Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Маҳаллалар мусиқаси
Рэпер Шака билан Нуробод бўйлаб сайр
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар рэпер Шака билан бирга Оҳангарон туманидаги Нуробод шаҳарчасини айландик. У билан ўзбек рэпи, сўкиниш ва ҳақоратли сўзлари бор матнлар, тўйлар мусиқа саноатига қанчалик таъсир қилаётгани ва Нуробод ҳақида гаплашдик.
Gazeta ва Yandex Music «Маҳаллалар мусиқаси» лойиҳасини давом эттиради. Бу сафар рэпер Шака билан бирга Оҳангарон туманидаги Нуробод шаҳарчасини айландик. У билан ўзбек рэпи, сўкиниш ва ҳақоратли сўзлари бор матнлар, тўйлар мусиқа саноатига қанчалик таъсир қилаётгани ва Нуробод ҳақида гаплашдик.
10−15 йил аввал «ўзбекча рэп» деса кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб «Радиус 21», Шоҳрух ва Шаҳриёр келарди. Сўнгги йилларда эса бу йўналиш гуркираб ривожланяпти, ўсяпти, дейиш мумкин. Мунтазам янги номлар пайдо бўляпти, Konsta, Asl Wayne, Shokir, Massa, Minor, Java каби аллақачон ўз номи ва ўрнини топиб бўлган янги авлод рэперлари орасида эса Шака (SHAKA) тахаллуси остида ижод қилувчи Шаҳриёр Қаршиевни ҳам алоҳида қайд этиш мумкин. У жамиятдаги оғриқли ва долзарб мавзуларни кўтарган «Кана», «Ижтимоий тармоқлар», «Май» сингари треклари билан омма назарига тушди.
Шака Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида доимий яшайди, иши эса Тошкент шаҳрида. Аммо биз хонанда билан унинг болалик ва ўсмирлик даври ўтган Оҳангарон туманидаги Нуробод шаҳарчасида сайр қилдик.
«Туғилибоқ бўғилган» ижод
Шака билан Қўйлиқ тарафдаги Роҳат ҳалқаси олдида кўришиб, Оҳангарон томон таксида йўл олдик. Йўл-йўлакай унинг болалиги, ижодининг бошланиши ҳақида гаплашдик.
«Ўзи асл исмим Шаҳриёр, кўпчилик буни билмайди. Ҳиндларнинг совет даврида оммалашган «Гул ва тош» номли фильмида Шака исмли қаҳрамон бор. Ўша фильмни кўрган қариндошларимдан бири кичкиналигимда мени Шака деб чақира бошлаган, шу-шу ҳамма шундай дейди. Ижодни ҳам Шака тахаллуси билан бошлаганман», — дейди у.
Энг кенжа фарзанд ҳисобланган Шаҳриёр шифокорлар оиласида туғилган, лекин кичкиналигидан мусиқага қизиққан. 3-синфни тамомлагач, уч нафар тенгдош қариндоши билан генерал Петров номидаги Республика мусиқа тарбияланувчилари мактаб-интернатига ўқишга кирган. Ўша вақтда асосан ҳарбий оркестрлар учун дамли чолғу ижрочиларини тайёрлашга ихтисослашган бу муассаса ҳозир Миллий гвардиянинг Ҳарбий-мусиқа академик лицейи ҳисобланади.
«Бир ой ўтгач, уч киши интернатни ташлаб кетганмиз. У ердаги муҳит қийин эди. Мисол учун, ҳар куни тонг соат 7:00 да уйғониб, сафда юрардик. Биз, 10 ёшли болалар бундай кучли тартиб-интизомга кўниколмаганмиз. Ўқишни ўзимизнинг оддий мактабимизда давом эттирганмиз.

Маълум муддат фортепиано тўгарагига борганман, 6-синфлигимда эса FL Studio (овоз ва мусиқа билан ишлаш дастури) орқали аудиолар ёзишни ўрганиб олганман. Аммо академик мусиқий билим йўқ, бирор муассаса ё мутахассисдан мусиқа бўйича таълим олиш фикри туғилмаган ҳам.

Эътибор берсангиз, ҳозирги ўзбек рэперларининг ҳеч бири мусиқий таълимга эга эмас. Аслида рэп айтиш учун мусиқий таълим кўрганлик жуда муҳим, деб ўйламайман. Таълим мутлақо керак эмас, демоқчи эмасман, лекин рэп бўйича бирор жойда таълим берилишини, бу бўйича алоҳида йўналиш борлигини эшитмаганман ҳам-да».
Шака битирувчи бўлган йили ўқиб турган мактаби Иқтисодиёт ва энергетика касб-ҳунар коллежига айлантирилади, у кейинги таълимни ҳам шу ерда давом эттиришга қарор қилади.

У ижодкор бола бўлгани учун коллежнинг ҚВЗ жамоаси сафида танловларда қатнашади. Навбатдаги танлов олдидан унга ижобий ва салбий руҳдаги қўшиқлар ёзиб, иккисини ҳам саҳнада ижро этиш вазифаси юклатилади. Қўшиқ фонограмма орқали ижро этилиши керак бўлгани учун у қўшиқларни Bluetooth орқали жамоадошига ўтказиб беради. Ундан эса қўшиқ нафақат бутун коллеж ё маҳаллага, балки бутун Оҳангаронга тарқалиб кетади.
«У қўшиқда ҳеч ким ҳақорат қилинмаган, қўпол сўзлар ҳам йўқ эди. Фақат талабаликнинг машаққати ҳақида ўткирроқ фикрлар бор эди, шунингдек, маҳалладаги ҳар хил бўлмағур ишлар бўладиган «бузуқ дом» ҳам тилга олинганди. Аммо бу қўшиқ шунчалик жиддий қабул қилинишини кутмаган эдик. Баъзилар ўзича нотўғри тушуниб, пашшадан фил ясаб, ваҳима кўтарган.

Шундан кейин менга коллеж раҳбарияти менга турли босимлар қилиб, алоҳида «маънавият дарслари» ҳам ўтган. Бу, энди, 2008 йиллардаги гаплар. Мен ҳақимда «у қамалибди», деган миш-мишлар ҳам тарқалган ҳатто (кулади). Туман ҳокимлигида ишлаган бир киши, кейинчалик: «Ўша қўшиқни айтиб, яхши қилгансан. Сен сабаб яхши ўзгаришлар бўлган, ўша „бузуқ дом“ ҳам тузатилган», деганди».
Лекин туман ҳокимлигидагилар бу гапларни, яъни, «сенинг шу қўшиғинг сабаб яхши ўзгаришлар бўлди», деган гапни 2008 йилда айта олмасди, ёш ижодкорга далда бера олмасди. Шу тариқа, биринчи оммавий таронасидан сўнг турли босимлар остида қолган Шака қўрқиб қолади. У ижодни тўхтатмайди, аммо қўшиқларини энди ҳеч кимга эшиттирмайди. Эҳтимол, шу босимлар кейинги касб, таълим йўналиши танлашига ҳам таъсир қилгандир.
Коллежни битиргач, бизнес бошқаруви йўналиши бўйича Сингапур ва Малайзиядаги университетларга ҳужжат топширганман. Имтиҳондан ўтиб, талабаликка қабул ҳам қилинганман — тўлиқ грант ютиб олганим учун Малайзиядаги университетни танлаганман. Аммо ўқишга боришим билан бу олийгоҳ қандайдир сабаблар билан ёпилиб кетган.

«Бу ҳолат менга жуда оғир таъсир қилган, чунки у ерга катта орзу-мақсадлар билан боргандим. Бир ҳафтадан сўнг Дубайда яшайдиган акамнинг олдига кетганман. У ерда 2013 йилдан 2022 йилгача ҳар хил соҳаларда ишлаб кўрдим, айни вақтда қўшиқ ёзишни ҳам тўхтатмадим, секин-аста трекларимни ҳам эълон қила бошладим.

Лекин у ердаги бир хил кун тартибидан чарчадим, шунча вақт ўтганига қарамай, табиатига ҳам кўника олмадим. Умуман, мен Дубайда ҳеч кимман, Ўзбекистонда эса озми-кўпми мухлисларим бор, ўзимга яраша номим бор. Шундай омиллар сабаб Ватанга қайтдим. Ҳозир асосан Тошкентда, енгил саноат (текстиль) ва қурилиш йўналишидаги лойиҳаларда ишлаяпман».
2008 йили «туғилибоқ бўғилган» ижоди орадан саккиз-тўққиз йил ўтиб қайта кўз очишига 2016 йилдан сўнг Ўзбекистонда юзага келган эркинлик муҳити сабаб бўлганини, айнан шу даврда унинг ичидаги қўрқув чекина бошлаганини Шаканинг ўзи ҳам тан олади.

«2016 йилнинг охирларида Instagram, YouTube’да ўзбекистонликларнинг дадил, танқидий чиқишларини пайдо бўлди. Кейинроқ Sanjay’нинг қўшиқларини тинглагач, менда ҳам ички бир ирода шакллана бошлади. Айнан Sanjay’нинг ижоди маълум маънода мени илҳомлантирган, куч берган, дейиш мумкин.

Эркинликни, янгиликларга очиқлик руҳини ҳис қилгач, «Ҳа, энди мен ҳам қўшиқларимни эълон қилсам бўларкан», деган қатъий қарорга келганман. 2018 йили «Зулуклар» қўшиғим эълон қилиниши билан тармоқларда жуда тез тарқалди, омма уни яхши қабул қилди. Бу эса менга янада куч берди.

Тан олиш керак, 2016 йилдан кейин Ўзбекистонда эркинлик шамоли эса бошлади. Бу гапларим кимгадир сийқа ё маддоҳликдек кўриниши мумкин. Аммо, бироз бўлса-да, сўз эркинлиги берилгани ҳақиқат».
ИЭС ва тўқайлар орасида
Бир ярим соат йўл юриб, Нуробод шаҳарчасига етиб келдик. У ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига ташлаб, экологияга жиддий хавф солиши билан танилган «Янги Ангрен» иссиқлик электр станцияси яқинида жойлашган. Шака 2024 йили экофаол Мўътабар Хушвақтова (Ўрикгули) билан бу ИЭС ҳақида видео тайёрлаб, муаммога жамоатчилик эътиборини қаратган эди.
«Нуробод — мен туғилиб ўсган, болалагим ўтган шаҳарча. Катта йўл бўйидаги мана бу кўп қаватли уйнинг 3-қаватида 20 ёшимгача яшаганмиз. Кейинчалик Янгийўл шаҳрига кўчдик. Ҳозир бу ерда қариндошларим яшайди, бизнинг хонадонда эса холам оиласи билан истиқомат қилади.

Ҳар ой бир марта бўлса ҳам келиб тураман бу ерларга. Ижодимни мана шу маҳаллада бошлаганман. Рамил исмли ўртоғим билан FL Studio дастури орқали қўшиқлар ёзардик. 2008 йили шахсий компьютеримни олганимдан кейин трекларимни шу қурилма ёрдамида яратишни ўргандим».
«2000 йилларда бир қариндошим Эминемнинг кассетасини олиб келиб, мана бу дунёдаги энг таниқли рэпер бўлади, дея унинг қўшиқларини эшиттирган. У пайтда чамаси 11−12 ёшли бола эдим, Eminem нима деяётганига тушунмасдим, аммо мусиқаси ёққани учун тинглардим.

Шу вақтдан бошлаб у менинг дунёмга кириб келди, унинг ашаддий мухлисига айландим: домимиз подъезди Эминем ва ўзимнинг исмим, турли инглизча ёзувларга тўлганди. Қўшниларимиз бу ёзувларни ҳозиргача сақлаб келади. Ҳар сафар «дом»ни таъмирланса, айнан шу ёзувларга тегишмайди, «сендан қолган эсдалик», дейишади (кулади)».
Нуробод бўйлаб айланарканмиз, Шака шаҳарчада катта ўзгаришлар бўлганини таъкидлади. Кўп йиллар шу ерда яшаган рэпернинг нигоҳи билан қараганда, Нуробод ҳақиқатан ҳам анча ободлашгандир. Бироқ кўп қаватли уйларнинг аксарияти таъмирталаб экани, кўчалар янада обод бўлишга муҳтожлиги сезилиб турибди.

«Бу шаҳарча Совет Иттифоқи қулаётган вақтларда қурилган. Шу боис ўша вақтда қурилиши чала қолган иморатлар ҳали ҳам бор. Олдин улар кўпроқ ва шунинг учун шаҳарча ҳам қўрқинчлироқ эди, аммо ўтган йиллар давомида кўпи таъмирланди, қуриб битказилди.

Бу шаҳарча пиёда айланиш учун жуда қулай. Қурилаётган пайтда бош режа тузишда пиёдалар ҳам эътибордан четда қолмаган. Сокин ва ихчам бу шаҳарчада кўпчилик бир-бирини танийди. Аксарият аҳоли шу атрофдаги корхоналарда ишлаб, тирикчилик қилади».
«Нурободнинг бир тарафи ИЭСга яқин бўлса, қолгани тоғ ёнбағрида, тўқайзар устида. Сезган бўлсангиз, бу тарафида яшиллик кўп, сокин, ҳавоси ҳам тозароқ. Бу ерда экотуризмни ривожлантириш мумкин, деб ўйлайман. Совет пайти санаторийга ўхшаш катта бино ҳам қурилган, аммо кейинроқ у бузиб ташланди. Эҳтимол, яна шундай дам олиш масканларини қуриш керакдир.

Ҳозир бошқа жойда яшасам-да, киндик қоним тўкилган, болалигим ўтган Нурободнинг барибир янада ривожланиши, замонавий қиёфага кириши, бу ерда одамлар фаровон, зиёли қатлам кўпайишини истайман. У бунга тўла ҳақли!»
Рэпер — замонавий шоир
Шаканинг таърифига кўра, рэпер бу — ички дунёсини титкилайдиган, ўзи ва ён-атрофи ҳақида куйлайдиган замонавий шоир. Рэп эса — катта маданият.

«Эминем, Lil Wayne каби рэп қиролларини эшитиб, улардан мотивация олдим, инглиз тилини ўргандим. Ўзимнинг ҳозирги вариантим мавжудлигининг сабабларидан бири ҳам айнан рэп, деб ўйлайман. Агар рэп бўлмаганида ёки рэпга қизиқмаганимда, ҳозир умуман бошқа соҳа одами бўлардим ёки бошқа жойда яшаётган бўлардим. Рэп ҳаётимда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Менимча, ҳозир ҳам кўпчилик рэп нималигини яхши тушунмайди. Бизда бунга юзаки қарашади, ҳатто баъзи рэперлар ҳам шунақа, деб ўйлайман. Рэперларнинг ташқи кўриниши ёки клипларидаги муҳитни қизиқиш билан томоша қилиши мумкин, аммо унинг нима деяётгани, нимани илгари сураётганини англаб, таҳлил қилиб ҳам кўрмайди. Бу жуда катта хато.
Ҳар бир тингловчи, қайси тилда ижро этилаётганидан қатъи назар, рэпнинг маъносини тушуниб эшитиши керак. Балки рэпер бошдан кечирган қийинчиликлари ёки жамиятдаги бирор иллат ё бошқа бир масала тарғиботи ҳақида куйлаётгандир. Рэпернинг имиджи ёки ёқимли овозига маҳлиё бўлиш иккинчи даражали масалага айланиши керак».
Шака рэпда ахлоқ чегараси ҳамиша бўлиши кераклигини, аммо, айни дамда, рэпер қолипларни бузиши ҳам шартлигини таъкидлайди.

«Америкалик рэперларнинг қўшиқларида сўкиниш одатга айланган. Бошқа жанрларда ҳам сўкиниш сўзларини ишлатишади. Аммо, назаримда, чегарани билиш керак. Биласизми, рэпер трек ёзаётганида қолиплардан бироз чиқиши керак. Қўпол сўзлар айтиб, сўкиниши шарт эмас, албатта. Бироқ қўшиқда реаллик, ҳақиқий ҳаётни сақлаш лозим.
Масалан, ҳаётда ўзимни қўлга олишга қанчалик ҳаракат қилмай, баъзи вазиятларда барибир сўкиниб юбораман. Баъзида «аҳмоқ», «тентак», «овсар» каби ўткир сифатларни ҳам ишлатаман. Шунинг учун ҳам қўшиқларимда шундай сўзлардан фойдаланаман. Трекларимда роль ўйнаб, фақат қолипли, одобли сўзларни ишлата олмайман. Ҳаётда қандай бўлсам, ижодимда шундай бўлишни истайман.

Чунки бошқаларни алдасангиз ҳам, ўзингизни алдай олмайсиз. Рэпер ўз ижодида ўзлигини ҳам борича намойиш қилиши лозим. Лекин, айтганимдек, ахлоқ бўлиши зарур, албатта. Бировларни ҳаддан ташқари камситиш ёки сўкиб ташлаш керакмас.

