Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Самарқанд бўйича гастрономик қўлланма
Нимани қаерда татиб кўриш мумкин?
Самарқанд нафақат гўзал меъморчилиги, балки анъанавий палов ва сомсадан тортиб кўча таомларигача бўлган хилма-хил егуликлари билан ҳам машҳур. Таҳририятимизда ишлайдиган самарқандлик ҳамкасбларимиз бу шаҳарда қаерга бориб, нималар тановул қилиш мумкинлигини сўзлаб берди.
Самарқанд нафақат гўзал меъморчилиги, балки анъанавий палов ва сомсадан тортиб кўча таомларигача бўлган хилма-хил егуликлари билан ҳам машҳур. Таҳририятимизда ишлайдиган самарқандлик ҳамкасбларимиз бу шаҳарда қаерга бориб, нималар тановул қилиш мумкинлигини сўзлаб берди.
Палов
Самарқанддаги палов шунчаки таом эмас, балки асрий анъаналар ва ўзига хос тайёрлаш услубини ўзида мужассам этган ҳақиқий ошпазлик фалсафасидир. Ёғлироқ Тошкент ошидан фарқли ўлароқ, Самарқанд палови қуруқроқ, сочилувчан тузилиши ва ёрқин гўшт таъми билан ажралиб туради.
Қаерда татиб кўриш керак: Ошқанд
Самарқандликлар паловни «Ошқанд» ресторанида татиб кўришни маслаҳат беради. Бу емакхона 2024 йил февраль ойида очилган бўлса-да, аллақачон маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар орасида машҳур бўлиб улгурган. Таомномада, паловдан ташқари, ўндан ортиқ салат турлари ва анъанавий газаклар, жумладан, чалоб, тузланган анзур пиёзи ёки иштаҳа очувчи ғуроб мавжуд.

Порция нархи — 45 минг сўм.
  • Манзил
    Галаосиё 3-тор кўчаси, 625Б
    Мўлжал — «Behruz Med servis»
  • Иш вақти
    Палов кунига икки марта — эрталаб соат 11:00 да ва кечқурун соат 18:00 да тайёрланади. Муассаса соат 23:00 гача ишлайди. Дастурхонни олдиндан банд қилиб қўйган маъқул, айниқса дам олиш кунлари.
  • Телефон рақами
    (+998) 91 553-33-31
Нўхатшўрак
Нўхатшўрак нўхат ва гўштдан тайёрланади, кўпинча суякли қўй гўшти ишлатилади. Катта қозонга аввал қайнатилган нўхат ва гўшт солинади, сўнг пиёз, саримсоқпиёз, зира, кашнич қўшиб, бир неча соат паст оловда димланади. Бундай усул нўхатнинг юмшоқ ва сочилувчан бўлишига, гўштнинг эса серсув ва нозик тузилишини сақлаб қолишига имкон беради. Натижада тўйимли, қуюқ ва хуштаъм шўрва ҳосил бўлади. Нўхатшўрак анъанавий тарзда тузланган пиёз, сабзавотли салат ва нон билан тортилади.
Қаерда татиб кўриш керак: Noxat
«Noxat» кафеси камида беш йилдан бери шу таомни тайёрлаб келади ва бугунги кунда шаҳарнинг турли нуқталарида учта филиалига эга. Бу ерда нўхатшўрак классик анъаналарга кўра тортилади: гўштли нўхат, шу жумладан «илик» — суяк илиги алоҳида лаганга қўйилади, тўйимли, қуюқ шўрва эса косага солинади, шунда ҳар ким унинг миқдорини ўз таъбига қараб ўзгартириши мумкин.

Порция нархи — 50 минг сўм.
  • Манзил
    ЙПХ пости
    Мўлжал — Камол АЁҚШ
  • Иш вақти
    Кеча-ю кундуз, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 95 410-19-19
Кабоб
Қаерда татиб кўриш керак: Mansur Shashlik
Самарқандликлар «Mansur Shashlik»да кабоб ейишни тавсия қилади. Бу ерда кабобнинг 20 га яқин тури — қўй гўшти, мол гўшти, товуқ гўшти, колбасадан тайёрланган, шунингдек, сабзавотли ва аралаш кабоблар тайёрланади. Бундан ташқари, таомномада шўрвалар, салатлар ва газаклар мавжуд, шунинг учун бу ерда тўлақонли тушлик қилиш осон. Муассасани маҳаллий аҳоли ҳам, шаҳар меҳмонлари ҳам барқарор сифати ва ҳамёнбоп нархлари учун қадрлайди.

Порция нархи — 5 минг сўмдан 30 минг сўмгача.
  • Манзил
    Панжикент кўчаси, 113
    Мўлжал — «Онкология шифохонаси» бекати
  • Иш вақти
    10:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 90 606-30-30
«Мулиён» манти
«Мулиён» манти номи Самарқандда гўшт бой катта уй чучвараларининг синоними сифатида ишлатилади. Улар юпқа хамирдан тайёрланади ва ичига кўп пиёз ва думба ёғи қўшилган тўғралган қўй гўшти солинади. Шу туфайли гўшт серсув бўлиб, ичида тўйимли, хушбўй шўрва ҳосил бўлади.
Қаерда татиб кўриш керак: Oblokul bobo
«Oblokul bobo» ресторанига ҳақиқий уй мантиларини тановул қилиш учун киришади. Улардан ташқари, ресторанда барак бирён — қиздирилган товада тезда қовурилган тўғралган гўштни ҳам татиб кўриш мумкин. Бундай технология гўштнинг табиий таъмини сақлаб қолиш имконини беради, ташқи томондан эса иштаҳа очувчи қарсилдоқ пўстлоқ ҳосил бўлади.

Порция нархи — донаси 9 минг сўм.
  • Манзил
    Огаҳий кўчаси, 8
    Мўлжал — пиво заводи
  • Иш вақти
    08:00 дан 20:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
     (+998) 91 530-04-39
Халиса
Халиса — ўзбек ошхонасининг энг қадимий таомларидан бири. У буғдой ёки арпа, гўшт, пиёз ва зира қўшиб тайёрланади. Баъзан думба ёғи ҳам қўшилади. Халиса катта чўян қозонларда очиқ оловда соатлаб пиширилади. Таом ўзига хос таъм ва енгил тутун ҳидига эга бўлади.

Узоқ вақт димланганидан сўнг бўтқа қуюқ, деярли қаймоқсимон ҳолатга келади, гўшт эса оғизда эриб кетади. Бундай таом мураккаб углеводлар ва оқсилларнинг уйғунлиги туфайли одамни қиздиради ва кўп қувват беради. Бу айниқса қишда ёки шаҳар бўйлаб узоқ сайрлардан сўнг жуда фойдали. Самарқандда халисани кўпинча совуқ ҳолда истеъмол қилишади — бу усул йилнинг айниқса иссиқ даврида оммабоп.
Қаерда татиб кўрса бўлади: Xalisa.uz
«Xalisa.uz» ресторани менюсида таомнинг фақат иккита тури бор — катта ва кичик порция. Халисага тандирдан янги узилган нон ва бир чойнак чой ҳам қўшиб берилади.

0,7 порция нархи — 35 минг сўм, 1 порция нархи — 55 минг сўм.
  • Манзил
    Лимонад кўчаси
    Мўлжал — «Чашма» ресторани
  • Иш вақти
    09:00 дан 01:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 91 520-23-45
Сомса
Самарқанд сомсаси — бу айнан шу ҳудудда ўзига хос рецепт асосида тайёрланадиган енгил, қарсилдоқ лаззат. Юпқа қатламли хамир доиралар шаклида ёйилади, кўп миқдордаги пиёз, туз, майдаланган қора мурч ва зира қўшилган тўғралган қўй гўшти билан тўлдирилади. Баъзан ширинроқ таъм бериш учун қовоқ ёки картошка бўлаклари ҳам қўшилади. Учбурчак шаклидаги сомса сопол тандирга жойлаштирилади, у ерда юқори ҳароратда пиширилади, натижада ёрқин олтин рангли, қарсилдоқ қобиқ ҳосил бўлади, ичи эса серсув ва хушбўй масаллиқли бўлиб қолади.
Қаерда татиб кўрса бўлади: Қўқон сомса №1
Собиқ Қўқон кўчасидаги оилавий кафе шуниси билан машҳурки, бу ерда эрталабдан кечгача узлуксиз сомса пиширилади. Иш кунлари мижозлар оқими тўхтамайди. Дам олиш кунлари бу ерда кабоб ҳам тайёрланади.

Порция нархи — 10 минг сўм.
  • Манзил
    Муқимий (собиқ Қўқон) кўчаси, 109
  • Иш вақти
    08:00 дан 17:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 98 273-30-20
Бу сизни ажаблантириши мумкин, аммо самарқандликлар афсонавий шаурма, хот-дог, стакандаги музқаймоқ ва автоматдан газли сувни ҳам татиб кўришни маслаҳат беради. Самарқандликлар ярим асрдан бери таниш таъмлар учун бир хил жойларга қатнайди. Ўтган вақт ичида бу муассасалар на кенгайган, уларнинг ичида на бирор нарса ўзгарган. Сифат ва таъм ҳам ўзгаришсиз қолади.
Шаурма
«Афсонавий» шаурма таъмининг сири унинг қатламлилигида: гўшт (товуқ, мол гўшти ва гўшт соуси) зираворлар ва йогурт маринадида 12 соат давомида тузланади, сўнгра вертикал сихга тизилади ва аста-секин олтин рангга киргунча пиширилади. Гўштнинг юпқа бўлаклари кесилади, янги лаваш ёки питага солинади, устига помидор, бодринг, карам ва кўкатларнинг катта қатлами, шунингдек, иккита махсус соус: майонезли ҳамда помидор ва аччиқ қалампир асосидаги соус ҳам қўшилади.
Қаерда татиб кўрса бўлади: Hamd
«Hamd» ресторани Самарқанддаги 25 йилдан буён фаолият юритиб келаётган илк шаурмахоналардан бири. Муассаса ҳар доим гавжум. Меҳмонлар ҳам ҳар доим тўқ ва мамнун.

Порция нархи — кичиги 27 минг сўм, ўртачаси 35 минг сўм, каттаси 57 минг сўм.
  • Манзил
    Орзу Маҳмудов кўчаси, 11
  • Иш вақти
    08:30 дан 02:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 55 701-09-09
Хот-дог
Самарқанднинг машҳур хот-доги худди шундай егуликнинг Ғарб мамлакатларидаги асл нусхасига умуман ўхшамайди. У янги батон ёки юпқа нон билан тортилади, сосискалар қовурилади ва нон турли хил сабзавотлар билан тўлдирилади.
Қаерда татиб кўрса бўлади: Doner Kebab
«Doner Kebab» — самарқандликлар учун 20 йилдан ортиқ вақт давомида «ўша хот-доглар» тайёрланадиган диққатга сазовор жой. Муассаса XX асрнинг машҳур меъморий ёдгорлиги — Йўлдош Охунбобоев уйида жойлашган. Ичкарида бир нечта стол ва стуллар билан оддий ошхона мавжуд, аммо кўриниши оддий бўлишига қарамай, бу ерда деярли ҳар доим навбат бўлади. Бу ерга мактаб ўқувчилари ва талабалардан тортиб ишчилар ва нафақахўрларгача келади.

Нонга уч хил — оддий, «Тошкент» ёки «Канада» сосискаларидан бири ва майда тўғралган картошка сомончаси солинади. Кейин унга фунчоза, сабзи, лавлаги салати ва аччиқ-чучук қўшилади. Классик кетчуп ёки ўткир помидор соуси ҳам қўшилади, хоҳишга кўра озгина майонез ва хантал ҳам қўшиш мумкин.

Порция нархи — оддий сосискали батонда 16 минг сўм, ҳар қандай сосискали нонда 23 минг сўм.
  • Манзил
    Ўзбекистон кўчаси, 27
  • Иш вақти
    11:00 дан 03:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 90 276-88-38
Музқаймоқ
Қаерда татиб кўриш мумкин: Sogdiana
Sogdiana 2002 йилда оддий фрейзер аппаратидан иш бошлаб, бугунги кунда турли хил салқин ширинликлар таклиф этадиган машҳур қаҳвахонага айланди. Бу ерда анъанавий сутли ва шоколадли рожокларни ҳам, банан ёки қулупнай таъмли мевали музқаймоқларни ҳам татиб кўриш мумкин. Ҳовлида тайёр стаканлардаги, найчалардаги ва эскимо музқаймоқлари солинган музлатгичлар ўрнатилган. Ёнида эса 16 хил шарсимон музқаймоқ ҳам сотилади. Катта гуруҳ учун ярим килограммлик ёки бир килограммлик челаклар ҳам мавжуд.

Порция нархи:

  • кичкина рожок — 8 минг сўм
  • катта рожок — 14 минг сўм
  • шарсимон музқаймоқ — бир шарчаси 10 минг сўм
  • бир стакан пломбир — 10 минг сўм
  • бир стакан мевали музқаймоқ — 9 минг сўм
  • эскимо — 10 минг сўм
  • найчалар — 12 минг сўм
  • челак (500 г) — 25 минг сўм
  • челак (1000 г) — 50 минг сўм
  • Манзил
    Сўғдиёна-А мавзеси, Али Қушчи кўчаси, 8А
  • Иш вақти
    Ҳар куни 08:00 дан 23:00 гача
  • Телефон рақами
    (+998) 97 912-11-47
Газли сув
Самарқандда газли сув сотиладиган кўча аравалари ҳамон шаҳар манзарасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Самарқандликлар улардан бирини тавсия этади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Газли сув араваси
Ўзбекистон кўчасидан юрсангиз, сокин тор кўчаларнинг бирида, баҳайбат қарағай соясида газли сув сотиладиган кичик аравани кўрасиз — у бу ерда камида 10 йилдан бери турибди. Бу ерда газли сув апрель бошидан октябрь охиригача сотилади. Аравача тўхтамасдан ишлаши учун сотувчилар навбатма-навбат ишлайди.

Порция нархи: 200 мл — 3 минг сўм, 300 мл — 4 минг сўм, 400 мл — 5 минг сўм.
Материал Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланди

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашри сайтида жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли маълумотга эга бўлсангиз ва уни бошқалар билан бўлишишни истасангиз, ҳикоянгизни sp@gazeta.uz манзилига юборинг

Made on
Tilda