Gazeta ва Uklon ҳамкорликда бошлаган «Отамерос» лойиҳаси авлоддан авлодга ўтиб, бугунгача етиб келган, аммо замон тараққиёти билан аҳамиятини йўқотиб бораётган касблар ва тақдири шу касбларга туташ ўз ишининг усталарига бағишланади. Бу галги қаҳрамон — чанқовуз ясовчи уста Эркин Мусулмонов.
Gazeta ва Uklon ҳамкорликда бошлаган «Отамерос» лойиҳаси авлоддан авлодга ўтиб, бугунгача етиб келган, аммо замон тараққиёти билан аҳамиятини йўқотиб бораётган касблар ва тақдири шу касбларга туташ ўз ишининг усталарига бағишланади. Бу галги қаҳрамон — чанқовуз ясовчи уста Эркин Мусулмонов.
Сурхондарёга борган киши борки, албатта чўпонча ё тандир кабобдан тотиб кўради, эсдаликка эса, одатда, чанқовуз олиб қайтади. Чўпонча ва тандир гўштнинг энг зўри қаерда қилиниши — охири йўқ баҳс мавзуси. Чанқовуз-чи, унинг энг яхшиси қаерда ясалади? Масалан, бойсунлик темирчилар уни маромига етказиб тайёрлайди, дейиш мумкин.
30 йиллик темирчи, чанқовуз ясаш бўйича 10 йиллик тажрибага эга Эркин Мусулмонов энг яхши чанқовузларини чет эллик сайёҳларга 50 минг сўмдан сотган пайтлари ҳам бўлган. Ҳа, овози деярли ҳаммага таниш бўлган бу «бир парча» темир кўп ҳам қиммат эмас. Лекин, устанинг айтишича, бугун бу чолғуга эътибор ҳам, талаб анча сусайган.
Чанқовуз қандай ясалади?
Чанқовуз инсониятнинг энг қадимий мусиқа асбобларидан бири ҳисобланади, унинг энг қадимий — тўрт минг йиллик нусхалари эса Хитойнинг Шанхай вилоятидан топилган. Шундай қилиб, чангқовуз Осиёда ҳам, Европада ҳам кўҳна даврлардан бери маълум — уни нафақат мис ё бронза каби металлардан, балки суяк, қамиш, ёғочдан ҳам ясашган. Аммо бугун Ўзбекистонда уни асосан пўлатдан тайёрлашяпти. Буюртмачининг хоҳишига кўра ўлчами катта ёки кичик бўлиши мумкин, лекин асосан 15−20 сантиметр қилиб ясалади.
Чанқовуз иккита қисм — дастак ва тилдан иборат. Дастлаб пўлат кесимлари оловда қиздирилади, дастак қисмига тўрт бурчакли қилиб ишлов берилади. Тил эса юпқа ҳолга келгунча болғаланади. Дастак марказидан букилади, ўрта қисми айлана шаклга келтирилади. Марказининг юза қисми искана билан кертилади ва шу жойига овоз чиқаришга хизмат қилувчи тил ўрнатилади.
Бу вақтгача чанқовузнинг тайёр бўлган бўлакларига алоҳида-алоҳида чархда силлиқлаб ишлов берилади. Бу овоз тиниқ чиқиши учун хизмат қилади. Чанқовуз тайёр бўлгунча тўғри ясалаётганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳам уста уни вақти-вақти билан чалиб-чалиб туради. Бир вақтнинг ўзида 5−6 та чанқовуз ясалади ва узоғи икки соатда улар тайёр маҳсулот кўринишига келади.
«Ҳозирги материаллардан ясалган чанқовузлар яхши овоз чиқармайди. Шунинг учун эски металлардан топиб келамиз. 100 та чанқовузлик металл учун 200 минг сўмча харажат бўлади», — дейди шу кунгача минглаб чанқовуз ясаган уста Эркин Мусулмонов.
Темирчилик унга отасидан мерос. Бироқ чанқовуз борасида кўпроқ онаси Майрам Жабборовани устоз деб билади. Майрам аянинг отаси ҳам темирчи бўлган — ая ўсмирлик вақти отасига ҳамроҳ бўлиб, темирчиликда суяги қотган.
«Отам пичоқ, ўроқ, болта, кетмон, нағал (тақа) ва шунга ўхшаш кўпгина рўзғор буюмларини ясар эди. У кишига ёрдамчи эдим, босқон (темирчиларнинг катта болғаси) ҳам ишлатганман», — дейди 77 ёшли Майрам ая.
«Чанқовуз — 30 минг сўм. Энг қимматларини туристларга, 50 минг сўмдан сотганман. Чунки уларнинг овози ёқимли эди, ясашга ҳам кўпроқ меҳнат кетган. Чанқовуз нозик нарса, ўнтадан бештаси яхши чиқиши мумкин. Қолганларини эсдалик учун оладиганларга арзонроққа бериб юбораман. Лекин улар ҳам ёмон эмас, чалса бўлади», — дейди уста.
Эркин Мусулмонов
Эркин ака темирчилик, хусусан, чанқовуз ясаш сирларини ўғлига ишониб топширгиси келади, аммо ўғлининг ўзида бунга хоҳиши йўқ. Уста сабабини шундай тушунтиради:
“
Бир қатор шогирдларим темирчилик ортидан рўзғорини қилолмай, четга мардикорчиликка чиқиб кетди. Чунки металл қиммат, бундай вазиятда фойда қилиш қийин. Аҳвол шу зайлда кетаверса, ўн йиллардан кейин темирчилик ҳам тўхтаб қолса керак
Эркин ака бугун дўконлар чет элнинг пичоғию металлдан ясалган турли уй-рўзғор буюмларига тўлиб кетганидан оғриниб гапираркан, Ўзбекистоннинг ўзида темирчилик ҳунари, хусусан, чанқовузчиликни сақлаб қолиш учун маҳаллий темирчи усталар ясаган буюмлар экспортини йўлга қўйиш керак, деб ҳисоблайди, ечимни ўзича шундай кўради.
Ҳозирги шароитда биргина чанқовуз ясаш билан кун кўриб бўлмаслиги аниқ. Шу боис уста Эркин кимки нимадир ясаб беринг деса, ҳеч иккиланмай уриниб кўраверади. Ўроқ бўладими, асаларичиларнинг асал ажратиб олишга ишлатадиган кетмончасими ёки ўт ўрадиган аррами, фарқи йўқ — барини ясаб бераверади. Айни вақтда, у ўзбек қадриятининг муҳим бир бўлаги бўлган чанқовуз сақлаб қолингиши керак, деб ҳисоблайди
Чанқовуз металнинг тебраниши сабаб чиқадиган биргина нағма эмас, у халқнинг ошкор айтолмаган дарди, аламларию орзулари. Чанқовузнинг «нима дейиши» уни ким чалаётганига боғлиқ. Чанқовуз юракнинг пинҳона овози, унга ҳар ким дилидагини тўкиб солади.
Узоқларда мусофир бўлиб ишлаётган йигитнинг севган ёри ўз соғинчини қўшиб чалса, бу йилги ҳосилнинг озлигидан ёзғирган деҳқон ўз дардини айтиб чалади. Кимдир халқнинг бошига тушган кўргиликдан куюниб, кўнглидаги яширин туғёнларини чанқовуз орқали ташқарига чиқарса, яна кимдир дориломон кунларнинг сурурбахш онларини чанқовуз орқали мадҳ этади.
Чанқовуз ўзи қандай чалинади?
Бойсун халқ этнографик ансамбли аъзоси Бўриқул Жумаев чанқовуз чалиш осонлиги, бунинг учун мусиқий билим ҳам шарт эмаслигини айтар экан, чалиш вақти фақат бироз эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидлайди: чолғу марказидаги пўлат «тил» ингичка ва ўткир. Маҳкам ушламаслик ва қўпол ҳаракат сабаб лаб ёки тил жароҳат олиши мумкин.
«Чанқовуз чалаётганда унинг икки томондаги устунчалари тишлар орасига маҳкамланади, қўл билан босиб ушлаш керак. Ўртасидаги «тил»чага эса чолғучининг тили тегмаслиги керак. Чунки овоз айнан чанқовуз тилчасининг тебраниши ортидан ҳосил бўлади», — тушунтиради Бўриқул ака.
Чанқовуз чалишда эътибор бериш зарур бўлган қоидалар
Биринчи қоида
Чанқовуз тишга маҳкамланиб, атрофи лаблар билан ёпилади. Битта бармоқ билан пўлат «тил»ча чертилади. Бунда «тил»чанинг тебраниши сабаб оддий овоз ҳосил бўлади
Иккинчи қоида
Худди шу усулда энди оғиз билан нафас олиш ва чиқариш керак. Бу орқали овоз баландроқ ва чўзиқроқ бўлади. Айни жараёнда чалувчи овозни бошқара олади
Учинчи қоида
Кейинги босқичда созанда ўзининг тилини орқага тортиши ва ҳаракатга келтириши, оғиз бўшлиғи ҳамда танглайини кенгайтириш-торайтириш орқали овозни ингичка ёки йўғон қилиш мумкин
Тўртинчи қоида
Юқоридаги қоидаларни жамлаган ҳолда, чанқовуз «тил»часининг тебранма товушини ҳақиқий куйга айлантириш мумкин. Бунда созанданинг куйни ҳис қилиш ва уни бошқариш қобилияти атрофга таралаётган оҳангнинг ёқимли чиқишини таъминлайди
«Жуда кўп мамлакатларнинг чанқовузларини кўрганман, уларнинг ҳам ўзгача овози бор. Менга ўзимизнинг чанқовуз оддийлиги ва соҳир овози билан кўпроқ маъқул келади», — дейди Бўриқул Жумаев.
Унинг қўшимча қилишича, чанқовуз инсон саломатлиги учун ҳам фойдали, масалан, нафас йўли касалликларининг олдини олади. Чанқовуз чалганда тўлиқ нафас олиб ўпкани шишириш, яримта ҳаво чиқариш ва тез-тез ҳаво алмаштириш ҳисобига ўпка фаолияти яхшиланади.
Бугунги кунда тингловчи талаби ва созанданинг маҳорати сабаб тўй-базмларда ҳам чанқовузи билан келадиган мусиқачилар учраб туради. Чанқовузга ҳатто оркестрларда ҳам ўрин бериляпти.
Бўриқул ака «чанқовуз билан ўз ўрнида замонавий куйлар, ҳатто дискотекабоп қўшиқларига ҳам жўр бўлиш мумкин» дейди ва бир шингил чалиб беради.
Бойсунликларнинг аксариятига чанқовуз чалиш қийин иш эмас. Улар азалдан тўй-ҳашам, сайлларда чанқовуз чалиб, вақтини чоғ ўтказган. 74 ёшли Хосият момо Эсанова чанқовуз чалишни 12 ёшида ўрганганини эслайди:
“
У вақтлар бизнинг иккита байрамимиз бор эди: Рўза ва Қурбон Ҳайити. Уч кунлаб байрам бўлар эди. Ҳовлимизда ҳалинчак учиб, доира ва чанқовуз чалиб, ўйин-кулгу қилардик. Бизнинг мусиқамиз шу — чанқовуз эди.
Технологиялар шаҳарларни ўзгартиради, бизни олға ундайди ва ҳаётни қулайлаштиришга ёрдам беради. Шунингдек, бизни тарк этаётган нарсалар ҳақидаги хотираларни сақлаб қолишга ҳам имкон беради.
Тараққиёт ортида доимо инсон, унинг меҳнати ва ҳикояси туришини эслатувчи «Отамерос» лойиҳасининг бир бўлаги эканимиздан мамнунмиз. Зотан биз келажакни ўз илдизларимизга суянган ҳолдагина қуриш мумкинлигига ишонамиз.
Матн ва фотосуратлар муаллифи: Отабек Турдиев.
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.