Дейлик, бирор трекимда сўкиниш ишлатдим. Қўшиқ тарқалгач, қўни-қўшнилар, қариндошларимнинг танбеҳини эшитаман, мухлисларни ҳам бир деганда йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Умуман, қўшиқларимдаги сўзларга қаттиқ қарайман.
Бир қўшиғимда «Шака акага келтирма шак», деган жумла ишлатилган. «Шак» дегани «гумон», «шубҳа» сўзларининг синоними. Ижтимоий тармоқларда баъзи одамлар бу сўзга диний тус бериб, хейт қилишди. Ўйлашимча, улар «ширк» сўзи билан адаштириб юборган. Аслида мен диний мавзулардан узоқман, чунки эътиқод ҳар бир инсоннинг шахсий танлови, унга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Менинг қўшиқ ёзиш жараёним сал ёввойироқ, ҳеч қандай тартиб йўқ. Баъзида сўзлар қуйилиб келса, бошқа вақт мусиқага қараб матн ёзаман. Лекин кўпинча аввал матн ёзилади. Умар Ҳайём ва Абдулла Орипов шеърларидан фойдаланган вақтларим ҳам бўлган.

Авваллари матнларни ўзим ёзардим. Яқиндан бошлаб бу масалада жияним Жавоҳир билан ҳамкорлик қиляпман. Жавоҳир билан ҳозир Жаҳонгир Отажонов ҳам ҳамкорлик қиляпти».
Тўйбоп бўлмаган ижод
Шака рэпнинг ривожи ҳақида гапираркан, бу йўналиш поп-мусиқа ёки жазсиз ҳам ривожлана олади, деб ҳисоблайди. Ҳозир рэп жанр нуқтаи назаридан дунёда энг юқори поғонада турибди. Ҳатто Ўзбекистонда ҳам кенг оммалашяпти.

«Таҳлил қилсангиз, Ўзбекистонда санъат 2000 йиллар бошида гуллаб-яшнаган, зўр асарлар яратилган. Бироқ 2010 йиллардан секин орқага кетиш, сусайиш бошланди. Шу давр ичида рэп йўналиши ҳам қайсидир маънода йўқ бўлиб кетди. Тўғри, «Уммон» гуруҳи сал ушлаб турди, лекин улардан бошқа яхши ижод қилганларни эслолмайман.
Илгари рэп фақат телевидение, радио ва концертларга боғлиқ бўлиб қолганди. Ёки Tarona Records продюсерлик компанияси орқали танилиш мумкин эди. Бу жуда яхши компания, ўзбек қўшиқчилик санъати ривожланишида алоҳида ўрни бор. Аммо вақтида монополистга ҳам айланиб қолганди, деб ўйлайман.

2016 йилдан кейин ўзбек рэпида инқилоб кузатилди, десам янглишмайман. Янги авлод кириб келди, улар фақат севги-муҳаббат эмас, жамиятдаги муаммоларни ҳам қўшиқ қиляпти. Бунга Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашуви ҳам кучли таъсир кўрсатди. Энди рэпер телевидение ёки айрим монопол компаниялар кайфиятига қараб ўтиргани йўқ.
Лекин, шу билан бирга, бу жанр бизда жуда юқори даражада ривожланиб кетди, деб ҳам айтолмайман. Ҳали яна ўсиш керак, бунинг учун имкониятлар ҳам бор. Рэп жанри индустрияга айланиб, монетизацияси (даромадлилиги) кучайиши зарур.

Ҳозир бизда рэпдан бошқа ҳамма йўналишда ижод қилувчилар фақат тўй орқали пул ишлайди. Шу боис қўшиқлар бир хил, мавзулари ҳам, клиплари ҳам бир-бирига ўхшаш, хилма-хиллик йўқ, фақат тўй учун ижод қилиняпти. Эшитишга арзигулик қўшиқлар бармоқ билан санарли.
Агар муаллифлик ҳуқуқи ростмана ишласа, интернетдаги қароқчи каналлар фаолияти чекланса, одамлар қўшиқларни пул тўлаб эшита бошласа, санъаткорлар айнан муаллифлик ҳуқуқи орқали даромад қила бошлаган бўларди. Шунда кўпчилик санъаткорлар тўй учун ижод қилишни ҳам тўхтатади, деб ўйлайман.

Лекин бу йўналишда ҳам 5−6 йил аввалгига нисбатан яхши томонга ўзгариш бор. Масалан, Yandex Music орқали даромад топаётган ижодкорларни биламан. Бундай ўзгаришлар кўпроқ бўлиши керак. Spotify, Apple Music ва бошқа платформаларга пул тўлаб, шу орқали ўзбек санъаткорларини қўллаб-қувватлайдиган тингловчилар, лейбллар кўпайишини хоҳлайман».
Шака сайр қилишни тавсия этади
Шака тинглашни тавсия этади

Матн: Миролим Исажонов.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda