| Болалик ва оила ҳақида «Одатда спортчиларнинг болалиги бўлмайди, дейишади. Менда эса бўлган. Томларга ва ертўлаларга чиқардим, боғдаги олма ва гилосларни ўғирлардим, ариқда чўмилардим, «уруш-уруш» ва футбол ўйнардим. Фақат, эсласам, ота-онам билан ҳеч қаерга бормаган эканмиз. Фақат онам билан Оржоникидзе (Владикавказ)га борганимни эслайман, опа-сингилларим ва акам ўша ерда туғилган. Фақат мен Бухорода туғилганман, чунки отамни у ерга қурилишга юборишган. Лекин мени бу шаҳар боғловчи ҳеч нарса йўқ. Дадам Тошкентга жўнатилиб, бу ерга кўчиб келган вақтимиз мен уч-тўрт ёшларда бўлганман. Отам билан доим байрамларни эслайман. 1 ва 9 май парадларига борардик, газли сув ичардик, музқаймоқ ердик, пуфакчалар сотиб олардик. Отам ёшлигида кончи бўлган, кейин «Главташкентстрой»га қурувчи бўлиб ишга кирган. Бу ҳам оғир иш. У 2001 йилда қон томирлари ўтказувчанлигининг бузилишидан вафот этган. Эҳтимол, бу касб касаллиги бўлса керак. Онам 85 ёшда. У Тюменда яшайди. Янги йилда унинг олдига бораман. Онам гимнастика билан шуғулланишимни ҳеч қачон хоҳламаган. Ўйлашимча, онгим остида мен ҳар доим унга спортда нимагадир эришиш мумкинлигини исботлашни хоҳлардим. Дадам бир куни унга: «Оксана спорт билан шуғулланишни истаса, шуғулланаверсин», деганди. Менга эса: «Қизим, шуни бил — ҳар қандай ишга киришсанг ҳам, уни охирига етказиш керак. Қўлингдан келмаслигини билсанг, бошлама. Ярим йўлда ташлаб кетма», деди. Ҳозир онам, албатта, мен билан фахрланади, жароҳат олмасин деб қайғуради. У ҳеч қачон мусобақа олдидан қўнғироқ қилмайди ва менинг чиқишларимни кўрмайди. Чиқиб бўлганимдан кейин, дугонасига қўнғироқ қилиб сўрайди: «Оксананинг чиқиши қандай ўтди? Ўзи тирикми? Соғ-саломат?». |
| Гимнастика шоулари ҳақида «Мен спорт гимнастикасини энг гўзал спорт тури, деб ҳисоблайман. Гимнастика — бу чидамлилик, куч, эгилувчанлик, тезлик, мувофиқлаштириш ва мувозанатни ўз ичига олган мураккаб координацион спорт тури. Бу кўникмаларнинг барчаси болаликдан бошлаб бир вақтнинг ўзида ривожланади. Бундан ташқари, спорт гимнастикачиси машғулотлар бошланганидан кейин уч-тўрт йил ўтгач, бошқа ҳар қандай спорт турига ўтиши мумкин. Шунинг учун гимнастика шоуларини ўтказишни жуда хоҳлайман. Бу шундай театрлаштирилган томошаки, унда гимнастиканинг барча турлари: бадиий, спорт, ҳаво, гуруҳ машқлари ва батут билан қўшиб ўтказиладиган спектакль бўлади. Ўзим ҳам ҳар йили Алексей Немов шоусида қатнашаман. Жуда чиройли томоша. Бундай шоу бир умрлик таассурот қолдиради. Мен бундай шоуларни Тошкентда ўтказмоқчиман. Бизда аллақачон режиссёр, сценарий бор, «Ҳумо Арена» эса зал ижараси ва ёритиш учун 50 фоизлик чегирма беришини айтган. Амалга ошириш учун бизга фақат пул етишмаяпти. Улар машҳур гимнастикачиларнинг гастроллари ва гонорарлари, артистларнинг тўловлари, овоз ускуналари ижараси, костюмлар, реклама учун керак. Томошабинлар келиши учун шундай таниқли санъаткорларни таклиф қилиш керакки, одамлар уларга қараб келишсин. |
| Юнусобод ҳақида «Мен доим Юнусободда яшаганман ва, карантин вақти сал яқинроқ танишган бўлсам-да, Тошкентни яхши билмасдим. Лекин мен ҳеч қачон кўп сайр қилмаганман, паркларга бормаганман. Ҳовлида итим билан айланаман, у ерда дайди мушуклар бор, сайр қиладиган жой йўқ. Муҳит янада қулайроқ бўлишини, болаларга ўйнаш ва югуриш учун жойлар бўлишини истардим. Мен барибир биринчи навбатда профессионал спортчиман ва бутун ҳаётим спорт атрофида қурилган. Агар эртанги машғулотдан олдин дам олишим керак бўлса, саунага бориб, ҳордиқ чиқаришни афзал кўраман. Тошкент билан танишишга улгураман ҳали, лекин гиимнастикада жуда кам вақтим қолди. Буни тушуниб турибман. Ўйлашимча, Лос-Анжелесдан сўнг фаолиятимни аниқ якунлайман ва бошқа шуғулланмайман. Сиз билан гаплашаман, қаҳвахоналарда ўтираман, сайр қиламан, ҳаётимнинг бир бўлагига айланиб қолган мактабим билан банд бўламан. Аслида-чи, мен ёлғиз қолишни яхши кўраман. Албатта қаергадир бориб, ким биландир гаплашиб ўтиришим шарт эмас. Жуда камгапман мен. Суҳбатлар кўп кучимни олиб қўяди». |
Матн: Сабина Бакаева.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.