Фото: Абдумавлон Мадмусаев
Маҳаллалар мусиқаси
ДАКТ директори Алибек Кабдурахманов билан Тошкент бўйлаб сайр
«Газета» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар Навоий номидаги Катта театр директори Алибек Кабдурахманов билан Тошкентни айландик. У билан директорликка тайинланиши ва театр режалари ҳақида суҳбатлашдик, 1990-йилларни эсладик, орзудаги Тошкент ҳақида хаёл сурдик.
«Газета» ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар Навоий номидаги Катта театр директори Алибек Кабдурахманов билан Тошкентни айландик. У билан директорликка тайинланиши ва театр режалари ҳақида суҳбатлашдик, 1990-йилларни эсладик, орзудаги Тошкент ҳақида хаёл сурдик.
Алибек Кабдурахмановни кўплаб ўзбекистонликлар — жумладан мен ҳам — энг севимли дирижёри деб билади. Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри раҳбари оқимга қарши сузишдан, уни тушунмай қолишлари мумкинлигидан, танқид ва нафрат тўфонига дуч келишдан чўчимайди. Одамлар эркин, очиқкўнгил, жасур, саҳнада ҳазиллашадиган, ўзини табиий, самимий тутадиган бу инсонда ўзи кўради.

Июль охирида Қабдурахманов Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига раҳбар этиб тайинланди. Биз янги директор билан унинг лавозимга киришишининг 26-кунида кўришдик. Суҳбат улкан кресло, катта стол ва жой ҳамда шахснинг муҳимлигини кўрсатувчи бошқа жиҳозлар ўрнатилган хонада, тантанали бир вазиятда бошланди. Мулоқотимизни Театр майдони ва «Мовий гумбазлар» хиёбони бўйлаб сайр қилиб, давом эттирдик. Аммо, шаҳар марказида кўтарилган чанг бўрони ва Алибекнинг иш жадвали жуда зичлиги туфайли, бу сайр узоқ давом этмади. Суҳбатдан тугаши билан у дарҳол театр мавсуми бошланиши арафаси қайнаётган қозонга ўхшаб қолган театрга қайтди.
Тайинлов ва янги лавозим ҳақида
28 июль куни [Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри] дирижёри сифатида уйқуга кетиб, 29 июль куни Катта театр директори бўлиб уйғондим. Гарчи кўнглимнинг тубида бундай бўлиши мумкинлигини тахмин қилган бўлсам-да, бу жуда кутилмаган ҳолат бўлди. Мен тахминан 60−70 ёшларимда, эшитиш қобилиятим ёмонлашиб, мушакларим заифлашиб, жамият ва Ватанга фойдам тегиши учунгина қандайдир директорлик лавозимини эгаллашим мумкинлиги ҳақида ўйлагандим.

Тайинлов ҳаётимда шу вақтгача ҳеч қачон ҳис қилмаганим бир масъулиятни юклади. Концертга чарм куртка кийиб боришга рухсат берилган ижодий шахс тоифасидан бутунлай бошқа вазифа ва мажбуриятларга эга бўлган раҳбарлар тоифасига ўтдим. Театр директори — кундалик муаммоларни ҳал қиладиган шахсдир. Бу лавозимда, масалан, қурувчилар плиталарни қандай ётқизаётгани, иситиш тизимини қандай ўрнатаётгани, барча техник ходимларни тозалаш воситалари, махсус кийимлар ва бошқа зарур анжомлар билан қандай таъминланаётганини назорат қилиш лозим.
Театр жамоаси Миллий симфоник оркестрдан 10 баробар катта. Оркестрда қўл остимда 80 киши ишлаган бўлса, бу ерда 700 га яқин ходим бор. Дирижёр сифатида интизом тарафдори эдим ва ҳозир ҳам шундайман. Театр кийим илгичдан бошланади, бизнинг ҳолатимизда эса кийим илгич — бу интизом. Ҳамма нарса аниқ, ўз вақтида ва сифатли бўлиши шарт.

Илгари шахсий котибам ва алоҳида кабинетим йўқ эди. Тўғриси, бундай шароитда ишлаш ўзимга ғалати туюляпти. Директорлик курсисига ўтирмаяпман ҳатто — кўзга кўринарли дастлабки бирор натижага эришгач ўтирмоқчиман, ўзимга шундай сўз берганман. Бундан ташқари, одамлар билан тенг даражада мулоқот қилишни яхши кўраман, шунинг учун учрашувларда столбошида эмас, балки ҳозир сиз билан ўтирганимиздек, суҳбатдошнинг рўпарасида ўтиришни маъқул кўраман. Хонамда ҳеч нарсани ўзгартирмадим, фақат катта доска сўрадим. Унда вазифаларни ёзаман ва театрдаги жараёнларни қандай такомиллаштириш бўйича ҳисоб-китобларимни қиламан.

Бизни ҳамма жойда ўзгаришлар кутяпти. Масалан, кийиниш қоидаларини жорий этамиз. Театр футболка ва шортикда келиш мумкин бўлган жой эмас. Ёш болалар, чақалоқлар билан спектаклларга киритмаймиз. Энди залга овқат билан кириш ҳам тақиқланади. Айтадиган гапим шу. Чиройли сўзлар менга хос эмас. Камроқ гапириб, кўпроқ ишлаш керак.
Ҳозирги иш жадвалим меъёрлаштирилмаган. Ишни соат 09:00—09:30 да бошлаб, 00:00 ёки 01:00 да тугатаман. Театрни кўп айланаман, ҳар куни назорат қиламан. Ҳар куни жуда кўп одамларни қабул қиламан, доим турли масалаларни ҳал қиламиз. Ўзимга хос ёндашувим бор: аввал ҳаммани эшитаман, кейин барча томонларни тинглагач, қарор қабул қиламан.

Келишингиздан бир соат олдин Хитой делегацияси билан учрашув ўтказдим. Август давомида театрда Италия, Грузия элчиларини, Франция элчихонаси вакилини қабул қилдим. Ҳамкорлик стратегияларини ишлаб чиқяпмиз, истагимиз — Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларни жаҳон даражасида амалга ошириш.
Икки ҳафтадан сўнг 96-театр мавсуми очилади. Очиқ осмон остида ўтадиган «Ад астра» («Юлдузларга») концертини тайёрлаяпмиз, 6 сентябрь куни бўлади. Бу концерт кенг кўламли, аввалгиларига ўхшамас бўлиб ўтишига кафолат бераман.

Айнан мен директор бўлганим учун дастурда симфоник мусиқа концертлари кўпайишини англатмайди. Бундай концертлар, илгаригидек, қандайдир операнинг концерт ижроси ёки энг сара опера ариялари янграйдиган кеча шаклида давом этаверади, масалан, 14 сентябрдаги «Уч тенор» концертидаги каби.

Кузда «Дон Жуан» операси премьерасини намойиш этамиз. Бу операни технологик жиҳатдан янгича талқин қилишга биринчи уринишимиз бўлади, худди баҳорда Халқаро опера ва балет фестивали доирасида томошабинлар кўрган италиялик режиссёр Стефано Поданинг «Гофман эртаклари» каби.
Кўча мусиқачилари ҳақида
Бу мавзунинг очилишига сабаб — Театр майдони ва унга туташ ерости йўлагидаги кўча мусиқачиларидир. Сўнгги йилларда шаҳар маъмурияти ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундай машшоқларга муносабати мўътадил. Мен ҳам буни маъқуллайман, аммо ҳар сафар «Травиата» ёки «Жизель» намойишидан сўнг театрдан чиқиб, кечки шаҳарнинг нисбий сукунати ўрнига фонарь тагида турган, оёғи остига карнай қўйиб олиб, Виктор Цойнинг «Группа крови» («Қон гуруҳи») ёки Бастанинг Моя игра" («Менинг ўйиним») қўшиқларини микрофонга ғўнғиллаб айтаётганини эшитсам, кўча ижоди қанчалик ўринли экани ҳақида ўйланиб қоламан — бу борадаги менинг ички зиддиятим жуда кучли, гўё чиройли кабриолетда бетон тўсиққа бориб урилгандек.
Санъат ва ижодни чеклаб бўлмайди, деб ўйлайман. Тасаввур қилинг, оқшомни қандай ўтказиш борасидаги бир неча танлов орасидан инсон бекорчилик ёки жиноятни эмас, балки мусиқани танлайди. Эҳтимол, бу ерда, театр ёнида у ўзининг ҳам одамлар олдига чиқиб, Цойни куйлашга ҳақли эканлигини бутун дунёга исботлашга уринаётгандир. Балки эртага у Димашга ўхшаб машҳур бўлиб кетар? Ҳа, тўғри, минг ёки миллионта машшоқдан охир-оқибат фақат бир-иккитасигина шундай мақомга эришиши мумкин, лекин шу ҳам имконият-ку. Агар шундай эҳтимол бўлса, инсонни қоралаш, унга тўсқинлик қилиш қанчалик тўғри? Шу билан бирга, ноёб фаввора ва 1940-йиллар меъморчилигига эга бўлган Театр майдонининг ўзига хос муҳитини сақлаб қолиш мумкинлигига ҳам қўшиламан.

Бу масалада ўзимга ўзим қарши чиқишим мумкин, эҳтимол, шундай қиламан ҳам, чунки масала мураккаб, тушуниб бўлмайдиган. Кўча машшоқларига завқланиб қарамайман, лекин улар мавжуд бўлиши керак, буни биламан. Улар шаҳарга файз, шинамлик бағишлайди. Кўча машшоқлари ҳар хил бўлади. Уларнинг қандай таассурот қолдириши ўз устида қанчалик ишлашига, қандай куйлашига боғлиқ: чиройли, самимий ёки қандай бўлса шундайлигича. Умуман олганда, агар инсон мусиқани севса, у бу иш билан профессионал даражада шуғулланиши керак, деб ўйлайман. Бошқа томондан, жуда кўплаб ёрқин юлдузлар айнан кўчадан етишиб чиққан.
Мен ўзим кўчада машшоқлик ё созандалик қилмаганман. Ёшлигимда ёшлар оркестри таркибида Европага гастролга борганимизда, йигитларнинг бемалол шаҳарга чиқиб, қўшиқ айтиб, озгина пул ишлаб олганликларини кўрганман. Тўғриси, бунга қандай муносабатда бўлишни билмайман. Бир томондан, сен мусиқачисан, юксак маданият эгасисан. Бошқа томондан, ёшсан, бошингда минг хил хаёл. Менда шунчаки соз чалиш истаги бор эди, лекин пул ишлаш ниятим йўқ эди. Нега? Чунки санъат жуда ҳаммабоп ва, айни дамда, эришиб бўлмас марра бўлиши керак. Бу парадокс. Агар санъат ҳаммабоп бўлса, у оммавий, агар ҳаммабоп бўлмаса, у театрга хос. Бундан ташқари, менинг ёшлигимда кўчада машшоқлик қилиш кўп ҳам обрўли ва хавфсиз иш эмасди, шуни ҳам ҳисобга олиш керак — ахир бизнинг давримизда кўчада мусиқачилик қилишга умуман рухсат йўқ эди. Кўчага чиқмай қолишимга, эҳтимол, шу ҳам сабаб бўлгандир.
Театрларда нима учун томошабин камлиги ҳақида
Одамлар, айниқса ёшлар, театрга кўп ҳам боравермайди. Бу муаммонинг илдизини бизда театр менежментининг етарлича ривожланмаганлигида кўраман. Спектакллар нима учун оммалашмаслиги ҳам тушунарли. Ёшлар эски декорациялардаги эмас, замонавий спектаклларни кўришни истайди. Технологик жараёнлар зарур. Масалан, агар режиссёр ғоясига кўра спектаклда қор ёғиши керак бўлса, биз ҳақиқий қор ёғдиришимиз лозим. Қоғозни майдалаб ёки пенопластни эмас, балки нисбатан арзон турадиган қор машинасини ишга тушириш керак. Голограммалар, 3D-маппинг — буларнинг барчасидан фойдаланиш мумкин ва фойдаланиш керак ҳам.

Технология пулга сотиб олинади. Биз уларга маблағ излаймиз. Бизда ҳомийликни ривожлантириш зарур. Агар бизнес театр санъатининг қадрини тўлиқ англай олмаётган бўлса, демак, буни уларга кўрсатиб бериш лозим. Бу директор сифатида менинг ва жамоамнинг вазифаси. Ишлаш керак. Йўлни ким босиб ўтади? Юраётган одам.
Моцарт, Гайдн даврларида ҳам шоулар бўлган, лекин ҳозир кўпчилик негадир бу сўзда ёмонликни кўради. Агар бирор опера қаҳрамони, дейлик, «Мадам Баттерфляй»даги аёл сув устида юрса, томошабинларнинг реакцияси қандай бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг-да. Бу спектаклнинг бадиий қийматига қанчалик ҳам таъсир қилади, театрнинг маърифий вазифаларини йўққа чиқариши мумкинми? Ахир сюжет ўша-ўша қолаверади-ку. Тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Унга қарши чиқиш бефойда. Биз 50−60 йиллардаги декорацияларга ёпишиб олмаймиз, чунки ўн йиллар давомида шундай бўлган, ҳамма бунга ўрганиб қолган, буни қонун деб билади. Катта авлод учун бу балки баҳона бўлиши мумкин, лекин мен учун бу жиноят.
Симфоник мусиқани оммалаштириш ҳақида
Одамлар симфоник мусиқани севишини хоҳлайсизми? Уни тинглашларига шароит яратиб беринг. Буни болалар боғчасидан бошлаш керак. Шунингдек, мусиқий меросимизни ҳам ҳисобга олиш лозим. Мақом, бахшичилик каби ажойиб йўналишларимиз бор. Улар жуда паст баҳоланади ва мен буни тушунмайман, чунки улар — жаҳон миқёсидаги классика.

Симфоник ва миллий мусиқа биргаликда пойтахтнинг, мамлакатнинг маданий ҳаёти ривожига кучли туртки беради; миллат барча жиҳатдан: ҳам маънан, ҳам жисмонан соғломлашади.

Бунинг учун болалар боғчаларида мусиқа қўйиш кифоя. Мактабгача таълим вазирлиги Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда болалар идрокининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга оладиган режа ишлаб чиқиши мумкин. Икки-уч соатлик мусиқий тўплам фон сифатида янграса ҳам, ишонинг, боланинг тўрт йил боғчада бўлиши ўз натижасини беради. Болалар «Синий трактор» («Кўк трактор»)ни қандайдир йўл билан ёдлаб оляпти-ку. Симфоник мусиқа, мақом, бахшичилик — бу мумтоз, миллий мусиқа. Буларни эшитиб улғайган бола театрга келиб, таниш куйни эшитса, мана шу таниб қолганининг ўзида театрга қизиқиб қолади.
«Симфорок» ҳеч қачон симфоник мусиқани оммалаштириш лойиҳаси бўлмаган. У шунчаки одамларнинг эътиборини Миллий симфоник оркестрга қаратиш воситаси эди. Ва у иш берди! Лойиҳадан олдин бундай жамоа борлигини, у нимадир билан шуғулланаётганини камдан-кам одам биларди, чунки бизда симфоник мусиқа ҳақида одатда ҳеч ким бош қотирмайди. Аммо эстрада билан бирга қилинган ҳамкорлик ҳамкорлик ҳамманинг оғзида; ҳамма дирижёрнинг саҳнага чарм куртка кийиб чиққанини муҳокама қиляпти. Бу менга ёқади деб ўйлайсизми? Йўқ.

Шунчаки, мен — санъаткорман ва бу менинг ишим. 9 октябрь куни менинг иштирокимдаги сўнгги «Симфорок» бўлиб ўтади. Лойиҳа билан ҳам, оркестр билан ҳам хайрлашамиз, чунки энди мен бутунлай театрга тегишлиман ва директор сифатида менинг бошқа вазифаларим бор.
Фарзанд тарбияси ҳақида
Мен ҳақимда ёзилган бир мақолада болалигимда барабанчи бўлишни орзу қилиб, қошиқ билан ликопча ва қозонларни уриб, тақиллатганимни ёзишган экан. Аслида ҳеч қачон бундай бўлмаган. Мен мусиқачи бўлишни орзу ҳам қилмаганман, режалаштирмаганман ҳам, ҳеч кимнинг мухлиси ҳам эмасдим. Бир куни тасодифан мусиқа мактабига бориб қолдим. Эҳтимол, ўйинқароқлик қилгандирман. Мусиқий фаолиятни тугатиш ҳақида ўқиш пайтидаёқ ўйлаганман — 9-синфгача мактаб менга ёқмасди, кейин нимадир ўзгарди-ю, бирдан қизиқиб қолдим.
Мен генерал Петров номидаги Республика мусиқа тарбияланувчилари мактаб-интернатида таълим олганман. Бу мактабнинг тарихи 1944 йилдан бошланади. У асосан ҳарбий оркестрлар учун дамли чолғу ижрочиларини тайёрлашга ихтисослашган эди. У ерда фақат ўғил болалар таҳсил оларди. Совет Иттифоқи парчалангач, мактаб бир муддат ишлади, кейин унинг негизида Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи ташкил этилди, ҳозир эса у Миллий гвардиянинг Ҳарбий-мусиқа академик лицейига айлантирилган.

Айнан шу ерда таълим олганимдан фахрланаман. Мен совет даврида тобланган устозларни учратдим, улар ўз касбига фидойилиги ва ғайрати билан ҳайратга соларди. Бу инсонлар ишга шунчаки одатланиб эмас, балки жамият учун муҳим бўлган янги авлодни тарбиялаш учун келарди. Мен ўзим ёқтирмайдиган солфежио бўйича ўқитувчиларимдан интизомни ўргандим ва, шуни англадимки, мусиқий эшитиш қобилияти бўлмаса ҳам, интизомли бўлсанг, ҳамма нарсани уддалай оласан.
11 ёшли қизим ҳам мусиқа мактабига қатнайди, лекин у мусиқачи бўлмайди. Унга бунинг кераги йўқ. Биз уни мусиқанинг нималигини тушуниб олсин, деб ўқишга бердик; машғулотлар фикрлашнинг турли шакллари ва турларини ривожлантиради. 5 ёшли ўғлим классик мусиқани ёқтирмайди, лекин унинг чет тилларига қобилияти бор, у аллақачон бир нечта алифбони ўрганиб олган. Кўпчилик негадир ота-онаси мусиқачи бўлса, фарзандлари ҳам мусиқачи бўлиши керак, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Агар мажбурласангиз, аксинча, мусиқадан бездириб қўйишингиз мумкин.

Ота-она фарзандлари ва уларнинг тарбияси учун масъул. Менга корейсча усул жуда ёқади: бола беш ёшгача худодай, беш ёшдан кейин — қулдай. Болаларда болалик бўлиши керак. У тугагач, ўрганиш даври бошланади. Ота-она болага яхши таълим беради, спорт машғулотларига, тўгаракларга, театрларга олиб боради, лекин катталарнинг томошаларига эмас, балки болалар спектаклларига олиб боради. 18 ёшдан кейин болаларни ўз ҳолига қўйиб бериш керак, токи улар ўзлари мустақил қарор қабул қилиб, ўз ҳаётини ўзи билганича яшасин.
Трамвайлар, байрам мандаринлари ва 1990-йиллардаги болалик ҳақида
Мен Тошкентда туғилганман. Унинг трамвайларини эслайман ва жуда соғинаман. «Ғалабанинг 40 йиллиги» даҳасида, ҳозир ер усти метроси юрган жойларда илгари трамвай қатнарди. Мен унга ўтириб консерваторияга борардим. У кўпинча тиқилинч бўларди, шунда «Икарус» ёки ЛАЗ автобусларига чиқишга тўғри келарди. Узатмалар қутисидан чиқадиган ғалати овозлар, гоҳ очилмайдиган, гоҳ ёпилмайдиган эшиклар эсимда.

1990-йилларни ўйласам, ҳаммага қийин бўлгани эсимга тушиб кетади. Ҳозир-чи, болалар учун супермаркетларда ҳамма нарса муҳайё, бизнинг давримизда эса уйга «Сникерс» ё «Марс» олиб келишса, бу йил воқеасига айланиб кетарди. Болалигимизда биз кутган ва фақат байрамда сотиб олинадиган мандаринлар ҳозир қишин-ёзин расталарда ётибди: Эронники дейсизми, Туркия ё Хитойники дейсизми, қанақасидан хоҳласангиз бор. Шуларни эслаб, ўзим ҳам совет ўтмиши билангина яшайдиган «бувижон»га айланиб қолаётганимни ҳис қиламан. Э, бундай саволларингиз билан мени қаерга ундаяпсиз? (кулади)
Туғилганимдан бери «Ғалабанинг 40 йиллиги»да яшайман. Ҳеч қачон кўчмаганман. Ўтган вақт ичида ҳудудимизда содир бўлган ажойиб воқеалар сирасидан «Корзинка»нинг пайдо бўлиши, метро қурилиши ва йўлларнинг асфалтланишини алоҳида таъкидлашим мумкин. Бу йил эса уйимиз йўлаги (подъезди)га пластик деразалар ўрнатишди. Мен бу ўзгаришни салкам 30 йилдан бери кутардим.

Бизнинг даҳамизга болалар майдончалари етишмаяпти. Афсуски, уларнинг ўрнини автотураргоҳ қилиб, бетонлаб ташлашяпти. Ўзим ҳам баъзан кечаси машинани қўядиган жой тополмай қийналсам-да, бу муаммони бундай ҳал қилиш керак, эмас деб ўйлайман. Менимча, болалар майдончаларининг йўқлиги туфайли болалар турли бемаъниликлардан азият чекиб, нотўғри йўлга кириб кетяпти. Улар ўзларини банд қиладиган ҳеч нарса тополмаяпти. Эсимда, уйим ёнидаги 255-мактабда авиамоделчилик тўгарагига, расм чизишга борардим ва бу тўгараклар бепул эди. Ҳозир эса ҳамма нарса учун пул тўлаш керак.
Ҳовлимизда ўз даврамиз бор эди. «Генерал» ўйнардик — ғиштга таёқ ёки тош отардик. «Пичоқчалар» деган хавфли ўйинимиз бўларди, яхши кўрардик бу ўйинни. Ерга доира чизиб, уни иштирокчилар сонига қараб худди пирогдек бўлиб чиқиб, сўнг навбатма-навбат пичоқ отиш керак эди — пичоқ кимнинг секторига тушса, ўша «ер»ни оларди. Балки ҳозирги «дом» қурувчилар ҳам болалигида шу «Пичоқча» ўйинини ўйнагандир.

Ҳовлидаги эрмаклардан яна бири довучча ўғирлаш, олчали қўлбола ичимлик тайёрлаш эди: кўчадан аллақандай шишани топиб, бир амаллаб ювиб, ичига олча тиқиб, таёқ билан эзғилаб, ўша нордон нарсани ичардик — нима учун бундай қилардик, билмадим, лекин бахтли эдик. Бу ишларимиздан ажойиб хотира қолган, аммо ҳозирги ақлинг билан бу дизентерия сари йўл эканини тушунасан. Умуман олганда, мен бизнинг авлод, 1990-йилларнинг болалари қандай омон қолганимизга ҳайрон қоламан. Бутун шароит бизнинг омон қолмаслигимиз учун мослаштирилгандек эди, гўё.
Тошкентнинг бугунги куни ва келажаги ҳақида
Тошкентни мени мен қилгани учун севаман. Шу ерда туғилиб, шу ерда таълим олдим. Шаҳар яшиллигини йўқотаётгани мени хавотирга солади. Ҳар сафар қаердадир чинор, қаердадир эман кесилганини эшитсам, қалбим ўртанади. Назаримда, Тошкентнинг руҳи унинг айнан дарахтларида. Турли асосли омиллар туфайли шаҳримиз аслида бундай яшил бўлмаслиги, бўла олмаслиги керак, лекин шу омилларнинг ҳаммасига қарши ўлароқ шаҳар шундай яшил тусга кирган ва бунга кўплаб одамларнинг меҳнати билан эришилган. Кесилган ҳар бир дарахт хиёнатдек қабул қиламан.
Шахсий автомобилим бор, лекин мен, катта эҳтимол, кўпроқ пиёдаман. Йўлларда ўзимни хавфсиз ҳис қилмайман. Менимча, вазиятни ўнглаш жуда осон — пиёдалар ўтиш жойларини кўтариш (платформали қилиш) керак. Шунда пиёдаларни уриб юбориш ҳолатлари камаяди, чунки машиналар тезликни пасайтиришга мажбур бўлади. Бу жуда оддий усул. Нега бундай қилинмаяпти, билмайман. Қандайдир айланма йўллар, мураккаб ечимлар ўйлаб топилмоқда. Йўллар, светофорлар учун масъул бўлган одамларни эса йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим даражаси энг паст бўлган Норвегия ёки Финляндияга юбориш мумкин. У ерда бир ой яшаб, тайёр ечимлар билан қайтишсин.
Пиёда сайрларни яхши кўраман. Баъзан ўй-хаёлларни йиғиб олиш учун кўчага чиқиб, театр атрофида айламан. Сукунатда юраман. Ғалати туюлиши мумкин, лекин мусиқа тинглашни ёқтирмайман. Ҳаётимда мусиқа шундоқ ҳам жуда кўп. Директорлик хонамда ўтирганимда ҳам оркестрнинг машқ қилаётганини эшитаман. Театр атрофида айланиб юрганимда вокалчиларнинг машқ қилаётганини эшитаман. Концертларга тайёргарлик кўраётганимда мусиқани ўрганаман ва уни доимий равишда тинглайман. Қайсидир нуқтада шунчаки «ўчириш» керак, акс ҳолда қулоғинг ўрганиб қолиб, нозик жиҳатларни илғамай бошлайсан.

Менинг тасаввуримдаги келажак Тошкенти — маданият маданиятлигича қоладиган шаҳардир. Одамларнинг симфоник мусиқа концертларига ҳам, театр томошаларига ҳам бориши мен учун муҳим. Мен тасаввур қилган идеал Тошкентда театрлар кўп бўлади ва уларнинг бирортаси шунчаки расмиятчилик учунгина очилган бўлмайди.
Алибек Кабдурахманов сайр қилишни тавсия этади
Алибек Кабдурахманов тинглашни тавсия этади

Матн муаллифи: Виктория Абдурахимова.

Фотосуратлар муаллифи: Абдумавлон Мадмусаев, Евгений Сорочин / Gazeta.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda