятдаги таъсир кучи анча юқори. Айниқса, бош муҳаррир Азамат Атажановнинг обрў-эътибори ва у белгилаган таҳририят стандартининг қўллаб-қувватланиши туфайли. Биз бу таъсирдан жамоатчилик фикрини бошқариш, шахсий пиар ёки оммабоп бўлмаган қарорларни тарғиб қилиш учун фойдаланмаймиз. Биз ўз кучимизни шаҳарни, имкон бўлса мамлакатни ҳам, бироз яхшилашга йўналтирамиз.
Баъзан шундай оғир ҳолатлар бўладики, янгиликларни ўқигим ҳам, айниқса, ёзгим келмай қолади. Шунчаки кун бўйи каравотдан турмай ётгим келади. Лекин, хайриятки, бундай ҳолатлар ўткинчи. Ва мен ўзимга «Бундан ташқарида яшай оламанми ва буни хоҳлайманми ўзи?» деган саволни берганимда, «Йўқ» деган жавоб жаранглашини англайман. Мен ҳали ҳам ўзим ишонган ғояларни илгари суриш имкониятига эга бўлишни хоҳлайман.

Gazeta’нинг иккинчи рақамли қадрияти

Менда муаллифлик материаллари деярли йўқ, аммо нашр муҳаррири сифатида Gazeta’нинг кундалик кун тартибига сезиларли таъсир кўрсатаман ва ўз даражамда бугун ўқувчига нимани тақдим этиш муҳимлигини, масаланинг моҳиятини тушуниши учун қандай маълумот қўшиш кераклигини, қайси мутахассисларга сўз бериш лозимлигини ҳал қила оламан. Шунга кўра, мавзуларни таҳририят қоидалари, яъни, умуминсоний қадриятлардан келиб чиқиб танлайман.
Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жинсий зўравонлик, жумладан, кўчада шилқимлик қилишга доир ўзгартишлар киритилганида, метро ёки автобусда шилқимлик учун жарима солиниши ҳақидаги маълумотни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилдик, токи одамлар буни энди жазога тортилишини билишсин.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳақида давлат даражасида сўз очилишидан аввал давлат идоралари саҳифаларида бор-йўғи сени уришгани учун оилани бузмаслик ва боқувчини хафа қилмаслик кераклиги мазмунидаги хабарларни кўриш мутлақо оддий ҳол эди. 2017 йили Ички ишлар вазирлиги сайтидан шу мазмундаги бир ахборотдан скриншот ҳам олгандим.

Gazeta’нинг учинчи рақамли қадрияти

Физиологик ва ижтимоий заифлик туфайли аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари бузилиши эҳтимоли юқори. Буни ўзгартириш учун, бошқа ҳар қандай ҳуқуқбузарликларда бўлгани каби, жазо муқаррарлиги бўлиши керак. Қонундан қўрқиш ортидан ҳуқуқий маданият шаклланиши лозим, шунда муштумзўрлар аёлларга нисбатан очиқчасига ортиқча ҳаракат қилишдан чиндан ҳам қўрқадиган бўлади. Биринчи навбатда, оиладаги зўравонликка муросасиз бўлиш керак. Аёл «ўзи сабабчи бўлди», «ўзи сўраб олди» ёки «шунга лойиқ бўлгани учун шундай бўлди» деб зўравон ва зўравонликни оқлаб бўлмайди. Аслида, болагами, аёлгами, эркакка нисбатанми — фарқи йўқ — зўравонлик меъёр бўлмаслиги керак.
Сўз эркинлиги ҳақида
Сўз эркинлиги ҳақида мулоҳаза юритиш қийин. Менимча, бу ҳақда гапиришдан кўра, бу билан инқилобий тарзда эмас, изчил, эволюцион тарзда шуғулланиш керак. Кимдир бериши мумкин бўлган сўз эркинлигига ишонмайман. Сўз эркинлиги индексидаги 148-ўрин биз, журналистлар, ҳали кўп ишлашимиз кераклигини кўрсатади. Менимча, тўғридан-тўғри эмас, балки эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, қанчалик узоққа бориш мумкинлигини тушуниш учун чегараларни синаб кўриш мутлақо оқилона ёндашув. Шу билан бирга, журналистика давлатдан кўра кўпроқ жамият ҳақида эканлигини ёдда тутган ҳолда ишлаш лозим.

Gazeta’нинг тўртинчи рақамли қадрияти

Журналистлар, биринчи навбатда ўз устида ишлаши керак, деб ҳисоблайман. Қўрқмасликка чақириш бефойда, ўз-ўзини цензура қилиш қандай шакллангани ҳақида ҳар кимнинг ўз ҳикояси бордир. Мен кўпроқ журналистларни муросали, унчалик зиддиятли бўлмаган тил топишга ҳаракат қилишга чақирган бўлардим. Баъзида юмшоқ ёндашув тўғридан-тўғри ҳужумлардан кўра яхшироқ натижа бериши мумкин. Менинг фикримча, агар сиз жамоатчилик муҳокамасида мақсадга эришмоқчи бўлсангиз, ҳозирги шароитда буни қандай амалга ошириш кераклигини ўзингиздан сўрашингиз лозим. Агар жавоб мослашувчан бўлиш бўлса, демак, мослашувчан бўлиш керак.
Ўзи билан муносабати ҳақида
Кўпинча мен ўзим билан келишаман, ҳеч нарса учун уялмайман, ўзимни камситмайман — на ташқи кўринишим учун, на қандайдир одатларим учун, на айтган ёки айтмаган гапларим учун. Албатта, ҳамма одамлар каби мулоҳаза юритаман, лекин ўзимни еб қўймайман. Қандай қилиб шундай бўлиб қолганини билмайман. Балки бу менинг оилам билан боғлиқдир. Кичкиналигимда ота-онам ҳеч қачон: «Ундай қилма, бундай қил», деб қатъий айтмаган. Ҳеч қачон мени аҳмоқ ёки нотўғри иш қилаяпсан деб дакки беришмаган. Бирор эътирозлари ёки саволлари бўлса, буни муҳокама қилиш мумкин эди. Оиламда ўз фикрини ўтказадиган золим одамлар йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, мен ўзимни шундай қабул қиламан. Хато қилишга ҳаққим бор, нотўғри ҳаракат қилишга ҳаққим бор, лекин умуман олганда ҳаммасини тўғрилаш мумкин. Шу тушунча билан яшаяпман.
Биламан, оиладан мерос қолган носоғлом қарашларни муваффақиятли енгиб ўтган одамлар бор. Масалан, болалигида калтакланган, аммо бу нотўғри эканини ва тарбия усули ҳисобланмаслигини тушуниб улғайганлар бор. Буни қандай енгиш мумкинлигини билмайман. Эҳтимол, ижобий ҳис-туйғуларни уйғотадиган ҳаётий тажрибаларга иложи борича очиқ бўлиш керакдир. Бир пайтлар ота-онангиз каби муносабатда бўлган шеригингиз бундай ҳисларни уйғотиши даргумон.

Биламан, инсон беихтиёр болалик сценарийларини такрорлайдиган ҳолатлар мавжуд. Айтайлик, агар отаси оиладан кетган бўлса ва бу қиз учун катта ҳиссий йўқотиш бўлса, келажакда жуфт топиш уни отасига ўхшаш одамга олиб бориши мумкин. У ҳам қизни ташлаб кетиши ёки унинг ҳис-туйғулари билан ўйнаши эҳтимоли бор. Бу оғриқли боғлиқликни енгиш қийин. Аммо агар ички куч ва бу носоғлом эканлигини тушуниш ҳисси бўлса, буни, жумладан терапия ёрдамида ҳам енгса бўлади.

Журналистлар учун ҳар бир гапга қандайдир далил ёки экспертиза бўлмаса, фикр юритиш қийин. Одамлар эса журналистлар билан мулоқотдан шуни кутади. Сиз ҳар қандай даврада, хоҳ сайрда, хоҳ қариндошларникида, дўстлар даврасида бўлинг, биринчи навбатда нима бўлади? Сизни: «Мана, Элина Gazeta’да ишлайди», деб таништиришади. Ҳаммаси: «Оооо, Gazeta’да», деб сизга қараб, асрлар донишмандлигини айтиб беришингизни, ҳар бир сўзингиз билан ҳақиқатни ёйишингизни кутишади. Балки шунинг учун давраларда интроверт бўлиб қолгандирман. Жилмайиб, жим туришни афзал кўраман.
Ваҳоланки, ҳали журналист бўлмасимдан олдин ҳам фикримни асосли тарзда ифода этиш мен учун муҳим эди. Эҳтимол, бунга тармоқдаги мулоқот ҳам таъсир қилгандир. У ерда айтаётган гапингизга эътиборли бўлишингиз керак, чунки ҳар доим сизга муносиб қарши далил келтириб, мавзуни тўлиқ билмаслигингизни кўрсатадиган одам топилиши мумкин. Негадир бу менга қаттиқ таъсир қиларди. Доимо баҳсга киришадиган бўлсак, фикр асосли бўлиши керак, деб ўйлардим. Агар фикрим бўлмаса ёки бирор нарсага қандай муносабатда бўлишни билмасам, аввал билимдон одамлар бу ҳақда нима дейишини ўқиб, кейин ўз фикримни шакллантирар эдим.
Урбанистик ватанпарварлик ва шаҳардаги сукунат ҳақида
Мен ҳеч қачон Мирзо Улуғбек туманидан кўчиб кетмаганман ва, эҳтимол, унинг мухлиси ҳамдирман, чунки у Тошкентдаги энг яшил ҳудудлардан бири. Билмадим, бу қай даражада туманнинг хизмати, балки бунга шаҳарнинг асосий кўчаларидан бири шу ердан ўтгани сабабдир. Ҳар ҳолда, бу неъматлардан завқланиб фойдаланаман!

Болалик йилларимда шаҳар қандай кўринишда бўлганини яхши эслайман ва бу ўзгаришларни таққослай оламан. Масалан, Паркент кўчасидаги офисимиз ўрнида — ўша пайтдаги генерал Петров мавзесида — гаражлар ва газета дўкончаси каби кичик тижорат дўкони бор эди, у кўпинча ёпиқ турарди. Онам билан шу ердан Паркент бозорига борардик. У жой бироз тушкун кўринарди.

Мирзо Улуғбек кўчасидан трамвай йўли ўтарди. Жамоат транспортидан фойдалана бошлаганимда, тахминан 15−16 ёшимда, бу ерда менинг бекатим бор эди. Шу ёшгача уйдан узоққа кетишни ҳеч нарса талаб қилмаган. Аммо интернетдан фойдаланишни бошлагач, бошқа туманларда яшайдиган дўстларим пайдо бўлди ва шошилинч равишда жамоат транспортини ўзлаштиришга тўғри келди, бу менга катта завқ бағишларди.
Биринчи сафар, ҳозир эсимда, тўппа-тўғри шаҳарнинг нариги чеккасига — Биродарлик қабристонига борган эдим. Менга қандай етиб боришни батафсил тушунтиришганди ва мен ҳатто биринчи мартада адашмасдан боргандим. Бу катталардек жамоат транспортига ўтириб, ўзингиз учун пул тўлашингиз ва керакли бекатни ўтказиб юбормаслик масъулияти остида юриш жуда ҳаяжонли тажриба эди.

Ўша ёшимда мен эркинликни, шунчаки уйдан саргузаштларга пешвоз чиқишни жуда хоҳлардим. Эҳтимол, бу ўсмир учун энг фойдали вақт ўтказиш усули эмасдир ва сиз вақтни унумлироқ сарфлашингиз — масалан, инглиз тилини ўрганишингиз ҳам мумкин. Аммо бу тажриба — эркин сайр қилиш ва мен суҳбатлашишни истаган одамлар билан мулоқот қилиш менга фойдали бўлди деб ўйлайман. Одамларни яхшироқ тушунишни ва соддароқ бўлмасликни ўргандим.

Мен, албатта, ерга тушганим йўқ, болалигимда эса деярли ҳар доим осмонларда учиб юрардим. Ота-онам билан президент йўли ва Салор бозори ўртасидаги эски пахса уйда яшардик. Ҳовлимиз жуда тинч ва ям-яшил эди. Бутун болалигимни қўғирчоқлар ўрнига ўсимликлар билан ўйнаб, боғда тимирскиланиб ўтказардим — хаёлотим бой эди. Пояси узун, четлари ўйилган терак барглари қушчалар бўларди. Уларга похолдан ин қурардим. Баҳорда пайдо бўладиган бошоқчалар типратикан ролини ўйнарди. Яна ёввойи чирмовуқ гуллар ҳам бор эди — агар гул тўпламини поясидан тирноқ билан кесиб олсангиз, жуда ҳашаматли пушти кўйлак кийган хоним пайдо бўларди. Атрофимдаги табиат менинг ёлғиз ривожланишим учун ёқимли муҳит эди. Бошқа болалар билан унчалик кўп ўйнамасдим, чунки ёлғиз қолишни ва хаёл суришни яхши кўрардим.
Ҳозир эрим билан квартирада яшарканмиз, маҳаллаларнинг сокинлигини жуда соғинамиз, бироқ ўз уйинг бўлиши ва унга эгалик қилиш катта эътиборни талаб қилади ва бу фикр айни вақтда бизни бироз хавотирга ҳам солади. Эрим ҳам ҳовлида улғайган, шу боис баъзан ерга яқинроқ бўлишни, кечқурун кўчага чиқиб, нам тупроқ ва тўкилган барглар ҳидини тўйиб-тўйиб ҳидлашни, очиқ ҳавода ўтиришни қўмсаймиз. Айнан шу ерда яшаш одати туфайли, бугунги кунгача мен учун уйғонганда деразадан осмон ва дарахтларни кўриш ниҳоятда муҳим.

Шунинг учун мен доимо эски биноларда яшашни маъқул кўраман — бундай дарахтлар ва жойнинг ўзига хос руҳини бошқа қаердан топасиз? Бу руҳни диний маънода эмас, балки уйғунлик, шаклланган одатлар, ҳис-туйғулар ва она юрт билан боғлиқ хотиралар нуқтаи назаридан тушунаман. Умуман олганда, эски турар жойлар менга қулайроқ туюлади. Эҳтимол, улар болалигимдан бери менга ўз қиёфалари билан ҳамроҳ бўлиб келгани ва уларда менинг қалбим, авлодлар хотирасининг бир бўлаги мавжудлиги учундир.
Масалан, мен отам кўп йиллар олдин битирган мактабга қатнагандим. Ҳозир истиқомат қилаётган кўчамда кўп йиллардан бери борадиганим бассейн бор. Бассейнга бориб, дам олиш, янгиликлардан сўнг асабларни тинчлантириш, кейин эса йўлнинг нариги томонидаги қаҳвахонада қаҳва ичиш — мен учун бу ёзнинг ўзига хос маросими.
Сайрлар, мусиқа ва Ватан таровати ҳақида
Табиатнинг етишмаслигини сайр билан тўлдиришга интиламан. Ҳар қандай об-ҳавода ишдан уйга пиёда қайтаман. Бундай 50 дақиқалик тез юришни ёқтираман. «Президент йўли» бўйлаб йўналишимнинг бир қисми менга жуда ёқади. Бу ер ям-яшил, иссиқ кунларда ҳам салқин, қор ёққанда ва кузда эса ажойиб манзара касб этади, чунки дарахтларнинг барглари аста-секин рангини ўзгартиради: ёрқин сариқ заранглардан то жигарранг эман ва тўқ қизил ҳинд настарин (сирень)ларигача.

Гарчи бу кўчада «ажойиб» бетон билан қайта қурилган энг яхши йўлак бўлмаса-да, у етарлича текис. Велосипедчилар ҳам бемалол ўтиши мумкин, улар ҳам бу йўлакдан фаол фойдаланади. Итлари билан сайр қилувчилар кўп — ҳозир уй ҳайвонларим йўқ, лекин илгари бор эди ва уларни кузатишни ёқтираман.
Менимча, йўл етарлича сокин — эҳтимол, одатда қулоқчин тақиб юрганим учун менга шундай туюлар. Мусиқа танлаш борасидаги талабчанлигим ёшлигимдаги каби қатъий бўлмаса-да, ҳозир ҳам метал йўналишидаги турли қўшиқларни тинглайман.

Ашаддий металчи бўлган эрим билан танишганимда, у альбомларни тўлиқ тинглаш кераклигини айтди, чунки ижрочи унга маълум бир ғояни сингдиради, альбомдаги битта қўшиқни тингласанг, бу ғоя тўлиқ очилмайди. Ростини айтсам, бунинг уддасидан камдан-кам ҳолларда чиқа олганман.

Катта завқ олиш учун атайлаб тўлиқ тинглаган ягона нарсам — бу мюзикллар эди. Масалан, Американинг «Найза ҳақидаги достон» фантастик сериясига асосланган, аммо катта ижодий қайта ишланган «Сўнгги синов» номли эски рус мюзиклини. Жуда ёқимли, фалсафий, экзистенциал, драматик асар; ажойиб овозлар, гўзал лирика. У турли театр жамоалари томонидан бир неча бор саҳналаштирилган.
Yandex Music ва «Менинг тўлқиним» пайдо бўлгач, мобил дастур фойдаланувчиларининг аксарияти альбомларни эмас, балки тасодифий қўшиқларни тинглашлари маълум бўлди. Робот саралаб берган шахсий тўпламлар янгилик бўлди ва мен нафақат метал, балки блюз-рок, транс ва электроника каби ёндош жанрларда кўплаб ижрочиларни кашф эта бошладим.

Ишдан чиққанимда қулоқчинларни тақиб, плейлистни ишга тушираман. Мен учун бу 50 дақиқа давомида ўзим ва мусиқа билан қўшилиб кетиш лаҳзаси, бунда маълумот олмайсан, уни таҳлил қилмайсан, ишлаб чиқармайсан, балки шунчаки қандайдир транс ҳолатида бўласан, атрофдаги воқеликни фақат самокатчи босиб кетмайдиган даражада идрок этасан. Бу ёқимли. Бу мияни бўшатишнинг яхши усули. Аммо буни ҳар доим ҳам уддалаб бўлмайди.
Қанча йил ишласанг ҳам, баъзида янгиликлардан бирор фожиали вазиятни осонликча ўтказиб юбориш учун етарлича лоқайдликни ёқолмайсан. Маълумки, журналистларда стресснинг бир омили иккинчиси билан алмашади, ҳеч нарсага узоқ эътибор бермайсан. Аммо қандайдир даҳшатли зўравонлик ҳақидаги хабарни ёритаётганингда, ҳаётга бўлган иштиёқ ва мотивация жуда пасайиб кетиши мумкин.

Албатта, вақт ўтиши билан ўзингни қулай ҳис қилишинг учун мувозанат бўлиши керак, деган фикрга қўшиласан. Қандайдир ёқимли, кулгили янгилик глобал ларзаларни тўғрилай олмайди, лекин ҳеч бўлмаганда чалғитади. Инсон руҳияти учун, эҳтимол, ўзгариш имкониятини излаш жуда хосдир, акс ҳолда у ишдан чиқишни бошлаши мумкин.

Касбий чарчоқ аломатларини биринчи марта ҳис қилганимда, менда пиёда курьер бўлиб ишлашни хоҳлаш ҳақида ғалати фикр пайдо бўлди: минимал ақлий зўриқиш ва, агар омадинг келса, орқангда унчалик оғир бўлмаган қути билан шаҳар бўйлаб шунчаки юриш.
Чарчашни енгишда ҳафтада бир кун дам олиш ёки уйдан ишлаш ёрдам беради. Интроверт бўлганим учун баъзида ёлғиз қолишим ва ўзимга келишим жуда зарур. Шунинг учун ёлғиз сайр қилишни, сузишни, шаҳар ташқарисига чиқишни яхши кўраман. Тошкент тоғларининг ўзига хос тароватини — дарё, кўкаламзор, тунги салқинлик, овқат пиширилаётган гулхан, намликдан чўккан чанг ҳидини ёқтираман. Буларни Тошкентдан камида 60 километр узоқлашганда ҳис қиласиз. Мен учун Ватан айнан шундай ҳид таратади.
Йўлни кесиб ўтишдан қўрқиш ва автотураргоҳга айланган тротуарлар ҳақида
Уйга доим бир йўлдан — узоқроқ йўлдан қайтаман, чунки у ерда кўчани тўрт марта кесиб ўтаман, қисқа йўлдан юрсам йўлни саккиз марта кесиб ўтишим керак бўлади. Йўлни кесиб ўтиш мен учун ҳар доим стресс. Эҳтимол, муҳаррир бўлиб ишлай бошлаганимдан кейин бу хавотир кучайган бўлиши мумкин, чунки бу мавзу ичига қанча кўп кўрсанг, шунча кўп қўрқасан. Ахир шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва журналистлардан кўра кўпроқ ким кўради бу мавзуни?

Gazeta’да иш бошлашдан аввал кўчада юриш нега ноқулай ёки ўнғайсиз экани ҳақида ўйламасдим. Аммо бош муҳаррирдан олган билимларим туфайли бу нарсаларга қарашим тартибли бўлиб қолди.

Gazeta’нинг бешинчи рақамли қадрияти

Пиёда ўзини ҳимоясиз ҳис қилади, чунки йўлнинг қатнов қисми одатда текис, тўғри ва силлиқ бўлиб, ҳайдовчилар бемалол учиб ўтади. Демак, кўп нарса ҳайдовчига боғлиқ қоляпти, аслида ундай бўлмаслиги керак.
Светофор ҳам ҳар доим нажоткор эмас. Мен яшайдиган Оққўрғон кўчасининг охиридаги пиёдалар ўтиш жойи бунинг исботи. Т-шаклида чорраҳага светофор ўрнатилганда, ундан 70 метр наридаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи йўқ қилинди: зебра ўчирилди, белгилар олиб ташланди. Бу ўтиш жойи светофордагидан кўра қулайроқ ва хавфсизроқ бўлгани учун кўп баҳслар бўлди. Чунки чорраҳанинг ҳар томонидан бурилаётган машиналар пиёдаларга яшил чироқ ёниб турганига қарамай, уларни ўтказиб юборишни хоҳламайди.
Оққўрғон кўчасининг ўзи ҳам, менимча, анча муаммоли. У менга жуда ёқади, доим бу ерда яшашни хоҳлаганман, лекин кўча шунчалик гавжумки, бундан азият чекади. Бу ерда биринчи қаватларда кўплаб бизнеслар очиляпти. Тротуарнинг бу бизнеслар олдидан ўтган қисмларининг тақдири бизнес эгаларининг виждонига ҳавола бўлиб қолган: хоҳласа силлиқ, сирпанмайдиган плиткалар ётқиза, яшил ҳудудни сақлаб қолади ёки Оққўрғонни чиройли қиладиган кекса дарахтларни бетонлаб ташлайди.

Уйимиз ёнидаги асфальтга кўмилиб қолган дарахт таналарини «Халқ назорати» орқали қутқаришга тўғри келди. Инспектор келди, биз у билан қўлларимиз билан ишчиларга дарахтлар тагини қанча масофагача асфальтдан тозалаш кераклигини кўрсатиб турдик. Яхшиямки, «Халқ назорати» мобил дастури орқали тезкор жавоб олиш мумкин. Афсуски, бу ҳам фақат Экология вазирлиги билан боғлиқ ҳолатлардагина шундай тезкор. Бошқа ҳолларда бирор нарсага эришиш барибир қийин.

Масалан, тротуарлардаги тартибсиз тўхташ жойлари эътибордан четда қолмоқда. Деярли бутун Оққўрғон кўчаси тартибсиз тўхташ жойларига тўла, аммо улар мутлақо нотўғри ва хавфли. Муаммони пуллик тўхташ жойлари билан ҳал қилиш мумкиндир — Оққўрғонда трамвай йўли олиб ташлангани сабабли, у ерда ҳақиқатан ҳам пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш мумкин бўлган катта майдон бўшаб қолган.
Тартибсиз тўхташ жойлари ва уларни келтириб чиқараётган ҳайдовчилар — машинаси халақит беряптими-йўқми ўйлаб кўрмайдиган одамлар — мени жуда қаттиқ ғазаблантиради. Нима учун буни тушунтириш кераклигини билмайман. Тротуардаги пиёдаларга машина халақит бераётганини пайқаш унчалик қийин эмас-ку.

Ўзимда жавоби йўқ бир фалсафий савол бор: нега бир томондан «қўшнилар нима дейди?» деб кўп ўйлаймизу, бошқа томондан «менинг машинам тургани учун коляска билан тротуардан ўта олмаган қўшнилар нима дейди?» деб кам ўйлаймиз?

Gazeta’нинг олтинчи рақамли қадрияти

Бу бир киши — эҳтимол, билмасдан — ўзини бошқалардан устун қўйиши билан боғлиқ масала. Бошқа томондан эса, ваколатли кишилар гуруҳи буни тизимли чоралар кўришга арзийдиган жиддий муаммо деб ҳам ҳисобламайди. Мен учун адолат тушунчаси жуда муҳим. Ўнлаб ёки юзлаб одамлар фойдаланиши мумкин бўлган жойни битта автомобиль шунчаки банд қилиб туриши, менимча, адолатдан эмас.
Шаҳардаги ўзгаришлар ҳақида
Тошкент жуда ўзгаряпти. Шаҳар жадал, аммо тартибли ривожланишини истардим. Янги бинолар эски коммуникациялар устига қурилаётгани ташвишланарли. Ҳатто бизнес маркази эгалари ўз трансформаторини ўрнатса ҳам, барибир уни умумий қувватларга улайди. Албатта, булар ҳам секин-аста янгиланмоқда, лекин қурилиш жараёни инфратузилмани модернизация қилишдан анча олдин бошлангани кўриниб турибди.

Очиғини айтганда, яхши ўзгаришларни ҳам тан олиш керак. Тўғрисини айтсам, жамоат транспортида тўловларни тўлиқ электронлаштирилишига, эскирган транспорт воситаларини янгиларига алмаштириш мумкинлигига ишонмагандим. Апрель ойида Германия ва Россиядан келган дугоналаримга шаҳарларимизни кўрсатдим. Картани бир-икки теккизиб, қизларни Тошкент метросига олиб туша олишимдан, бизда транспорт кўплиги ва янгилиги билан фахрландим.

Мени ҳайратга солган нарса шуки, сайёҳлар Ўзбекистонга хос бўлган мазали таомлар ейиш мумкин бўлган жойларнинг кўплигини чиндан ҳам қадрлар экан. Яна бир ажабланарли томони, меҳмонларим Тошкентда бўлиб ўтган балет фестивалига жуда қизиқиб қолди. Менинг назаримда, Ўзбекистондан ғарбдаги мамлакатларда маданий тадбирлар биздагидан кўра кўпроқ ва уларга кириш ҳам осонроқдек эди. Қизлар эса Борис Эйфманнинг «Ака-ука Карамазовлар» спектаклини танлаб, ундан ва театр биносидан жуда мамнун бўлишди.

Шаҳар билан танишиш учун меҳмонларимга Тошкент бўйлаб ўзим билган энг яхши гид Рустам Ҳусановни тавсия қилдим. Унинг кўплаб экскурсияларида қатнашганман ва унинг бунчалик кўп ўлкашунослик маълумотларини билиши мени ҳайратга солади. Бундай маълумотларни Ўзбекистон тарихи бўйича ҳеч қайси дарсликдан тополмаган бўлардим. Эҳтимол, кексалардан ҳам эшитмаган бўлардим, чунки уларга бундай саволлар билан мурожаат қилишга ботинолмасдим.

Ишончим комилки, экскурсияларда Рустам Тошкент ҳақида билганларининг учдан бир қисмини ҳам айтиб бермайди, чунки анъанавий экскурсия ўрта асрларнинг катта қисмини қамраб олади. Бироқ Тошкентнинг XIX-XX асрлардаги шаҳар қиёфасининг тез ўзгаришлари билан боғлиқ улкан қизиқарли тарихи ҳам бор.
Тошкентни севаман. Бир куни мендан мамлакатдан кетишни хоҳлайсизми, деб сўрашди. Баъзида шаҳар ичидаги кўп қаватли йўл кесишмалари, боғларни тижорат объектларига айлантириш каби очиқдан-очиқ нотўғри қарорлар ва йирик коммунал авариялар, ҳавонинг жиддий ифлосланиши каби очиқчасига ёмон вазиятлар юзага келганда, кетиш фикри пайдо бўлади.

Лекин Тошкент барибир менинг уйим, бу ерда яқинларим яшайди. Менга бегона менталитетда қийин — мен ўз ҳудудимга боғлиқ мавжудотман.

Gazeta’нинг еттинчи рақамли қадрияти

Ўзбекистонликларда самимий меҳр-оқибат бор, ғазаб ва тажовузкорлик, учраган одамга қўполлик қилиш истаги йўқ. Бу ердан ташқарида яшай олмасдим, деб ўйлайман. Шунинг учун менга берилган саволга кўчиб кетмоқчи эмаслигимни, аксинча бу ерни яхшилашга ўз ҳиссамни қўшмоқчи эканлигимни айтдим.
Элина Сакаева сайр қилишни тавсия этади
Элина Сакаева тинглашни тавсия этади

Матн муаллифи: Сабина Бакаева.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda