Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Маҳаллалар мусиқаси
Урбанист Искандар Солиев билан Андижон бўйлаб сайр
«Газета» Yandex Music билан «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар урбанист Искандар Солиев билан Олтинкўл тумани ва Андижон шаҳрини айланиб, мазкур ҳудудлар инфратузилмаси, парклар, пиёдаларни қийнаётган муаммолар ва урбанистика ҳақида гаплашдик.
«Газета» Yandex Music билан «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар урбанист Искандар Солиев билан Олтинкўл тумани ва Андижон шаҳрини айланиб, мазкур ҳудудлар инфратузилмаси, парклар, пиёдаларни қийнаётган муаммолар ва урбанистика ҳақида гаплашдик.
Ўзбекистон шаҳарларининг шаҳарсозлик ва инфратузилмавий масалаларига бефарқ бўлмаган кўпчилик учун урбанист Искандар Солиев исми таниш. У жамоатчиликнинг фаол бир вакили сифатида нафақат Тошкент, балки бошқа ҳудудлардаги «снос»лару тартибсиз қурилишларга мунтазам муносабат билдириб келади. Албатта, у фақат танқидчи эмас — ютуқларни ҳам кўради, яхши ўзгаришларни эътироф этади, қуруқ танқид билан чекланмай, ечимлар беради, таклифларни ўртага ташлайди.
Искандар Тошкентда доимий истиқомат қилса-да, суҳбат учун унинг болалиги ўтган Андижондаги маҳаллаларга сафар қилдик.
Чинорларсиз қолган кўчалар
Искандар Солиев билан Олтинкўл тумани марказидаги у туғилиб ўсган, Андижон аэропортидан ярим соатлик масофада жойлашган хонадонда кўришдик. Ҳовли саҳнидаги турнақатор терилган расмлар эътиборимизни тортди, муаллифига қизиқдик.
«Бу расмларни бир пайтлар ўзим чизганман. У вақтларда Избоскандаги Тўрткўл қишлоғида жойлашган Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўқирдим. Аям буларни уйимиз ертўласида хазинадек асраб-авайлаб келади. Ҳар бир она ўз фарзанди уддалаган ҳар қандай иш билан доим бошқаларга мақтаниб, ғурурланишни истайди, бу табиий ҳол. Шу боис аям бугун сизлар учун ҳам кичик кўргазма уюштирди», — дея кулади суҳбатдошимиз.

Искандар мактаб-интернатни тамомлагач, Киев миллий архитектура ва қурилиш университетига ўқишга кирган. Магистрлик даражасини ҳам ўша ерда олган, сўнг бир муддат Украинада ишлаган.
«Урбанизм — шаҳарларни ўрганадиган фан. Шаҳар ҳам организмдек гап. Унга қанчалик эътибор қаратиб, яхши ривожлантирсангиз, шундагина соғлом бўлади, яшаш учун қулай маконга айланади. Бунда урбанистларнинг роли муҳим. Бироқ бу соҳанинг Ўзбекистондаги келажаги бироз ўйлантиради. Чунки бизда урбанистларга эҳтиёж сезилмайди. Аммо урбанизм ҳар қандай давлат учун, айниқса, Ўзбекистондек ривожланаётган мамлакатлар келажаги учун жуда зарур», — дейди у.
Урбанизм умуман Ўзбекистонга, хусусан, Олтинкўлга ҳам керак. «Уйимиз туман марказида бўлганлиги учун катта йўл ёқасида футбол ўйнардик, алоҳида майдон йўқ эди. Ҳозир ҳам ёшларни бир нуқтага жамлайдиган жойлар деярли йўқ», — дейди суҳбатдошимиз. Расман туманда 400 минг аҳоли яшайди, дейилади; кўпчилик қишлоқ хўжалиги орқали тирикчилик қилади. Аммо, Искандар Солиевнинг таъкидлашича, Россия, Жанубий Кореяга бориб ишловчилар ҳам сезиларли кўп.

«Ўзбекистоннинг исталган шаҳрига борсангиз, у ерда пиёдалар учун шароит йўқ, маҳаллий раҳбарлар учун бу охирги ўриндаги масала. Олтинкўлда ҳам аҳвол шу, мана, туман почта боғламаси олдидаги мана бу тротуар неча замондан бери шундай хароб аҳволда. Умуман, Олтинкўлда емакхоналар, дорихоналар ва ўйин клубидан бошқа ҳеч нима йўқ. Ваҳоланки, аҳолини йиға оладиган ва уларга маданий ҳордиқ чиқариш имконини берадиган кутубхоналар, музейлар, (кино)театрлар ҳам керак».
«Кичкиналигимда ўртоқларим билан Playstation ўйнардик, спорт залига бориб, кураш сирларини ўрганардик. Олдин марказдаги катта кўчанинг икки тарафида қуёш нурини ерга туширмайдиган даражада баланд чинорлар бўларди. Ҳозир чинорлар йўқ, кесиб ташланган. Умуман, Олтинкўлда яшил ҳудудлар етишмайди. Эътиборга молик соҳилбўйи ҳудудлари бор, аммо улардан оқилона фойдаланилмайди».
«Бу болалигим ўтган болалар боғчаси — 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти. Илгари боғчага олиб борадиган кўча ҳам соя тушмайдиган даражада серчинор эди, дарахтли арка эди гўё. Афсуски, бу ерда ҳам чинорлар қолмаган.

Боғчанинг ўзида мен қатнаган даврдан бери деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Мана бу майдонча ўрнида илгари иморат бўларди, худди зоопаркка ўхшар, унда турли жониворлар парвариш қилинарди. Қолгани — ўша-ўша.

Боғча олдидаги мана бу қавариқ пиёдалар ўтиш жойини қаранг-да энди: бу ҳам ҳисобот учун, қўл учида қилингандек. Ахир пиёдалар ўтиш жойининг бир тарафи панжара билан тўсилган бўлиши, йўлдан ўтаётган одам панжарага бориб урилиши керак эмас-ку!»
Боғчани кўрдик, аммо Искандар 1-синфга чиққан тумандаги 1-мактабга кира олмадик. Мактаб дарвозаси олдидаги қоровул директор ичкарида бўлган вақтда мактаб ҳудудига бегоналар — собиқ битирувчи бўладими, урбанистми, журналистми, ундан каттасими, фарқи йўқ — кириши мумкин эмаслигини баҳона қилиб, бизни ўтказмади.

Начора, зоримиз бору, зўримиз йўқ, дея туман истироҳат боғига яқин масофа орқали йўл олдик. Қизиғи, бунинг учун туман ҳокимлиги биноси олдига ўрнатилган панжараларнинг тешигидан ўтишимизга тўғри келди.

«Ҳокимлик олдидаги бу панжаралар ақлимни таниганимдан бери бор. Ҳар куни шу иккита тешикдан юзлаб одамлар уёқдан буёққа ўтади. Раҳбарлар халққа яқин ва очиқ бўлишни истаса, биринчидан, бу панжараларни олиб ташлаши керак, деб ўйлайман. Кейин, бундай панжаралар ҳудуд чиройига ҳам доғ туширади».
«Ҳокимликнинг орқа тарафида катта кураш зали бўларди. Бошланғич синфда ўқиган пайтларим қатнаганман. Унинг олдида стадион, бассейн ва кинотеатр ҳам бор эди. Стадионни бузиб, ўрнига «дом» қуришди, ҳозир одамлар яшаяпти. Мана бу қурилиш бўлаётган бино ўрнида эса кинотеатр бўларди, уни ҳам бузишибди…»

Бузилиб кетган кинотеатрга Искандар билан бирга ачиниб турган вақтимиз, шу ердаги янги қурилган «дом»да яшашини айтган бир эркак камера кўтариб юрганимизга қизиқиб, нима иш қилишимизни сўради (муаммоларни ҳал қилувчи «сеҳргар блогер», деб ўйлади шекилли).
Кимлигимизу нима қилиб юрганимизни билгач, муаммоларни санай кетди: ««Дом»имиз жуда яхши жойда: ҳокимлик олдимизда, марказга бир қадам. Аммо канализация муаммоси бор — махсус машина ҳар замонда бир келиб, тортиб кетади. Сув яхши, газ энди уланяпти. Уй атрофида дам олиш жойлари, ҳатто болалар майдончаси ҳам йўқ…».
У «дом»идаги муаммоли ҳолатлар қандай ҳал қилиниши кераклигига Россиядан мисол келтира берди, чунки ўзи Россияда ишларкан, фақат икки йилда бир Олтинкўлга қайтаркан: «Россиядаги «дом»ларнинг канализациялари, газ-светларини кўринг, мазза қилиб яшайди одамлар… Россияда домлар олдида парклар, кинотеатрлар, шахмат-шашка, теннис ўйнайдиган жойлар кўп».
Гапининг охирида шундай деди: «Бизда ҳам шундай жойлар, шундай шароитлар бўлиши керак. Дам олиш ҳудудлари бўлса, биз ҳам вақтимизни телефонга термулиб ўтказмай, оилавий ҳордиқ чиқарардик».

Афтидан, муаммолар урбанизмдан узоқ одамларни ҳам урбанистга айлантириб қўяётгандек. Бу ҳам яхшиликка бўлса керак.
Абгор боғ
Олтинкўл туманида битта истироҳат боғи бор. Бир вақтлар куну тун одамлар билан гавжум бўлган парк ҳозир абгор аҳволда — буни мутахассис бўлмаган одам ҳам бир қарашда сезади. Шунинг учун ҳам бугун бу ерга ҳеч ким кирмайди.

«Ёшлигимда Мустақиллик, Наврўз байрамларида чекка қишлоқлардан ҳам одамлар ёпирилиб келарди. Бу ерда теннис корти, аттракционлар бўларди. Афсуски, унинг ҳозирги аҳволи жуда ачинарли. Кўп дарахатлар, айниқса, чинорлар қуриб кетибди… Қаранг, боғ ёнидан сой ўтган — соҳил бўйларини ҳам ривожлантириб, қанчадан қанча аҳолини бу ерга дам олиш учун жалб қилиш мумкин».
«Парк фақат темир-терсакдан иборат бўлиши керак эмас. Иложи борича аттракционсиз бўлиши зарур. Одамларга сокин сайилгоҳлар ҳам керак».
«Аслида расмийлар аҳолига турли кўринишдаги паркларни таклиф қилиши керак, одамларда танлаш имкони бўлсин: ким хоҳласа ишдан чарчаган вақти ёки оиласи билан шунчаки вақт ўтказиш учун сокин паркка бориб, ҳордиқ чиқарсин, бошқа биро фарзанди ё набираси билан аттракционли паркка борсин. Аммо ҳозир ҳеч қандай танлов йўқ».
«Туман маркази — кичик ҳудуд, уни зўр ривожлантириш мумкин. Лекин 30 йил мобайнида бу жойлар сезиларли ўзгармади», — дейди Искандар Солиев.
У бунинг сабабини ҳокимларнинг сайланмаслигида кўради. Унинг фикрича, агар ижро ҳокимияти масъуллари халқ халқ томонидан сайлана бошласа, эҳтимол, шундан кейин сайловчиларнинг, хусусан, жамоат маконлари бўйича эҳтиёжлари ҳам инобатга олина бошлайди.
Олтинкўл боғига киришдаги чиройли мозаика
«Ҳозир аҳоли тирикчилик ташвиши билан банд. Кўпчилик чет элда меҳнат муҳожири. Шу боис аксарият одамлар шаҳарсозлик, инфратузилма деган нарсалар ҳақида жиддий ўйлаб ҳам кўрмайди. Ваҳоланки, урбанизация даражаси қанчалик ошса, ҳудуд ривожланади, ҳудуддаги аҳолининг билими ортади, дунёқараши кенгаяди. Билим ортгани сайин, консерватив қарашлар ҳам камаяди».
Яшиллик ва жамоат транспорти муаммоси
Олтинкўлда бошланган суҳбатимиз Андижон шаҳрида давом этди. Ўзи Олтинкўлни Андижоннинг йўлдош-шаҳарчаси ҳам дейишади — худди бир вақтлар Сергели Тошкентнинг йўлдоши бўлганидек. Андижон аэропорти ҳам, Андижоннинг Эски шаҳари ҳам Олтинкўлга жуда яқин. «Кўпчилик Олтинкўлни ҳам шаҳар, деб ўйлайди. Лекин шаҳар мақоми йўқ бу жойнинг. Аросат бир туман», — дея тушунтиради Искандар Солиев.

«Олтинкўлдан фарқли ўлароқ, Андижоннинг шаҳар мақоми бор, ишлаб турган парклари ҳам йўқ эмас. Аммо муаммолари, дарду ташвишлари барибир Олтинкўлникига ўхшаш.

Андижон XX аср бошидаги кучли зилзилалардан сўнг тарихий қиёфасини йўқотган. Аммо эски шаҳардаги қадимий кўчалар топологияси қисман сақланиб қолган. Энди у жойларни, шу вақтгача омон қолганларини, консервация қилиш йўли билан сақлаб қолиш керак. Чор Россияси даврида қурилган европача услубдаги бинолар ҳам камайиб, йўқолиб кетяпти. Уларни ҳам асраб қолиш керак, ахир бу ҳам тарих.

Андижоннинг янги даврдаги қиёфаси эса бошқа шаҳарларимизники билан бир хил, дейиш мумкин. Чунки хитойча материаллар аралаш бинолар бутун Ўзбекистон бўйлаб қурилган ва қурилмоқда. Андижон шу жиҳатдан ҳам ўзига хослигини йўқотган. Айниқса, Андижоннинг урбанистик тажрибасини Фарғона водийсидаги бошқа шаҳарлар билан фарқлаш қийин. Бахтга қарши, Ўзбекистондаги «урбанистик ечим»лар copy-paste функциясига эга, яъни бир жойда бир нарса қилинса, у кейин бошқа ҳудудларга ҳам кўчирилади. Лекин ҳаммаси бир вақтда тартибсиз, режасиз ривожланади».
«2024 йил кузида Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғи билан бўлган можарони эслай олсангиз керак. Анча муҳокама бўлганди ўшанда. Боғ ичида ишбилармонлик маркази, кўп қаватли турар жойлар қуришмоқчи эди. Жамоатчилик норозилигини билдиргач, қурилиш бўлмайди, дейишди. Қурилиш бўлмаслигини эшитганимда қувонгандим, чунки Андижонга бундай парклар жуда керак. Ҳозир шаҳарда учтагина — Навоий боғи, Пушкин номли болалар боғи ва экопарк бор, холос. Бир неча юз минг аҳоли яшайдиган шаҳар учун бу жуда кам».
«Аслида парклар инсоннинг жисмоний ва ижтимоий саломатлигига катта таъсир кўрсатади. Одам фақат ишламайди-ку, тўғрими? Сиз иш кунлари тушликдан сўнг бироз пиёда юришингиз ёки ишдан ташқари оила билан вақт ўтказишингиз мумкин. Мисол учун, парк уйингиз атрофида бўлса, иш ё ўқишга у орқали бориш ёки қайтишингиз мумкин. Шунингдек, яқинлар билан пикник уюштириб, ҳордиқ чиқарасиз, тонгда ёки кечқурун паркда югурасиз ёҳуд у ердаги спорт майдончасида машқлар қиласиз».
«Паркми, у ҳолда аттракциони ҳам бўлиши шарт», деган қараш тўғри эмас. Дунёнинг аксарият ривожланган шаҳарларида аттракционли парклар шаҳардан ташқарида жойлашган ва унга етиб бориш учун алоҳида жамоат транспорти ҳам йўлга қўйилган».
«Улкан савдо маркази, Диснейлендга ўхшаш катта мажмуалар шаҳар марказида битта, бир-бирига яқин нуқталарда қурилса, тирбандликларга сабаб бўлади. Масалан, Тошкентдаги Magic Сity ёки Tashkent Сity Mall’га қаранг — уларнинг атрофи деярли ҳар доим тирбанд, чунки у ерга жуда кўп одам боради. Шунинг учун ҳам шаҳар ичида йирик савдо марказлари, аттракционли парклар қурилишига қаршиман.

Паркларга пул келтирувчи тадбиркорлик субъекти сифатида қарашни тўхтатиши керак. «Одамлар кўп келяпти, лекин улар нега пул ташлаб кетмаяпти?», деган тушунча жуда нотўғри. Парк, бу — ижтимоий лойиҳа. Афсуски, аксарият аҳоли парклар уларнинг ҳаётида муҳим ўринга эгалигини англаб етмайди. Шунинг учун ҳам кўпчилик парклар ҳудудининг қисқаришини ёки парк ҳудудида қурилишлар олиб борилишини жим кузатади.

Сезган бўлсангиз, Андижон шаҳрининг ҳавоси тоза эмас. Осмонга қарасангиз, мовий рангни кўрмайсиз. Пастки қатлам ҳар доим кулранг, тоғлар ҳам яхши кўринмайди. Бу ерда ҳавонинг ифлосланишига таъсир қилувчи бир неча омиллар бор, албатта. Масалан, Андижонда яшиллик жуда кам. Бутун шаҳарда учтагина парк бор, холос. Улар ҳам ҳавасли қиларли даражада сердарахт эмас».
«Ваҳоланки, 10 йиллар аввал ҳам Андижон яшилроқ эди. Кўчаларни кенгайтириш, кўп қаватли бинолар қуриш баҳонаси билан чинорлар, кўп йиллик катта дарахтлар ёппасига кесилди. Лекин бу ишларни дарахтларни кесмай ҳам уддаласа бўларди. Мисол учун, кўчани кенгайтириш ўрнига жамоат транспортини тартибга солиб, ривожлантирса бўларди. Ҳар қалай, у вақтда эскирган бўлса-да, автобуслар ва транспорт тугунлари бор эди. Аммо бор инфратузилма ҳам ўлдирилди.

Яқин вақтдан бошлаб шаҳар жамоат транспортида янги автобуслар қатнай бошлади, аммо бу жуда кам. Қаерга қараманг, ҳаммаёқда «Дамас» ё «Газель» маршурткалари. Аслида бу борада комплекс ёндашув, транспорт тизими учун алоҳида мастер-планлар зарур. Чунки автобусдан бошқа муқобил транспорт турларини ҳам жорий қилиш мумкин. Айниқса, Андижондек компакт, ихчам шаҳар учун трамвай — зўр ечим».
«Шаҳарнинг қай даражада ривожлангани ва одамларга қулайлигини у ердаги жамоат ҳожатхоналаридан ҳам билиб олиш мумкин.

Тоза ё ифлослиги, пуллик ёки бепуллиги муҳим эмас, асосийси, улар қанча — кўпми, камми? Бу ҳам долзарб муаммо. Жамоат ҳожатхоналари камлиги боис одам ё бозорга, ё бирор кафега киришга мажбур бўлади. Кўчада юрган вақтингиз бурнингизга нохуш ҳидлар урилади. Навоий боғида учта ҳожатхона бор экан — бу яхши, албатта. Лекин шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам жамоат ҳожатхоналари кўпайтирилиши керак. Ҳожатхона ҳам ижтимоий лойиҳа».
Панжаралар, пиёдалар учун ерости ва ер усти йўллар
Искандар Солиевнинг «Ўзбекистон шаҳарларида «урбанистик ечим»лар copy-paste қилинади» деган гапини тасдиқловчи ҳолатга, кўп ҳам юрмай, Андижоннинг ўзидан мисол топдик. Бир муддат аввал Тошкентда кўчалар ўртасидаги бир неча йил аввал олиб ташланган ажратувчи тўсиқларни қайтадан ўрнатиш бошланган эди. Андижонда ҳам марказий, гавжум кўчалар ўртасига «еврозабор»лар қўйиб чиқилганини кўрдик.
Андижонда ҳам йўл ўртасига панжара ўрнатиш яна урфга айланди. Тўғриси, масъулларнинг бу борада қандай мантиққа суянишини ўйлаб, ўйимга етолмай, асабларим бузилиб кетади. Кўча ўртасига панжара ўрнатилса, одамлар йўлни исталган жойдан кесиб ўтолмайди, пиёдалар ўлими ҳам камаяди, деб ўйлашса керак. Лекин ЙТҲлар айнан қаерда бўляпти, пиёдалар айнан қаерда кўпроқ ҳалок бўляпти — буни кўрсатиб берувчи статистика, очиқ маълумотлар йўқ-ку. Маълумотлар очиқ бўлса, таҳлил қилиш ҳам, ечим бериш ҳам осонлашарди. Урбанист шаҳарни ўрганиши ва таклиф тайёрлаши учун ҳам айнан кўп маълумот керак.

Панжаралар ўрнатилгани билан тирбандлик, ЙТҲ ва йўллардаги ўлимлар сони камаймайди. Ўртаси панжара билан ажратилган кўчада кетаётган ҳайдовчи ўзини хавфсизроқ ҳис қилади, йўлга одам чиқиб қолмайди, деб ўйлаб, тезликни оширади. Бу — катта хато. Одам гавжум жойда хавфсизлик масаласи биринчи ўринда бўлиши керак. Панжара ўрнатилгач, пиёдалар ўтиш жойлари кўпайтирилиши керак, масалан, ҳар 50 ё 150 метрда пиёдалар ўтиш жойлари бўлиши керак, токи одамлар йўлни кесиб ўтишга қийналмасин. Шунда ҳайдовчи ҳам тезликни оширмайди.
Искандар Солиевнинг пиёдалар учун жон куйдириб гапиришининг сабабларидан бири унинг ўзи ҳам пиёда эканлиги билан боғлиқ бўлса керак. Шунинг учун ҳам пиёдаларни қийнаётган муаммоларни яхшироқ билади, уларнинг дардини ичидан ҳис қилади.

«Баъзида велосипедда юришим мумкин, лекин машина ҳайдашга қизиқмайман», — дейди.
Андижондаги пиёдаларнинг ҳаётини қийинлаштирадиган ишлар қилинаётганини кўрганида, аччиқланади. Масалан, Андижон тиббиёт институтининг Навоий шоҳ кўчасидаги академик лицейи олдида ерости йўли қурилганидан у хурсанд эмас.

«Шаҳар ичида бундай ерости ўтиш жойлари бўлмаслиги керак. Бу пиёдаларнинг ҳуқуқларини чеклайди ва уларнинг ҳаракатини қийинлаштиради. Айниқса, ногиронлиги бор шахслар, кексалар ва ёш боласи бор аёлларга қийин. Қаранг, ҳатто пандуси ҳам йўқ. Ичи қоронғу — бу эса жуда хавфли ҳолат.

Ўрнига светофор билан тартибга солинган пиёдалар ўтиш жойи ташкил қилинганида эди — энг осон ва қулай ечим ҳам шу аслида — одамларга қулайроқ, харажати ҳам каррасига камроқ бўларди. Ер усти пиёдалар ўтиш жойлари (пиёдалар кўприклари) ҳақида ҳам худди шундай фикрни билдириш мумкин».
Масалан, Эски шаҳардаги «Ўзбегим» савдо мажмуаси яқинида ёки Янгибозордаги «Мумтоз» савдо комплекси ёнида қурилган ер усти пиёдалар ўтиш жойларини олайлик. Янгибозордагиси кечаю кундуз одам гавжум жойда қурилган, чунки бу кўприкнинг бир тарафида деҳқон бозори бор. Аммо бу кўприк шу жойдаги тирбандлик муаммосини ҳал қилгани йўқ. Аксинча, тескари таъсир қилди: кўпчилик бу кўприкка чиқмайди, чунки жуда баланд қурилган, чиқиб-тушиш қийин, пандус йўқ. Шу боис ёш болалилар, нуронийлар, светофорга қараб, йўлни кесиб ўтаверади.
Афсуски, Андижон ҳозир кўпроқ автомобиллар учун мослаштирилган шаҳар бўлиб қолди; пиёдаларнинг устуворлиги энг охирги ўринда.
«Масъуллар, хусусан, ҳокимлар биринчи галда аҳолини, жамоатчиликка қулоқ тутиши керак. Кўп раҳбарлар танқидни кўтаролмайди ёки эшитишни истамайди. Эшитгани билан барибир ўз билганидан қолмайди, охир-оқибат унинг қарорларидан аҳоли қийналади. Шунинг учун ҳам мутахассисларни доим эшитиш керак. Шаҳарсозликка оид лойиҳаларга урбанист, эколог, архитектор каби соҳа усталарини жалб қилиш, уларни тинглаш ва фикр-мулоҳазаларини эътиборга олиш зарар қилмайди».
Искандар Солиев сайр қилишни тавсия этади
Искандар Солиев тинглашни тавсия этади

Матн: Миролим Исажонов.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли.

Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda