Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Хоразм бўйича гастрономик қўлланма
Нимани қаерда татиб кўриш мумкин?
Хоразм нуқул қадимий қалъалару қумтепалар дегани эмас — унинг ўзига хос ошхонаси ҳам бор. У кўкатлар, зираворлар ва балиқли таомлар кўплиги билан ажралиб туради — Амударёнинг яқинлиги минтақа дидига таъсир кўрсатган. Gazeta бу ерда қайси таомлар машҳур-у уларни қаерда еб кўриш мумкинлигини ўрганди.
Хоразм нуқул қадимий қалъалару қумтепалар дегани эмас — унинг ўзига хос ошхонаси ҳам бор. У кўкатлар, зираворлар ва балиқли таомлар кўплиги билан ажралиб туради — Амударёнинг яқинлиги минтақа дидига таъсир кўрсатган. Gazeta бу ерда қайси таомлар машҳур-у уларни қаерда еб кўриш мумкинлигини ўрганди.
Фото: Азамат Маткаримов
Шивит оши
Шивит оши — Хоразм ошхонасининг энг машҳур овқатларидан бири бўлиб, «яшил лағмон» номи билан ҳам машҳур. У шивит (укроп) шарбатида тайёрланган яшил рангдаги ингичка уградан иборат бўлиб, бу таомга нозик ис ва енгиллик бахш этади. Тахминларга кўра, шивит оши Хоразмда бир асрча аввал пайдо бўлган ва тезда тўй-маракаларнинг безаги бўлиб олган. Бугунги кунда у ЮНЕСКОнинг гастрономик мероси рўйхатига киритилган ва минтақанинг ошпазлик анъаналари рамзига айланган.

Таом Хоразмнинг иссиқ иқлими учун жуда мос, бу ерда ёзда енгил ва тетиклантирувчи овқатлар афзал кўрилади. Яшил хамирдан тайёрланган угра юмшоқ бўлгунча қайнатилади ҳамда гўшт, сабзавот ва помидордан тайёрланган қуюқ қайлага қўшилади. Қатиқ ёки сузма билан дастурхонга тортилади. Шивит оши шивит ва сут маҳсулотлари туфайли мазали ва ҳазми осон бўлади.

Шивит оши Хоразмга гастрономик саёҳатнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб қоляпти ва ўзининг ғайриоддий кўриниши ҳамда таъми билан сайёҳларни ҳайратга солишда давом этяпти.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Ayvon
Шивит ошини Хиванинг энг қизиқарли жойларидан бири бўлган Ayvon ресторанида татиб кўриш мумкин. Шаҳарнинг тарихий қисмида жойлашган ва миллий услубда безатилган ушбу ресторандан қадимий гумбаз ва минораларнинг гўзал манзараси очилади. Таомнома миллий ва Европа таомларидан иборат: машҳур шивит ошидан ташқари, бу ерда хивача мастава, ун оши, гурут барак, турли салатлар, шунингдек, гўштли ва хамирли таомлар тайёрланади.

Порция нархи — 50 минг сўм атрофида.
  • Манзил
    Хива шаҳри, Паҳлавон Маҳмуд кўчаси
  • Иш вақти
    11:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 88 451-77-77
Фото: Gavhar ресторани
Симтўрдаги сазан
Хоразм таомлари орасида балиқнинг ўрни бўлакча — ушбу минтақа Амударё билан тирик, шу боис бу ерда балиқли таомлар ўзгача бир меҳр билан тайёрланади. Бу борада энг асосий таом симтўрдаги зоғора (сазан)дир. Уни тайёрлаш оддий, таъми эса ажойиб!

Зоғорабалиқ туз, қалампир ва лимон шарбати аралашмаси билан маринадланади, сўнг симтўрга қўйиб, манқалда пиширилади. Ушбу усул туфайли балиқ серсув бўлиб пишади, устида эса тилларанг қобиқ ҳосил бўлиб, енгил тутун ҳиди ҳам қўшилади. Баъзан зираворли сиркамойи (маринади)га озгина зира ёки кашнич қўшиб юборилади.

Таом янги пиёз, кўкатлар, лимон ва нон билан тортилади. Баъзи жойларда зоғорабалиқнинг ёнига сузма ёки сабзавотли салат ҳам таклиф қилиниши мумкин.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Gavhar
Симтўрда пиширилган зоғоранинг энг яхшиларидан бири Урганчдаги Gavhar халқаро ресторанида тайёрланади. Тутун ва қовурилган балиқ ҳиди меҳмонларни кираверишдаёқ кутиб олади. Бу ерда нафақат зоғора, балки лаққа ва судакдан турли усулларда тайёрланган бошқа таомларни ҳам татиб кўриш мумкин. Менюда Хоразм палови, тухумбарак, қайиш оши, зиғириқ, қорин туёқ, шўр кабоб, лағмон, кабоб, шўрва ва мавсумий салатлар ҳам бор.

Порция нархи — 145 минг сўм.
  • Манзил
    Урганч шаҳри, Хонқа кўчаси, 9
  • Иш вақти
    10:00 дан 00:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 95 289−17−17
Фото: Olimp Garden ресторани
Манқалда гўшт
Манқалда пиширилган гўшт Хоразм ошхонасининг оддий, аммо жуда тўйимли таомларидан биридир. Қўй ёки мол гўшти бўлаклари пиёз, зираворлар ва баъзан анор шарбати билан сиркамойланади, сўнг кўмирда тилларангга киргунча пиширилади. Шу тариқа ичи серсув, усти эса қарсилдоқ қобиқ билан қопланган гўшт ҳосил бўлади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Olimp Garden
Olimp Garden ресторани гўштли таомларга ихтисослашган. Меҳмонлар кенг ёзги боғдани очиқ ошхонада ўз буюртмалари қандай тайёрланаётганини кузатиши ҳам мумкин. Таом юпқа нон, маринадланган пиёз ва уй соуслари билан тортилади.

Порция нархи — 260 минг сўм.
  • Манзил
    Урганч шаҳри, Хива кўчаси
  • Иш вақти
    11:00 дан 00:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 99 240−00−38
Фото: «Saltanat milliy taomlari» ресторани
Ун оши
Ун оши — Хоразмнинг анъанавий таоми бўлиб, хамир, шўрва ва гўштдан тайёрланган қуюқ шўрвадир. Юпқа тўғралган уй уграси мол ёки товуқ бульонида пиширилади. Рецептга қараб, ун ошига тухум, сабзавотлар, кўкат ва зираворлар қўшилади. Таом тўйимли ва иссиқ бўлиб, кўпинча кундалик ва байрам дастурхонлари учун тайёрланади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: «Saltanat milliy taomlari»
«Saltanat milliy taomlari» ресторанида ун оши классик рецепт бўйича серсув тефтеллар, юмшоқ угра ва хушбўй кўкатлар билан тайёрланади. Муассаса анъанавий Хоразм таомларини Европа таомлари билан уйғунлаштирган. Меҳмонлар учун фавворали кенг айвон мавжуд.

Порция нархи — 23 минг сўм.
  • Манзил
    Урганч шаҳри, Машъал маҳалласи
  • Иш вақти
    09:00 дан 02:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 91 093-10-01
Тухумбарак
Тухумбарак — Хоразм ошхонасининг энг машҳур ва севимли таомларидан бири. У чучварага ўхшайди, лекин хамирига тухум ва зираворлар аралашмаси солинади. Баракларнинг бир неча тури мавжуд: гўштли қўтирбарак, қовоқли кадибарак, кўкатли кўкбарак, пишлоқли гурутбарак ва картошкабарак. Улар дастурхонга қатиқ, сметана ёки йогурт билан тортилади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Terrassa
Ҳақиқий тухумбаракни татиб кўриш учун Terrassa ресторанига ташриф буюриш керак. Ресторан маҳаллий матолар ва сопол буюмлардан фойдаланилган ҳолда миллий услубда безатилган. Меҳмонлар учун манзарали кенг айвон мавжуд, кечқурунлари жонли мусиқа янграйди. Менюда Хоразм салатлари, шўрвалари ва иссиқ таомлари ҳам бор.

Порция нархи — 25−30 минг сўм.
  • Манзил
    Хива шаҳри, Бўёқчилар кўчаси, 7А
  • Иш вақти
    10:30 дан 23:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 94 936-00-18
Қапширма
Қапширма — Хоразм ошхонасининг энг машҳур ва тўйимли таомларидан яна бири. У гўштли чебурекка ўхшайди, фақат камроқ ёғда қовурилади.

Хамир учун қатиқ, туз ва ёғ аралаштирилади. Аста-секин ун қўшиб, юмшоқ эластик хамир қорилади. Сўнгра юпқа қилиб ёйиб, бўлакларга ажратилади. Ҳар бир бўлакка қийма солинади, четлари эҳтиёткорлик билан ёпилади ва перашкалар шакллантирилади. Кейин улар товада қизаргунча қовурилади. Тайёр таом иссиқ ҳолда, хоҳишга кўра сметана ёки қизил соус билан тортилади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Khiva Moon
Хивадаги Khiva Moon ресторанида қапширма янги кўкатлар ва махсус соуслар билан тортилади. Ресторан биноси қадимий услубда безатилган. Ҳовлида супа (чорпоя)лар қўйилган, кечқурунлари рақс томошалари уюштирилади, таомнома эса меҳмонларни Хоразм ошхонасининг машҳур таомлари билан таништиради.

Порция нархи — 15 минг сўм.
  • Манзил
    Хива шаҳри, Полвон Қори кўчаси, 101А
  • Иш вақти
    09:00 дан 22:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 90 648-21-22
Фото: Азамат Маткаримов
Гумма
Гумма — Хоразм ошхонасининг анъанавий таоми бўлиб, юпқа хамирдан иборат. У олтин рангга киргунча қовурилади ва турли масаллиқлар: гўшт, картошка, пишлоқ ёки кўкат солиб тайёрланади. Тошкентда бу ном остида кўпинча қовурилган гўштли перашкалар тушунилади, аммо Хоразмнинг ўзида гумма чебурекка яқинроқ бир нарса.

Бу таомнинг бир неча — қовурилган ва қотирма деб аталадиган пиширилган тури бор. Улар одатда иссиқ ҳолда, кўпинча соус ёки қатиқ билан тортилади. Гумма ўсимлик ёғи солинган чуқур қозонда аста-секин қовурилади, шунинг учун у юмшоқ ва жуда мазали бўлади. Бу Хоразмдаги байрам дастурхонларининг энг севимли таомларидан биридир.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Khorezm Art
Хивадаги Khorezm Art ресторанида ҳақиқий Хоразм гуммасини татиб кўриш мумкин. Ресторан ҳунармандчилик устахоналари ёнида жойлашган. Бу ерда гумма анъанавий рецепт бўйича — гўштли қийма билан тайёрланади. Таомномада Хоразм ошхонасининг бошқа таомлари ҳам бор.

Порция нархи — 10−15 минг сўм.
  • Манзил
    Хива шаҳри, Бўёқчилар кўчаси, 78/1
  • Иш вақти
    10:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 95 333-69-74
Ижжон
Ижжон — Хоразм ошхонасининг энг ноодатий ва қадимий таомларидан бири бўлиб, асосан Хивага хос.

Маҳаллий афсонага кўра, бир вақтлар Хива хонлигида халқ қўзғолонларидан қўрқиб, одамларни очлик билан қийнаган шафқатсиз хон ҳукмронлик қилган. Гўшт пишириш қатъиян ман этилган, уй тепасида тутун кўтарилиши биланоқ қоровуллар дарҳол келиб, овқатни тортиб олаверган. Шунда аҳоли бунга қарши чора топган — гўштни оловсиз, майдалаб, фақат туз ва ёғ қўшиб тайёрлай бошлаган. Шу тариқа хоразмликларнинг зукколиги ва матонати рамзи бўлган ижжон таоми пайдо бўлган эмиш.

Бугунги кунда ижжон хом, одатда қўй гўштидан тайёрланади. Гўшт аввал яхшилаб қиймаланиб, туз, ёғ, сув ва озгина қирғичдан ўтказилган пиёз билан зираворланади. Гўшт олдиндан 48 соатга музлатилади. Таом нон, кўкатлар ва қалампир билан бирга газак сифатида тортилади.
Қаерда татиб кўриш мумкин: Sultan
Sultan ресторанида классик рецепт бўйича тайёрланган ижжон жавдар нони, кўкатлар ва анъанавий соуслар билан таклиф қилади. Шунингдек, ресторанда Хоразмча кабоб, шивит оши, кадибарак, паҳлава, мевали ассорти ва бошқа хил Хоразм таомларини татиб кўриш мумкин.

Порция нархи — 20 минг сўм атрофида.
  • Манзил
    Хива шаҳри, Исломхўжа кўчаси, 9-уй
  • Иш вақти
    11:00 дан 23:00 гача, дам олиш кунларисиз
  • Телефон рақами
    (+998) 91 436-68-62
Материал Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида тайёрланди

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли.

Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda