Кутилмаган топилма
Урганчдаги Замонавий санъат музейида нималар кўриш мумкин?
Хоразмда нафақат Ўзбекистон тарихи, балки мамлакатнинг замонавий санъати билан ҳам танишиш мумкинлигини кўпчилик билмайди. 3000 дан ортиқ экспонат тўпланган Урганчдаги Замонавий санъат музейида кўргазмалар, маърузалар ва маҳорат машғулотлари ўтказилади. Gazeta унинг коллекцияси ҳақида ҳикоя қилади.
Хоразмда нафақат Ўзбекистон тарихи, балки мамлакатнинг замонавий санъати билан ҳам танишиш мумкинлигини кўпчилик билмайди. 3000 дан ортиқ экспонат тўпланган Урганчдаги Замонавий санъат музейида кўргазмалар, маърузалар ва маҳорат машғулотлари ўтказилади. Gazeta унинг коллекцияси ҳақида ҳикоя қилади.
Урганчдаги Ўзбекистон замонавий санъати музейи (CAMUZ) ўзи жойлашган бинонинг 115 йиллик тарихи ҳамда Хоразм ва бутун мамлакатнинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган. Бу ерда рангтасвир, фотосуратлар, ҳайкалтарошлик асарлари, амалий санъат буюмларини ўз ичига олган 3000 дан ортиқ экспонатдан иборат ноёб тўплам жамланган. Музей, шунингдек, кўргазмалар, халқаро лойиҳалар ва таълим дастурлари учун макон вазифасини ҳам бажаради.
Муассаса директори Ширин Тошева Gazeta’га музейнинг шаклланиши, унинг муҳим лойиҳалари ва кенг қамровли режалари туфайли қандай қилиб Урганч маданий ҳаётининг марказига айлангани ҳақида сўзлаб берди.
Почтадан музейга
Ўзбекистон замонавий санъати музейи жойлашган бино Урганчдаги энг қадимий иншоотлардан бири саналади. У Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. 1910 йилда марказий почта сифатида қурилган бу бино Хоразм инфратузилмасининг муҳим қисми бўлган. Россия мустамлакачилиги даврида бу ерда етказиб бериш хизмати фаолият юритган, ёнида отхоналар бўлган. Бино анъанавий шарқона услубда барпо этилган: сариқ пишиқ ғиштдан, нафис ўймакор устунлар ва айвонли қисмдан иборат. Почта совет даврида ҳам, то 1967 йилгача ишлаб турган. Почта бўлими ёпилгач, бинодан бир неча йил давомида фойдаланилмаган.
1980 йилларнинг бошида бир гуруҳ рассом ва фаоллар Урганчда вақти-вақти билан ўтказиладиган кўргазмалар ўрнига доимий суратлар галереясини ташкил этиш таклифи билан чиққан. Бунинг учун шаҳар марказида одамлар келишига қулай бўлган бино керак эди. Ташландиқ почта бўлими эса ҳам майдони, ҳам жойлашуви жиҳатидан жуда мос келарди. Бу ғояни шаҳарнинг ўша вақтдаги санъатсевар раҳбари қўллаб-қувватлагач, 1982 йили бу ерда Урганч картиналар галереяси очилган.

Бошида галереяга жуда кам одам келарди. Вазият 2008 йили, бу ерда Ширин Тошева экскурсиячи бўлиб иш бошлаганидан сўнг ўзгара бошлаган.

«Мен энди ишга кирган вақтим музейга деярли меҳмон келмасди, — деб эслайди у. — Агар ҳеч нарса қилинмаса, у шунчаки расман мавжуд бўлиб қолаверарди, буни тушунардим. Шунинг учун ўзим буклетлар чоп этиб, мактаблар, коллежлар, университетларга бориб, экскурсияларга таклиф қила бошладим. Аста-секин одамлар бу ерга кела бошлади».

Унинг ғояси ва таклифи билан бу ерда маҳаллий рассомларнинг шахсий кўргазмаларини ўтказиш бошланди. Галерея намойиш залларни бепул тақдим этар, безаш ишларида ёрдам берар ва очилиш маросимида меҳмонларни анъанавий палов билан сийларди.

«Биз ҳеч қачон ҳеч кимга рад жавобини бермаганмиз. Рассомга, ҳатто у эндигина иш бошлаган бўлса ҳам, ўзини кўрсатиш имкониятини бериш муҳим эди», — деб эслайди Тошева.
Бундай очиқлик галерея муҳитини ўзгартирган. Шу тариқа рассомлар уни мулоқот майдони сифатида, урганчликлар эса қулай маданий макон сифатида қабул қила бошлаган. Аста-секин янги аудитория шаклланиб, галереянинг «ҳувиллаган эски бино» мақоми тарихда қолди.

2017 йили муассасанинг Ўзбекистон замонавий санъати музейи деб қайта номланиши унинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнади. Бу шунчаки ном алмаштириш эмасди: бунинг ортида янги концепция, халқаро алоқаларни ривожлантириш ва кенг маънодаги замонавий санъат билан ишлаш масалалари турарди.
Музей коллекцияси
Бугун музей тўпламида 3 мингга яқин экспонат сақланмоқда. Булар рангтасвир, графика, фотосуратлар, ҳайкалтарошлик, кулолчилик, амалий-безак санъати буюмлари, миллий кийимлар ва ҳатто кундалик турмуш ашёларидир.

Коллекция аста-секин тўпланган. Очилганидан кейинги дастлабки ўн йил давомида галерея турли рассомларнинг асарларини сотиб олиш билан фаол шуғулланган, кейинчалик ходимларнинг ўзи устахоналарга бориб, муаллифлар билан келишиб сотиб олган, баъзида эса экспонатларни шаҳарликларнинг ўзи ҳам олиб келарди. Музейда ҳозир ҳам бир анъана сақланиб қолган: ҳар бир муаллиф шахсий кўргазмасидан сўнг ақалли битта бўлса-да асарини совға қилиб кетади. Сўнгги тўрт йил ичида Маданий мерос агентлиги ҳам CAMUZ’га 30 дан ортиқ асар топширди.
Бу ерда тўпланган экспонатларнинг муаллифлари Ўзбекистон маданий меросида из қолдирган турли мактаб ва йўналишлардаги 200 дан ортиқ рассом ҳисобланади. Хоразмлик усталардан Қурамбой Бекчанов, Отахон Оллоберганов, Шавкат Усмонов, Тўра Қурёзов, Рустам Худойберганов, Шуҳрат Бобожонов, Зулфия Иброҳимова, Хадича Эрматова, Шарофат Собирова каби санъаткорларни санаб ўтиш мумкин.

Улар билан бир қаторда музейда миллий санъатнинг таниқли усталари Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Чингиз Аҳмаров, Қутлуғ Башаров, Медат Кагаров асарлари ҳам намойиш этиляпти. Шунингдек, тўпламда Россия, Италия, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ каби мамлакатлардан бўлган хорижий рассомларнинг асарлари ҳам ўрин олган.

«Услублар жиҳатидан коллекция жуда хилма-хил: импрессионизм ва пуантилизмдан тортиб кубизм, абстракция ва концептуал санъатгача бўлган асарлар бор. Бундай серқирралилик музейни мутахассислар учун ҳам, кенг жамоатчилик учун ҳам қизиқарли қилади», — дейди Ширин Тошева.
Доимий экспозиция учун иккита зал ажратилган. Катта залда Хоразм санъати — рангтасвир, ҳайкалтарошлик, кулолчилик намуналари намойишга қўйилган. Ташриф буюрувчилар учун айнан шу бўлим айниқса қадрли: у минтақада ўзига хос санъат мактаби ва истеъдодли усталар борлигини кўрсатади. Директорнинг айтишича, шаҳар аҳолисининг ўзи ҳам бу истеъдод эгалари ҳақида кўп нарса билмайди.

Иккинчи кичик зал графикага бағишланган. Бу ерда Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва, табиийки, Хоразм муаллифларининг асарларини кўриш мумкин. Ижро маҳорати алоҳида эътиборни тортади: қалам ва сиёҳнинг нозик чизиқлари шундай нафис, батафсил сюжетларни яратадики, беихтиёр уларни диққат билан томоша қилиш ва ўрганишни истайди киши.

Музей ўзининг учинчи залини вақтинчалик лойиҳалар учун ажратган. Бу ерда халқаро кўргазмалар ўтказилади ва замонавий ўзбек рассомларининг асарлари намойиш этилади, бу эса CAMUZ’нинг жонли ва долзарб макон бўлиб қолишига имкон беради. Зал ва фоеларга жойлаштирилган ҳайкаллар коллекцияни тўлдиради.
«Биз музей жонли, ўзгарувчан макон бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблаймиз, — деб тушунтиради директор. — Доимий экспозицияни кўриш учун келадиган томошабинлар тоифаси бор. Улар учун таниш расмларни қайта кўриш муҳим. Масалан, «Жоконда»ни кўриш учун Луврга қайта-қайта ташриф буюрадиган кишилар каби. Аммо яна бир тоифа — янгиликларни кутаётганлар ҳам бор. Шунинг учун биз мунтазам равишда кўргазмаларни янгилаб турамиз ва ҳар бир ташриф кутилмаган ва қизиқарли янгилик олиб келиши учун залимизга янги «бурчак»лар қўшишга ҳаракат қиламиз».
Музей ижтимоий макон сифатида
Бугун CAMUZ нафақат кўргазма зали, балки Урганчнинг маданий ҳаёт маркази ҳам. Бу ерда маърузалар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, шахмат мусобақалари ва давра суҳбатлари ўтказилади. Бунда рассому томошабинлар, ёшлар фаол қатнашади. Музей аста-секин мулоқот, ғоя алмашиш ва илҳомланиш майдонига айланяпти.
Халқаро лойиҳаларнинг алоҳида ўрни бор. Сўнгги йилларда бу ерда Италия, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Чехия ва Швейцариядан келтирилган асарлар намойиш этилди. 2023 йили америкалик фотограф Рожер Балленнинг «Voices» туркумидаги асарлари кўргазмаси муҳим воқеалардан бири бўлди — бундай даражадаги кўргазмалар шу вақтгача ҳатто Тошкентда ҳам бўлмаганди.

Шундан кейин музей нью-йорклик корейс фотографи Сью Парк коллекциясини, шунингдек, италиялик беш рассом иштирокидаги «Мусиқа учун бешта нота» лойиҳасини қабул қилди. Бу асарлар туркумининг барчаси CAMUZ’га совға сифатида қолдирилган. Бундан ташқари, музей элчихоналар, Новосибирскдаги «Кўк бурунлар» каби санъат гуруҳлари билан ҳамкорлик қиляпти, Нукусдаги Савитский музейи билан қўшма ташаббусларида иштирок этмоқда.
Муассаса директори ва жамоа аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан тартиб берилган хусусий кутубхона — музейнинг алоҳида фахри. Унинг фонди урганчликлар уйидан келтирган, рассомлар ва маданият ташкилотлари совға қилган китоблардан шаклланган. Масалан, Ислом цивилизацияси маркази ноёб «Жаҳон тўпламларидаги Ўзбекистон маданий мероси»нинг 50 жилдлигини совға қилди. Бугун фондда тахминан 14 минг нашр бор — бу ерда бадиий адабиёт ҳам, илмий асарлар ҳам бор. Аммо санъатга оид китоблар, альбомлар ва кўргазма каталогларининг ўрни алоҳида.
Музей келажаги
Ширин Тошеванинг сўзларига кўра, яқин бир йил давомида CAMUZ хорижий куратор ва рассомлар билан фаол ҳамкорликни давом эттиради. Режада бир вақтнинг ўзида саккизта халқаро лойиҳа, жумладан, Британиянинг иккита ва Япониянинг битта кўргазмаси бор. Кўргазмалар билан бир қаторда музей томошабинлар нафақат санъат билан танишиши, балки унинг иштирокчисига айланиши мумкин бўлган таълим дастурларини ҳам тайёрлаяпти.
Музей ўз олдига дастурлар ва коллекцияни кенгайтириш, узоқ муддатли истиқболда эса ўз маконини янгилаш (яъни, таъмирлаш) вазифасини қўймоқда. Бино таъмирга муҳтож: конструкцияларни мустаҳкамлаш, муҳандислик тармоқларини янгилаш, фасадни қайта тиклаш, ташриф буюрувчилар ва ходимлар учун янада қулай шароитлар яратиш зарур. Шунингдек, кўргазма залларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳам режалаштирилган.

Музейнинг узоқ муддатли режалари реставрация йўналишини мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Яқинда музей жамоасига штатдаги реставратор — ёш мутахассис қўшилди, раҳбарият унинг Европадаги етакчи мактабларда таҳсил кўриб қайтиши учун имконият излаяпти. Бундай тажриба музейда коллекцияни сақлаш учун тўлақонли базани яратиш ҳамда рангтасвир ва графика асарларига профессионал ғамхўрликни таъминлаш имконини беради.
Музей ривожлантирмоқчи бўлган алоҳида йўналиш — аукцион залини яратиш. Ғоя амалиётдан келиб чиққан: рассомлар кўпинча ўз асарларини галереяга олиб келиб, кўргазма пайти савдо қилиш мумкин бўлган жой ташкил этилишини ҳам хоҳлайди. Бу муаллифлар учун ҳақиқий қўллаб-қувватлаш бўлиб, уларга ижоддан даромад олиш имконини беради ва, шу билан бирга, шахсий ҳамда музей коллекцияларини тўлдиришга ёрдам беради. Лойиҳа ҳозирча тайёргарлик босқичида, аммо келажакда у Урганч маданий ҳаётининг муҳим қисмига айланиши мумкин.

«Музейимиз аввало омманинг севимли маскани бўлишини истаймиз. Унинг бутун фаолияти шаҳар аҳлига қаратилган ва улардан муҳаббатимизга яраша жавоб олишимиз муҳим. Вазифамиз — маданий тадбирлар орқали яхши кайфият ва муҳаббат улашиш ҳамда барча ижтимоий гуруҳлар учун мулоқот майдонини яратиш. Санъат одамларни жипслаштириши, ҳамма учун очиқ бўлиши ва уни қадрлашга тайёр бўлганлар билан доимо ёнма-ён бўлиши керак», — дея хулоса қилади Ширин Тошева.
Музей ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача, айрим кунлари эса 22:00 гача очиқ. Кириш ўзбекистонликлар учун — 15 минг сўм, хорижлик меҳмонлар учун — 25 минг сўм. Музей Урганч шаҳри марказидаги Ўзбекистон кўчаси 21-уй манзилида жойлашган.
Музейнинг Instagram’даги саҳифаси
Материал Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланган
Матн муаллифи: Фарзона Ҳамидова
Фотосуратлар муаллифи: Азамат Маткаримов.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли.
Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан
ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda