Тошкентда Сталин даври ампир услуби
Меъморчиликдаги дабдаба шаҳар қиёфасига қандай таъсир кўрсатган?
Сталин даври ампир услуби — XX асрнинг сиёсий восита сифатида вужудга келган энг таниқли меъморий шакллардан бири. Тадқиқотчи Рушена Семиногова Gazeta учун ёзган шарҳида унинг маҳаллий ўзига хослиги ҳамда Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари визуал ўзига хослигига таъсири ҳақида ҳикоя қилади.
Сталин даври ампир услуби — XX асрнинг сиёсий восита сифатида вужудга келган энг таниқли меъморий шакллардан бири. Тадқиқотчи Рушена Семиногова Gazeta учун ёзган шарҳида унинг маҳаллий ўзига хослиги ҳамда Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари визуал ўзига хослигига таъсири ҳақида ҳикоя қилади.
Меъморчилик — нуқул девор ва томлардангина иборат эмас. У ўз даврининг ғоялари сингдириладиган хотира шаклидир. XX асрда Совет Иттифоқида энг таниқли меъморий шакллардан бири Сталин даври ампир услуби бўлди. У классицизмга хос дабдабали шаклларни давлатнинг вазифалари: интизом, қудрат ва келажакка ишончни намойиш этиш билан боғлайдиган шакл эди.
Тошкент, 1947 йил. Шота Руставели кўчасидаги турар жой мажмуаси.
Меъморлар: А. Беспрозванний ва М. Шаронов (1938 йил).
Сурат муаллифи: М. Гер.
Тошкентда бу услуб шунчаки ўрнашиб қолмади — у шаҳар қиёфасининг муҳим қисмига айланди. 1930, 1940 ва 1950 йилларда бу ерда баланд пешайвонли, нақшинкор пештоқлар, кенг зинапоялар ва симметрик фасадга эга ўнлаб бинолар қад ростлади. Иссиқ иқлимда, соя-салқин кўчалар ва ариқлар орасида бу бинолар айниқса салобатли кўринарди. Колонналарнинг қатъий тизими, тафсилотларга эътибор ва шаҳар маконининг ушбу бинолар шакллантирадиган ўзига хос «томошабоплиги» жиҳатидан уларни бугун ҳам бир қарашда таниб олиш мумкин.
Шуҳратпарастлик ва вертикаллар услуби: СССРда Сталин даври ампир услуби
Сталин даври ампир услуби 1930 йилларда пайдо бўлиб, энг гуллаб-яшнаган вақти 1940−1950 йилларга тўғри келади. Бу классик меъморчилик тилида «сўзлаган», лекин бу шаклларга замонавий маъно юклаган услуб эди. Бундай бинолар шунчаки чиройли бўлишининг ўзи етарли эмасди. Улар таассурот қолдириши, хулқ-атворни шакллантириши, шаҳарликлар билан ҳокимият номидан сўзлашиши муҳим эди.

Услубнинг асосини академик неоклассицизмдан ўзлаштирилган унсурлар ташкил этган: аниқ композиция, мутаносиблик, йирик колонналар тизими, ифодали кириш қисми. Бунда ўша даврнинг энг замонавий материалларидан фаол фойдаланилган.
Чумчуқ (Воробьёви) тепаликларидаги Москва Давлат университети биноси, 1958 йил.
Манба: РИА «Новости».
Москва «осмонўпарлари» — 1940 йиллар охири — 1950 йиллар бошида қурилган еттита минора Сталин даври ампир услубининг рамзига айланди. Улардан энг машҳури — Чумчуқ тепаликларидаги Москва давлат университети биносидир (меъморлар: Борис Иофан, Лев Руднев ва бошқалар). Айнан Москва намуналаридан бутун Иттифоқ бўйлаб ўхшаш эстетикада қурилиш тўлқини бошланди: монументал, бироқ минтақавий туслар билан. Республикалар, жумладан, Ўзбекистон учун бу эстетика ўзига хос қиёфа касб этди. Бу шунчаки «пойтахт» тилини кўчириш эмас, балки уни иқлим, анъаналар ва маҳаллий шаҳар тажрибасига мослаштириш эди.

Лойиҳалаш ишлари марказлашган ҳолда олиб бориларди. Москва нафақат ғояларни, балки намунавий ечимларни ҳам тасдиқларди. Бироқ амалда маҳаллий ташаббуслар тобора кўпайиб борди ва айнан улар кўпинча энг таъсирчан бўлиб чиқди.
реклама
реклама
Маҳаллий синтез ва бадиий мослаштириш
Ўзбекистонда Сталин даври ампир услуби — фақат Москвадан ўзлаштирилган услуб эмас. У умумдавлат мафкурасининг бир қисми сифатида вужудга келганига қарамай, бу ерда ўзига хос хусусият касб этди. Меъморлар шакллардан нусха кўчирар экан, классикани маҳаллий анъаналар: нақшлар, материаллар, миқёс билан уйғунлаштиришга интилди.

Масалан, ёрқин қоплама материаллардан фойдаланиш нафақат эстетика, балки қуёш тафтини қайтариш амалиёти билан ҳам боғлиқ эди. Кенг карнизлар, айвонлар, оралиқ галереялар иқлимга хос қизиб кетишдан ҳимоя қилиш вазифасини бажарарди. Фасад пластикасига кўпинча маҳалла анъанавий меъморчилигига хос бўлган панжаралар киритиларди. Шу боис Ўзбекистондаги Сталин даври бинолари бегона эмас, балки маҳаллий меъморий тўқиманинг узвий қисми сифатида кўринади.
Тошкентдаги Темирйўлчилар маданият саройи. Меъмор: А. Павлов (1939 йил).
Фото: Г. Гер, 1940 йил, декабрь.
Ўзбекистонда Сталин даври биноларини безашда минтақанинг ислом меъморчилигига хос бўлган кошинкорлик, сталактит гумбазлар (муқарнаслар), рангли нақшлар, тимпан ва айвонлар мотивларининг қўлланилганини кузатиш мумкин. Бу унсурлар услубий «безак» сифатида эмас, балки «халқлар дўстлиги» ва «мазмунан пролетар, шаклан миллий» маданият ҳақидаги мафкуравий жиҳатдан муҳим тушунчанинг бир қисмига айланди.
Тошкент, 1937−1939 йиллар. Навоий кўчасидаги «Ватан» кинотеатри олдидаги тўсиқ.
Кинотеатр лойиҳасининг меъморлари: А. Сидоров ва Н. Тимофеев.
Лойиҳалаш ва қурилишда йирик иншоотларга раҳбарлик қилиш учун таклиф этилган меъморлар ҳам, Ўрта Осиё политехника институти Тошкент архитектура факультети (кейинчалик Тошкент архитектура-қурилиш институти)ни тугатгач, малакаси ошган маҳаллий мутахассислар ҳам иштирок этган. Улар орасида А. Мухамедшин, Б.Г. Трофимов, М.С. Булатов, Л.Г. Караш, В.Г. Архангелский ва бошқалар бор эди. Уларнинг кўпи бутун бошли услубий йўналишларни шакллантирган.
Ўзбекистонда Сталин даври ампир услубидаги қурилишларнинг катта қисми нафақат пойтахтда, балки йирик саноат марказлари ва шаҳарларда: Самарқанд, Фарғона, Қўқон, Чирчиқ, Ангрен ва бошқа жойларда ҳам амалга оширилгани муҳим аҳамиятга эга. Бу ерларда ампир услубида безатилган давлат санаторийлари, маданият уйлари, вокзаллар ва маъмурий биноларни ҳам учратиш мумкин.
Илк ампир услуби.
1930 йиллар
Қатъий чегаралар доирасида ифодалиликни излаб
1930 йиллардаги дастлабки қурилишлар ҳали етук ампир услубининг дабдабасига етиб бормаган бўлса-да, конструктивизмдан чекинишни намоён этиб улгурганди. Уларнинг асосий хусусияти ифодали вазминлик эди: қатъий шакллар, симметрия, бинога «давлат қиёфаси»ни беришга дастлабки уринишлар.
Ўрдадаги Мутахассислар уйи. Навоий кўчаси, 1941 йил. Меъмор: И. Павлов (1934 йил).
Манба: Tashkent Retrospective.
Навоий кўчасидаги Мутахассислар уйи (1934 йил, меъмор И. Павлов) илм-фан ва техник элита учун мўлжалланган дастлабки бинолардан бири эди. Бу шунчаки турар жой эмас, балки баланд шифтли, пухта режалаштирилган, ички ҳовлига эга нуфузли макон эди. Бу ерда меъморчилик ижтимоий иерархияга хизмат қилади: фасад ҳашаматли бўлмаса-да, бу ерда истиқомат қилувчиларнинг аҳамиятини кўрсатиб турарди.
«Ўртаосиёкўмир» бошқармаси биноси (1937 йил, меъмор А. Сидоров) бутунлай бошқа вазифани бажаради — ўсиб келаётган саноатнинг маъмурий рамзини яратиш. Бу ерда томошабоп имо-ишоралар йўқ, бироқ кўлам аллақачон сезилади: поғонали тузилма, симметрия, деразаларнинг қатъий ритми. Бинонинг маъмурий вазифани ихчам тантанаворлик билан уйғунлаштириши ўзига хосдир.
Тошкент, 1957 йил. Тўқимачилик комбинати поликлиникаси. Меъмор: К. Бабиевский (1932 йил).
Сурат муаллифи: Я. М. Босин. Манба: «Ўзбекистон меъморчилиги» китоб-альбоми.
Тўқимачилик комбинати поликлиникаси (1932 йил, меъмор К. Бабиевский) эса, аксинча, ғамхўрлик изини ўзида мужассам этган. У тўқимачилик саноати ходимлари учун қурилган бўлиб, оддий поликлиникадан кўра курортдаги павильонга ўхшарди.
Устунли пешайвонлар, равоқли йўлаклар, кенг заллар — буларнинг бари меҳнаткашлар нафақат даволанишга, балки ҳурматга ҳам лойиқ эканлигидан далолат берарди. Бино ҳозирга қадар инсонпарварлик руҳидаги ижтимоий меъморчилик намунаси сифатида қабул қилинади.
Етук ампир услуби.
1940 йиллар
Улуғворлик эстетикаси
1940 йилларда Сталин даври ампир услуби ўзининг етуклик чўққисига етади. Бу давр бинолари империяча меъморчилик хусусиятларини тўлиқ мужассамлаштиради. Улар рамзий маънога эга бўлган даврнинг ясама безаклари ҳисобланади.
Тўқимачилар маданият саройи. Меъморлар: А. Галкин, А. Карнаухов (1940 йил).
Тўқимачилар маданият саройи (1940 йил, меъморлар А. Галкин, А. Карнаухов). Бинонинг қурилган санаси турли манбаларда турлича келтирилган. Ушбу мақолада 1983 йилги «Тошкент» энциклопедиясидаги сана кўрсатилган.

Бино меъморчилиги содда ва ихчам бўлиб, унинг тузилиши классик тамойилларга асосланган. Ярим доира шаклидаги олд фасад чизиғи бурчак майдонини шакллантиради. Перголали текис том, балконлар ва пешайвонларнинг қўлланилиши муаллифларнинг меъморчиликни иссиқ иқлим шароитидаги ҳаёт билан боғлашга интилишидан далолат беради.
Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театри (1947 йил, меъмор А. В. Шчусев) — услубнинг сўзсиз етакчиси. Режада — улкан пештоқли тўғри тўртбурчак. Колонналар қатори Рим ибодатхоналарини эслатади, лекин кириш қисми шарқона нақшлар билан безатилган. Ички безакларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинган нақшлардан фойдаланилган.
Тошкент курантлари (1947 йил, меъмор А. Муҳамедшин) — вақт рамзлари руҳидаги ёдгорлик. Минора соат ва қўнғироқ билан жиҳозланган бўлиб, қатъий вертикал композицияда безатилган. Иншоот ўлчамлари жиҳатидан камтарона бўлишига қарамай, қатъий симметрия, ифодали силуэт, ритм ва назорат рамзи сифатидаги вертикаллик ампир услубига тўла мос келади.
Бу давр ампир даврини тўла-тўкис — тантанавор, кенг кўламда, бироқ энди ўзгариш арафасида якунлайди.
Сўнгги ампир ва модернизмга ўтиш
(1950−1959)
Қоидаларнинг юмшатилиши
1950−1955 йиллар бешйиллиги Сталин даври ампир услуби етук босқичининг ниҳояси бўлди — бу даврда услуб безакдорликни йўқота бошлади, лекин улуғворлик ва мавқейини сақлаб қолди. Ушбу йиллар меъморчилиги 1940 йилларнинг мафкуравий дабдабаси ва яқинлашиб келаётган Хрушчев даврига хос функционализм ўртасида мувозанатлашди.
Чирчиққурилиш биноси, 1957 йил.
Фото: Я. Босин (Юрий Новиковнинг очиқ хатидан олинган).
КПСС Марказий Қўмитасининг 1955 йил 4 ноябрдаги «Лойиҳалаш ва қурилишдаги ортиқчаликларни бартараф этиш тўғрисида»ги қарори чиқиши билан меъморчилик сиёсати кескин ўзгарди. Давлат тежамкорлик ва функционалликни талаб қила бошлади. Шакллар соддалашди, нақшли безаклар йўқолиб, монументал кўриниш вазминлашди. Бироқ ампир услубининг таъсири яна бир неча йил сақланиб қолди.
«Чирчиққурилиш» трести бошқарув биноси (1950 йил, меъмор В. Архангелский) йирик саноат қурилишларини мувофиқлаштириш учун маъмурий марказ сифатида қурилган эди. Унинг фасади ампир услубининг қатъийлигини саноатга хос функционаллик билан уйғунлаштирган — улкан ойналар, симметрия, минимал безак. Бугунги кунда бино қисман сақланиб қолган ва қайта ихтисослаштириш учун кўриб чиқилмоқда, бу эса уни Сталин даври меъморий меросини замонавий ҳаётга мослаштиришнинг потенциал намунасига айлантирмоқда.
ИИВ поликлиникаси.
Манба: Tashkent Retrospective лойиҳаси.
Ички ишлар вазирлиги поликлиникаси (1954 йил, меъмор Б. Трофимов) биноси фасади пилястрлар билан безатилган, кириш қисми аркали пешайвон шаклида ишланган, ички хоналари гумбаз ва кессонларга эга эди. Бугун бу бино бузиб ташланган. Унинг йўқ қилиниши Тошкентдаги сўнгги ампир услубининг рамзий йўқотишларидан бирига айланди.
«Тошкент» меҳмонхонаси, 1958 йил. Меъморлар: М. С. Булатов, Л. Г. Караш.
Манба: Википедия.
«Тошкент» меҳмонхонаси (1958 йил, меъморлар М. Булатов, Л. Караш, В. Левченко) — ампир услубининг сўнгги намуналаридан бири бўлиб, унда аллақачон функционализм хусусиятлари ҳам кўзга ташланади. Бино дабдабали нақшлардан холи, бироқ қатъий симметрия, фасаднинг пластиклиги ва байрамона композиция сақланиб қолган. Бу «эскитдан қолган улуғворлик» ва стандартлаштиришнинг янги йўналиши ўртасидаги ўзига хос муросадир.
Шундай қилиб, 1950 йилларнинг охирида Ўзбекистонда Сталин даври ампир услуби ривожланиши ўз ниҳоясига етди. У ўрнини совет модернизмига бўшатиб берди, бироқ унинг мероси шаҳарлар қиёфаси ва аҳолининг хотирасида яшашда давом этмоқда.
реклама
реклама
Носталгия шаҳарсозлик кўрсаткичи сифатида
Ҳар қандай давр ўзидан нафақат бинолар, балки бўшлиқлар ҳам қолдиради. Тошкентдаги Сталин даври меъморчилиги, ўз таъсирининг кўламига қарамай, тез йўқотилди. «МХХ биноси» номи билан танилган ИИВ поликлиникасининг бузилиши (1954 йил, меъмор Б. Трофимов) бунинг энг ёрқин мисолидир.

Қониқарли ҳолатда бўлишига қарамай, бу бино эскирган деб топилди ва ўрнини тижорат иншоотларига бўшатиб берди. Лойиҳага кўра, янги қурилаётган бино, қанчалик ғалати туюлмасин, Москванинг энг машҳур «баланд биноси» — МГУни эслатади. Бузилган бино билан бирга ансамблнинг муҳим қисми ҳам йўқолди. Бу ерда контекст — бинонинг кўча ритмига сингиб кетиши, мавзе кўринишини якунлаши муҳим аҳамиятга эга эди.
Бузиш сабаблари кундек равшан: биноларнинг замонавий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, тижорат қурилишининг босими, шаҳар қиёфасини янгилашга интилиш шулар жумласидан. Бироқ бу қарорлар — меъморий изчилликнинг йўқолиши қанчага тушиши номаълум. Замонавий қурилиш кўпинча янги саҳифадан бошлашни афзал кўриб, камдан-кам ҳоллардагина ўтмиш билан мулоқотга киришишга интилади.

Тошкентдаги Сталин даври меъморчилигининг бузилишига фақат эстетик ёки функционал жиҳатдан эскирган биноларни йўқ қилиш сифатида қараш нотўғри. Гап ўнлаб йиллар давомида шаклланган тарихий шаҳар тузилмасининг яхлит қисмларини йўқ қилиш ҳақида кетмоқда. Ампир услубидаги бинолар алоҳида объектлар эмас, балки визуал, транспорт, функционал алоқа муҳитининг ажралмас қисми эди. Уларни олиб ташлаш шаҳар макони мантиғини бузади: мўлжаллар йўқолади, кўчалар ўлчами ўзгаради, мажмуалар узилади.
Комсомол кўли яқинидаги Сталин номидаги боғ (ҳозирги Magic City ва Ўзбекистон Миллий боғи)га кириш жойи. Меъмор: И. Голошчапов, 1939 йил.
Манба: «Тошкент» / С. Полупанов, Ю. Яралов (1949 йил).
Шу нуқтаи назардан, Сталин даври ампир услубини қўмсаш фақат ҳиссий реакция эмас. У шаҳарсозлик кўрсаткичи сифатида қаралиши мумкин ва керак. Бу биноларга жамоавий боғлиқлик уларнинг шаҳар ўзига хослигига сингиб кетганлигини кўрсатади.

Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги кўплаб шаҳарларда бу тушунча аллақачон шаклланиб бўлган. Тбилиси, Ереван, Минск, Олмаота ва Киевда Сталин даврига оид айрим бинолар меъморий ёдгорлик сифатида муҳофаза остига олинган. Одамлар уларни сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпти.

Ереванда, масалан, темирйўл вокзалининг жанубий фасади қайта тикланган (1956 йил, меъмор Э. Тигранян) ва бино муҳим меъморий рамз мақомини сақлаб қолган ҳолда фаол фойдаланувда.

Тбилисида Агмашенебели шоҳкўчасида 1940−50 йилларда қурилган, ампир услуби элементларига эга бир нечта турар жой ва маъмурий бинолар сақланиб қолган. Улар шаҳар марказини қайта тиклаш дастури доирасида реставрациядан ўтяпти.

Олмаотада Ҳукумат уйи (1950 йиллар, меъмор Б.Р. Рубаненко) қайта тикланди ва Қозоғистон-Британия техника университети эҳтиёжлари учун мослаштирилди.
Олмаота шаҳридаги Қозоғистон-Британия техника университети (собиқ Ҳукумат уйи).
Фото: Рушена Семиногова.
Бундай мисоллар шуни кўрсатадики, Сталин даври меъморчилиги шаҳар хотираси ва визуал узвийлигининг таянч нуқтаси бўлиб қолгани ҳолда замонавий шаҳар ҳаётига муваффақиятли қўшила олади.

Матнни Рушена Семиногова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda