Art Basel — замонавий санъат ярмаркаларидан бири бўлиб, илк бор 1970 йили Швейцариянинг Базель шаҳрида ташкил этилган. Кейинчалик унинг майдонлари кенгайиб, Майами (2002) ва Гонконг (2013) шаҳарларида ҳам ўтказила бошланган. 2022 йилдан рўйхатга Париж ҳам қўшилган.
Кўргазмада рассом ва галереялар ўз асарларини сотиш, музей ва коллекционерлар ўз базаларини кенгайтириш, санъатшунослар ва соҳа вакиллари эса янги номлар билан танишиш имконига эга бўлади.
Бу йилги Art Basel Paris’да 200 дан ортиқ галерея, 40 дан зиёд мамлакат вакиллари ҳамда юзлаб санъат институти вакиллари қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан тақдим этилган Тошкент Замонавий санъат маркази лойиҳаси ҳам бор.
Ўзбекистон бу кўргазмада илк бор мустақил лойиҳа билан қатнашди. У Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан Studio KO француз архитектура бюроси томонидан лойиҳалаштирилган ва Италиянинг Atelier Misto ижодий устахонаси томонидан тайёрланган Тошкент Замонавий санъат маркази (ЗСМ, Centre for Contemporary Arts) макети эди.
Замонавий санъат маркази Тошкентнинг Амир Темур кўчасидаги тарихий бинода жойлашган. Тошкентдаги илк трамвай тармоғи учун энергия ишлаб чиқарувчи шаҳарнинг биринчи дизель электростанцияси ҳисобланган бу объект 1912 йили қурилган. Уни реконструкция қилиш лойиҳаси 2019 йили тақдим этилган, 2021 йили эса жараён бошланган. Марказнинг очилиши 2026 йил мартига режалаштирилган.
Концепцияга кўра, эски электр станцияси маданий маконга айланади. Унда катта кўргазма павильони, маъруза зали, воркшоп ҳудуди, китоб дўкони, кутубхона, кинотеатрли очиқ майдон ва марказ ходимлари учун офислар бўлади. Кинотеатр, заруратга кўра, саҳнага айлантирилиши ҳам мумкин.
ЗСМ директори Отабек Абдувоситов Ўзбекистон Art Basel Paris’да нима учун айнан бу лойиҳа билан қатнашганини тушунтираркан, мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг замонавий санъат йўналишидаги янги қирралари ва салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш имконини беришини таъкидлади.
Павильон марказидаги айланиб турувчи устунга Тошкент замонавий санъат марказининг бронзадан ясалган макети қўйилган бўлиб, уни Atelier Misto (Италия) ижодий устахонаси раҳбари Миза Муччарелли ясаган. Лойиҳани тушунтирувчи элементлар сифатида объект девори суратлари ва унинг умумий кўринишини баён қилувчи видеоролик намойиш этилди.
Франциянинг Studio KO архитектура бюроси вакиллари таъкидлашича, лойиҳанинг асосий ғояси — ўзига хос тарихий ҳудуд билан янги қурилаётган иншоот ўртасидаги мулоқотни кўрсатиш.
Studio KO француз архитектура бюроси вакили, Замонавий санъат маркази архитектори Оливье Марти ҳозирда марказ қурилиши якунига етаётганини таъкидларкан, бино буткул қайта қурилмагани, балки қисман сақлаб қолинганинини айтиб ўтди.
Замонавий санъат маркази бадиий директори ва бош куратори Сара Резанинг айтишича ЗСМнинг илк кўргазмаси «Ҳикмат» деб номланади. Бу кўргазма бинода мужассам бўлган «донолик» ғоясини замонавий шаклда ёритиш имконини беради. Унда моддий маданият, онгнинг юқори даражалари ҳақида фикр юритилади.
Хусусан, марказда дастлаб бир қатор халқаро рассомлар асарлари намойиш этилади. Масалан, тунис-украин рассоми Надя Кааби Линке (Берлинда фаолият юритади), фаластинлик рассом Тарек Кисвансон (Париж), Али Шери, Ким Сужа ва бошқалар. Шунингдек, Ўзбекистондан, жумладан Қорақалпоғистондан ҳам бир нечта рассомлар иштирок этади.
Матн ва фотосуратлар муаллифи: Шоҳрух Ҳайдаров.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.