«Одамлар тўй қилаётган экан, демак, дунёда ҳаммаси яхши»
«Ўзэкспомарказ» рамзига айланган мозаика тарихи
Пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да «Тўй» номли панно бор — бу мозаикалари Тошкент визуал хотирасининг бир қисмига айланиб улгурган Дилмурод Юсуповнинг энг эътиборга молик ва рамзий асари. Gazeta рассом билан унинг ижод йўли, асарлари ва шаҳар муҳитида монументал санъатнинг ўрни ҳақида суҳбатлашди.
Пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»да «Тўй» номли панно бор — бу мозаикалари Тошкент визуал хотирасининг бир қисмига айланиб улгурган Дилмурод Юсуповнинг энг эътиборга молик ва рамзий асари. Gazeta рассом билан унинг ижод йўли, асарлари ва шаҳар муҳитида монументал санъатнинг ўрни ҳақида суҳбатлашди.
Тошкент Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ХХЮК, русча ВДНХ ёки ҳозирги «Ўзэкспомарказ»)нинг кино-маъруза зали биноси фасадидаги ажойиб рангли мозаикани у ерга борганларнинг кўпи кўрган. «Тўй» панноси меҳмонларни илиқ ва байрамона сюжет билан кутиб олади. Бу шунчаки декоратив композиция эмас, балки жонли саҳна: унда мусиқа, кулги ва баҳор овози жаранг сочади. «Тўй» аллақачон шаҳарнинг меъморий мажмуаси ва хотирасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

1970 йилларнинг ўрталарида яратилган «Тўй» — Дилмурод Юсуповнинг биринчи йирик мустақил асари. Бугун Ўзбекистон монументал санъати тарихини ушбу рассом номидан айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Панно дунё юзини кўргунига қадар мураккаб йўл босиб ўтилган: бадиий кенгаш билан баҳс, одатий сополдан воз кечиб, унинг ўрнига шиша смалтадан фойдаланиш, оғир шароитларда ишлаш. Бироқ рассом санъат шаҳарда том маънода яшаши, унинг мароми ва кайфиятининг бир қисми бўлиши кераклигига ишонган.
Gazeta Дилмурод Юсупов билан рассомнинг асосий асарлари ва ижод йўли ҳақида суҳбатлашди.
Қўшиқ
Қўшиқ
Дилмурод Юсупов монументал санъатни онгли равишда танлаган. 1960 йили мактабни тамомлаб, Бенков номидаги Республика рассомчилик билим юртига ўқишга кирди ва беш йил кулолчилик бўлимида таҳсил олди. Биринчи курсдаёқ декоратив ликопчалар ёки гулдонлар эмас, балки кенг кўламли монументал композициялар унинг эътиборини тортди. У бир кун келиб асарлари кўчалар бағрига сингиб кетиши, фасадлар, интерьерларга кўрк бағишлаши ва шаҳар архитектурасининг бир қисмига айланишини орзу қилиб, сопол плиткаларда мозаикага хос сюжетлар яратди.

Танлаган йўлида Юсуповга ўқитувчилари — таниқли кулол-рассомлар Арнольд Ган, Муҳитдин Раҳимов, Игор Лимаков ва бошқалар ишонч бағишлади. Улар техник билимлар билан ўртоқлашибгина қолмай, ҳунармандчилик қандай қилиб монументал ифода учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини ҳам англатди. Ёш рассом технологияга эга бўлиш — бу ғоядан амалга оширишгача бўлган жараённи назорат қилиш эканлигини англади. Шунинг учун у бутун иш жараёнини аста-секин ўзлаштириб, лойни ўзи қорди, ўзи ишлов берди, ўзи пиширди. Келиб чиқиши жиҳатидан қадимий, арзон, табиий таркибга эга ва имкониятлари жиҳатидан чексиз ифодали бўлган сопол унинг севимли материалига айланди.

«Муаллифнинг ўзи технологияни, айниқса сополни яхши ўзлаштирса, бу аниқроқ ва ишончлироқ бўлади. Материални яхши билган ва у билан ишлай олгандагина ундан нима чиқишини чинакамига тушуниш мумкин», — дейди Юсупов.
Диплом ишига тайёргарлик жараёнида Дилмурод Одилович академик ижодкорликдан четга чиқиб, ҳақиқий ва кенг кўламли нимадир яратишга интилди. У ҳаётий қувват, байрамона кайфият ва халқ руҳи уйғунлашадиган мавзу излади. Шундай қилиб, рамзий «Қўшиқ» номини олган композиция ғояси туғилди. Композиция олти фигурали сопол панно бўлиб, унинг марказидан учта қўшиқ куйлаётган қиз жой олган эди. Уларнинг образларида нафақат мусиқа, балки ҳаётий уйғунлик, анъаналар гўзаллиги ва ички бир шодлик гавдалантирилган.

Юсупов диплом ишининг тайёр эскизини ўз илмий маслаҳатчиси — тошкентлик таниқли монументал рассом Альфред Мазитовга кўрсатди. У лойиҳада нафақат бадиий салоҳиятни, балки ҳақиқий монументал кучни ҳам дарҳол пайқади. Талабанинг истеъдодига ишонч ҳосил қилгач, Мазитов унга олдинга қадам ташлашни — ўқув ишлари билан чекланиб қолмасдан, эскизни тўлақонли санъат асари сифатида архитектура объектида гавдалантиришни таклиф қилди.

«Мен шунчаки эскизларни кўрсатишни эмас, балки сополнинг материалда қандай „жаранг сочишини“ — фактураси, ранги, ҳажмининг теранлигини намойиш этишни истардим. Шу боис, тақдимот учун панно парчасини табиий катталикда ясаб, билим юрти устахонасида пиширдим», — деб эслайди у.
реклама
реклама
Мазитов ишни Тошкентдаги Марказий универмаг (МУМ, русча ЦУМ) биноси лойиҳаси муаллифи архитектор Лев Комиссаровга кўрсатди. Эскизлар ва парчани кўрган Комиссаров ғояни дарҳол қўллаб-қувватлади. Мазитовнинг ёрдами билан Юсупов лойиҳа гуруҳига таништирилди ва «Қўшиқ»ни универмаг фасадига жойлаштириш таклифи тез орада маъқулланди. Панно учун ён томон кириш эшиги олдидаги, эсдалик совғалари бўлими қаршисида, ўша пайтларда машҳур бўлган «Ветерок» қаҳвахонаси ёнидаги девор танланди. У ернинг интерьер мозаикаси устида аллақачон рассомнинг курсдоши — кулол Юсуф Шомирзаев ишлаётган эди.

Иш тахминан бир ой давом этди. Панно учун барча элементлар Тошкент бадиий кулолчилик экспериментал комбинатида буюртма қилинди ва уларни Юсуповнинг ўзи қўлда ўрнатди. Панно халқ орасида туғилиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қўшиқнинг ўзи каби жонли ва илиқ чиқди.
«Қўшиқ» панноси (2018 йил). Сурат: Фотима Абдураҳмонова.
«Ҳимоядан бир неча кун олдин панно бўлакларидан бири ғойиб бўлди. Кейинчалик хабар топдикки, ўзимизникилардан кимдир уни девордан олиб қўйган экан — чамаси, халақит бермоқчи бўлган. Лекин мен руҳимни туширмадим. Уйимда шахсий печим бор эди, кечаси йўқолган элементни қайтадан ясаб, пиширдим. Сопол — жонли материал, шунинг учун аниқ ўхшашликка эришиш қийин. Қайта тикланган элемент ранг ва тузилиши жиҳатидан озгина фарқ қиларди, лекин бу кўзга унчалик ташланмасди. Энг муҳими, композициянинг яхлитлиги сақланиб қолди», — деб ҳикоя қилади у.

Юсупов билим юртида дипломни қоғозда эмас, балки ҳақиқий меъморчилик объектида ҳимоя қилган биринчи талаба бўлди. Унинг иши юқори баҳоланди. Паннони кўриш учун машҳур санъатшунос ва ўша пайтдаги директор Олег Апухтин ташриф буюрди. Натижани кўриб, у: «Табриклайман — асаринг институт даражасида», деган эди.
«Қўшиқ» нафақат диплом иши, балки Юсуповнинг ижодий фаолиятининг бошланиши ҳам бўлди. Бу унинг меъморий объектда монументал асар яратиш, ғоя, материал ва жамоат маконини уйғунлаштиришдаги илк йирик тажрибаси эди. Айнан шу ерда санъатининг икки асосий таркибий қисми мустаҳкамланди — чуқур кулолчилик маҳорати ва халқ анъаналаридан илҳомланиш. Панно устида ишлаш жараёнида у ҳамкасблар ва дўстлар даврасини, биринчи навбатда, Альфред Мазитовни топди. Айнан шу дўстлик туфайли тез орада янги йирик лойиҳалар амалга оширилди.

«Қўшиқ»нинг бугунги кунгача сақланиб қолган ёки йўқлиги номаълум. Қўшимча қурилишлар туфайли паннога кириш имконсиз. У жойлашган девор меҳмонхона ҳудудида. Баъзи мутахассислар меҳмонхона маъмурияти мозаикани ёпиб қўйган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади.
Қирқкокил қиз
Қирқкокил қиз
«Қўшиқ»нинг муваффақиятидан сўнг, Альфред Мазитов Дилмурод Юсуповга ноодатий таклиф билан мурожаат қилди — у ёш рассомни янги лойиҳада технолог сифатида иштирок этишга ундади. Гап Моделлар уйи (ҳозирги Premier Hall кинотеатри) биноси фасадида «Қирқкокил қиз» сопол панносини яратиш устида борарди. Композиция марказида анъанавий қирқкокилли, дўппи кийган ўзбек қизи қиёфаси тасвирланган; кейинчалик маълум бўлишича, бино меъморининг рафиқаси асар қаҳрамонига асос бўлган экан. Мазитов бадиий ғоя муаллифи бўлган, лекин ўзи кулолчиликдан бехабар бўлгани учун ўз шогирдига ғояни материалда гавдалантиришни таклиф қилган.
«Қирқкокил қиз» панноси (1970 йиллар). Сурат: Tashkent Retrospective.
«СССР Рассомлар уюшмаси лойиҳани „ифодавий эмаслиги“ учун узоқ вақт давомида танқид қилиб, эскизларни қабул қилмади. Ўша пайтда бадиий кенгаш аъзолари бошқача фикрларди: бино Моделлар уйи бўлса, демак, мозаикада ёрқин миллий либосдаги аёл қомати, намойиш саҳнаси ва байрамона кўриниш бўлиши керак. Мазитовда эса ҳамма нарса қатъий ва бир хил рангда эди — оқ фонда кўк силуэт, одатий безаклар, ёрқин жилолар йўқ. Лекин расман рухсат берилмагач, у лойиҳани мустақил амалга оширишга қарор қилди ва мени огоҳлантирди: „Гонорар ваъда қилолмайман, билмадим, қандай чиқаркин. Хоҳласанг, кел, уриниб кўрамиз“. Мен рози бўлдим», — деб эслайди Юсупов.
реклама
реклама
Лойиҳа устида ишлаш 1965 йилда бошланди. Мазитов ва Юсуповнинг ижодий жуфтлигига яна икки мутахассис — кулолчилик усталари Аҳат Аминов ва ўша пайтда Тошкент бадиий кулолчилик тажриба комбинати директори Муҳитдин Раҳимов қўшилди. Улар заводда тўлақонли иш: таркибни танлаш, лойни мустақил тайёрлаш, плиткаларни қолиплаш ва уларни пиширишни йўлга қўйишга кўмаклашди.

Материал сифатида оловга чидамли шамот массаси — 1000−1200°C юқори ҳароратда пиширишни талаб қиладиган лой асосидаги иккиламчи таркиб танланди. Шу туфайли панно мустаҳкам ва об-ҳавога чидамли бўлиб чиқди.

«Паннони ўрнатиш бошланиши билан танқидлар тўлқини кўтарилди. „Бу қандай ўзбошимчалик? Уларга ким рухсат берди?“ дея ғазабланишди бадиий кенгаш аъзолари. Мазитовга ишни дарҳол тўхтатиш буюрилди, кейинроқ эса уни Рассомлар уюшмаси аъзолигидан чиқариш масаласи ҳам кўтарилди. Лекин у таслим бўлмади. Босим, совуғу иссиққа қарамай, у ниятидан қайтмади ва бир йил давомида мозаика устида тинимсиз ишлади», — дейди Юсупов.
Панно реставрацияси (2021 йил). Сурат: Евгений Сорочин.
Кўплаб бюрократик ва техник тўсиқларга қарамай, мозаик паннони якунлашга эришилди. «Қирқкокил қиз» тез орада шаҳарнинг энг таниқли рамзларидан бирига айланди ва аҳолининг кўнглидан жой олди. Бироқ йиллар ўтиб, бу асарнинг изи ўчгандек бўлди.

Узоқ вақт давомида совет панноси йўқолган деб ҳисобланди. 2021 йилнинг июнь ойига келибгина Premier Hall кинотеатри биносини реконструкция қилиш пайтида у тасодифан алюминий панеллар қатлами остидан топилди. Кинематография агентлиги бино фасадига режалаштирилганидек экран ўрнатиш ўрнига, мозаикани тиклашга ва уни бинонинг янги меъморий қиёфасига мослаштиришга қарор қилди.
Ушбу муҳим кашфиёт Ўзбекистон монументал санъати объектларини сақлаш ва реставрация қилиш бўйича кенг кўламли ишларнинг бошланиш нуқтаси бўлди. Ташаббусга Маданиятни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги, Grace архитектура бюроси ва Рақамли ривожланиш департаментининг «Тошкент мозаикалари» лойиҳаси қўшилди. 2024 йилга келиб 40 дан ортиқ мозаик паннолар реклама конструкцияларидан халос қилинди, Миллий маданий мерос рўйхатига киритилди ва яна шаҳар маконининг диққатга сазовор жиҳатларига айланди.
Тўй
Тўй
«Қирқкокил қиз» мозаикаси устида ишлаш Дилмурод Юсупов учун шунчаки навбатдаги тажриба бўлиб қолмади, балки унинг ХХЮК (ҳозирги «Ўзэкспомарказ»)нинг бош безакчи рассоми билан танишувига ва йирик мустақил асар яратиш таклифини олишига сабаб бўлди. Моделлар уйи қаршисида тўққиз қаватли турар-жой биноси жойлашган бўлиб, у ерга рус рассоми ва монументал санъат устаси Аркадий Ставровский кўчиб ўтганди. У Моделлар уйи фасадидаги Юсупов ва Мазитовнинг мозаик асарини кўриб, қизиқиш билдирди ва ёш рассомни суҳбатга чақирди.

«У мени чақириб: „Сен ўша ерда ишлаяпсанми?“ деб сўради. Мен: „Ҳа, Альфред билан бирга“, дедим. Шунда у: „Менинг олдимга кир, таклиф бор“, деди».
Таклиф кенг кўламли бўлиб чиқди: Юсуповга Ю. П. Архипов раҳбарлигидаги москвалик меъморлар жамоаси томонидан лойиҳалаштирилган бино — ХХЮКнинг кино-маъруза залини фасадини безаш учун монументал панно эскизини ишлаб чиқиш топширилди. Асар мавзуси — Ўзбекистон халқ хўжалиги ютуқлари — нафақат маҳорат, балки мафкуравий ва бадиий вазифаларни чуқур тушунишни ҳам талаб қиларди. Ёш рассом завқ-шавқ билан ишга киришди ва бир қатор эскизлар тайёрлади. Бироқ олдинда энг мураккаб нарса — эскизни ҳар бир монументал асарни нафақат эстетик, балки мафкуравий жиҳатдан ҳам баҳолайдиган бадиий кенгаш олдида нафақат тасдиқлатиш, балки ҳимоя қилиш турарди.

Юсупов ўз эскизларини тақдим этганида, мажлисда ўша даврнинг етук рассомлари: ҳайкалтарош Қодирбек Салоҳитдинов, театр рассоми Вениамин Акузин, санъатшунос Абдулҳай Умаров ва бошқалар иштирок этган. Унинг ғоялари бирин-кетин рад этилди. Рассомдан одатий нарса — ҳужжатли аниқлик, меҳнаткашларнинг портретлари, ҳаммага таниш образлар талаб қилинарди.

«Пахтакор қани? Нега пўлат қуювчи йўқ? Тиббиётдаги ютуқлар-чи?» — дея бирин-кетин танбеҳ ва талаблар ёғилаверди.
«Тўй» панносининг рангли эскизи. Сурат Дилмурод Юсуповнинг шахсий архивидан.
Ўз ғоясини ҳимоя қилиш йўлидаги бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг, Юсуповни ҳимоя қилиш учун Абдулҳай Умаров сўз олди. Мажлислардан бирида у шундай деди: «Ёш рассомни қийнашни бас қилинг. Ахир сиз кўргазмадан фотоҳисобот тайёрламаяпсиз-ку. Гап шаҳар муҳитига мўлжалланган ва унинг бадиий маконини шакллантирадиган ифодали монументал санъат асари ҳақида боряпти. Муаллифга эркинлик беринг ва сюжетни ўзи танлашига имкон беринг!».

Бу сўзлардан сўнг бадиий кенгаш аъзолари ниҳоят Юсуповга образларни мустақил танлаш ҳуқуқини ишониб топширган. У яна ўзига яқин ва аллақачон яхши ишланган мавзуга — халқ байрамига мурожаат қилди. Асосий мотив сифатида тўйни танлади. Маиший эпизод сифатида эмас, балки ички хотиржамлик ва уйғунлик рамзи сифатида.

«Одамлар тўй қилаётган экан, демак, дунёда ҳаммаси яхши. Демак, ҳаёт ўз маромида, одамлар тўқ ва фаровон яшаяпти, юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм суряпти. Бу байрам — ҳаммага яқин ва тушунарли бўлган ўлмас мавзу», — деди у лойиҳа ҳимоясида.
ХХЮКнинг кино-маърузахонаси фасадидаги «Тўй» панноси (1974 йил). «Тошкент» фотоальбомидан сканер. Сурат Юрий Новиковнинг шахсий тўпламидан.
Юсупов танланган сюжетнинг эскизини атиги бир ҳафтада тайёрлади. Дастлаб, паннони шаҳар ҳудудида аллақачон ўзини яхши кўрсатиб улгурган сопол материалдан ясаш режалаштирилган эди. Бироқ концепцияни тасдиқлаш босқичида бу танловни қайта кўриб чиқишга тўғри келди. Бунга 1969 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Арнольд Ган томонидан Алишер Навоий шарафига бунёд этилган юбилей сопол девори билан боғлиқ муваффақиятсиз тажриба сабаб бўлди. Биринчи қишдан сўнг сир ёрила бошлади ва кўп ўтмай шаҳар ижроия қўмитаси кўча монументал ишларида сополдан фойдаланишдан воз кечиш ҳақида расмий буйруқ чиқарди.

Барча материаллар тақиқ остида қолди — очиқ муҳитдаги сопол ишончсиз деб топилди. Юсупов муқобил излашга мажбур бўлди. Уни ҳамкасби Альфред Мазитов қутқариб қолди. У монументал санъатда кенг қўлланиладиган синалган материал — шиша мозаика, аниқроғи, смалтадан фойдаланишни таклиф қилди.

«Ўша пайтда Тошкентда Владимир Куткин бошчилигидаги украиналик рассомлар гуруҳи ишлаётган эди. Улар 110-мактаб фасадида „Буюк Кобзар“ панносини тайёрлаётган эди. Уларнинг Мазитов билан алоқалари туфайли биз фасад мозаикалари учун махсус олиб келинган юқори сифатли ранг-баранг смалтадан бир неча қоп топишга муваффақ бўлдик. Мен биринчи парчаларни — йигит ва қизни — бир вақтнинг ўзида табиий катталикда жойлаштиришга эришдим. Якуний рангли эскизни тайёр парча билан бирга бадиий кенгашга кўрсатдим ва рухсат олдим», — дейди Юсупов.
«Буюк Кобзар» панноси (1975 йил). Фото: «Писма о Ташкенте».
Шундан кейин ўқитувчиси Альфред Мазитов билан бирга Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги смалта ва рангли шиша ишлаб чиқарадиган заводга боришди. У ерда энг нозик ранг ўтишларини танлашди, ҳар бир тус учун квадрат метрлар сонини ҳисоблаб чиқишди, фактурани мувофиқлаштиришди. Унинг композицияси учун махсус танланган бу палитра кейинчалик барча мозаикаларнинг асосига айланди. Беш тонна смалта Тошкентга самолётда олиб келинди — бу қимматга тушди, лекин вақт озлиги туфайли бошқа чора йўқ эди.

«Биз панно Лениннинг юбилейига бағишланган, деб айтдик, — деб эслайди рассом. — Марказий Қўмита орқали авиаташувга рухсат олдик. Бизни кутиб олишди».
реклама
реклама
Иш деярли бир йил давом этди. Ҳамма нарса қўлда бажарилди. Юсупов билим юртидаги дўстларидан кичик бир гуруҳ тузди. Ҳаммаси рассом бўлиб, ҳар бири рангни қандай ушлаш ва шаклни ҳис қилишни биларди. Лекин асосий юк муаллифнинг ўзига тушди. Панно тўғридан-тўғри териш техникасига асосланган эди — бу усулда мозаика оралиқ матрицаларсиз тўғридан-тўғри деворга терилади. Шундай қилиб, 1970 йилда Тошкентда элементларни бевосита деворга жойлаштиришга асосланган тўғридан-тўғри териш усули билан бажарилган биринчи мозаика пайдо бўлди.

«Бу жуда синчковлик ва меҳнат талаб қиладиган техника, лекин бунинг эвазига иш тозароқ чиқади. Аввал расм планшетда чизилади, плитка бўлаклари пластилин устига терилади, сўнгра биттадан деворга кўчирилади. Рассом рангни ҳам, шаклни ҳам дарҳол тўғрилаш имкониятига эга. Муаллиф ўз ғоясини ўзи амалга оширса, асар сифатли чиқади ва узоқ вақт хизмат қилади, деб ҳисоблайман», — дейди Юсупов.
«Ўзэкспомарказ» павильони фасадидаги «Тўй» панноси (2025 йил). Сурат: Евгений Сорочин.
Панно композицияси театр саҳнасидек очилиб боради: тантанали, жонли, ҳаракат ва мусиқага тўла. Кўп фигурали мозаик полотно кўз ўнгингизда анъанавий ўзбек тўйи муҳитини — қувноқ, сершовқин, егуликлар ҳиди ва халқ чолғу асбоблари садолари билан йўғрилган муҳитни гавдалантиради. Воқеа баҳорда, тўй мавсуми авжига чиққан пайтда кечади.

Паннонинг қоқ марказида анъанавий ўзбек либосидаги келин-куёв тасвирланган. Улар бир-бирининг қўлидан ушлаб, бир-бирларига салгина суянган ҳолда, шошилмай байрам дастурхони томон боради. Улар олдида раққоса билан карнай, сурнай ва доира тутган бир гуруҳ созандалар байрам шукуҳини бағишлайди, егуликка тўла патнисларни кўтарган меҳмонлар уларга қўшилади. Ёш келин-куёвдан сўнг зиёфат саҳнаси очилади: бир неча киши дастурхонга егулик тортмоқда, уларнинг қўлида мевалар солинган вазалар. Дастурхонда — серсув тарвуз, қизариб пишган нонлар, олма ва узум. Дастурхон тўкин-сочин, ҳар бир детал меҳмондўстлик ва фаровонликдан дарак. Барча образлар бир-бирининг истиқболига интилиб, умумий ҳаракат, халқ урф-одатларининг бирлиги ва гўзаллиги ҳиссини уйғотади.
Тайёр асар — узунлиги 25 метр ва баландлиги 7 метр бўлган рангли мозаика — марказий павильон билан енгил эстакада орқали боғланган бино фасадига кўрк бағишлади. Бу эстакадада байрам кунлари тантанали юришлар ўтказилган, миллий либосли раққосалар рақс тушган, мусиқа янграган. Юсупов ички бир сезги билан ҳис қилган эди: бу ердаги мозаика шунчаки ҳикоя сўзлаши керак эмас. У макон билан бирга нафас олиши, унинг ритмининг бир қисми бўлиши, архитектура ва содир бўлаётган воқеалар билан ҳамоҳанг яшаши лозим эди.

Кейинчалик мажмуа архитектураси ўзгартирилди: эстакада олиб ташланди, маърузалар зали қисман қайта қурилди. Бироқ мозаика сақланиб қолди — бу қоидаларга ҳурмат юзасидан эмас, балки уста қўл меҳнатига ҳурмат юзасидан эди.
«Жамоат маконидаги мозаика — бу, биринчи навбатда, ранг. Худди ғоя сингари. Ритм сингари. Кайфият сингари. Меъмор шакл беради, рассом эса уни урғу, нафас, ҳиссий асос билан бойитади. Монументал-декоратив санъат — шунчаки безак, фасаддаги „рангли доғ“ бўлмаслиги керак — илгари баъзан шундай қилинарди, бир хил кулранг уйларнинг тундлигини тарқатиш учун. У архитектура билан мулоқотга киришиши — уни очиб бериши, кучайтириши, тўлдириши, жонлантириши шарт. Шундагина ҳамма нарса: шакл ҳам, мазмун ҳам, макон ҳам уйғунликда ишлайди».
«Жамоат маконидаги мозаика — бу, биринчи навбатда, ранг. Худди ғоя сингари. Ритм сингари. Кайфият сингари. Меъмор шакл беради, рассом эса уни урғу, нафас, ҳиссий асос билан бойитади. Монументал-декоратив санъат — шунчаки безак, фасаддаги „рангли доғ“ бўлмаслиги керак — илгари баъзан шундай қилинарди, бир хил кулранг уйларнинг тундлигини тарқатиш учун. У архитектура билан мулоқотга киришиши — уни очиб бериши, кучайтириши, тўлдириши, жонлантириши шарт. Шундагина ҳамма нарса: шакл ҳам, мазмун ҳам, макон ҳам уйғунликда ишлайди».
Кейинги йилларда Дилмурод Юсупов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида монументал-декоратив безаш ишларини давом эттирди. 1972 йилда Ангрендаги Бахт уйи залида «Наврўз байрами» деворий суратини яратди. Бир йил ўтиб — 1973 йилда Риштондаги Марказий универмаг фасадида «Юлдуз» номли сополдан ишланган бўртма мозаика пайдо бўлди. Рассом 1977 йилдан 1979 йилгача Қорақалпоғистонда гранит ва мармардан «Ер, сув, қуёш» горельефини ишлади. Афсуски, бу асарлар бизгача етиб келмаган — бир қисми реконструкция ишлари натижасида йўқотилган, бир қисми эса бадиий ва тарихий қийматига етарли эътибор берилмагани ҳолда вайрон қилинган.

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Суратлар муаллифи — Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda